Савол: Электрон почтамизга келадиган кўп хатларда (mail) ва ижтимоий тармоқ орқали келадиган хабарларда “ушбу хабарни фалонча кишига юборинг” деган иборалар учрайди. Бу айниқса аёллар орасида жуда оммалашган. Масалан, шундай дейилади:
“Агар хабарни юборсангиз, ҳаётингизда бир мўъжиза юз беради, юбормасангиз, бошингизга катта офатлар келади”.
“Шаҳидларимиз учун “Фотиҳа” занжирини ташкил қиляпмиз, бу хатни олган ҳар бир киши 3 марта “Фотиҳа” ўқисин ва хатни 3 кишига юборсин”.
“Агар бу хабарни олган бўлсангиз, демак сиз ҳам салавот занжирининг бир ҳалқасига айландингиз. Энди 5 та салавот айтишингиз ва хабарни камида 20 кишига юборишингиз керак”.
“Аллоҳ ҳеч қачон адаштирмайди, Аллоҳнинг исмлари ёзилган ушбу хабарни 9 кишига юборсангиз, эртага хушхабар оласиз, агар юбормасангиз, бахтсизлик 9 йил давомида сизни таъқиб қилади. Кечиктирманг, булар Аллоҳнинг исмлари. Аллоҳнинг номи тилга олинди, энди юборишга мажбурсиз”.
“Расулуллоҳни тушимда кўрдим, буни ҳаммага етказинг! Етказган киши фалон неъматларга эришади, ишонмаган эса балоларга дуч келади”.
“Бу ҳадиси шарифни ҳаммага юборинг, чунки Пайғамбаримиз: “Мендан эшитган нарсангизни, ҳатто бир жумла бўлса ҳам одамларга етказинг”, деганлар”. (Ваҳоланки, бунинг ҳадислиги ҳам номаълум. Ҳадис бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир ҳадиснинг интернетда айланиб юриши тўғрими?)
“Бу дуони 7 уйга тарқатган киши мақсадига етади, ишонмаган эса мусибатга учрайди. 1251 йилда кимдир уни қўлга киритиб, 7 жойга тарқатган ва бой бўлиб кетган. Кейин бир камбағалнинг қўлига тушганида у ишонмаган, натижада уйи ёниб, фарзанди вафот этган”.
“Бу хат 13 кишига юборилса, 13 кундан кейин ўйлаган муродига етишади. Юборилмаса, бошига турли балолар келади”.
“Бу хатни фалонча кишига юбориш миллий ва диний бурчдир. Юбормаган биздан эмас”.
“Лейкемия билан касалланган қизимнинг дори-дармони учун ёрдамга муҳтожман. Илтимос, ёрдам беринг ва бу хатни ҳаммага юборинг. Буни бошқаларга етказмаганларга лаънат бўлсин!”.
“Яқинда баъзи электрон манзиллар пуллик бўлади, лекин ушбу хатни фалонча кишига юборсангиз, сизники бепул бўлиб қолади”.
“Бу хатни албатта ўқи ва ҳаммага юбор! Агар рост бўлса, бахтинг кулди. Рост бўлмаган тақдирда ҳам нима йўқотасан? Синаб кўришнинг, тадбирли бўлишнинг зарари йўқ. Бу хатни етказган ҳар бир киши учун Microsoft 245 евро беради. Қанча кўп одамга юборсангиз, шунча кўп пул ишлайсиз”.
“... деган электрон манзил сизни дўстликка таклиф қилса, асло қабул қилманг! Бу вирус Мексика орқали тарқалган. Охирги 2 кунда 5000 кишининг мессенжерига кириб, компьютерларини ишдан чиқарган. Бу хатни ҳаммага юборинг!”.
