Ислом илмлари “Улуми нақлия” (нақл илмлари, дин илмлари) ва “Улуми ақлия” (ақлий илмлар, фан илмлари) деган икки қисм илмдан иборат. Улуми нақлия, яъни дин илмлари ҳам иккига бўлинади: “Улуми олия” (юксак илмлар) ҳамда “Улуми ибтидоия” (ёрдамчи илмлар). Юксак илмлар саккизта:
1) Тафсир илми.
2) Усули калом илми. Ояти карималардан ва ҳадиси шарифлардан калом илмини қандай чиқаришни ўргатадиган илм. Бу илм “Хадиқа” китобида кенг тушунтирилган.
3) Калом илми. Шаҳодат калимаси ва бунга боғлиқ бўлган имоннинг олти шартини ўргатадиган илм.
4) Усули ҳадис илми. Ҳадиси шарифларнинг турларини ўргатадиган илм.
5) Ҳадис илми. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амалларини, сўзларини ва ҳолатларини ўрганадиган илм.
6) Усули фиқҳ илми. Фиқҳ билимларининг ояти карима ва ҳадиси шарифлардан қандай чиқарилишини ўргатадиган илм. “Манор” номли усул китоби машҳурдир.
7) Фиқҳ илми. Мукаллаф мусулмонларнинг вазифаларини ўргатади. Яъни бадан орқали бажарилиши ва тийилиш лозим бўлган амр, тақиқ ҳамда мубоҳларни ўргатади. Фиқҳ илми тўртга бўлинади: ибодат, мунакаҳот (никоҳга алоқадор илмлар), муомалот ва уқубот.
8) Тасаввуф илми. Қалб билан бажо келтирилиш ва тийилиш керак бўлган ҳукмларни ҳамда қалбни, руҳни поклаш йўлларини ўргатади. Бунга “Ахлоқ илми” ёки “Ихлос илми” деб ҳамайтилади.
Бу саккиз илмдан калом, фиқҳ ва ахлоқ илмларини етарли миқдорда ўрганиш ҳамда фарзандларига ҳам ўргатиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн. Бу уч илмни керагидан ортиқроқ ўзлаштириш ҳамда қолган беш илмни ва фан илмларини ўрганиш фарзи кифоя. “Баззозия”китобида бундай дейилади: “Қуръони каримдан бир қанча сура ёд олгандан кейин фиқҳ илмини ўрганиш керак. Чунки Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш фарзи кифоя, фиқҳ илмини ўрганиш эса фарзи айндир.” Муҳаммад бин Ҳасан Шайбоний (раҳматуллоҳу таоло алайҳ): “Ҳар бир мусулмоннинг ҳалолларни, ҳаромларни билдирадиган икки юз минг фиқҳ масаласини ўрганиши лозим. Фарздан кейин ибодатларнинг энг қийматлиси илм ва фиқҳ ўрганишдир” деган эди.
“Ҳадиқа” китобида исломиятнинг тақиқлаган зарарли илмларини тушунтираркан “Калом илми билан аҳли суннат вал жамоат олимлари кўрсатган эътиқодни ўргана оладиган даражада ва буларни ақл яна нақл орқали исбот қила оладиган даражада ҳамда бузуқларга, динсизларга тушунтириб бера оладиган даражада шуғулланиш фарзи айн бўлиб, бундан ортиғини ўрганиш фақат дин олимларига лозим. Бошқаларга жоиз эмас. Динга ёрдам бериш учун ортиғини ўрганиш фарзи кифоя бўлса ҳам, буни фақат Аллоҳ розилиги учун ўрганадиган, ақлли дин одамининг ўрганиши жоиз. Бошқалар ўрганадиган бўлса, йўлдан адашади. Зиндик, яъни ислом душманига айланади” дейилган. Имоми Шофий (раҳматуллоҳу таоло алайҳ): “Калом илми билан шуғулланиб, адашишнинг ёнида катта гуноҳ қилиш енгил бўлиб қолади” деганлар. Имоми Шофий замонидаги калом илми учун шундай дейилган бўлса, ҳозирги замон дин жоҳилларию калтафаҳмлар томонидан ёзилган дин китобларини ўқишнинг нақадар хавфли ва зарарли эканлигини ўйлаб кўриш керак. Имоми Шофий яна “Аҳли суннат эътиқодини яхши ўрганмасдан аввал калом илмини ўрганишнинг зарарини билсаларди, калом илми билан шуғулланишдан арслондан қочгандек қочардилар” деган эди. Ҳозир ўз ақли, ўз фикри-хаёли билан калом (ақида, эътиқод) илми китобларини ёзадиганлар кўпайиб кетди. Уларнинг китоблари ширк ва хатоларга тўла. Имоми Абу Юсуф: “Калом илми билан шуғулланадиганларнинг имом бўлиши жоиз эмас” деб буюрганлар. “Баззозия” фатвосида: “Калом илми билан шуғулланадиганларнинг аксари зиндиқ бўлади” дейилган. Фиқҳ илми билан шуғулланиш, яъни фарзларни ва ҳаромларни ўрганиш эса, ҳар бир мусулмонга фарзи айн. Лозим бўлганидан ортиғини ўрганиш фарзи кифоя бўлиб, кўп савоб берилади. Ҳеч қанақа зарари йўқ. “Ҳадиқа”дан таржима тамом бўлди.
Ҳозир мазҳабсизлар орасида ўзининг нуқсон билими ва бузуқ тушунчаларига суяниб диний китоб ёзиш мода ҳолига келди. Ундай сохтакорлар ушбу китобларига “Қуръон таржимаси” ва “Қуръоннинг ҳақиқатлари” каби баландпарвоз исмлар бериб, ёшларни олдига рўпара қилишмоқда. Фақатгина мана шу китобларни ўқинглар, деб аҳли суннат олимлари ёзиб қолдирган тўғри диний масалаларнинг ўрганилишига моне бўлишмоқда. Уларга “Зиндиқ” дейилади. Зиндиқлар мусулмонларни залолатга, фалокатга етакламоқда. Ҳақиқий мусулмон бўлиш учун солиҳ мусулмонлар ёзган “Илмиҳол” китобларини ўқиш керак.
Юқоридаги саккизта юксак илмни ўрганиш учун керак бўладиган “Ёрдамчи илмлар” ўн иккитадир: Сарф, иштикок, наҳв, китобат, иштикоки кабир, луғат, матни луғат, баён, маоний, бадий, балоғот, иншо илмларидир. Шулар билан дин илмлари йигирмата бўлади.
(Саодати абадия, 413-414 бетлар)