Савол: Тасаввуф нима?
Жавоб: Тасаввуф – қалбни соф қилиш, ёмон хулқлардан тозалаш ва яхши хулқлар билан безаш демакдир. Тасаввуф “ҳол” иши (яъни, ҳис қилинадиган ҳолат) бўлгани учун, уни бошидан ўтказган билади, таърифлаш орқали тўлиқ тушунилмайди.
Тасаввуф илми қалб билан қилиниши лозим бўлган ва сақланиш керак бўлган нарсаларни ҳамда қалб ва руҳни тозалаш йўлларини ўргатади. Бунга “Ахлоқ илми” ҳам дейилади.
Тасаввуф аҳли ўз даражасига кўра тасаввуфни турлича таърифлаганлар. Улардан баъзилари қуйидагича:
Тасаввуф – диннинг буйруқларига бўйсуниб, тақиқларидан қочиб, қалбни ёмон хулқлардан тозалаш ва яхши хулқлар билан безаш демакдир.
Тасаввуф – суннати санияга ёпишиш ва бидъатлардан қочишдир.
Тасаввуф – нафснинг иймон ва итоат этиши, барча ибодатлар ва хайрли ишларнинг ҳақиқий ҳамда қусурсиз бўлишидир. Аллоҳу таолонинг лутфи ва эҳсони билан янада юқорироқ мақомларга чиқувчилар ҳам бўлади.
Тасаввуф – фоний (ўткинчи) бўлган барча нарсадан юз ўгириб, боқий бўлганга боғланишдир.
Тасаввуф – ислом ахлоқи билан безанишдир.
Тасаввуф – ўлмасдан олдин ўлишдир.
Тасаввуф – бошидан охиригача одобдир, фақат одобдан иборатдир.
Тасаввуф – тақдирга ризодир.
Тасаввуф – Ҳақ таолога инқиёд этиш, яъни сўзсиз ва шартсиз таслим бўлишдир.
Тасаввуф – хом хаёлларни қўйиб, амалга давом этишдир.
Тасаввуф – намоз, рўза ва кечалари ибодат қилиш дегани эмас. Буларни бажариш ҳар бир инсоннинг бандалик вазифасидир. Тасаввуф – инсонларни ранжитмасликдир. Буни уддалаган киши “восил” бўлган, яъни мақсадга қовушган ҳисобланади.
Тасаввуф – инсонни ибодатларда зарур бўлган ихлосга ва инсонларга нисбатан зарур бўлган гўзал ахлоққа эриштирувчи йўлдир. Инсонга бу йўлни муршиди комил ўргатади.
Тасаввуф – ҳар бир сўзида ва ишида динга маҳкам ёпишишдир.
Тасаввуф – изтироб чекишдир. Сукунат ва роҳатда тасаввуф бўлмайди. Яъни, ошиқ маъшуқни излашга интилиши, маъшуқдан бошқаси билан ором топмаслиги керак.
Тасаввуф – Расулуллоҳнинг муборак қалбларидан чиқиб, авлиёларнинг қалбларига келадиган илмлардир.
Тасаввуф – ўз нафсининг айбларини ва қусурларини тушуниш, динга амал қилишда енгиллик ва лаззат пайдо бўлиши ҳамда яширин ширк ва куфрдан қутулишдир.
Тасаввуф – ҳаммага раҳмли бўлиш ва “рухсат” бўлган (енгил) амалларни тарк этиш (тақвони ушлаш)дир.
Тасаввуф – Аллоҳу таолони кўриб тургандек ибодат қилишдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таолони кўриб тургандек ибодат қил! Сен Уни кўрмаётган бўлсанг ҳам, У сени кўриб турибди”. (Бухорий)
Аллоҳу таоло кўриб турганига ишонган киши У Зот ёқтирмайдиган ишни қила оладими? Ёнидаги икки фаришта гуноҳ ва савобларни ёзиб боришга вазифадор эканини яқиндан билган кимса ёмон ишлар қила оладими?
Тасаввуфнинг етти юздан ортиқ таърифи берилган. Ҳаммасининг мағзи – аҳаммиятли бўлганни муҳимдан устун қўйишдир. Яъни, жуда зарур ишни зарур ишдан олдин бажаришдир.
Йиғлаётган одамни кўрсак, унинг нимага йиғлаётганини била олмаймиз. Агар оёғига тикан киргани учун йиғлаётган бўлса, тикан бизга кирмагани учун у чекаётган изтиробни ҳис қилолмаймиз. Телбанинг нима учун кулаётганини ҳам била олмаймиз. “Мана бу нарса учун куляпман”, деса ҳам, ўша ҳодиса унга таъсир қилганидек бизга таъсир қилмайди. Ошиқнинг ҳоли ҳам бошқачадир. Тасаввуф ҳам шундай “ҳол” иши бўлгани учун биз тўлиқ била олмаймиз.
