Савол: Қуръони каримни ҳамма ҳам тушуна оладими ёки Пайғамбаримизнинг изоҳлаб, тушунтиришлари шартми? Таржимасини ўқисак, Қуръонни тушуна оламизми?
Жавоб: Қуръони каримни Расулуллоҳ алайҳиссаломгина тўлиқ тушунганлар. Чунки Қуръони карим Пайғамбаримизга нозил бўлган. У зотдан бошқа ҳечким ҳаққоний равишда комилан тушуна олмайди. Шу боис Аллоҳу таоло: “Инсонларга баён этишинг учун, Қуръонни сенга нозил қилдик”деб марҳамат қилган. (Наҳл сураси, 44).
Баён қилиш – ояти каримани бошқа сўзлар билан ҳамда бошқа услубда изоҳлаш деган маънони билдиради. Оддий халқ у ёқда турсин, агар умматнинг уламолари Қуръони каримни тўлиқ тушунганларида эди, Аллоҳу таоло Пайғамбаримизга фақат “Сенга ваҳий орқали нозил қилинганларни одамларга етказ” деб буюрарди. Изоҳлаб тушунтиришларини амр этмасди. Юқоридаги оятга ўхшаш яна анча оятлар нозил бўлганлигига қарамасдан баъзи мазҳабсизлар: “Расулуллоҳнинг иши фақат Қуръонни олиб келиш эди, унинг вазифаси тугади. У фақат хабар етказувчи эди холос”- дейишяпти. Саҳобалар одамзотнинг энг фазилатлилари, энг устунлари, Пайғамбаримизнинг шогирдлари ҳамда араб тили она тиллари бўлишига қарамай, баъзи оятларни тушуна олмасдан Пайғамбаримиздан келиб сўрардилар. Расулуллоҳ Қуръони каримнинг тўлиқ тафсирини саҳобаларига бекаму кўст баён қилганлар. Шунинг учун оятларга саҳоба-и киром хабар берган маънолардан ўзгача маъно беришга таназзул қилганлар адашади, ҳатто куфрга тушиши мумкин. Тафсир илмида ҳарбир кишининг ўз ақлига келган ўй-фикрига эмас, нақлга суянилади. (Нақл – бировдан эшитган ёки ўқиган нарсасини сўз орқали етказишдир).
Ҳазрати Муҳаммад Маъсум Форуқий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) диннинг маърифат қисмига алоқадор баъзи нозик масалаларни ҳазрати Абу Бакрга (родиаллоҳу анҳ), у зотнинг илму ирфон даражасига мос усулда тушунтириб ўтирган эдилар. Ёнларига ҳазрати Умар келиб ўтирганида, Пайғамбаримиз ифода услубларини бирмунча соддароқ савияга туширдилар. Ҳазрати Усмон келганида, ундан ҳам соддароқ сўзлар билан гапиришда давом этдилар. Ҳазрати Али келганида эса, энди барчалари бирдай тушуна оладиган савияда гапира бошладилар. Пайғамбаримизнинг шу тариқа ифода ва баён тарзларини ўзгартириб ўтиришларининг сабаби - даврага қўшилганларнинг тушуниш, идрок этиш савияларининг ҳархиллигига далолат.”- деган эди.
Ҳадиси шарифларда: “Мендан кейин асло пайғамбар келмайди, агар келса эди Умар пайғамбар бўларди”, “Усмоннинг шафоати билан Жаҳаннамга тушадиган етмиш минг киши ҳисобсиз Жаннатга киради” ҳамда “Мен илмнинг шаҳриман, Али дарвозасидир” деб марҳамат қилинган. Бу уч зот (родиаллоҳу анҳум ажмоин) ҳадислар билан мадҳ этилган, улуғ кишилар бўлишларига ва арабийни мукаммал билишларига қарамай, ҳазрати Абу Бакрга баён қилинаётган тафсирни англашга қодир бўла олмадилар. Чунки Пайғамбаримиз ҳар бир одам билан унинг даражасига мос равишда суҳбат қурар, гапирар ва тушунтирардилар.
Яна ҳадиси шарифларда: “Одамларга уларнинг тушуниш даражасига қараб насиҳат беринглар. Бўлмаса (ақлга тўғри келмайди деб) Аллоҳ ва Расулини ёлғончига чиқаради” (Бухорий), “Тинглаётганларнинг ақллари кўтара олмайдиган нарсани гапириш фитнага сабаб бўлади” (Ибн Асокир) дейилган.
