Савол: Пичоқ ва қайчини қўлдан-қўлга узатиш омадсизликка сабаб бўладими?
Жавоб: Қўлдан-қўлга беришнинг зарари йўқ. Динимизда шумланиш, омадсизлик йўқ. Пичоқ олувчининг қўлини кесмаслиги учун уни ерга ёки столга қўйиш мумкин. Бундан бошқа ҳикмати йўқ.
Савол: Мен раҳбарлик лавозимидаман. Виллада яшайман, турли хил кийимлар кияман. “Ҳашаматдан сақланиш иймондандир” деган ҳадиси шарифни кўриб қўрқиб кетдим. Ҳар доим бир хил кийим кийишим, вилладан чиқиб оддий уйда яшашим керакми?
Жавоб: Ушбу ҳадиси шариф кўз-кўз қилиш, дабдаба учун шундай кийинишнинг зарарини билдирмоқда. Эҳтиёж учун чиройли кийинишда ва виллада яшашда зарар йўқ. Ҳатто имконияти бор одамнинг бундай қилиши лозим.
Имоми Аъзам ҳазратлари айтадиларки: "Жоҳиллар ҳақорат қилмасликлари ва душманларга улуғвор, кучли кўриниш учун, олимларнинг, бошлиқларнинг кийимлари ва бинолари ҳашаматли бўлиши керак."
Ҳикмат аҳли ҳам айтадики:
“Шундай кийим кийки, сен унга эмас, у сенга хизмат қилсин!”
Ҳадиси шарифларда ҳам айтиладики:
“Чиройли кийинингки, Аллоҳу таолонинг сизга берган неъматларининг асари эгнингизда кўринсин!” (Табароний)
“Аллоҳу таоло бир бандасига неъмат берганида, ўша неъматнинг асари ўша бандада кўринишини яхши кўради.” (Табароний)
“Аллоҳу таоло берган неъматнинг асари (банда) устида кўриниши керак.” (Насоий)
Савол: Дўсти билан пиджакларни бир неча кунга алмашиб кийиш макруҳми?
Жавоб: Ҳа, макруҳ.
Савол: Кесилган тирноқларни нима қилиш керак?
Жавоб: Тупроққа кўмиш суннатдир. Босилмайдиган жойга, қабр устига ёки денгизга ҳам ташлаш мумкин. Йиғиб, исталган жойга кўмиш мумкин.
Савол: Аёл кишининг тирноғи ва сочини кўмиш қийин бўлса, ёқиш жоизми?
Жавоб: Йиғиб кўмиш имкони бор экан, ёқиш жоиз бўлмайди.
Савол: Диний ёзув ёзилган лавҳани спиртли ичимлик ёки атир (одеколон) билан артиш жоизми?
Жавоб: Совунли сув билан артилади. Бунга имкон бўлмаса, жоиздир.
Савол: Озиқ-овқат пакетлари ёки ювиш воситаларининг ичидан стакан, това каби нарсалар чиқади. Баъзиларининг ичидан бир қоғоз чиқади: "Бу қоғозни олиб келганга мана бу совға берилади" деган. Пакет ичидан чиққан буюмни ва қоғозни олиб бориб, бериладиган нарсани олиш гуноҳ бўладими?
Жавоб: Йўқ, гуноҳ бўлмайди. (Радд-ул мухтор)
Савол: Ҳайз кўрган аёл тайёр прокладкаларни ювмасдан ташлаб юборишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ.
Савол: Ётоқхонага диний лавҳа осиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Тугмалар зангламаслиги учун уларни олтин сувига ботириш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Касални зиёрат қилишга ёки меҳмонга бораётганда гул олиб бориш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Шифо оятларини тумор қилиб ўзимизда олиб юриш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Талабага ўргатиш мақсадида Каъба макетини ясаш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ҳожилар олиб келган, ичида оят ёзилган косадан еб-ичиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Масжид расми туширилган қоғоз билан китоб жилдлаш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Сурнай, карнай чалиш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Фақат урушда жоиз.
Савол: Қабр устига гул экишнинг зарари борми?
Жавоб: Қабр устига гул экиш ўликка фойдалидир, яхшидир. Гулга бериладиган пулни намоз ўқийдиган фақирга садақа қилиш янада яхшироқ. Бундан ҳам яхшиси, муносиб бир диний китоб олиб бировга беришдир.
Савол: Ласина (тайт) кийиш дуруст эмас. Эркакларнинг ҳам қишда шим остидан киядиган юпқа ёки қалин кийимлари бор. Уларни ҳам ласина деб аташади. Совуқдан ҳимояланиш учун ички кийим сифатида лозим кийишда зарар борми?
Жавоб: Буларни ишлаб чиқариш ва кийишнинг зарар йўқ. Ҳатто ласиналарни ҳам ички кийим сифатида кийиш жоиз.
Савол: Кечаси кир ювиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Иҳромни кафан қилиш ва кафанни замзам билан ювиш жоизми?
Жавоб: Иҳромни кафан қилиш жоиздир. Кафанни замзам билан ювиш эса, Ҳанафийда жоиз, Шофеъийда ҳаромдир. (Радд-ул мухтор)
Савол: Эскирган жойнамозни йиртиб пол латтаси қилиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Баъзан сутга дуо ўқилиб ичилади, жоизми?
Жавоб: Бир нарсага ўқиш фойдалидир.
Савол: Шифо оятларини кўринарли ҳолда ПВХ (ламинация) қилдириб олиб юриш жоизми?
Жавоб: Очиқдек бўлади. Кўринмайдиган ҳолда қопланса жоиз бўлади.
Савол: Диний ёзув бор газетани ерга ташлаш зарарлими?
Жавоб: Ҳа. Ўқигандан сўнг баландроқ жойга қўйиш керак.
Савол: Мусиқали сигнали бор қўл соати макруҳми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Чўчқа терисидан юрак клапани қўйдириш жоизми?
Жавоб: Зарурат бўлса жоиздир.
