Савол: Бир йигит билан учрашиб турамиз. Динни яхши билмайди, намоз ўқимайди. Аммо мен уни йўлга соламан. Чунки уйланганимдан кейин барини қиламан деяпти. Отам эса уни солиҳ йигит эмас деб умуман рози бўлмаяпти. Нима қилишимни маслаҳат берасиз?
Жавоб: Флирт вақтида ёшлар ўзининг аслида қандай эканликларини ошкор этмайдилар. Ўзларини мулойим ва итоатли қилиб кўрсатадилар. Уйлангандан кейин ҳақиқий юзи кўринади. “Динни яхши билмайди, намоз ўқимайди. Аммо мен уни йўлга соламан” деяпсиз. Ким кимни йўлга солиши кейин, яъни турмуш қургандан кейин маълум бўлади. Аввал динни ўргансин! Намоз ўқишни бошласин. “Уйлангандан кейин барини қиламан” деганига эътибор берилмайди.
Отангиз айтганидек, ҳозир у билан турмуш қуриш тўғри эмас. Динимизда бундай кимсаларга фосиқ дейилади. Фосиқ динсиз дегани эмас. Очиқча гуноҳ ишлаган кимса деганидир. Фосиқ билан турмуш қуриш тўғри эмас экан, динсиз билан турмуш қуриш асло жоиз эмас.
Ота-оналари қизларини фосиқ, ёмон кишилар бор жойга юбормасликлари керак. Чунки улар у ерда нопок, ҳатто динсиз кишилар билан танишиши мумкин.
Ислом динига кўра мусулмон бўлмаган кимса билан турмуш қурилмайди. “Турмуш қургач мусулмон бўламан” ёки “Турмуш қургач намоз ўқийман” деган гапларига эътибор берилмайди.
Савол: Хунук ва фақир кимса билан турмуш қуриш жоизми?
Жавоб: Турмуш қурадиган кишининг мусумон бўлиши кифоя. Бой ва гўзал бўлса, ундан ҳам яхши. Аммо мусулмон бўлмаса, бойлиги, гўзаллиги ҳеч нарсага ярамайди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Аёлга моли, гўзаллиги, насли тозалиги ва мусулмонлиги учун уйланадилар. Сен диндор бўлганини танла, шунда моддий ва маънавий неъматга қовушасан!” (Бухорий)
“Аёлга гўзаллиги учун уйланма, гўзаллиги уни фалокатга етаклаши мумкин. Мол-мулки учун ҳам уйланма, бойлиги уни зарарга олиб келиши мумкин. Диндор бўлганига уйлан!” (Ибн Можа)
Солиҳ кимса билан турмуш қураётганда фақирликдан қўрқмаслик керак. Чунки Аллоҳу таоло “Агар фақир бўлсалар Аллоҳ уларни (турмуш қурганлари сабабли) фазли билан бадавлат қилади” деб буюради. (Нур, 32)
Савол: Оилали бир кишини севаман. Учрашмаймиз, фақат қалбдан севаман. Барибир гуноҳ бўладими?
Жавоб: Севги инсоннинг қўлида бўлмаган бир туйғудир. Иффат (номус)ини сақлаш ва гуноҳ бўлган ишлардан сақланиш шарти билан бирор кимсани севиш гуноҳ бўлмайди. Ҳатто иффатини сақлаб, севгисини яшириш жуда савобдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Севгисини яшириб, иффатини сақлаб вафот этган – шаҳиддир.” (Ҳаким, Хатиб)
“Севгисини яшириб, иффатини сақлаб, сабр этганни Аллоҳу таоло Жаннатга қўяди.” (И.Асакир)
Демак, динимизда иффатини муҳофаза этиш ва севгиси сабабли гуноҳ ишлашдан сақланиш жуда савобдир. Чунки одатда севги инсонни кўр ва кар қилгани учун ўзини гуноҳдан сақлаши жуда қийиндир. Қийин бўлган ишларни бажаришнинг ҳам савоби катта бўлади. Ҳадиси шарифда “Умматимнинг хайрлилари севги балосига дуч келганда иффатини сақлаганларидир” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)
Савол: Холаваччалари билан турмуш қуриш макруҳми?
Жавоб: Ҳа, танзиҳан макруҳдир. Амакиваччалар билан турмуш қуриш ҳам шундай.
Савол: Бир қиз билан флирт этамиз, қучоқлашамиз. Унга уйланиш ниятим борлиги мени гуноҳдан қутқармайдими?
Жавоб: Йўқ, қутқармайди. Уйланишга қарор бериш гуноҳни мубоҳ қилмайди.
