Намоз - бадан билан бажо келтириладиган ибодат бўлгани учун, уни бири ўрнига бошқаси ўқиёлмайди. Ҳар одам бевосита ўзи ўқиши керак. Намозларнинг ўз вақтида ўқилишига “Адо” дейилади. Ўша намозни ўз вақтида ёки бошқа вақтларда бошқатдан ўқишга “Иёда” дейилади. Масалан, макруҳ аралаштирилиб ўқилган намозни вақти чиқмасдан аввал ёки иложи бўлмаса, вақти чиққач иёда (такрор) қилиш вожибдир. Фарз ва вожиб намозларини ўз вақтидан бошқа вақтларда ўқишга “Қазо” дейилади.
Бир кунлик беш вақт фарз ва витр намозларини адо этаётганда, тартибга риоя қилиш фарздир. Қазолари бештадан кўп бўлмаган кишига “Тартиб соҳиби”, яъни тартиб эгаси дейилади.
Жума намози ўша куни пешин намози вақтида ўқилади. Жума куни бомдодга уйғона олмаган тартиб соҳиби киши, буни хутба ўқилаётган пайтда хотирласа, дарҳол қазосини ўқиб олиши керак бўлади. Бир намозни ўқимагунча, ундан кейин келадиган бешта намозни ўқиш жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда: «Бир намозни уйқуда ёки унутиб ўтказиб юборган киши, кейинги намозни жамоат билан адо этаётганда, (аввалгиси) эсига тушиб қолса, имом билан намозини битиргач, аввалги намозининг қазосини ўқисин! Ундан кейин имом билан ўқиганини бошқатдан ўқисин!»- деб, марҳамат қилинди. Бу шартлар жами қазо намозларининг адади бештадан кам бўлган тартиб соҳиблари учунгина тааллуқлидир.
Ўтказиб юборилган фарзнинг қазосини ўқиш фарздир. Вожибнинг қазоси вожибдир. Суннатларнинг қазоси эса, амр қилинмади. Ҳанафий мазҳабининг олимлари иттифоқ билан билдирдиларки: намозларини билиб туриб ва узрсиз тарк этиш катта гуноҳ эканлиги билдирилган бўлиб, бундай ўтказиб юборилган намозларнинг қазосини ўқиш ҳам фарздир. Фарз ва вожиб намозларини билиб туриб қазога қолдира олиш учун, иккита узр мавжуд бўлиб, биринчиси, душман билан юзма-юз бўлиш, иккинчиси эса, сафардаги одам ёки сафарий бўлмаса ҳам йўловчи кишига, йиртқич ҳайвон, ўғри-қароқчи, сел, тошқин ва бўрон хавфи бўлишидир. Бу вазиятдаги одамлар, ўтириб ва хоҳлаган тарафга ўгирилиб ёки от-улов устида имо билан ҳам ўқий олмайдиган пайтлардагина, намозларини қазога қолдиришлари жоиз бўлади. Ўша икки узр ва уйқу ёки унутиш сабаби билан намозларини қазога қолдириш, гуноҳ бўлмайди. “Ашбоҳ” китобининг шарҳида: «Бўғилаётган, чўкаётган ва шунга ўхшаш хатарли вазиятдаги одамларни қутқариш билан машғул бўлиб, намозларини вақтидан кейин ўқиш ҳам саҳиҳ бўлади..»-дейилган. Табиб, доктор жарроҳ ва доянинг мана шунга ўхшаш узрлар натижасида намозларини ўз вақтидан кечиктиришларига динимиз ҳам изн берган. Лекин, узр ҳоли битгач, тезда қазосини ўқиш фарз бўлади. Ҳаром бўлган уч вақтдан бошқа бутун вақтларда ўқиш нияти билан, бола-чақасининг ризқини ва эҳтиёжларини таъминлаш учун меҳнат қилиниши керак бўлган вақтлардагина, қазо намозларини ўқишни кечиктириш мумкин. Бу қулайликдан, иш вақтида фарзларини қазога қолдириш мумкин экан, деган хулоса чиқармаслик керак. Зеро, севгили Пайғамбаримиз, Ҳандак жангининг шиддатидан ўқий олмаган тўрт намозни, Асҳоби киромнинг ярадор ва хорғин эканликарига қарамай, ўша кечасиёқ жамоат билан ўқиган эдилар. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» айтдиларки: «Икки фарзни бир орага келтириш, катта гуноҳ ҳисобланади.» Яъни бир намозни ўз вақтида ўқимасдан бошқа вақтга кечиктириш, катта гуноҳдир. Бир ҳадиси шарифда хабар берилдики: «Бир намозни вақти чиққандан кейин ўқиган кимсани Аллоҳу таоло саксон ҳуқба дўзах азобига маҳкум қилади». Бир ҳуқба-саксонта охират йилига тенг. Охиратнинг бир куни эса, дунёнинг минг йилича келади. Бир вақт намозни ўз вақтидан кейин ўқишнинг жазоси бу бўлса, ҳеч ўқимайдиганларнинг ҳоли нима кечади?
Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Намоз диннинг таянчидир. Намозини ўқийдиган киши, динини тиклаган, тарк этадиган эса, вайрон қилган бўлади.» Бошқа бир ҳадиси шарифда айтилдики: «Қиёмат куни иймондан кейин биринчи сўроқ намоздан сўралади». Ўшанда, Аллоҳу таоло буюрадики: «Эй қулим! Намознинг ҳисоб-китобидан ўта олсанг бас, нажот сеникидир. Бошқа ҳисобларингни осонлаштираман». Анкобут сураси 45-оятининг мазмунида: «Қусурсиз тўғри адо этиладиган намоз, инсонни чиркин, ифлос ишлардан ҳимоя қилади» - дейилган. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» яна марҳамат қилдиларки: «Инсоннинг Раббига энг яқин пайти, намоз ўқиётган пайтидир».
Бир мусулмоннинг хоҳлаган бир намозни ўз вақтида адо этмай, қазога қолдириши икки хил бўлади:
1. Узр сабаби билан;
2. Фарз эканини, вазифа эканини била туриб, аҳамият бера туриб, дангасалик билан ўқимаслик.
Фарз намозини узрсиз, сабабсиз ўз вақтидан кейин ўқиш, яъни қазога қолдириш - ҳаромдир, катта гуноҳдир. Бу гуноҳ, қазо ўқилган ҳолда ҳам кечирилмайди. Қазо ўқилганида, фақатгина намозини ўз вақтида ўқимаганнинг гуноҳи кечирилади. Намозини кечиктиргани учун эса, алоҳида тавба керак бўлади. Бир одамнинг қазолари бўлсаю уларни ўтамасдан, ёлғиз тавба қилса, гуноҳи кечирилмайди. Қазоларини ўқиб бўлгач, тавба қилса кечирилиши умид қилинади. Тавба қилаётганида ўқимаган қарз намозларини ҳам ўташи керак. Қазо ўқишга имкони бўла туриб ўқимаган киши, яна-да катта гуноҳ қилган бўлади. Ўша катта гуноҳ, ҳар намоз ўқигулик вақт ўтган сайин икки баравар ортиб боради. Чунки, қазоларни бўш вақт топган заҳоти ўқиш ҳам фарздир. Ҳарбир фарзнинг тарки, ҳаром ва гуноҳ бўлгани учун, бу гуноҳ, қарз ўталмагунча ортаверади. “Умдат-ул-ислом” ва “Жомиъ-ул-фатово” исмли фиқҳ китобларида: «Душман билан юзма-юз келганда, бир фарзни ўқишнинг имкони бўлган ҳолда, (душман баҳона қилиниб) бу фарзни тарк этишнинг гуноҳи, етти юз катта гуноҳга тенг бўлади» - дейилган.
ИЗОҲ: Суннатлар ўрнига қазо ўқиш мумкинми?
Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний (Гийлоний ёки Ғилоний) ҳазратлари “Футуҳ-ул-Ғайб” китобида ёзадиларки: «Мўмин, аввало фарзларни бажо келтириши керак. Фарзлар битгач, суннатларни адо этади. Ундан кейин нофилалари билан машғул бўлади. Фарз ибодатидан қарзи бўлган кишининг, суннатлар билан вақт ўтказиши аҳмоқликдир. Фарз қарзи [қазолари] бўлган одамнинг суннатлари қабул бўлмайди. Али ибн Абу Толиб «родияллоҳу анҳ» ривоят қиладилар: Расулуллоҳ «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Зиммасида фарз қарзи бўлган кимса, қазони қўйиб нофила амал ишласа, бекорга заҳмат чеккан бўлади. Бу кимса, қазосини ўтамагунча Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул қилмайди». Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари билдирган бу ҳадиси шарифни Ҳанафий мазҳаби олимларидан бўлмиш Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари қуйидагича изоҳ, яъни шарҳламоқдалар: «Бу хабар, фарз қарзи [қазоси] бўлган кишининг суннат ва нофила ибодатлари қабул бўлмаслигини билдирмоқда. Суннат намозлари, фарзларни тамомлашини биламиз. Лекин бу, «суннат фарзнинг ўрнига ўтади», - деган маънога келмайди. Балки, фарз адо этилаётганда, “намоз ичида тарк этилган суннат ва адабларни тамомлаш”- деган маънони билдиради. Демакки, суннатларни ўқишдан мақсад, фарз намозининг ичидаги камчиликларни тўлдириш учундир. Бироқ, фарз қарзи бўлганларнинг суннат ўқишларидан ҳеч қанақа наф тегмайди.»