Савол: Полиздаги сабзавот пояларини ёқиб ташлаймиз. Шунда ичидаги ҳашаротлар ҳам ёниб кетяпти. Гуноҳми?
Жавоб: Йўқ. Чунки сиз ҳашаротни эмас, пояни ёқяпсиз. Агар фақат ҳашаротни ёқсангиз жоиз бўлмайди.
Савол: Ўтинларда қурт бор. Ерга урилса, тушмайдиганлари ҳам бўлиши мумкин. Бу ўтинларни шундай ерга ургандан кейин ёқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Диний китобларни шкаф токчаларига белдан пастга қўйиш жоизми?
Жавоб: Жоиздир. Мусҳафни доим юқорига қўйиш керак.
Савол: Аёл сочидан чўтка қилиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Ҳайвон ва инсон шаклидаги нақшларни тиктириш гуноҳми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Одеялодаги шер расми аниқ эмас. Расм ҳукмида бўладими?
Жавоб: Расм ҳукмида эмас. Лекин, расмли олмасликка эътибор бериш керак. Шубҳали нарсалар билан машғул бўлиш ҳаромга сабаб бўлади.
Савол: Гиламдаги муборак бир исм бўялса, ундан фойдаланиш жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Мусҳаф ўқилган тахта (раҳла)ни стул сифатида ишлатиш жоизми?
Жавоб: Зарурат бўлса жоиздир.
Савол: Диний ёзув бор газетани диваннинг, каравотнинг тагига қўйиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Масжид расми туширилган ликопчани ишлатиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Қонли пахтани ёқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ояти карима ёзилган газеталарни нима қилиш керак?
Жавоб: Ёқиб кули денгизга ёки оёқ босмайдиган тоза жойга тўкилади.
Савол: Саҳобаларнинг тамсилий (рамзий) расмларини чизиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Тамаки чекиладиган трубкани инсон боши шаклида қилиш макруҳми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Музлаб қолмаслиги учун канализацияга туз солиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ижарачи уй эгасидан рухсатсиз уйда ўзгартириш қилиши мумкинми?
Жавоб: Қила олмайди. Жўмрак (кран) каби нарсаларни алмаштириши мумкин.
Савол: Нон ушоқларини ёқиш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Йиғиб денгизга ташлаш мумкин. Қушларга бериш мумкин.
Савол: Автобуснинг пастки юкхонасида пакетда мусҳаф олиб юриш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Чунки уни автобуснинг устида ҳам олиб юриш имкони бор.
Савол: Икки қаватли автобуснинг биринчи қаватидаги токчасида мусҳаф олиб юриш мумкинми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Азон айтадиган соатларни ишлатишда зарар борми?
Жавоб: Азон айтилаётганда ҳурмат қилиш шарти билан зарари бўлмайди.
Савол: Спиртли ичимликлар сотиладиган дўкондан совға қилинган ичкилик ўрнига, чой олиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Таҳорат сочиғимни ҳамма ишлатиши мумкин” дедим. Жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Уйда, каравотнинг тагига халтада ун, гуруч қўйиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Спиртли қалам билан диний ёзув ёзиш жоизми?
Жавоб: Жоиздир.
Савол: Уйда декорация учун жонли ҳайвон шаклидаги безак (кичик ҳайкалча) сақлаш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Елимли хамирдан дарахт каби шакллар қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Масжиддаги гиламни, оёқ кийим билан кириладиган жойга солиш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Оёқ кийим билан кирилмайдиган уйга солиш жоиз.
Савол: Отамнинг расмини альбомда сақлаш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қабр тошига Али ўғли Вали ва милодий сана ёзиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Чироқчининг рухсати билан Холид Бағдодий мақбарасидан ёпинчиқ олдим. Жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Бозордаги эссансларни (хушбўй ҳид) ишлатиш жоизми?
Жавоб: Ҳа. Эссанс дегани спиртсиз деганидир.
Савол: Намоз китоби билан ҳожатхонага кириш мумкинми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Расмлар ерда бўлса ҳам, у ерга раҳмат фаришталари кирмайдими?
Жавоб: Кирмайди.
Савол: Раҳмат фариштаси кирмаган хона, раҳматдан маҳрум қоладими?
Жавоб: Йўқ. Фаришталарнинг фойдаларидан маҳрум қолади.
Савол: Калимаи тавҳид ёзилган дўппи билан ҳожатхонага кириш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Фаришта кириши учун ўқилган газетани ёпиқ жойга қўйиш керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Дўппини шимнинг чўнтагига солиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Оят ёзилган бузуқ эътиқодлиларнинг китобини ёқиб йўқ қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қабристонда магнитофон қўшиб чолғу чалиш тўғрими?
Жавоб: Қабристонда кулиш тўғри бўлмаганидек, кассета қўйиш ҳам тўғри эмас.
Савол: Зийнат ниятида торт устига шам қўйиш зарарлими?
Жавоб: Шам қўйиш дуруст эмас.
Савол: Сотиб олинган тайёр кийимни ювмасдан кийиб, у билан намоз ўқишнинг зарари борми?
Жавоб: Нарсаларда асос покликдир. Нажс эканлиги аниқ билинмагунча ҳаммаси пок қабул қилинади. Ҳатто ғайримуслимларнинг кийимлари ҳам пок қабул қилинади. (Ҳадийқа)
Савол: Соқол олиш чўткалари чўчқа тукидан қилинишини эшитдим, ишлатишимиз тўғрими?
Жавоб: Эшитиш билан ҳукм берилмайди. Яъни, чўткаларни ишлатишнинг зарари йўқ.
Савол: Кофирдан кийилган пиджак олинса, ювиш керакми?
Жавоб: Ювиш шарт эмас.
Савол: Шофеъий мазҳабига кўра, идиш ювиш машинасида идиш ёки кир ювиш машинасида кир ювилса, тоза бўладими?
