Намозда, энг кам икки кишидан бирининг имом бўлиши билан жамоат ҳосил бўлади. Беш вақт намознинг фарзларини жамоат билан адо этиш, эркаклар учун суннатдир. Жума ва Байрам намозларида эса, жамоат – фарздир. Жамоат намозларига кўп-кўп савоб берилиши ҳадиси шарифларда билдирилган. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Жамоат намозига, ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти марта кўп савоб берилади.» Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Чиройли таҳорат олиб, масжидлардан бири сари, жамоат билан намоз ўқиш мақсадида йўлга тушадиган намозхоннинг ҳар қадамига Аллоҳу таоло бир савоб ёзади ва ҳар бир қадамида амал дафтаридан бир гуноҳ ўчирилади ва яна Жаннатдаги даражасини бир марта юксалтади.»- деб, марҳамат қилинди.
Жамоат билан ўқиладиган намозлар – мусулмонлар орасида бирлик, ҳамдўстлик, ҳамжиҳатлик ва жамият ҳаётини таъминлаб туради. Севги ришталарини мустаҳкамлаб, меҳр-оқибат деган қадриятларни орттиради. Жамоат сабабли, мўминлар тўпланишиб, суҳбат қилишади. Масжидга келолмаганлар, дард-қайғуси бўлганлар, бошига иш тушган ва қийин аҳволда бўлган чорасизлар ва касалликка чалинганлар, ўша суҳбатлар натижасида маълум бўлади. Оқибатда, намоздан кейин жамоатдан баъзилари касал кўришга, баъзилари муҳтожларга ёрдам беришга, яна бошқа бирилари эса кўнгил олиш учун кетишади.
Жамоат – мусулмонларнинг бир тан-у бир жон эканликларига энг чиройли далил ва мисолдир. Бу бирликни бузадиган инсонсурат, шайтонсифат, мазҳабсиз бўлган мол-дунё жинниси мунофиқ тўполончиларга Аллоҳу таоло инсоф берсин!
Касал ва шол бўлган хасталар, бир оёғи кесик бўлган ногиронлар, ўзи юролмайдиган қариялар ва кўзлари кўрмайдиган узрлиларнинг жамоатга иштирок этиши шарт эмас.
Жамоатда, намоз учун иқтидо қилинган мусулмонга, Имом дейилади. Имом бўлиш, унга иқтидо қилиш ва жамоат ташкил қилишнинг ўзига хос бир неча шартлари бордир.