Савол: Меърож нима дегани ва бу кечанинг аҳамиятли томони нима?
Жавоб: Меърож "зинапоя" деганидир. Расулуллоҳнинг кўкларга чиқарилиб, биз билмайдиган жойларгача кўтарилган Ражаб ойининг 27-кечасига айтилади. "Исро" сурасининг илк ояти каримасида Меърож ҳақида маълумот берилган.
Мутазила фирқасидагилар Расулуллоҳнинг бир зумда жаннат-жаҳаннамни ва бир қанча жойларни кезиб келганларига ишонмади. “Меърожга ишониш Аллоҳга макон иснод этишдир” деб Меърож ҳодисасини инкор этди. Аллоҳу таоло ҳазрати Мусо билан Тур тоғида гаплашган. Бундан Тур тоғи Аллоҳу таолонинг макони деган маъно келиб чиқмайди. Жаннатга кирган мўминлар ҳам Аллоҳу таолони кўради. Жаннат ҳам Аллоҳу таолонинг макони эмас. Аллоҳу таоло макондан муназзаҳдир.
“Қавл-ул фасл” китобида бундай дейилган:
"Исро" сурасининг илк оятида Аллоҳу таолонинг ўз қудрат ва азаматидан бир неча ажойиботни кўрсатиш мақсадида Муҳаммад алайҳиссаломни Маккадан Қуддусга олиб борганлиги билдирилган. "Исро" калимаси "туш" маъносида ишлатилмайди. "Уйғоқ ҳолда тунда юриш" маъносида ишлатилади. “Сенга (Меърожда) кўрсатган томошамизни инсонлар учун фитнага айлантирдик” оятидаги фитна “имтиҳон” деганидир. Имтиҳон эса уйғоқликда бўлади. Агар муҳтарам пайғамбаримиз хабар берган ҳодиса тушда рўй берганда эди, ҳеч ким унга эътироз билдирмаган, ажабланмаган бўларди. Ҳазрати Абу Бакр ҳам тушга ишонганини айтиб, тасдиқлаш орқали баланд даражага эришмасди. "Расулуллоҳнинг Маккадан Қуддусгача элтилганларига ишонмаган киши кофир бўлади. Кўкларга ва номаълум жойларгача олиб чиқилганига ишонмаган кишининг иймони бузилиб, аҳли суннат йўлидан айрилади." (Баҳр)
Бир неча сонияда Маккадан Қуддусгача элта олган Аллоҳу таоло нимага ундан ҳам олисларга элта олмасин? Аллоҳнинг қудратидан фақат кофирлар шубҳаланади.
Муҳтарам пайғамбаримиз Меърож ҳодисасини қуйидагича баён қилганлар:
Олиб келинган жаннат улови Буроққа миниб, Байтул мақдисга келдим. Уни аввалги пайғамбарлар улов боғлаган ҳалқага боғладим. Сўнгра масжидга кириб, у ерда икки ракъат намоз ўқиб чиқдим. Жаброил бир идишда сут ва жаннат шаробидан келтирди. Мен сутни танладим. Жаброил менга "яратилишга мос бўлганини танладингиз" деди. Сўнгра бизни биринчи кўкка чиқардилар. Кўк дарвозасига етганимизда ичкаридан “Сен кимсан” деган овоз келди. “Мен Жаброилман” дея жавоб қотди Жаброил. “Ёнингдаги ким?”- дейишди. “Бу Муҳаммад алайҳиссалом” деди. “У пайғамбар қилиб юборилдими?” дейишди. Жаброил “Ҳа” деб жавоб берди. Осмон дарвозаси очилиб, Одам алайҳиссалом билан юзлашдим. Менга "марҳабо" деб, хайр дуолар қилди. Иккинчи қат кўкка чиқдик. У ерда ҳам айни савол-жавоблар ўтиб, дарвоза очилди. Бу ерда икки холавачча Исо ва Яҳё билан учрашдим. Улар ҳам менга "марҳабо" деб, хайр дуо қилдилар. Учинчи осмонга чиқдик. Юқоридагидек суриштиришлар бўлиб ўтгач, у ерда ҳазрати Юсуфни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Тўртинчи қат самога кўтарилдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди. Эшик очилиб, ҳазрати Идрис кўринди. У ҳам дуо қилди. Бешинчи қават осмонга чиқдик. Худди ўша савол-жавоблар бўлиб ўтди. Давоза очилиб, ҳазрати Ҳорунни кўрдим. "Марҳабо" деб дуо қилди. Олтинчи қат самога чиқдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди ва эшик очилди. Ҳазрати Мусони кўрдим. Унинг дуосини ҳам олдим. Еттинчи самога кўтарилдик. Аввалгидек савол-жавоблар бўлгач эшиклар очилди. Орқасини Байти Маъмурга суяб ўтирган ҳазрати Иброҳимни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Байтул маъмурни кўрдим. Сўнгра Жаброил мени Сидрат-ул мунтаҳога элтди. Аллоҳ кунда эллик вақт намозни фарз қилди. Ҳазрати Мусонинг ёнига келиб, кўрган-кечирганларимни гапириб бердим. “Раббингдан бу вазифани камайтиришини сўрагин. Умматингнинг бунга кучи етмайди. Мен буни инсонларда синаб кўрганман” деди. Гапига кириб, бир неча бор Раббимга қайта равона бўлдим. Ниҳоят Раббим буюрдики: “Беш вақт намозни фарз қилдим. Ҳар вақт учун ўн савоб бор. Шу тариқа эллик вақт намоз бўлади.” (Муслим)
Савол: Меърож кечасини қандай ўтказиш керак?
Жавоб: Меърож кечасини ибодат билан, кундузини эса рўза тутиб ўтказиш керак. Имоми Ғазолий келтирган ҳадиси шарифларда “Меърож кечасида яхши амал қилганлар учун юз йиллик мукофот бор” ва “Ражабнинг 27чи куни рўза тутган одамга 60 йиллик рўза савоби берилади” деб марҳамат қилинди.
Ёлғиз жума куни рўза тутмоқ баъзи олимлар наздида макруҳдир. Шанба куни рўза тутиш эса, бутун олимлар наздида макруҳ бўлгани учун ушбу муборак кун жумага тўғри келганида рўзани пайшанба ёки шанба куни билан бирга тутиш яхшироқ бўлади. Шанба кунига тўғри келса, жума билан шанба ёки шанба билан якшанба кунлари кетма-кет тутиш лозим.
Бу кеча қазо намозлар ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш, дуо-илтижо, тавба-тазарру қилиш, садақа бериш, мусулмонларни хурсанд қилиш, шулардан ҳосил бўлган савобларни вафот этганларга ҳадя қилиш керак.
Ҳамма вақт тўғри иймон соҳиби (сунний) бўлишга, фарзларни бажариб, ҳаромлардан сақланишга, тавба қилиб, фарз қарзларини ўташга ғайрат қилиш керак! Буларни бажариш эса, илм орқали амалга ошади. Илмлар ичида энг қийматлиси илмиҳол (фиқҳ) масалаларидир. Ҳадиси шарифда “Кечаси озгина вақт илм билан машғул бўлиш, бутун кеча тонггача ибодат қилишдан ҳам қийматлироқдир” деб марҳамат қилинган. (Абу Нуайм)
Меърож ақл поёнига етиб, иймон бошланадиган жойдир
Ҳикмат аҳли зотлар айтибдиларки:
Бир иш қанчалик кўп машаққат чекиб амалга ошса, шунчалик узоқ умрли бўлади. Пайғамбаримиз “Энг кўп машаққатни мен тортдим” деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, Ул зотнинг ҳақ бўлган дини ҳам қиёматгача боради.
Одам алайҳиссалом бўм-бўш дунёга келди. Юз йиллар давомида не-не ғамлар ютди. Охирида муҳтарам Пайғамбаримиз ҳурматига деб дуо этди. “Раббано золламно анфусано” дуосини доим ўқиди. Кейин икки ўғлидан бири кофир бўлиб, мусулмонини ўлдирди. Бу бир ота учун қанчалик оғир!
Нуҳ алайҳиссалом 950 йил одамларни иймонга чақираман деб заҳмат чекди. Ҳеч ким ишонмади, етмагандай азият қилишарди. Калтаклаб, савалаб, ҳар сафарида ўлди деб ташлаб кетишарди. Жаброил алайҳиссалом келиб, яраларини боғлаб, даволагач қайтадан таблиғга киришарди. Охирида Аллоҳу таоло унга "кема ясагин" деган буйруқни юборди.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг халили (дўсти) бўлишига қарамай гулханга ташланди. Ўз ўғлини қурбон қилиши буюрилди.