Тасаввуф аҳлидан Мавлоно Абдурраҳмон Жомий ҳазратлари айтадики:
Тасаввуфда мақомларнинг ниҳоясига етган мутасаввуфлар икки хил бўлади:
Биринчиси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг изларидан бориб, камолотга эришгандан сўнг, инсонларни иршод қилиш учун халқ даражасига туширилган иршод аҳлидир.
Иккинчиси, юксалган даражаларида қолдирилиб, инсонларни етиштириш билан вазифадор бўлмаганлардир. Буларга авлиё дейилади.
Тасаввуф йўлида юрувчилар ҳам икки қисмга бўлинади:
Биринчиси, Аллоҳу таолодан бошқа ҳамма нарсани унутиб, фақат Уни истайди.
Иккинчиси, Жаннатни истаган толиблардир.
Имоми Раббоний ҳазратлари шундай деган:
“Тасаввуф аҳлидаги ҳоллар ва маърифатлар муҳаббатнинг зиёдалигидан ҳосил бўлади. Аллоҳу таолонинг севгиси бу буюкларни шу қадар қамраб оладики, бошқа нарсаларнинг исми ва жисми ёдларига келмайди. Бошқа ҳеч нарсани кўрмайдилар. Истаса-истамаса, севги сархушлиги билан, бу ҳол қоплагани сабабли, бошқа нарсаларни йўқ деб биладилар. Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч нарсани кўрмайдилар. [Ҳаллож Мансурнинг “Анал–Ҳақ” дейиши каби.] Бу ҳоллар ва маърифатларнинг ортида бошқа камолотлар ва устунликлар борки, ушбу камолотлар ёнида бу ҳоллар ва маърифатлар уммон ёнидаги бир томчи кабидир”.
Тасаввуф яҳудий ёки юнон файласуфларининг тўқимаси эмас. Тасаввуф илмларининг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломдан келади. Уларнинг номлари кейинчалик қўйилган. Расулуллоҳнинг пайғамбарликлари билдирилмасдан олдин ҳам қалб билан зикр қилганлари мўътабар асарларда ёзилган.
Зикр ва нафс муҳосабаси Расулуллоҳ ва Саҳобаи киром замонларида ҳам бор эди. Ҳижрий 2-аср охирларида Аҳли суннатдан қалбларини ғафлатдан сақлаган ва нафсларини Аллоҳга итоат этишга эриштирганларнинг бу ҳолларига “Тасаввуф”, ўзларига эса “Сўфий” номи берилди. Ўзига илк бор сўфий деб ном берилган зот Абу Ҳошим Сўфийдир.
Тасаввуф – Ислом ахлоқи билан ахлоқланиш учун зарур бўлган билимларни ўргатадиган бир илмдир. Тиббиёт илми бадан соғлиғига оид билимларни ўргатганидек, тасаввуф ҳам қалб ва руҳнинг ёмон хулқлардан қутулишини ўргатади, қалб касалликларининг аломати бўлган ёмон ишлардан узоқлаштиради, Аллоҳ ризоси учун гўзал иш ва ибодат қилишни таъминлайди. Зотан, динимиз аввал илм ўрганишни, сўнгра шунга мувофиқ иш ва ибодатнинг Аллоҳ ризоси учун бажарилишини буюради. Қисқаси, дин – илм, амал ва ихлосдан иборатдир.
Имоми Молик ҳазратлари айтдики:
“Фиқҳни ўрганмасдан тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқиб, зиндиқ бўлади. Фиқҳни ўрганиб, тасаввуфдан хабари бўлмаган киши бидъат аҳли – адашган фирқадан бўлади. Ҳар иккисини эгаллаган ҳақиқатга қовушади”. (Мараж-ул-баҳрайн)
Қалб ёмон хулқлардан тозаланиши учун, Аллоҳ учун бўлмаган ҳар қандай нарсанинг севгисини қалбдан чиқариш керак. Бу йўлда илгарилаш Пайғамбарларнинг ахлоқидандир.
Ёмон сифатлар: жоҳиллик, ғазаб, риё, кек, ҳасад, кибр, ужб (ўзига бино қўйиш), бахиллик, мол ва мансаб севгиси, мақтовсуярлик, айбланишдан қўрқиш, суизан, мақтаниш каби нарсалардир.