Ўз ақли, фикри билан тафсир қилишнинг катта зиёнлигини билган ҳазрати Абу Бакр “Қуръони каримни ўз ақлим билан тафсир этадиган бўлсам, қайси ер мени кўтарарди, қайси кўк мени ўз соясига оларди” деган. (Ширъа)
Қуръони каримни арабча биладиган одамнинг ўзи ҳам тўлиқ тушуна олмайди. Тил билиш бошқа, илм билиш бошқа. Қуръони каримда озгина калималар замирида кўплаб маънолар берилган ва ўша битмас-туганмас маъноларнинг барчаси бизга билдирилган тақдирда ҳам, уларни ёзиш учун қоғоз ҳамда сиёҳ етмаслиги қуйидаги ояти каримада билдирилган:
“Уларга айт: Раббимнинг (ҳикматли) сўзлари учун денгизлар сиёҳга айланса, унга яна шунча денгиз қўшилса, денгизлар тугайди, Раббимнинг сўзлари тугамайди.” (Қаҳф сураси, 109).
“Мавдуат-ул-улум” китобида: “Қуръон илми – ичи ажойиб, лол қолдирувчи ҳисобсиз кўп мўъжизавий ҳолларга тўла чексиз бир уммон. Ундаги барча илмларни ўрганиш, унинг сирини билиш мумкин эмас” дейилган.
Инсонлар ёзган конституцияни тушуниш учун ҳам ҳуқуқшуносларга мурожаат қиламиз. Инсонлар ёзган нарсани тўлиқ тушуна олмай юрганимизда, Аллоҳнинг сўзларини қанақасига батамом тушунишимиз мумкин?
ТАРЖИМАСИНИ ЎҚИШ БИЛАН ТУШУНИБ БЎЛМАЙДИ
Қуръони каримнинг таржимасини ўқийдиганини айтган бир ўқувчимиз “Фақатгина Сендан ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа, 5), “Фақат Аллоҳга ишонинглар” (Моида, 23), “Фақат Мендан қўрқинглар” (Бақара, 40) деган ояти карималарнинг деярли ҳаммаси тушунарли-ку. Буларнинг қаери изоҳга муҳтож? Нимасини тафсирлаб тушунтириш керак, деб сўрабди.
“Фақатгина сендан ёрдам сўраймиз” дегандан кейин бировдан бир пиёла сув сўрасак, бу ишимиз оятга тўғри келадими? Қандай ҳолларда бошқадан ёрдам сўрамаслик керак? Булар аниқ эмас.
“Фақат Аллоҳга ишонинглар” деб буюрилган. Қандай ҳолларда Аллоҳга ишонамиз. Шифокорга борсак, у дори берса, биз унга ишонсак, Аллоҳдан бошқасига ишонган бўламизми? Демак, бу ердаги "ишониш" сўзи изоҳга муҳтож.
“Фақат мендан қўрқинглар” деб буюрилган. Яна бир ояти каримада “Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар” (Моида, 44) деб буюрилган. Ўғридан, золимлардан, илондан қўрқсак, бу оятга хилоф иш қилган бўламизми? Демак, бу оят ҳам изоҳланиб, тушунтирилиши керак.
“Намоз ўқинглар, закот беринглар” (Ҳаж, 78; Нур, 56) деб буюрилган. Намознинг қандай ўқилиши, қанча ракат ўқилиши аниқ билдирилган эмас. Закотнинг ҳам қандай берилиши, қанақа мулклар билан, қанча миқдорда берилиши аниқ эмас. Буларнинг барчаси ҳадиси шарифлар ҳамда ислом олимларининг изоҳотлари орқали аниқланади.
Фатҳ сурасидаги “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўлининг устида” деган 10-ояти ҳамда Бақара сурасининг “Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳники. Қайси томонга юз бурсангиз, шу тараф Аллоҳникидир” дейилган 115-ояти ҳам тафсирланиб, шарҳланиб тушунтиришни талаб этади.
Яна бир ояти каримада “Аллоҳ хоҳлаган қулини залолатга (адашувга) солади, хоҳлаган бандасини эса, ҳидоятга (тўғри йўлга) эриштиради” деб буюрилган. (Ароф, 155; Иброҳим, 4).
Бу оятларни ўқиган динсиз одам “Тўғри йўлга туширадиган ҳам, адаштирадиган ҳам Аллоҳу таоло бўлса, унда мени бузуқ йўлга туширган ҳам Ўзи-ку. Менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ” дейиши мумкин. Шу сабабдан ҳам ҳадиси шарифлар билан олимларнинг шарҳлаб тушунтиришларига эҳтиёж бор.
Ҳақиқатан тарихда “Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан келгани учун, бизга гуноҳ қилдираётган Аллоҳнинг ўзи. Биз қилган гуноҳларимизга жавобгар эмасмиз” деган гумроҳлар ҳам чиққан.
Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Пайғамбаримиз ояти карималарга керакли шарҳларни берганлар. Олимлар ҳам уларни изоҳлаб, тушунтириб беришган. Оятларга одамларнинг ўз ақлларича маъно беришларига баҳона қолмаган. Қуръони каримни тушуна олиш учун, унинг теран ва ёпиқ маънолари очиб, шарҳланиб тушунтирилиши кераклигини Ҳақ таоло ўзи билдирган:“Инсонларга баён этишинг учун, Қуръонни сенга нозил қилдик” (Наҳл, 44).