Жавоб: Албатта, тоза бўлади. Ҳар бир мазҳабда тоза бўлади. Кир ювиш машинаси ҳам, идиш ювиш машинаси ҳам ичидагиларни бир неча марта ювади, чайқайди. Кирларни аввал қўлда ювиш шарт эмас.
Савол: Устида Аллоҳ, Муҳаммад ёзилган тасбеҳларни ишлатишимиз жоизми? Уларни ёқиб тупроққа кўмиш керак дейишди. Бу ҳақда маълумот берсангиз хурсанд бўлардим.
Жавоб: Уларни ишлатиш, у ёққа бу ёққа ташлаш тўғри эмас. Баландроқ жойга осиб уйда сақлашингиз мумкин. Агар албатта йўқ қилишни истасангиз, устига босилмайдиган тоза тупроққа кўмасиз.
Савол: Германияда расмий муассасалар баъзи жойларда тобутсиз кўмишга рухсат бермайди. Ўликларимизни тобут билан кўмишда зарар борми?
Жавоб: Агар тупроқ намли бўлса, эркакни тобут билан кўмиш жоиз бўлади. Агар тупроқ қуруқ ва мустаҳкам бўлса, эркакни тобут билан кўмиш макруҳ бўлади. Тобут билан кўмилганда тобут ичига бироз тупроқ солинади. Аёлларни ҳар доим тобут билан кўмиш афзал. Тобутсиз кўмишга рухсат берилмаганда, эркакни ҳам тобут билан кўмиш макруҳ бўлмайди.
Савол: Уйга Оятал Курси, Фотиҳаи шариф, Ёсини шариф, ояти карима ёзилган лавҳаларни осиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиздир.
Савол: Оятал Курси ёзилган маржонлар билан ҳожатхонага кириш жоизми?
Жавоб: Усти ёпиқ бўлса жоиздир. Агар Оятал Курси жуда кичик ёзилган бўлса жоиз бўлмайди.
Савол: Чақалоққа тумор сифатида Ояти Ҳирз тақишга бўладими?
Жавоб: Ояти Ҳирз ҳимоя қилувчи, сақловчи оятлар бўлиб, тақилиши жуда яхши бўлади.
Савол: Пальто, плашга белбоғ, камар боғлаш жоизми?
Жавоб: Жоиздир.
Савол: Кечаси ойнага қараш ва тирноқ олишнинг зарари борми?
Жавоб: Динан зарари йўқ. Тирноқ кечаси ёки кундузи ҳар доим олиниши мумкин. Ҳафтанинг ҳар куни олиш мумкин. Жума куни, жума намозидан кейин олиш яхшироқ бўлади.
Савол: Ҳазрат Усмоннинг қабридан олган тупроқни яқинларимни қабрига қўйишим жоизми?
Жавоб: Яхши бўлади, мағфиратга сабаб бўлади.
Савол: Топиб олинган пул бир вақфга қандай берилади?
Жавоб: Давр билан берилади. Яъни, аввал бир фақирга берилади, фақир хоҳласа вақфга ёки бошқа жойга бериши мумкин.
Савол: Ҳожатхонани ёпиб масжид қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Эҳтиёж туғилганда аутопсия (жасадни ёриб кўриш) қилиш динан жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Чўчқа тукидан қилинган чўтка билан соқол олган Шофеъий мазҳабидаги киши юзини бири тупроқ билан, қолгани сув билан 7 марта ювадими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Доктор, бурнингга сув тортма деди. Сўзига қулоқ солишим жоизми?
Жавоб: Кофир ва фосиқ, яъни катта гуноҳ ишлаши маълум бўлган табибда даволаниш жоиз. Лекин уларнинг сўзлари билан ибодат бузилмайди. Адолатли мусулмон табиб сув текказмаслик кераклигини айтса, ҳанафий мазҳабидаги киши, ғуслининг саҳиҳ бўлиши учун касаллик ўтгунча моликий мазҳабини тақлид қилиши мумкин. Фисқи (гуноҳи), гуноҳкорлиги овоза бўлмаган тушмаган табибнинг сўзи ҳам қабул қилинади.
Савол: Нон солинган халта мотоциклнинг орқасига қўйиладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Бир кекса киши ўлим арафасида бўлса, жон бераётган бўлса, мен унга система берсам, унинг яна бир неча соат кўпроқ яшашини таъминласам, доктор сифатида мен унга система беришим динимизда қандай бўлади?
Жавоб: Жон бераётганда ўлиш арафасидаги кишини безовта қилиш яхши эмас. Азият бўлиши мумкин. Лекин доктор сифатида, унинг яшаш имконияти бўлишини тахмин қилсангиз, система беришингизнинг зарари йўқ.
Савол: Ёнида олиб юриш суннат бўлган ойна, тароқ, мисвок, игна-ип каби нарсаларни сумкамизда олиб юриш билан ҳам суннат адо этилган бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Масжидларнинг устига имомга уй қуриш жоиз бўладими?
Жавоб: Қурилган бир масжиднинг, бир намозхонанинг устига бино қилиш жоиз эмас. Масжиднинг усти ҳам самогача масжид ҳукмидадир. Шунингдек, аждодларимиз қурган масжидларнинг устида ҳам бино йўқ. Масжид янги қурилаётганда устига имом хонадони қилиш жоиз бўлса-да, жоиз бўлган бир ишни зарурат бўлмагунча қилмаслик яхши бўлади. Масжидларнинг остига дўкон қилиш мумкин.
Савол: Тасбеҳлар бидъат эмасми? Тасбеҳни нумератор билан ўгириш жоизми?
Жавоб: Тасбиҳ айтиш суннатдир. Тасбеҳ воситасининг ўзи бидъатми деб сўралса, Пайғамбар алайҳиссалом замонларида тасбеҳлар бармоқ билан, данак билан, тош билан санаб ўгириларди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бир аёлнинг тасбеҳларни данак билан санаётганини кўрган, лекин ман этмаганлар. Олимлар бундан тасбеҳ ишлатишнинг жоиз эканлигини билдирганлар. Механик ёки электрон нумератор деб аталадиган восита билан тасбеҳ ўгириш ҳам жоиздир. Ислом уламолари ҳам бу рухсатга риоя қилиб тасбеҳ тайёрлаганлар, тасбеҳ бидъат эмас.
