Савол: Меърож нима дегани ва бу кечанинг аҳамиятли томони нима?
Жавоб: Меърож зинапоя деганидир. Расулуллоҳнинг кўкларга чиқарилиб, биз билмайдиган жойларгача кўтарилган Ражаб ойининг 27-кечаси. Исро сурасининг илк ояти каримасида Меърож ҳақида маълумот берилган.
Мутазила фирқасидагилар Расулуллоҳ жанобимизнинг бир онда Жаннатни, Жаҳаннамни ва бир қанча жойларни кезиб келишига ақллари бовар қилмайди. “Меърожни қабул этиш Аллоҳга макон иснод қилган бўлади” деб Меърожни инкор этадилар. Аллоҳу таоло ҳазрати Мусо билан Тур тоғида гаплашган. Бундан Тур тоғи Аллоҳу таолонинг макони деган маъно келиб чиқмайди. Жаннатга кирган мўминлар ҳам Аллоҳу таолони кўрадилар. Жаннат ҳам Аллоҳу таолонинг макони эмас. Аллоҳу таоло макондан муназзаҳдир.
“Қавл-ул фасл” китобида айтиладики:
Исро сурасининг илк оятида Аллоҳу таоло қудрат ва азаматидан бир неча ажойиботларини кўрсатиш учун Муҳаммад алайҳиссаломни Маккадан Қуддусга олиб борганлиги билдирилган. Исро калимаси туш учун қўлланилмайди. Уйғоқ экан, кечаси юриш маъносида қўлланилади. “Сенга (Меърожда) кўрсатган томошамизни инсонлар учун бир фитна этдик” оятидаги фитна “имтиҳон” деганидир. Имтиҳон эса уйғоқлигида бўлади. Пайғамбар жанобимизнинг билдирганлари тушда бўлганида эди, ҳеч ким ғалати қабул қилмасди. Ҳазрати Абу Бакр тасдиқ этиб, юксак даражаларга қовушмасди. Расулуллоҳнинг Маккадан Қуддусга олиб борилганлигига ишонмаган кофир бўлади. Кўкларга ва билинмаган ерларга олиб чиқилганлигига ишонмаган иймони бузуқ бўлади. (Баҳр)
Бир неча сонияда Маккадан Қуддусга олиб борган Аллоҳу таоло нима учун ундан ҳам узоқларга олиб бормасин? Аллоҳнинг қудратида фақат кофирлар шубҳа этади.
Муҳтарам пайғамбаримиз Меърож ҳодисасини қуйидагича баён қилганлар:
Олиб келинган жаннат улови Буроққа миниб, Байтул мақдисга келдим. Уни аввалги пайғамбарлар боғлаган ҳалқага боғладим. Сўнгра масжидга кириб, у ерда икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Жаброил бир идишда сут ва жаннат шаробидан келтирди. Мен сутни танладим. Жаброил менга яратилишга мос бўлганини танладингиз деди. Сўнгра бизни биринчи самога чиқардилар. Кўк дарвозасига етганимизда ичкаридан “Сен кимсан” деган овоз келди. “Мен Жаброилман” дея жавоб қотди Жаброил. “Ёнингдаги ким?”дедилар. “Бу Муҳаммад алайҳиссалом” деди. “У пайғамбар қилиб юборилдими?” дедилар. Жаброил “Ҳа” деб жавоб берди. Кўк дарвозаси очилиб, Одам алайҳиссалом билан юзлашдим. Менга марҳабо деб, хайр дуолар қилди. Иккинчи қат самога чиқдик. У ерда ҳам айни савол-жавоблар ўтиб, дарвоза очилди. Бу ерда икки холавачча Исо ва Яҳё билан учрашдим. Улар ҳам менга марҳабо деб, хайр дуо қилдилар. Учинчи осмонга чиқдик. Юқоридагидек суриштиришлар бўлиб ўтгач, у ерда ҳазрати Юсуфни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Тўртинчи қат кўкка кўтарилдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди. Эшик