Савол: Интернетда тарқалаётган “Шайх Аҳмад васиятномаси” аслида нима?
Жавоб: 1950 йилда “Шайх Аҳмад васиятномаси” деб номланган, ислом алифбосида ёзилган кичик бир рисолани ўқиган эдим. Кейинчалик бу рисола қоғозларда варақа сифатида босилиб чиқди. Интернет пайдо бўлгач, миссионерлар томонидан яна қайта тарқатилаётгани кузатилмоқда. Муштарийларимиз бу эскирган хурофотга алданиб қолмасликлари учун бу ҳақда қайта ёзишга мажбур бўлдик. Вақт ўтиши билан бу матн вазиятга қараб ўзгартириб турилган. Илгари буни ёзган одам “Чироқчи” деб тақдим қилинарди. Кейинчалик ваҳҳобийларнинг мақбара душманлиги оқибатида чироқчилик ҳам қоралангани учун “Ҳарам калитдори” деб тақдим қилина бошланди. Ҳозир эса “Пайғамбар масжидининг хатиби” деб таништирилмоқда. Бу одамга гўё тушида бундай дейилганмиш:
“Қиёмат аломатлари кўринмоқда. Жуда яқинда 3 кун қуёш тутилади, уч кундан кейин ғарбдан чиқади, Қуръон инсонлар кўзига кўринмай қолади. Ким бу васиятномани эшитиб туриб ёзмаса ва бошқаларга тарқатмаса, юзи қора бўлсин. Валлоҳулазим, агар бу васиятномада хатом бўлса, у дунёга иймонсиз кетай”.
Бу матн миссионерлар томонидан динимизга хурофот киритиш учун маккорлик ва жоҳиллик билан тўқилган сафсатадир. Уларнинг мақсади - Исломга хурофотларни киритиб, фикрларни чалғитиш ва мусулмонларни мана шундай ёзувлар билан банд қилиб, жиддий мавзуларга эътибор беришларига йўл қўймасликдир.
Илгари “Ёлғон гапираётган бўлсам, кофир бўлай” дейилган бўлса, эндиликда “Бу дунёдан иймонсиз кетай” дейилмоқда. Бу икки гапни ҳам айтган мусулмон кофир бўлади. Бундай қасам ичиш жоиз эмас. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳдан ўзга нарсалар билан қасам ичиш ширкдир”, деб марҳамат қилинган.
Бу хурофот ёзилганига бир неча аср бўлган бўлса-да, бу хаёлий “Шайх Аҳмад” ҳали ҳам ўлмай, миссионерлар орқали умматга хабар йўллаш билан овора. Эски нашрларида: “Ушбу васиятни ёлғон деган кишининг ўша куни ўғли вафот этибди, бир шифокор эса бу васиятни тарқатмагани учун ақлдан озиб, машинаси билан жарга қулабди”, дейиларди. Пўписалар қаторлаштирилгач энди буни тарқатишга ёрдам берганларга мукофотлар ваъда қилинади. Эскисида: “Бу васиятни тарқатган бир савдогар 90 минг риёл фойда кўрибди”, дейилганди. Кейинчалик бу миқдор ўзларига оз кўриндими, 100 минг риёлга чиқаришди. Янги нашрида эса пул миқдори ҳақида умуман оғиз очилмаган. “3 кундан кейин қуёш ғарбдан чиқади” деб жар солишига қарамай, орадан асрлар ўтса-да, қуёш ҳали ҳам ғарбдан чиққани йўқ. Қиёмат бўлиши ҳақида, худди “Иегова шоҳидлари”га ўхшаб кўп кимсалар аниқ сана белгилаган бўлса-да, ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди.
Динимизда тўртта далил бор. Туш динимизда ҳужжат (асос) бўлолмайди. Бу ёзувнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Гўёки диний китоблар етарли эмасдек, дин китоблари ўрнига мана шу уйдирма ёзувлар тарқатилмоқда. Энг муҳим жиҳати шундаки, бу ёзув худди динда камчилик бордай умматга қўшимча маълумот беришга уриняпти. Агар бу васиятда динга мос нарсалар бўлса, унинг ўзига хослиги қолмайди. Агар динда бўлмаган нарсалар қўшилган бўлса, бу жуда ёмон. Диннинг буйруқларини бажармайдиган, тақиқларидан қайтмайдиган кимса, шунчаки бир ёзувни, бир хатни 10та одамга тарқатиш билан қандай қилиб илоҳий розиликка эришиши мумкин? Хоинларнинг мақсади ҳам айнан шу бўлиб, мусулмонларни диний ҳукмлардан узиб, хурофотлар билан овутиш.
Мусулмонлар орасида шу сафсатага ўхшаш яна 13 рақамига боғланган мактуб ҳам тарқатилмоқда. Бу ҳам хурофот. Христианларда 13 рақами бахтсизлик келтирувчи ҳисобланади. Бу ёзувда қаранг нечта 13 бор: “Тушимда ҳазрати Зайнабни кўрдим” деган қизнинг ёши 13 да, камбағал одам 13 кундан кейин бой бўлибди, кекса киши 13 кундан кейин қамалибди, бой одам 13 кундан кейин бор-будидан айрилибди, амалдор 13 кундан кейин ишидан ҳайдалибди. Бу ёзувни 13 саҳифа ёзиб, 13 кишига юборган одам 13 кундан кейин муродига етармиш, ёзмаганга эса 13 кундан кейин бало келармиш. Рақамларининг йиғиндиси 13 бўладиган муҳим воқеалар, масалан, Пайғамбаримизнинг 571 йилда туғилганлари (5+7+1=13), Истанбулнинг 1453 йилда фатҳ этилгани (1+4+5+3=13) эсга олинса, мутаассиб христианларнинг нега 13 сонини ёмон кўришлари тушунарли бўлади. Бундай ишларга қўшилиб, миссионерларнинг ўйинига лаққа тушмаслик керак.
Савол: “Тилак дуоси” деб аталадиган бир мактуб 1984 йилда Америкада топилибди. Бу мактубни олгандан кейин 7 кишига юборган одам бой бўлиб кетармиш. Юбормаганнинг бошига эса фалокат келармиш. Бунинг асоси борми?
Жавоб: Бу ҳам христиан хурофотидир. Биз почтамизга ёки ижтимоий тармоқ орқали келган бундай ёзувларнинг барчасини ўчириб ташлаймиз.