Гўзал хулқлар: илм, тафаккур, ризо, ҳаё, тавозеъ, марҳамат, мурувват, саховат каби гўзал ишлардир. Ёмон сифатлардан қутулиш ва гўзал хулқлар билан безаниш орқали қалб тозаланган бўлади.
Дунё ва охират яхшиликларига, роҳат ва ҳузурга эришиш учун:
Биринчидан, тўғри иймон эгаси бўлиш керак. Тўғри иймонга эришиш учун Аҳли суннат эътиқодини ўрганиш ва ишониш лозим.
Иккинчидан, инсонлар саодати учун зарур бўлган нарса – диннинг амр ва тақиқларини ўрганишдир. Динимизда билдирилган ҳалол, ҳаром ва бошқа хусусларни ўрганиш ва шунга мувофиқ ҳаракат қилишдир.
Учинчидан, қалбнинг ёмонликлардан тозаланиши ва нафснинг тарбияланишидир. Нафс доим ёмонлик қилишни истайди. Унинг бу истакларидан қутулиш ва Аллоҳ севгисини қалбга жойлаш учун тасаввуф олимларининг асарларини ўқиб, амал қилиш керак.
Агар бир киши тўғри иймонга эришса ва диннинг буйруқларини севиб бажарса, анбиёга, авлиёга ва маолоикага ўхшайди ҳамда уларга яқинлашади. Бир хил жинсдаги нарсалар бир-бирини тортганидек, улар томонидан тортилади. Худди улкан магнит игнани тортганидек, уни юксакликларга тортиб, Жаннатга қовушишига сабаб бўладилар.
Маънан юксалиш, дунё ва охират саодатига эришиш тайёранинг учишига ўхшатилса, иймон билан ибодат унинг корпуси ва моторлари кабидир. Тасаввуф йўлида илгарилаш эса, унинг ёқилғисидир. Тасаввуфнинг иккита ғояси бор:
Иймоннинг собит бўлиши ва шубҳа туғдирадиган таъсирлар билан тараддудга тушмаслигини таъминлаш. Ақл билан, далил ва исбот билан қувватланган иймон бунчалик мустаҳкам бўлмайди. Аллоҳу таоло буюрдики:
“Қалбларга иймоннинг жойлашиши фақат ва фақат зикр билан бўлади”. (Раъд, 28)
Зикр – ҳар бир ишда, ҳар бир ҳаракатда Аллоҳу таолони эслаш, Унинг ризосига мувофиқ иш қилиш демакдир.
Иккинчи ғояси, ибодатларда енгиллик ва лаззат пайдо бўлиши учун нафсдан туғиладиган қийинчиликларнинг бартараф этилишидир. Ибодатларни енгиллик билан, севиб бажариш ва гуноҳ ишлардан нафратланиб узоқлашиш фақат тасаввуф илмини ўрганиб, бу йўлда илгарилаш билан мумкиндир.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтганлар:
Ислом динининг бир сурати, бир ҳақиқати бор. Сурати – аввал иймон келтириш, сўнгра Аллоҳу таолонинг буйруқ ва тақиқларига бўйсунишдир. Ислом динининг суратига эришганларнинг нафси амморалари инкор ва исёнда давом этади. Уларнинг иймони – иймоннинг суратидир. Ўқиган намозлари – намознинг суратидир. Рўза ва бошқа ибодатлари ҳам шундай. Чунки нафси аммора инсон борлиғининг асосидир. Ҳар ким “Мен” деганда нафсини кўрсатади. Мана шундай кишиларнинг нафслари иймон келтирмаган, ишонмаган бўлади. Бундай кимсаларнинг иймонлари ва ибодатлари ҳақиқий, тўғри бўлиши мумкинми? Аллоҳу таоло жуда марҳаматли бўлгани учун фақат суратга эришишни ҳам иймон сифатида қабул қилган. Уларни Ўзи рози бўладиган жаннатга киритиш билан муждалаган. Фақат қалбнинг ишонишини қабул қилиб, нафснинг ишонишини шарт қилиб қўймагани У Зотнинг буюк эҳсонидир.