Савол: Масжидга кираётганда нега "эътикофга ният қилдим" дейилади?
Жавоб: Эътикофга ният қилганда у ерда ётиш, еб-ичиш ва ҳоказо жоиз бўлади. Агар ният қилмасак булар қилинмайди.
Савол: "Сақич чайнаш эркаклар учун узр бўлмаса макруҳдир" дейилади. Аслида стресс туфайли сақич чайнаш узр ҳисобланиши мумкинми?
Жавоб: Сақич чайнашнинг бирон фойдаси бўлса, масалан, айтганингиздек стрессга фойдаси бўлса, сақич чайнашда зарар бўлмайди. Бошқа фойдалари бўлса, ўша фойда учун чайнаш мумкин.
Савол: Аёлларнинг мисвок ишлатиши тўғрими?
Жавоб: Аёлларнинг мисвок ишлатиши жоиздир. Китобларда мисвок ўрнига сақич чайнашлари билдирилган.
Савол: Ҳасса олиб юриш ниятида соябонни ҳасса сифатида ишлатиш тўғри бўладими?
Жавоб: Соябонни ҳасса ниятида ишлатиш яхшидир. Ҳадиси шарифда айтилганки:
“Ҳасса олиб юриш, Анбиёларнинг суннати, мўминнинг аломатидир.” (Дайламий)
Ҳасан Басрий ҳазратлари ҳам айтдиларки:
Ҳасса, солиҳларнинг зийнати, ҳайвонларга қарши қурол ва заифларнинг ёрдамчисидир. (Т. Ғофилин)
Савол: Германияда яшаймиз. Онам узоқ вақтдан бери оғир касал, докторларнинг ҳам умиди қолмади, кўп оғриқларига қарши морфин ишлатишни тавсия қилишяпти, мен ўғли сифатида виждонан қарор қила олмаяпман. Менга диний маълумот берсангиз хурсанд бўлардим.
Жавоб: Морфин қўллаш жоиз бўлса-да, оғир беморларга қўлламаслик яхшироқ бўлади.
Савол: Аёлларнинг қўл иши қилиши, тўқиш, нақш тикиши кабилар мубоҳ кўнгилочар ишлар сифатида жоизми?
Жавоб: Нақш тикиш каби ишлар жуда яхши, мубоҳдан ҳам устундир, суннатдир. Ҳадиси шарифда айтиладики:
“Эй Фотима, эри ундан рози бўлган аёл учун бу нақадар бахт! Аллоҳу таолонинг фарз қилганини бажаришдан ва эрига итоат қилишдан сўнг аёллар учун жун йигириш, ип эшишдан устунроқ иш йўқдир. Бир соат жун йигириш, ип эшиш ёки тўқиш, қўл ишлари қилиш аёллар учун бир йил ибодат қилишдан кўра савоблироқдир. Улар тўқиган ҳар бир ип учун амал дафтарларига бир шаҳид савоби ёзилади.” (Р. Носиҳин)
Савол: Нон хамирини пишириш учун хамир устига латта қўйиб устига чиқиб эзилади. Бундай эзиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиздир.
Савол: Ҳуштак чалиш тўғрими?
Жавоб: Овозини эшиттириш учун жоиздир. Сабабсиз чалиш тўғри эмас.
Савол: Ҳайвонларда сунъий уруғлантириш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиздир.
Савол: Уйларда идиш ювган сувлар билан таҳорат сувлари уйнинг канализациясига аралашиб кетяпти. Гуноҳ бўладими?
Жавоб: Зарурат бўлгани учун, гуноҳ бўлмайди.
Савол: Чойнинг шамасини ҳожатхонага тўкиш жоизми?
Жавоб: Ахлатга ташлаш имкони бор пайтда ҳожатхонага тўкилмайди, макруҳ бўлади.
Савол: Девор соатимиз черков қўнғироғига ўхшаб чалади. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Йўқ, зарари йўқ.
Савол: Ҳашаротларни коллекция қилишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ. (Ҳадийқа)
Савол: Бир ҳадисда: "Шу уч нарсада шифо бор: Асал шарбати, ҳижома, олов билан куйдириш; лекин олов билан куйдиришдан ман этаман" дейилади. Шифоли нарса нега ман қилинади?
Жавоб: Касал бўлмаслик учун, соғлом инсонни олов билан куйдириш, таваккулни бузади. Касал бўлганнинг доктор тавсиясига кўра қилдириши жоиздир. Иккинчидан, куйдириш хавфли яраларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳаммага бир хил фойда бериши ҳам аниқ эмас. Яна, куйдиришнинг фойдаси бошқа дорилар билан ҳам таъминланиши мумкин. Шу боис куйдириш тавсия этилмайди. (Саодати Абадия)
Савол: Бир кишига жигар, буйрак ёки бошқа аъзо кўчириш мумкин бўлиши учун, яъни бошқа бир беморни қутқариш учун, мия ўлими юзага келган беморнинг, аппаратга уланган симини узиб юрагини тўхтатиш жоизми?
Жавоб: Мия ўлими юзага келган беморни аппаратдан узиб қўйиш жоиз бўлмайди.
Савол: Аллоҳ калимасининг исломий хат билан бир тўғри ва бир симметрик тескариси ёзилган. Бундай ёзиш ва бундай ёзилган хатни деворга осиш жоизми?
Жавоб: Ёзиш ҳам, осиш ҳам жоиз эмас.
Савол: Баъзи кишилар сув, туз ва оловнинг муштарак (умумий) эканлигини, уларни қўшнига бериш кераклигини, бермаслик гуноҳ бўлишини айтишади. Бундай нарса борми?
