Имомга иқтидо қиладиган кишилар тўрт тоифага бўлинади. Булар: «Мудрик», «Муқтадий», «Масбуқ» ва «Лоҳиқ»дир.
Мудрик: Намозда таҳрима такбирини имом билан бирга олган, намозга имомла бирга кирган кишига айтилади.
Муқтадий: Таҳрима такбирига улгуролмаган, намозга қироатда етишган кишига айтилади.
Масбуқ: Имомга биринчи ракъатдан кейин етишиб иқтидо қилган кишига айтилади.
Лоҳиқ: Таҳрима такбирини имом билан бирга олгану фақат намозда таҳорат бузувчи бирор иш содир бўлиб, шу сабаб-ла таҳоратини янгилаб келиб, имомга қайтадан иқтидо қилган кишига айтилади. Бу намозхон, яна худди аввалгидек қироатсиз, рукуъ ва сажда тасбиҳларини ўқиб намозини адо этади. Агар таҳорат янгилаш жараёнида дунё сўзи сўзламаган бўлса, имомнинг орқасида турган бўлиб ҳисобланаверади. Лекин, масжиддан чиққач энг яқин жойда таҳорат олиш лозим. Зеро, кўп узоққа кетса, намози бузилади дейилди.
Масбуқ, яъни имомга биринчи ракъатда етишолмаган одам, имом салом бергандан кейин, салом бермасдан ўрнидан туриб, намозининг нуқсон ракъатларини тамомлайди. Қироатларни биринчи, кейин иккинчи, ундан кейин учинчи ракъатларни ўқиётгандек қилиб, бошдан бошлайди. Ўтиришларда эса тўртинчи, учинчи ва иккинчи ракъатдан, яъни намознинг охиридан бошлагандек қилиб ҳаракат қилади.
Масалан: Хуфтоннинг охирги ракъатида жамоатга етишган одам, имом салом бергандан кейин ўрнидан туради ва худди биринчи ракъатдагидек «Субҳонака, Аузу-бисмилло, Фотиҳа ва Замми сура» ўқийди. Рукуъ ва сажда қилгач, туриб кетмасдан ташаҳҳудга ўтиради. Чунки, имом билан ўқиган бир ракат ва ўзи алоҳида ўқиган бир ракъати икки ракъатни ташкил қилган бўлади. Ҳар икки ракъатда бир ташаҳҳудга ўтириш, вожибдир. Масбуқ, «Аттаҳияту»ни ўқигач, ўрнидан туради ва бу сафар худди иккинчи ракъатни ўқиётгандек қилиб «Бисмилло, Фотиҳа ва Замми сура» қироат қилади. Рукуъ ва саждадан кейин ўтирмасдан қиёмга туради. Бу ракъатда эса худди учинчи ракъатдагидек «Бисмилло ва Фотиҳани»ни ўқиб, намозини тугатади.