Қуддуси шариф [Иерусалим] шаҳрининг қозиси Муҳаммад Содиқ афанди “Наводир-и фиқҳийя фи мазҳаб-ил-аиммат-ил Ҳанафия” номли фиқҳ китобида, фоита намозининг қазолари қисмида қуйидагиларни билдирмоқдалар: «Буюк олим Ибни Нужайм ҳазратларидан “Бир мумулмоннинг қазога қолган намозлари бўлса-ю, у одам бу намозларини бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон суннатлари ўрнига қазо нияти билан ўқиса, суннатларни тарк этган ҳисобланадими?”- деб, сўралди. Бу сўроққа Ибни Нужайм ҳазратлари: «Суннатларни тарк этган ҳисобланмайди. Чунки, беш вақт намознинг суннатларини ўқишдан мақсад, ўша вақтларда фарздан бошқа бирон намоз ўқишдир. Шайтон инсонга ҳеч намоз ўқитишни хоҳламайди. Фарзнинг ёнида бошқа бир истаган намозни ўқиш натижасида шайтон шарманда қилинган бўлади. Суннатларнинг ўрнига қазо ўқиш билан суннатлар ҳам бажо келтирилган бўлади. Қазо намози бўлган мўминлар ҳар вақтнинг суннатида қазога ният қилишлари лозим. Бу билан, ўша вақтнинг фарзидан бошқа бир намоз ўқилгани туфайли, ҳам суннат бажо келтирилади, суннатга қазо нияти билан киришилгани учун, ҳам қазо қарзи ўталган бўлади. Замонамизда жуда кўп кимсалар фарз қазоларини ўтамасдан, суннатлар билан овуниб юришибди. Булар жаҳаннамга кетишади. Ҳолбуки, суннат намозларини қазо нияти билан ўқиётганлар эса, жаҳаннам азобидан халос бўлишади»-деб, жавоб бердилар.»
Қазо намозлари қандай ўқилади?
Қазо намозлари бўлган мусулмонлар, катта жазодан, азобдан қутилишлари учун тез кунлар ичида бутун қарз намозларини қазо этмоқлари ва бу гуноҳни қилганлари учун алоҳида тавба, истиғфор қилмоқлари керак. Бунинг учун суннатларини қазо нияти билан адо этишлари лозим. Дангасалик қилиб намоз ўқимаганлар, йилларча қазо намози бўлганлар, намозга тураётганларида, суннат намозларининг ниятида, ўша вақтнинг энг аввал қазога қолган намозини қазо этишга деб, ният қилишлари даркор. Қазо намозлари бўлган кишининг суннат намозларини қазога ният қилиб ўқиши, 4 мазҳабда ҳам лозимдир.
Ҳанафий мазҳабида намозни узрсиз қазога қолдириш акбари кабоир, яъни катта гуноҳдир. Бу катта гуноҳ, ҳар бир тўрт ракъат намоз ўқишга кетадиган вақт ўтган сайин икки марта ортиб бораверади. Чунки, намозни бўш вақт топган заҳотиёқ қазо этиш фарздир. Мана шундай ҳисобга, сонга сиғмайдиган ва дақиқа сари ортиб бораётган бу даҳшатли гуноҳдан ва унинг азобидан халос бўлиш учун, қазоларни қуйидагича ўқиш керак.
Пешин намозининг аввалги суннатида; “энг аввал қазога қолган пешиннинг қазосига” деган ният билан ўқиш керак. Пешиннинг охирги суннатини эса, “энг аввал қазога қолган бомдоднинг фарзига” деб ният қилган ҳолда ўқиш керак.
Асрнинг олдидаги тўрт ракъат суннатини, “энг аввал қазога қолган асрнинг қазосига” деб ният қилиб ўқиш керак.
Шомнинг суннатида “энг аввал қазога қолган шомнинг фарзини ўқишга” деб уч ракъат қилиб ўқиш керак.
Хуфтоннинг олдинги суннатини “энг аввал қазога қолган хуфтоннинг фарзини ўқишга” деб ният қилган ҳолда ўкиш керак. Хуфтоннинг охирги суннатида «энг авволо қазога қолган Витри вожибнинг қазосига» деб ният қилиш керак. Мана шу тарзда ўқийдиган одам, бир кунда, ортиқча овора бўлмасдан, ҳам ўша куннинг намозини, ҳам-да бир кунлик қазо намозини ўтаган бўлади. Таровиҳ намозини ҳам қазо нияти билан ўқиш, мақсадга мувофиқдир. Фарз қазоси қанча йиллик бўлса, шунча йил юқоридагидек ибодат қилиш керак. Қазолар битгач яна суннат нияти билан давом этиш мумкин. Агар бўш вақт кўп бўлса, суннатларни кутиб ўтирмасдан бошқа пайтларда ҳам қазоларни ўқиб, қарз ва гуноҳлардан бир соат бўлса-да олдинроқ қутилишга ҳаракат қилиш керак. Ўталмаган қазоларнинг гуноҳи кун сайин ортиб бораётганини унутмаслик керак.