Жавоб: Бундай нарса йўқ. Бир кишининг мулкига бошқаси шерик бўла олмайди. Ҳадиси шарифда айтилганки:
“Мусулмонлар уч нарсада шерикдир: Ўт, сув ва олов.” (Абу Довуд)
Ҳеч кимнинг мулки бўлмаган бундай нарсаларда мусулмонлар шерикдир дегани, "Эгаллаб олганнинг мулки бўлади" деганидир. Мулки бўлгандан сўнг эса, энди бошқаларга беришга мажбур қилинмайди. Лекин бир киши оммага тегишли бир сувни, бошқаларнинг ишлатишига тўсқинлик қила олмайди. (Мажалла)
Савол: Қарсак чалишнинг ҳукми нима? Қатнашган мажлисларимизда қўшиқ ва ҳоказо айтилади ва ҳамма бунга қарсак чалади, ҳатто қўшиқ давом этаётганда қарсак билан темп тутилади. Бундай ҳолда қарсакка истамасдан қатнашишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом гапираётганда, сўзи эшитилмаслиги учун мушриклар қарсак чаларди. У пайтларда қарсак норозилик аломати эди. Ҳозирги қарсаклар эса маъқуллаш аломатидир. Яхши гапирганларга қарсак чалиш жоиздир, зарари йўқ. Ёмон гапирганларга, ҳаромларга қарсак чалиш ҳам уларни маъқуллаш бўлади. Маъқулламасдан, норозилик билдириш сифатида ният қилинса, ичидан, "Аллоҳ ислоҳ қилсин сени" дейилса зарари бўлмайди.
Савол: Зикр қилгани учун ўсимликларни, майсаларни босиш гуноҳ эмиш. Майсалар яшил бўлгани учун зикр қиладими?
Жавоб: Майсаларни босишнинг зарари йўқ. Фақатгина майсалар ё яшил ўсимликлар эмас, босган тупроқ ва тошлар ҳам, яъни жонли-жонсиз ҳар бир нарса тасбиҳ айтади, зикр қилади. Бир ояти кариманинг маъноси: “Етти қат осмон билан ер ва уларнинг ичидагилар, Аллоҳни тасбиҳ қилади. Ҳеч бир мавжудот йўқки, Уни ҳамд билан тасбиҳ айтмасин, лекин сиз, уларнинг тасбиҳини тушуна олмайсиз!” (Исро, 44)
Савол: Бир ҳадисда, ҳаж ёки жиҳоддан ташқари, денгиз воситаларига минилмаслиги; чунки денгизнинг остида олов, оловнинг остида ҳам денгиз борлиги айтилади. Бу икки ишдан ташқари, масалан саёҳат учун кемага миниш жоиз эмасми?
Жавоб: Кемага минишнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Муташобиҳ ҳадиси шарифларни, олимларнинг изоҳисиз ёзиш тўғри бўлмайди.
Савол: Ичида ояти карима маъноси бўлган диний китобларнинг устида бир нарсалар ёзиш, устига қўлини қўйиш жоизми?
Жавоб: Тўғри эмас. Диний ёзувларга ҳурмат кўрсатиш керак.
Савол: Турли ҳаром моллар бир-бирига ёки ҳалол молга аралашса бу пул ишлатилиши мумкинми? Масалан, бир масжидга ёрдам бераётганлар орасида, ҳаром пул берганлар ҳам бўлса, бу масжидда намоз ўқиш жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади. Тортиб олиш, ўғрилик, пора, қимор, спиртли ичимликлардан олинган пул каби ҳаром молни ўз ҳалол моли билан ёки турли кишилардан олган ҳаром пулларни бир-бири билан аралаштирган бўлса ва уларни бир-биридан осонликча ажрата олмаса, унда бу аралашмалар унинг мулки бўлади. Пок (Таййиб) бўлмаса-да, ишлатиши жоиз бўлади. Бу пуллар билан қурилган масжидда намоз ўқилади. Бир жинс ҳаром пул билан қурилган масжидда намоз ўқилмайди. Масалан, ҳаммаси қимор, лоторея пули, ҳаммаси ўғрилик, ҳаммаси спиртли ичимликлардан олинган пул каби бир жинс ҳаром пул билан қурилган масжидда намоз ўқилмайди.
Савол: Бир киши қўлидан тушириб олган чақалоқ ўлса ёки чақалоқ билан каравотда ётаётганда, бехосдан устига ётиб қолиб, боланинг ўлимига сабаб бўлса, бугунги кун учун динан жазоси нима?
Жавоб: Қасд бўлмай, хато билан ўлимига сабаб бўлгани учун, 60 кун каффорат рўзаси тутиши керак.
Савол: Йўл ҳалокатида ёки бошқа бир тарзда, ўлдириш қасди бўлмаган ҳолда киши ўлимига сабаб бўлганга, айбли бўлса ҳам, айбсиз бўлса ҳам, қонуний жазодан ташқари каффорат ҳам керакми?
Жавоб: Ҳа, 60 кун каффорат рўзаси тутиши керак.
Савол: Пиджакнинг устки чўнтагида, яъни ёқада, гул ёки рўмолча олиб юриш жоизми?
Жавоб: Зийнат бўлгани учун, қўлда ёки ёқада гул олиб юриш макруҳдир. Зийнат мақсадида рўмолча қўйиш ҳам шундай.
Савол: Аризага, ўз вақтида жавоб берилмаса, суриштириш тўғри бўладими?
Жавоб: Яхши бўлади. Ҳақ-ҳуқуқ изланади, кутилмайди.
Савол: Ижара ҳақини ойлар давомида тўламаган ижарачини судга бериб, ундириш йўли билан ҳаққимизни олиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиздир.
Савол: Эркакларнинг шимни товонларини ёпадиган даражада узайтиришлари жоизми?
Жавоб: Макруҳ эканлиги “Саодати Абадия”да ёзилган. Аёлларнинг ҳам, кийимларининг ерда судраладиган даражада узун бўлиши тўғри эмас.