Мусо алайҳиссалом ҳам кўп азият чекди. Туғилган йили Фиръавн туғилган бутун ўғил болаларни ўлдиртди. Кўп йиллар чўпонлик қилди. Қайтаётганида аёли ҳомиладор, атрофи зимистон, чорасиз... Бир нур кўринди, шу нурга қараб юрди. У ерда Аллоҳу таоло билан сўзлашди. Бу меърож эмас эди, меърож ёлғиз Пайғамбаримизга берилди.
Айюб алайҳиссаломнинг баданида қуртламаган жой қолмаган эди. Унинг яралари қуртлаганини буюк олим Алоуддин Аттор ҳазратлари билдирган. (С.Абадия)
Яъқуб алайҳиссалом ўғлидан айрилиб қолганига йиғлайвериб, кўзлари кўр бўлди.
Юсуф алайҳиссалом қудуққа, кейин зиндонга ташланди.
Закариё алайҳиссалом дарахт ичига яширинганда, кофирлар уни дарахт билан бирга арралаб ташлади.
Исо алайҳиссалом бир неча кишини иймонга чақираман деб кўрмаган азоби қолмади. Жонига қасд қилинди.
Буларнинг бари пайғамбар эди. Хўш, ер юзидаги Аллоҳнинг энг севган бандалари бўлган бу зотлар нимага шунча заҳмат, қийинчилик, ғам-ғусса тортишди? "Ло илоҳа иллаллоҳ" деганлари учун!...
Муҳтарам пайғамбаримиз “Мен тортган машаққатни ҳеч бир пайғамбар тортмаган” деб марҳамат қилдилар.
Ҳазрати Абу Бакр ҳам кўп қийналди, неча марта калтакланди. Ҳаммадан аввал иймонга келди, мол-мулки ва жонини пайғамбар йўлига фидо қилди. Шунинг учун оламдаги ҳар бир мусулмон қилаётган амалнинг савоблари жамланиб, икки мартага кўпайтирилиб ҳазрати Абу Бакрга ёзилмоқда, кейин яна икки марта кўпайтирилиб, Пайғамбаримизга берилмоқда. Бир томондан бутун коинот Ул зотнинг, яъни Расулуллоҳнинг ҳурматлари учун яратилган, иккинчи томондан ҳар бир инсоннинг қилган савоб иши жамланиб, икки баравар қилиниб зоти муборакларига берилмоқда.
Ҳазрати Умар намозда, ҳазрати Усмон Қуръони карим ўқиётганида шаҳид этилдилар.
Ҳазрати Алининг кўргуликлари, ҳазрати Ҳусайннинг бошига келганлар...
Яъни муҳтарам Пайғамбаримизнинг ворислари, издошлари ҳам жуда кўп ва оғир машаққатларга дуч келди. Нима учун? "Ло илоҳа иллаллоҳ, Мухаммадун Расулуллоҳ" деганлари учун! Шу сабабли иймон келтириш, ишониш қийин, ишонтириш эса, ундан ҳам қийин. Иймон Аллоҳу таолонинг қулларига эҳсон этган, махсус неъматидир. Иймони борлар севинчдан рақсга тушса ҳам камлик қилади...
Аллоҳу таоло кимга дунёни берса, унга охиратни бермайди. Ҳадиси қудсийда “Икки қўрқувни бир қалбда жамламайман” дейилган. Дунёда Аллоҳу таолодан қўрққанлар охиратда қўрқмасин, дунёда қўрқмаганлар охиратда қўрқсин.