Савол: Қизимни ўғлига сўраган кишига “Сен ҳам ўғлимга қизингни бер” дейишим жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Ёш бир қизман. Бир йил турмуш қуриб, оиласидан ажрашган эркак менга уйланишни истаяпти. Мен ҳам уни севаман. Нималарга эътибор беришимни маслаҳат берасиз?
Жавоб: Намоз ўқийдиган, номусли йигит бўлса, истиҳора қилганингиздан кейин қарор қабулланг! Агар намоз ўқимайдиган бўлса, собиқ аёлига қилганини сизга ҳам қилиши мумкин. Чунки Аллоҳдан қўрқмаган кимса, инсонларни алдашдан қайтмайди.
Савол: Никоҳидаги аёли билан орал секс ҳақида исломда нима дейилган?
Жавоб: Бир нарсанинг ҳаром бўлиши учун адиллаи арбаъада бир далил бўлиши лозим. Лекин машҳур бўлган нарсалар учун ҳукм бундай эмас. Масалан, Қуръони каримда ҳожатхонадаги нажосат ейилмайди, идрор (сийдик) ичилмайди деб ёзилмаган. “Тоййиб бўлган, тоза бўлган, ҳалол бўлган нарсаларни еб-ичинглар” деб буюрилган. (Бақара,168)
Ота-онангизни урманглар демаган, “Уларга нисбатан уф деб ҳам айтманг” дейилган. (Исро, 23)
Уф тортишнинг ўзи тақиқлар орасида турганида, уриш албатта гуноҳ бўлади. Мана шу оятни ўқиб, “Қуръонда ота-онани урманглар деган оят йўқ, демак уф тортмасдан урса бўлади” деб хулоса қилиш, албатта, нотўғри!
Орал секс деб аталадиган эркак-аёл бир-бирининг жинсий аъзоларини оғзига олиши, ялаши, ўпиши жуда жирканч ва диний жиҳатдан гуноҳ қилиқ. Тиббиёт ва гигиена тарафидан ҳам жуда хавфли, СПИД ва бошқа юқумли касалликларнинг шу йўл билан тарқалиши тадқиқотлар натижасида аниқланган. Худди шунингдек эркакка ҳам аёлнинг жинсий аъзосини ўпиши, ялаши катта гуноҳ бўлади.
Жаноби Пайғамбаримиз марҳамат қилганларки:
“Жимо вақтида аврат жойларига қараманг, бу кўрликка сабаб бўлади.” (Дайламий, И.Адий) Қарашнинг ўзи маън этилгандан кейин, оғизга олиш, ялаш, албатта, жоиз бўлмайди.
Аёли билан хаёлига келган ҳар турли алоқада бўлиш жоиз эмас. Бақара сураси 223-ояти каримасида: “Аёлларингиз(фарзанд етиштирадиган) полизингиз кабидир. Полизингизга қандай хоҳласангиз шундай боринг” деб буюрилган. Мана шу оятдан ливотанинг (орқа тешикдан алоқа) жоиз эканлигини чиқарган бузуқлар ҳам бор. Ҳолбуки ундан аввалги оятнинг маоли шундай:
“Аёллар ҳайздан тозалангандан кейин Аллоҳ сизга амр этган (изн берган) жойдан уларга яқинлашинг.”(Бақара, 222)
Амр этилмаган жойдан, орқадан яқинлашиш ливота бўлиб (анал алоқа), катта гуноҳ бўлади.
"Фатавоий ҳиндия" китобида “Навозил китобида бир эркак жинсий аъзосини аёлнинг оғзига текказса, макруҳ бўлади. “Заҳира” китобида ҳам шундай дейилган” деб айтилган.
Бу ерда фақат “текказилса” дейилган, “яласа” демаган. Фиқҳ китобларида “макруҳ” деган калима ишлатилса, бу таҳриман макруҳ (ҳаромга яқин макруҳ) деганни билдиради. Текказишнинг ўзи ҳаромга яқин иш бўлгандан кейин ялашнинг қанчалик ёмон қилиқ эканлиги маълум.
Ислом олимлари бир мусулмоннинг оғзига сўкканнинг, "оғзингга фалон қиламан" деган кимсанинг имони кетади деб айтганлар. Чунки оғиз Қуръони карим ўқийдиган аъзодир. Бир ҳадиси шарифда буюриладики:
“Оғзингизни тозаланг, чунки оғзингиз Қуръон йўлидир.”(Абу Нуайм)
Оғзидан сўкиш гуноҳ бўлгандан кейин, яъни сенинг оғзингга... деб сўкиш имонни йўқотишга сабаб бўлганидан кейин оғзига маний оқизиш, идрор чиқадиган жойини мусулмоннинг оғзига солиш жоиз бўладими? Эркак кишининг идрор ва қон чиқадиган жойни ялаши асло жоиз эмас. Ғайри муслимларнинг жирканч бир одати бўлган орал сексдан узоқ туриш керак.