Савол: Устида масжид расми бўлган сочиқларга қўл-юз артиш жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас, ҳурматсизлик бўлади. Бундай сочиқларни, ишлатиш учун сотиб олиш ҳам жоиз бўлмайди.
Савол: Гуручда Аллоҳ исми ёзилган дейишади, тўғрими?
Жавоб: Ҳа, Имоми Биргивийнинг бир китобида шундай ёзилганини кўрган эдик.
Савол: Кечаси ойнага қарашнинг бир зарари борми?
Жавоб: Кечаси бўлса ҳам, кундузи бўлса ҳам, ёруғликда ойнага қарашнинг бир зарари йўқ. Ним қоронғуликда ойнага қаралса, ойнанинг орқасидаги модда, юздаги порлоқликни кетказади. Бу тажриба билан ҳам билдирилган.
Савол: Диний ёзуви бор тақвим, газета саҳифаларини, бузуқ диний китобларни ва устида исломий ёзувлар бўлган ўрама қоғозларини, қоғоз йиғиладиган қайта ишлаш қутиларига (макулатура) ташлаш тўғрими?
Жавоб: Бу қоғозлар, қоғоз фабрикасига бориб хамир қилинадиган бўлгани учун зарари бўлмайди.
Савол: Тупроққа аралаштирилган инсон ахлатини ўғит сифатида ишлатиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиздир.
Савол: "Сариқ кийим кийиш танзиҳан макруҳдир" дейилади. Жигарранг пойабзал кийиш ҳам макруҳми?
Жавоб: Йўқ, макруҳ эмас. Расулуллоҳ алайҳиссалом қора пойабзал киярдилар. Жигарранг кийиш ҳам жоиздир. Қийинчиликни кетказиши билдирилган. (Ширъа шарҳи)
Савол: Ҳайвон суяги кукунидан қилинган тарелкалар покми?
Жавоб: Албатта покдир. Чўчқадан ташқари, ҳар бир ҳайвон ўлса суяги нажс бўлмайди, покдир. (Ҳалабий, Ҳидоя, Ҳиндия, Саодати Абадия)
Чўнтакда фил суягидан қилинган тароқ турганда намоз ўқилади, ҳайвон суяги кукунидан қилинган тарелкаларда ҳам овқат ейилади.
Савол: Аёлларнинг, эркакларга хос пойабзал кийишлари тўғри бўладими?
Жавоб: Бундай савол, Оиша онамиздан ҳам сўралади. У зот ҳам: "Аёлларнинг, эркакларга хос пойабзал кийиб уларга ўхшашларини Расулуллоҳ алайҳиссалом ман қилдилар" дедилар. (Абу Довуд)
Эркакнинг аёлга, аёлнинг эркакка ўхшашга уриниши ҳаромдир.
Савол: Мен маош оладиган банк, бизга промоушн бермоқда. "Фоиздир, олинмайди" деювчилар бўляпти. Бу фоизми ёки промоушнми?
Жавоб: Фоиз эмас, рағбатлантирувчи совғадир. Ўртада бир фоиз келишуви йўқ. Банк, "Маошингни биздан оляпсан" деб рағбат ва ташаккур мақсадида бермоқда. Баъзи маркетлар ҳам мижозларига рағбат мақсадида, бир нарсалар бермоқда, "Бу ҳам биздан бўлсин" дейди. "Шу қадар харид қилганга, мана бу совғаларни беряпмиз" ёки "10 минг тенгедан юқори харид қилганларга, мана буларни беряпмиз" дейдилар. Ёки мижозлар орасида ютуқли ўйин ўтказишади. Буларнинг ҳеч бири фоиз эмас. Фосид савдога ҳам алоқаси йўқ. Рағбатлантириш мақсадидаги бир совғадир.
Бировга 100 сўм қарз берсак 101 сўм қайтарасан дейилса фоиз бўлади, лекин ҳеч бундай келишув қилмасдан қарз берган киши бизга 100 сўм бергандан сўнг алоҳида яна 20 сўм берса бу пул фоиз бўлмайди. Чунки "Мана буни берасан" деб бир шарт қўйилмаяпти, фоиз келишуви қилинмаяпти.
Давлатдан 100 сўм олажагимиз бўлса, ўн йилдан бери бермаса, бугун бераётганда, 150 ёки 300 сўм сифатида берса бу ҳам, фоиз бўлмайди, жоиз бўлади. Чунки биз билан фоиз келишуви қилинмади. Узр сўраш қабилида бермоқда.
Савол: Тиббиёт мутахассислари айтишадики: "Баланд пошнали пойабзал, оёқ саломатлигига таъсир қилганидек, букирликка ва умуртқа муаммоларига ҳам сабаб бўлади. Тирноқ ботиши ва оёқ замбуруғлари кўрилади. Қадоқлар пайдо бўлади. Қон айланишига таъсир қилади, юрак саломатлигига ҳам таҳдид солади. Бўғим ва тизза муаммолари кўрилади. Мениск ва варикозга олиб келади. Оёқни сиқмайдиган, юмшоқ ва ортопедик енгил пошнали пойабзаллар мувофиқроқдир". Соғлиқ жиҳатидан зарарли бўлса ҳам, динан баланд пошнали пойабзал кийиш хавфлими?
Жавоб: Соғлиқ диндан ажралган эмас. Бир нарса соғлиқ жиҳатидан зарарли бўлса, динан ҳам зарарлидир, гуноҳдир. Мубоҳ озиқ-овқатларнинг ҳаммаси ҳалолдир. Лекин аллергия қилиб ёки бошқа бир тарзда танага зарар берувчи, касаллик келтирувчи озиқ-овқатларни ейиш ҳаром бўлади. Масалан тухум ва қулупнай каби озиқ-овқатлар кимгадир зарар беради. Тамаки, вужудга зарар берадиган даражада кўп чекилса ҳаром бўлади. Аёлларнинг баланд пошнали пойабзал кийишлари соғлиқ жиҳатидан зарарли бўлса, киймасликлари керак. Юрганда овоз чиқариши ва диққатни жалб қилиши ҳам динан тўғри эмас.