Муҳтарам Пайғамбаримиз Уммихонийга Меърожини гапириб берганларида “Асло ҳеч кимга айтманг, бунга ҳеч ким ишонмайди, устига-устак ишонганлар ҳам воз кечади” деди. Пайғамбаримиз эса “Айтишим керак, ҳозир ишонмайдиганлар кейин ҳам ишонмайди. Маҳкам бўлмаган пойдевор устида бино қурилмайди. Воз кечадиганлар ҳозир кечсин, сўзида маҳкам турадиганлар қолсин” дедилар. Ақл тўхтади, мантиқ тўхтади, вақт тўхтади, ҳамма нарса тўхтади, иймон бошланди. Пайғамбаримизнинг ҳеч қачон ёлғон гапирмасликларини мушриклар ҳам биларди. Лекин хомкаллалари билан қисқа ақлларини тарози деб билганлари учун иймондан маҳрум қолишди. Ҳозир ҳам “У ёққа ким бориб келибди?” деб афтини буриштираётган иймонсизлар учрамаяптими?! "Ҳа, бориб келган одам бор!.. Кимми? Бир умр асло ёлғон гапирмаган Муҳаммад алайҳиссалом!"
Ҳар бир муборак кеча қийматлидир, лекин Меърож кечасининг алоҳида бир хусусияти бор. У ҳам, изтироб билан севинч жамланган кеча бўлишидир. Пайғамбаримиз бир ой Тоифда исломиятни таблиғ қилдилар, лекин биронта одам иймонга келмади. Аксига олиб масхара қилишди, болаларга тошбўрон қилдиришди.
Расулуллоҳ ғамгин ва ҳорғин бир вазиятда у ерни тарк этдилар. Йўлда бир боғ ёнида озгина дам олгани ўтирдилар. Аддас исмли боғ қоровули узум олиб келди. Пайғамбаримиз “Бисмиллоҳирраҳмонирраҳийм” деганларида Аддас шошиб қолди. “Бундай чиройли сўзни бу ерларда ҳеч эшитмагандим” деди. Пайғамбаримиз “Сен қаерликсан” деб сўраганларида “Ниноваликман” деб жавоб берди. “Биродарим Юнуснинг ўлкасидан экансан, у ҳам мендек пайғамбар эди” деб марҳамат қилдилар. Аддас “Юнус набийни бу ерларда ҳеч ким билмайди, бундай чиройли юз ва ширин сўзлар эгаси асло ёлғон гапирмайди” деб, дарров иймон келтирди. “Мен ҳам сиз билан кетишни хоҳлайман” деди. Пайғамбаримиз “Ҳозирча шу ерда қолгин, яқинда исмимни ҳамма жойда эшитасан, шунда ёнимга келгин” дедилар. Ҳикмати бир Аллоҳга аён, Тоифда бир ой тинмай қилинган таблиғда биронта одам ҳам ишонмаган эди. Қайтиш йўлида бир киши иймон келтирди.
Кечқурун амаки қизи Уммихонийнинг уйига келиб “Эшикни очинг, амакингизнинг ўғли Муҳаммадман” дедилар. Уммихоний “Олдинроқ хабар берганингизда ейишга бирон нарса тайёрлаб қўярдим, уйда егулик ҳеч нарса йўқ” деди. Муҳтарам пайғамбаримиз “Еб-ичиш билан ишим йўқ, менга Раббимга ибодат қиладиган бир жой бўлса бас” дедилар.
Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга “Ҳабибим шундай аҳволда ҳам, яна менга ёлвормоқда. Унга кўп ғам-ташвиш торттирдим. Энди уни яна мен тасалли қила оламан. Бор Ҳабибимни олдимга олиб кел” деб буюрди. Аввал Масжиди Ақсога келдилар, у ерда бутун пайғамбарларга имом бўлдилар. Кейин самоларга чиқарилдилар. Аллоҳу таолони билиб, тушуниб бўлмайдиган ҳолатда кўрдилар. “Ё Рабби, умматимга ҳам худди шундай давлат бергин” дедилар. Шунда беш вақт намоз бизга Меърож сифатида ато этилди.
Меърожда не-не ҳикматлар бор. Бенамоз одам улардан маҳрум. Меърожнинг давоми бўлмиш намоздек 1400 йилдан бери давом этаётган иккинчи бир ҳодиса ер юзида йўқ. Меърож бу – ақл поёнига етиб, имон бошланадиган жой. Меърож намоздир. Аллоҳу таоло намоздек улуғ неъматни инсонларга эҳсон қилди. Намоз Аллоҳга бўлган муҳаббатни оширади, дуоларнинг қабул бўлишига ҳам сабабдир. Намоз бор бўлса, ҳаёт ҳам бор. Намози йўқ одам ҳеч нарсага ярамайдиган хашакдир. Намоздан маҳрум бўлган банда, бутун оламдан маҳрумдир.