Ҳа, жаннат неъматларининг ҳам суратлари, ҳам ҳақиқатлари бор. Ислом динининг суратига эришганлар жаннатнинг суратидан баҳраманд бўладилар. Дунёда ислом динининг ҳақиқатига эришганлар эса жаннатнинг ҳақиқатига қовушадилар. Суратга эришганлар ва ҳақиқатга эришганлар жаннатнинг бир хил мевасидан тановул қиладилар, лекин ҳар бири бошқача лаззат олади. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак завжалари жаннатда Расулуллоҳнинг ёнларида бўладилар, аммо улар ҳис этадиган лаззат бошқача бўлади. Агар бошқача бўлмаганда, бу муборак завжаларнинг барча инсонлардан [пайғамбарлардан] устун бўлишлари лозим келарди. Ҳар бир устун бўлган кимсанинг завжаси ҳам худди шундай устун бўлиши керак бўларди. Чунки завжалар жаннатда завжларининг (эрларининг) ёнида бўладилар. Ислом динининг суратига эришганлар, унга амал қилганларида, охиратда нажот топа оладилар. Бунга амал қилганлар умумий авлиёликка, яъни Аллоҳу таолонинг ризоси ва севгисига эришган ҳисобланади. Бу билан шарафланган киши тасаввуф йўлига кира оладиган, “Вилояти хосса” деб аталадиган махсус авлиёликка эриша оладиган кишидир. Улар нафси аммораларини шубҳалардан поклашга эриштира олади. Шуни яхши билиш керакки, бу вилоятда, яъни Ислом динининг ҳақиқатида илгарилаш учун Ислом динининг суратини қўлдан чиқармаслик лозимдир.
Тасаввуф йўлида илгарилаш Аллоҳу таолонинг исмини кўп зикр қилиш орқали амлага ошади. Бу зикр ҳам ислом дини буюрган ибодатдир. Зикр қилиш ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда мақталган ва буюрилган. Тасаввуф йўлида илгарилаш учун ислом дини тақиқлаган нарсалардан сақланиш шартдир. Фарзларни бажариш инсонни бу йўлда илгарилатади. Тасаввуф йўлини билган ва бу йўлдагиларга йўлбошчилик қила оладиган бир Раҳбар [Муршид] излаш ҳам ислом дини буюрган ишлардандир. Моида сурасининг 35-оятида: “Унга қовушиш учун васила изланг”, деб буюрилган. (Васила деганда “инсони комил” тушунилади). Аллоҳу таолонинг ризосига эришиш учун ислом динининг ҳам сурати, ҳам ҳақиқати керак. Чунки авлиёликнинг барча устунликлари ислом динининг суратига бўйсуниш орқали қўлга киритилади. Пайғамбарлик устунликлари эса, ислом дини ҳақиқатининг меваларидир. Ҳар қандай устунликда Аллоҳу таолонинг буйруқ ва тақиқларига бўйсуниш лозимдир.
Авлиёликка етиштирувчи йўл – тасаввуфдир. Тасаввуф йўлида илгарилаш учун Аллоҳдан бошқа ҳар бир нарсанинг севгисини қалбдан чиқариш керак. Аллоҳу таолонинг эҳсони билан қалб ҳеч нарсани кўрмайдиган бўлса, “Фано” деб аталган ҳолат ҳосил бўлади. “Сайри илаллоҳ” якунланади. Бундан сўнг “Сайри филлоҳ” деб аталадиган саёҳат бошланади. Шу тариқа, “Бақо” деб аталган ҳолат ҳосил бўладики, изланилган нарса ҳам аслида шудир. Ислом динининг ҳақиқати шу ердадир. Бунга эришган зотга “Валий” дейилади, яъни Аллоҳу таоло рози бўлган, севган киши демакдир. Бу ерда “Нафси аммора” мутмаинна бўлади. Нафс куфрдан қутулиб, Аллоҳу таолонинг қазо ва қадаридан рози бўлади. Аллоҳу таоло ҳам ундан рози бўлади. Ўзини танийди. Кибр, ўзига бино қўйиш касаллигидан қутулади. (2/50)
Савол: Авлиёликка “Фано филлоҳ” ва “бақо биллоҳ” дейилади. Булар нима дегани?
Жавоб: “Фано филлоҳ” – қалбни Аллоҳу таоло ёқтирмайдиган нарсалардан тозалаш, бўшатишдир.
“Бақо биллоҳ” – қалбни Аллоҳу таоло севадиган нарсалар билан тўлдиришдир.
Савол: Пайғамбаримиз фахрланган фақирлик биз биладиган фақирликми?