очилиб, ҳазрати Идрис кўринди. У ҳам дуо қилди. Бешинчи қават осмонга чиқдик. Худди ўша савол-жавоблар бўлиб ўтди. Давоза очилиб, ҳазрати Хорунни кўрдим. Марҳабо деб дуо қилди. Олтинчи қат самога чиқдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди ва эшик очилди. Ҳазрати Мусони кўрдим. Унинг дуосини ҳам олдим. Еттинчи осмонга кўтарилдик. Аввалгидек савол-жавоблар бўлгач эшиклар очилди. Орқасини Байти Маъмурга суяб ўтирган ҳазрати Иброҳимни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Байтул маъмурни кўрдим. Сўнгра Жаброил мени Сидрат-ул мунтаҳога элтди. Аллоҳ кунда эллик вақт намозни фарз қилди. Ҳазрати Мусонинг ёнига келиб, кўрган-кечирганларимни гапириб бердим. “Раббингдан ушбу вазифани камайтиришини сўрагин. Умматингнинг бунга кучи етмайди. Мен буни инсонларда синаб кўрганман” деди. Гапига кириб, бир неча бор Раббимга қайта равона бўлдим. Ниҳоят Раббим буюрдики: “Беш вақт намозни фарз қилдим. Ҳар вақт учун ўн савоб бор. Шу тариқа эллик вақт намоз бўлади.” (Муслим)
Савол: Меърож кечасини қандай ўтказиш керак?
Жавоб: Меърож кечасини ибодат билан, кундузини эса рўза тутиб ўтказиш керак. Имом Ғазолий келтирган ҳадиси шарифларда “Меърож кечасида яхши амал қилганлар учун юз йиллик мукофот бор” ва “Ражабнинг 27чи куни рўза тутган одамга 60 йиллик рўза савоби берилади” деб марҳамат қилинди.
Ёлғиз жума куни рўза тутмоқ баъзи олимлар наздида макруҳдир. Шанба куни рўза тутиш эса, бутун олимлар наздида макруҳ бўлгани учун ушбу муборак кун жумага тўғри келганида рўзани пайшанба ёки шанба куни билан бирга тутиш яхшироқ бўлади. Шанба кунига тўғри келса, жума ва шанба ёки шанба ва якшанба кунлари кетма-кет тутиш лозим.
Бу кеча қазо намозлар ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш, дуо-илтижо, тавба-тазарру қилиш, садақа бериш, мусулмонларни хурсанд қилиш, шулардан ҳосил бўлган савобларни вафот этганларга ҳадя қилиш керак.
Ҳамма вақт тўғри имон соҳиби бўлишга, фарзларни бажариб, ҳаромлардан сақланишга, тавба қилиб, фарз қарзларини ўташга ғайрат қилиш керак! Буларни бажариш эса, илм орқали амалга ошади. Илмлар ичида энг қийматлиси илмиҳол (фиқҳ) масалаларидир. Ҳадиси шарифда “Кечаси бир оз вақт илм билан машғул бўлиш, бутун кеча тонггача ибодат қилишдан ҳам қийматлироқдир” деб марҳамат қилинган. (Абу Нуайм)
Меърож ақл поёнига етиб, иймоннинг бошланадиган жойидир
Ҳикмат аҳли зотлар айтадики:
Бир иш қанча кўп қийинчиликлар билан амалга ошса, шунчалик узун умрли бўлади. Пайғамбар жанобимиз “Энг кўп ташвишни мен тортдим” деб марҳамат қилдилар. Шундай экан, ҳақ бўлган дини ҳам қиёматгача боради.
Одам алайҳиссалом қуп-қуруқ дунёга келди. Юз йилларча ташвиш чекди. Сўнгра Пайғамбар жанобимизнинг ҳурмати учун дуо этди. “Раббана заламна анфусана” дуосини доим ўқиди. Сўнгра икки фарзандидан бири кофир бўлди ва мусулмон бўлганини ўлдирди. Бир ота учун қанчалик қийин!