Савол: "Ҳаммомдан чиқаётганда, совуқ сув билан душ олиш яхшидир" дейишади. Тўғри бўладими?
Жавоб: Бу тиббий бир саволдир. Биз била олмаймиз. Зарари ёки фойдаси бўлиши мумкин.
Билганимиз шу: Имоми Ғазолий ҳазратлари: “Ҳаммомдан чиқаётганда бошига совуқ сув тўкиш ёки совуқ сув ичиш макруҳдир” дейдилар. (Иҳё)
Танага бир зарари борки макруҳ дейилган. Бунга ўхшаш, 36 даражадан кўра иссиқроқ бўлган ошқозонга, ноль даража совуқликдаги бир нарсани ичиш ёки музқаймоқ ейиш соғлиқ жиҳатидан зарарлидир. Соғлиқ жиҳатидан зарарли бўлган бир нарса, динан ҳам тўғри бўлмайди.
Яна Имоми Ғазолий ҳазратлари, ҳаммомдан чиқаётганда оёқларни совуқ сув билан ювишнинг баъзи касалликларга даво бўлишини билдирганлар.
Савол: "Технология, вақт ўғирлайдиган жониворп. Ўзини унга бериб қўйган одам иш қилишга, Аллоҳ дейишга вақт топа олмайди" дейилади. Бу ерда "Технология зарарлидир" демоқчими?
Жавоб: Йўқ, “Технологияни меъёрида ишлатиш керак” демоқчи. “Телевизорнинг қаршисига ўтириб олиб ҳар бир дастурни кўрган ёки компьютер билан машғул бўлиб овқат ейишни, ҳожатхонага боришни ҳам унутган киши, вақтини ўлдирганлиги каби, ибодатга ҳам вақт топа олмайди” деганидир. Кечаю кундуз компьютер олдидан турмай фалаж бўлганларни эшитяпмиз. Ҳар бир нарсани эҳтиёж қадар ишлатиш керак. Ҳаддан ошириш зарар беради.
Савол: Кечаси тирноқ олиш, ахлат ташлаш, кир ва идиш-товоқ ювиш каби ишларни қилишда зарар борми?
Жавоб: Йўқ, зарари бўлмайди. Ўсган тирноқни олишни кечиктирмаслик керак, кечаси бўлса ҳам олиш керак. Халифа Ҳорун ар-Рашид, Имоми Абу Юсуфдан: "Кечаси тирноқ олиш тўғрими?" деб сўрайди. Имом "Тўғри" дейдилар. Халифа далилини сўраганида "Хайрли ишларни кечиктирманг!" ҳадиси шарифини билдирадилар. (Ҳиндия)
Ахлатни уйда сақламаслик керак, кечиктирмай кечаси бўлса ҳам дарҳол ташлаш керак. Бир ҳадиси шарифда: “Ахлат сақланган уйдан барака кўтарилади” дейилган. (Дайламий)
Баракасизлик бўлмаслиги учун биринчи фурсатда ахлатни уйдан чиқариб ташлаш керак.
Кечаси эътибор қилинадиган бошқа жиҳатлар бор. Масалан кечаси ётаётганда озиқ-овқат ва ичимлик идишларининг усти ёпилиши керак. Эшиклар ёпилиши керак. Чироқлар ўчирилиши керак. Болалар уйга келган бўлиши керак. Кечалари жинлар ёйилади.
Савол: Ғалаба илоҳасининг исми юнон мифологиясида Ника, Рим мифологиясида эса Виктория эмиш. Устида бундай бренд исми ёки логоси бўлган нарсаларни олишда зарар борми?
Жавоб: Бренд сабабли зарари бўлмайди, лекин бундай кийиладиган нарсаларни олаётганда, макруҳ бўлмаслиги учун, ёзувсиз, расмсиз бўлганларини танлашимиз керак.
Савол: Осмонда учаётган юлдузга қарашнинг зарари борми?
Жавоб: Кўзга зарар бергани учун қараш жоиз эмас. (Саодати Абадия)
Савол: Туғилиш вақти яқинлашган ҳомиладор аёл вафот этса, бу аёлнинг қорнини ёриб болани олишга бўладими?
Жавоб: Бу мавзуга тегишли “Ашбоҳ”да дейиладики: «Боланинг яшашига умид қилинган вақтда, болани онасининг қорнидан чиқариш учун, ўлган онасининг қорнини ёриш жоиз бўлади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари, бу сабабли, бир аёлнинг қорнини ёришни буюрганлар, қутқарилган бола, кўп яшаган.»
Савол: Эркакларнинг ёқаларига гул тақишларига бўладими?
Жавоб: Эр кишига сурма, мўйлов ёғи зийнат учун, макруҳ бўлганидек, қўлда, ёқада гул олиб юриш ҳам макруҳ бўлади.
Савол: Спирт, қон ва нажс нарсалар аралашган бир таркибни, масалан атир каби, бундай аралашмаларни ишлатишда динан бир зарар борми?
Жавоб: Бу мавзуга тегишли “Дурр-ул мухтор”да айтиладики: «Тупроқ ва сувдан бири тоза бўлса, аралашмалари бўлган лой тоза бўлади. Фатво ҳам шундай.» “Ашбоҳ”да ҳам шундай ёзилган. Ибни Обидин “Дурр-ул мухтор”ни шарҳлаб айтадики: «Олимларнинг кўпи шундай айтгани “Фатҳ-ул қодир”да ёзилган. Бундай фатво берилгани Баззозияда ёзилган. Имоми Муҳаммад Шайбоний шундай буюрди. Бу лой нажс бўлади дейдиганлар ҳам бор. Лекин, уларга кўра ҳам тоза тупроқ билан гўнг аралашмаси тоза қабул қилинади. Чунки бунда эҳтиёж бор.» “Тарғиб-ус-салот”да: «Баъзи олимларга кўра гўнг аралаш сувоқ, тоза сув билан қилинган ва гўнг лойдан оз бўлса, тоза қабул қилинади» деб айтган.