Жавоб: Фақир – муҳтож, камбағал, гадо дегани. Исломиятда асосий эҳтиёжидан ортиқча ва қурбонлик нисоби миқдорида моли бўлмаган кишига “Фақир” дейилади. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолодан сўраган ва фахрланган фақирликлари – доимо, ҳар бир ишда Аллоҳу таолога муҳтож эканини билишдир. Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари “Дуррул-маориф” китобида шундай деган:
«Тасаввуфда "фақир" – муроди бўлмаган, яъни Аллоҳу таолонинг ризосидан бошқа шахсий тилаги бўлмаган кишидир.» Шундай бўлган кимса нафақаси бўлмаса, сабр ва қаноат қилади. Аллоҳу таолонинг иродасидан рози бўлади. Аллоҳу таоло буюргани учун ризқ топиш учун меҳнат қилади. Ишлаётганда ибодатларини тарк этмайди ва ҳаром иш қилмайди. Топаётганда ҳам, топганини сарфлаётганда ҳам исломиятга бўйсунади. Бундай кимсага бойлик ҳам, фақирлик ҳам фойдали бўлади. Дунё ва охират саодатига етишига сабаб бўлади. Аммо нафсига бўйсуниб, сабр ва қаноат қилмаган кимса Аллоҳу таолонинг қазо ва қадаридан рози бўлмайди. Фақир бўлса, “оз бердинг” деб эътироз қилади. Бой бўлса, тўймайди, яна кўпроқ истайди. Топганини ҳаром йўлларга сарфлайди. Унинг бойлиги ҳам, фақирлиги ҳам дунё ва охиратда фалокатига сабаб бўлади.
Савол: Баъзи кимсалар ўзини тасаввуф аҳлидек кўрсатиб, “мен ижозат, хилофат олдим” дейди. Бу ижозат, хилофат нима дегани ва бугунги кунда буларни қиладиган ёки берадиган кимса борми?
Жавоб: Мавзуга оид Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари “Макотиби шарифа”да айтганки: «Ижозат ва хилофат толибларнинг қалбларига ихлосни жойлаштириши учун етилган бировга рухсат берилиши деганидир. Рухсат берилган шахсга “Халифа” ёки “Васила” дейилади. Рухсат оладиган кишининг қалби ва бошқа латифалари турли ҳолларга эришган, ёмон хулқлардан тозаланган, яхши хулқлар билан безанган бўлиши ҳамда сабр, таваккул, қаноат, ризо соҳиби бўлиши, дунёга ўч бўлмаслиги лозим. Бу юксак мартаба фақат Салафи солиҳинга бўйсуниш орқали қўлга киритилиши мумкин. Асҳоби киром ва Тобеъинга “Салафи солиҳин” дейилади. Бу ҳоллар қалбда ҳосил бўлмасдан туриб, ваъз қилиши учун рухсат бериш ҳаромдир, тасаввуф буюкларининг йўлини бузиш ҳисобланади. Бировнинг ўзига бино қўйишга сабаб бўлиш, бир толибни, бир ошиқни тажрибасиз қўлларга топшириб маҳрум қилиш ақлга ҳам, Исломиятга ҳам мувофиқ эмас.»
Бугунги кунда ҳақиқий тариқат, муршид, мурид, шайх йўқ ҳисобида. “Бор” деганларга, шайх эканини айтганларга ишонмаслик керак. Сохта шайхларнинг, жоҳил тариқатчиларнинг тузоқларига тушмаслик учун ҳушёр бўлиш лозим.
Савол: Тасаввуфни энг яхши тушунтирадиган бирор китоб борми?
Жавоб: Тасаввуфни тушунтирадиган китоблар кўп, аммо энг қимматлиси Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Маснавий”сидир. Тасаввуф ва Исломиятни биргаликда тушунтирадиган китобларнинг энг қийматлиси эса, имоми Раббоний ҳазратларининг “Мактубот”ларидир.
Савол: Баъзи диний китобларда сайр, сулук, жазба каби сўзлар ўтади. Булар нима маънони англатади ва улардан мақсад нима?
Жавоб: Сайр – тасаввуф йўлида илгарилаш дегани.
Сулук – машаққат чекиб, тасаввуф йўлида илгарилаш маъносини англатади.
Жазба – тортиш, тортилиш дегани. Аллоҳу таолонинг севган бир қулини Ўзига тортиши, юксак даражаларга эриштиришидир. Бу ҳам нафсни тарбия қилиб, Аллоҳу таолони кўп зикр қилиш орқали бўлади.
Булардан мақсад нима эканини имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобида шундай тушунтирадилар:
«Сайр ва сулукдан мақсад ва жазба ҳамда тасфиядан кутиладиган нарса – нафсни ёмон хулқлар ва чиркин сифатлардан тозалашдир. Бу хунук сифатларнинг боши – нафсга берилган бўлиш ва унинг орзу-истакларига боғланиб қолишдир. Инсон ҳар бир нарсани ўзини севгани учун севади. Фарзандини, молини севиш улардан фойдалана олиши учундир. Сайри анфусийда инсонни Аллоҳу таолонинг севгиси қоплаб олади ва инсон ўзини севишдан қутулгани учун фарзанд ва мол севгиси ҳам шу билан бирга йўқ бўлади.»