Нуҳ алайҳиссалом 950 йил уринди. Ишонмадилар, азият етказдилар. Калтаклашарди, ҳар сафарида ўлди деб ташлаб кетишарди. Жаброил алайҳиссалом келиб, яраларини боғлар, қайтадан таблиғга бошларди. Сўнгра Аллоҳу таоло унга кема қур деган амрни берди.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг халили бўлгани ҳолда оловга отдилар. Ўғлини қурбонлик қилиш амри берилди.
Мусо алайҳиссалом ҳам кўп азият чекди. Туғилган йили Фиръавн бутун туғилган ўғил болаларни ўлдиртирди. Кўп йиллар чўпонлик қилди. Қайтаётганида аёли ҳомиладор, атрофи зимистон, чорасиз... Бир нур кўринди, шу нурга қараб юрди. У ерда Аллоҳу таоло билан сўзлашди. Бу меърож эмас эди, меърож ёлғиз Пайғамбар жанобимизга берилди.
Айюб алайҳиссаломнинг баданининг қуртламаган жойи қолмаган эди. Айюб алайҳиссаломнинг яраларининг қуртлаганини буюк олим Алоуддин Аттор ҳазратлари билдирган. (С.Абадия)
Яқуб алайҳиссалом йиғлайвериб, кўзлари кўр бўлди.
Юсуф алайҳиссалом қудуққа, зиндонга ташланди.
Закария алайҳиссалом дарахтнинг ичида дарахт билан бирга аррада кесилди.
Исо алайҳиссалом бир неча кишини ишонтириш учун қанча азоблар чекди. Уни ўлдирмоқчи бўлдилар.
Буларнинг бари Пайғамбарлар эди. Нима учун бунчалар азоб чекдилар? Ла илоҳа иллаллоҳ деганлари учун...
Пайғамбар жанобимиз “Мен тортган азобни ҳеч бир пайғамбар тортмади” деб марҳамат қилдилар.
Ҳазрати Абу Бакр ҳам қанча қийналди, неча марта калтакладилар. Ҳаммадан аввал иймон этди, молини ва жонини фидо этди. Ҳар бир кишининг савоблари йиғилиб, ҳазрати Абу Бакрга, сўнгра яна тўпланиб, Пайғамбар жанобимизга берилмоқда. Ҳам бутун коинот Унинг ҳурматига яратилган, ҳам ҳар кимнинг савоблари Унга берилмоқда.
Ҳазрати Умар намоз, ҳазрати Усмон Қуръони карим ўқиётганида шаҳид этилди.
Ҳазрати Алининг тортган азоблари, ҳазрати Ҳусайннинг бошига келганлар...
Натижада Пайғамбар жанобимизнинг меросхўрлари ҳам жуда қийналдилар. Нима учун? Ла илоҳа иллаллоҳ, Мухаммадун Расулуллоҳ деганлари учун. Шу сабабли иймон, ишониш қийин, ишонтириш ундан ҳам қийин. Иймон Аллоҳу таолонинг қулларига эҳсон этган, махсус неъматидир. Имони бўлганлар севинчдан ўйинга тушса ҳам оз...
Аллоҳу таоло дунёни берганга охиратни бермайди. Ҳадиси қудсийда “Икки қўрқувни бир қалбда жо этмайман” деб буюрилади. Дунёда Аллоҳу таолодан қўрққанлар охиратда қўрқмасин, дунёда қўрқмаганлар охиратда қўрқсин.
Муҳтарам Пайғамбаримиз Уммухонийга Меърожни айтганларида “Асло ҳеч кимга айтма, ҳеч ким ишонмайди ва ишонганлар ҳам воз кечади” деди. Пайғамбар жанобимиз эса “Айтишим лозим, ишонмайдиганлар кейин ҳам воз кечиши мумкин. Маҳкам бўлмаган пойдевор устида бино турмайди. Воз кечадиганлар ҳозир кетсин, соғломлари қолсин” дедилар. Ақл тўхтади, замон тўхтади, ҳамма нарса тўхтади, иймон бошланди. Пайғамбар жанобимизнинг ҳеч ёлғон гапирмаслигини мушриклар ҳам билардилар. “Жаннатни, Жаҳаннамни бориб кўрганлар борми?” деб сўровчилар бўлади. Ҳа, бор. У ким? У ҳаётида ҳеч ёлғон гапирмаган Муҳаммад алайҳиссаломдир.