Эҳтиёж бўлгани учун тайёрланган аралашмалардаги икки моддадан бири тоза бўлса ва нажс бўлганнинг ўрнига тозасини ишлатишда қийинчилик (хараж) бўлса, биринчи қавлга кўра аралашманинг ҳам тоза бўлиши тушунилади. Спиртли дорилар, атир, сиёҳ, лаклар ва бўёқлар шундай. Шофеъий мазҳабида, нажс суюқликларнинг, дори ва парфюмерия ишлаб чиқариш учун ишлатилган миқдорларининг авф этилиши “Ал-фиқҳ-у алал-мазоҳиб-ил-арбаъа”да ва мавлано Халил Сиирдийнинг “Ал-маъфувот” китобининг Сулаймон бин Абдуллоҳ Сиирдий шарҳида ёзилган. Қийинчилик бўлганида, заиф бўлган қавлга амал қилиш жоиз эканлиги, бу икки китобда ёзилган. Шунинг учун, қийин ҳолатга дуч келганда, Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабида бўлганнинг, бундай аралашмаларнинг кўп миқдори билан бирга намоз ўқишлари жоиз бўлмоқда. Тоза қабул қилинган дорининг, зарурат бўлмасдан ичилиши мумкин эмаслиги китобларда ёзилган.
Савол: Нажс тупроқдан ишлаб чиқарилган хум ва шунга ўхшаш нарсаларни ишлатишнинг зарари борми?
Жавоб: Нажс сув билан қурилган, қилинган тандирда нон ёпилиши мумкин. Нажс тупроқдан ясалган хум, кўза каби нарсалар, печдан чиққач тоза бўлади.
Савол: Ейишда, ичишда, кийим-кечакда, уй ичида ва ташқарисида ишлатиладиган буюмларда, уловларда яхши, чиройли бўлганларини ейиш, ичиш, кийиш ва ишлатишнинг динан бир зарари борми?
Жавоб: Ҳаром ишни қилиш ёки ишлатиш, фақат зарурат миқдори жоиз бўлади. Мубоҳ бўлган нарсаларни, фарзларни бажара оладиган даражада ишлатиш заруратдир ва фарздир. Эҳтиёжни қондириш учун ишлатиш эса, суннатдир. Эҳтиёждан ортиқ бўлган нарсанинг манфаати бор бўлса, манфаати учун ишлатиш жоиз бўлади. Манфаати бўлмаган вақтда, зарари ҳам бўлмаса, зийнат бўлади. Виқор, ҳурмат, севги ҳосил қилиш ва кўп шукр қилиш нияти билан зийнат буюмини ишлатишнинг мустаҳаб эканлиги, Ибни Обидин ва “Баҳр” китобларида ёзилган.
“Ҳадийқа” китобида айтиладики:
«Мубоҳ ишларда, ўз шаҳрининг урф-одатига эргашмаслик шуҳратга сабаб бўлади. Бу эса, таҳриман макруҳдир. Соч, соқол бўяш шундайдир.» Зийнат буюмини ишлатиш ҳам шундай. Ғайримуслимлар яшайдиган мамлакатларда, Исломнинг виқорини, шарафини сақлаш ва шуҳратдан, фитнадан сақланиш вожибдир. Зарарли бўлган нарсага фудул, абас ва молояъний дейилади. Буни ишлатиш таҳриман макруҳ, фарзга моне бўлса, ҳаром, яъни катта гуноҳ бўлади.
“Баҳр-ур-роиқ” китобида айтиладики:
«Эркакнинг даволаниш учун сурма қўйиши жоиздир. Зийнат учун қўйиши жоиз эмас. Жамол ва зийнат калималарини бир-бири билан чалкаштирмаслик керак. Жамол, хунукликни кетказиш, виқор соҳиби бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш демакдир. Дабдаба, мақтаниш учун, неъматни кўрсатиш, жамол бўлмайди, кибр бўлади. Бу қилиқ нафснинг заиф, бузуқ эканлигини кўрсатади. Жамол эса, нафснинг тарбияланган, етук эканлигини кўрсатади. “Аллоҳу таоло жамилдир. Жамол соҳибларини севади” ҳадиси шарифи, мусулмонлардан жамол соҳиби бўлишни талаб қилмоқда. Жамол учун қилинган бир иш, зийнатга ҳам сабаб бўлса, зарар бермайди. Жамол учун, тоза, чиройли кийиниш мубоҳдир. Кибр учун кийиниш эса, ҳаромдир. Бундай кийинганда, ўзини тутишида, бошқаларга қарши муносабатида бир ўзгариш бўлиши, кибр аломати бўлади.»
Кўриниб турибдики, "жамол" дегани хунукликка, чиркинликка, атрофдагиларнинг нафратига, ҳақорат қилишларига сабаб бўладиган ишларни қилмаслик, буларни йўқ қилиш, кетказишдир. "Зийнат" эса, кўрганларни ҳаваслантирадиган, улар олдида устунлик берадиган, паст назар билан қарайдиган, мақтанадиган ишларни қилишдир. Жамол учун, яшайдиган жойида одат бўлган нарсалардан, ҳаром бўлмаган энг яхшиларини ишлатиш керак.
Савол: Бир кишининг боғчаси ёки ери ичига истаган чуқурликда қудуқ қазишининг, истаган баландликда бино кўтаришининг, динан бир зарари борми?
Жавоб: Бу мавзуда “Мажалла”нинг 1194-моддасида дейиладики:
«Бир ерга эга бўлган одам, устидаги бўшлиққа ва тупроқнинг ичига ҳам молик (эга) бўлади. Истаганича баланд бино қуриши ва чуқур қудуқ қазиши мумкин.»