“Вирус юқтириш учун турли тузоқлар кўпайди. Яна бир электрон хатлар занжири орқали янги вирус компьютерларга юқмоқда. Шунинг учун бу хатни асло очманг! Ишонмасангиз ҳам, бу огоҳлантиришни барча яқинларингизга юборинг! Чунки эҳтиёт бўлган яхши”.
“Биров телефон қилиб: “Фалон фирмадан қўнғироқ қиляпмиз, телефонингизни тасдиқлашимиз керак, бунинг учун 9090 рақамига қўнғироқ қилинг”, деса ва сиз қўнғироқ қилсангиз, у барча шахсий маълумотларингизни қўлга киритади ва ўз телефон сўзлашувларини сизнинг ҳисобингиздан амалга оширади. Бу хатни яқин дўстларингизга етказинг!”.
“Қизим саратон бўлди, лекин шифохона харажатларини тўлай олмаяпман, илтимос, менга ёрдам беринг!” (Бу йўл билан ҳам фирибгарликлар авж оляпти).
“Бу хатни ҳаммага юбориб, ҳаволадаги сўровномада қатнашмасангиз, гуноҳкор бўлиб қоласиз”.
Шунга ўхшаш хабарларни ҳаммага юбориш керакми?
Жавоб: Йўқ. Буларни юбормагани учун ҳеч ким гуноҳкор бўлиб қолмайди. Аксинча, хабарларни юбориш орқали бундай ишларга шерик бўлиш бизни жавобгар қилиб қўйиш мумкин. “Миллий ва диний бурч” деб аталган хатларни кўп одамга юбориш билан ҳеч ким қилмоқчи бўлган ишидан воз кечмайди. Сўровномалар ҳам шундай. Ёрдам сўралган хатлар эса кўпинча ёлғон бўлиб чиқади.
Буларнинг барчасида турли манфаатлар ёки ғаразли ниятлар бор. Айниқса, диний мазмундаги ва “юбормасангиз бошингизга фалокат келади” дейилган хатлар, илгари миссионерлар томонидан мактуб орқали тарқатилган “Шайх Аҳмад васиятномаси”га ўхшаш хурофотларнинг бир туридир.
“Мўъжизага дуч келасиз” деб юборилган хатлар эса нақадар жоҳил кимсалар томонидан ёзилгани кўриниб турибди. Мўъжизалар фақат Пайғамбарларда кузатилади. “Мўъжиза” сўзини бошқа маънода ишлатиш нотўғри.
“Фотиҳа ёки салавот занжирини ташкил қиляпмиз” дейиш ҳам тўғри эмас. Ҳар ким хоҳлаганича ўқиши мумкин. Ўқиш ва одамларга юбориш учун маълум бир сонни белгилаш, бидъатларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига сабаб бўлади. Аллоҳнинг номи ёки ҳадиси шариф деб ҳам юбориш шарт эмас. Аксинча, юбормаслик лозим. Аллоҳу таолонинг ва Пайғамбаримизнинг исмини бундай ишларга восита қилиш жуда хунук ишдир.
Ҳаммага юбориш сўралган бу хатларнинг барчасида сиёсий ёки моддий манфаатлар ҳам мавжуд. Бундай хабар алмашишлар орқали электрон манзиллар реклама қилиниб, спам-хатлар юборувчилар учун база йиғилади. Буларнинг ва “хат юборсангиз пул ишлайсиз” дейилган хабарларнинг ёлғонлиги ва остида турли манфаатлар ётгани аён.
Фарзанди ёки яқини касал эканини айтиб, моддий ёрдам сўрайдиган хатлар одатда ёлғон бўлиб чиқади. Бунга ўхшаш хатларни ҳеч кимга юбормаслик керак, чунки уларнинг аксариятида нотўғри маълумотлар бўлади. Буларни дарҳол ўчириб ташлаш лозим. Агар бизга юборган киши гапимизга қулоқ соладиган бўлса, уни ҳам огоҳлантириб, бундай ишларга восита бўлмаслигини айтиш керак.