Ҳар бир муборак кеча қийматлидир, лекин Меърож кечасининг алоҳида бир хусусияти бор. У ҳам, изтироб билан севинчнинг бир жойга жамланган кеча бўлишидир. Пайғамбаримиз бир ой Тоифда исломиятни таблиғ қилдилар, лекин ҳеч ким иймонга келмади. Аксига олиб масхара қилишди, болаларга тош бериб, оттиришди.
Расулуллоҳ ғамгин ва хорғин бир вазиятда у ерни тарк этдилар. Йўлда бир боғ ёнида озгина дам олгани ўтирдилар. Аддас исмли боғ қоровули узум олиб келди. Пайғамбаримиз “Бисмиллаҳирраҳмонирраҳийм” деганларида Аддас шошиб қолди. “Бундай чиройли сўзни бу ерларда ҳеч эшитмагандим” деди. Пайғамбаримиз “Сен қаерликсан” деб сўраганларида “Ниноваликман” деб жавоб берди. “Биродарим Юнуснинг ўлкасидан экансан, у ҳам мен каби пайғамбар эди” деб марҳамат қилдилар. Аддас “Юнус набийни бу ерларда ҳеч ким эшитмаган, бу гўзал юз ва гўзал сўзларнинг соҳиби асло ёлғон гапирмайди” деди ва дарров иймон келтирди. “Мен ҳам сиз билан кетишни хоҳлайман” деди. Пайғамбаримиз “Ҳозирча шу ерда қолгин, яқинда исмимни ҳамма жойда эшитасан, шунда менинг ёнимга келгин” дедилар. Ҳикмати бир Аллоҳга аён, Тоифда бир ой тинмай қилинган таблиғда биронта одам ҳам ишонмаган эди. Қайтиш йўлида бир киши иймон келтирди.
Кечқурун амаки қизи Уммухонийнинг уйига келиб “Эшикни очинг, амакингизнинг ўғли Муҳаммадман” дедилар. Уммухоний “Хабар берганингда ейишга бирон нарсалар тайёрлаб қўярдим, уйда егулик ҳеч вақо йўқ” деди. Жаноби пайғамбаримиз “Ейиш-ичиш хаёлимда йўқ, менга Раббимга ибодат қиладиган бир жой бўлса етади” дедилар.
Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга “Ҳабибим шундай ҳолда ҳам, менга ёлвормоқда. Кўп ғам-ташвиш тортди. Унга фақат мен тасалли бера оламан. Бор Ҳабибимни олдимга олиб кел” деб буюрди. Аввал Масжиди Ақсога келдилар, у ерда бутун пайғамбарларга имом бўлдилар. Сўнгра самоларга чиқарилдилар. Аллоҳу таолони билинмайдиган, тушунилмайдиган бир ҳолатда кўрдилар. “Ё Рабби, умматим учун ҳам шу давлатни истайман” дедилар. Шунда беш вақт намоз бизга Меърож сифатида ато қилинди.
Меърожда не-не ҳикматлар бор. Намоз ўқимаган кимса булардан маҳрум. Меърожнинг давоми бўлмиш намоз сингари 1400 йилдан бери давом этаётган иккинчи бир ҳодиса йўқ. Меърож бу – ақл поёнига етиб, имон бошланадиган жой. Меърож намоздир. Аллоҳу таоло намоз каби улуғ неъматни инсонларга эҳсон қилди. Намоз Аллоҳга бўлган муҳаббатни оширади, дуоларнинг қабул бўлишига ҳам сабабдир. Намоз бўлса, ҳаёт бор. Намоз бўлмаса, инсон ҳеч бир ишга ярамайди. Намоздан маҳрум бўлган банда, барча нарсадан маҳрумдир.