Ичкилик, динимиз ва соғлиғимиз

Савол: Шаробнинг, спиртли ичимликларнинг соғлиққа фойдали эканлиги, маълум миқдорда ичкилик ичишнинг гуноҳ эмаслиги айтилади. Ичкиликнинг динимиздаги ҳукми қандай?

Жавоб: Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда "хамр" калимаси ўтган. Хамр – спиртли ичимликдир. Ичкиликнинг турли хасталикларга сабаб бўлиши, ақлни камайтириши, жигарни ишдан чиқариши, мия ва асабларни хароб қилиши, илмий жиҳатдан бир неча бор исботланган. Бир киши мусулмон бўлмаса ҳам соғлиққа бўлган зарари туфайли ичкиликдан сақланиши керак. Мусулмон эса, соғлиққа ҳеч зарари бўлмаса ҳам бир томчи ҳам ичиши керак эмас. Қуръони каримда маолан буюрилдики:

 “Эй иймон келтирганлар, ичкилик, қимор, бутлар, фол тошлари шайтоннинг нажс ишларидир. Нажотга эришиш учун булардан узоқ туринг. Шайтон ичкилик ва қимор билан орангизга душманлик ва адоват солиш, сизни Аллоҳни эслашдан ва намоздан чалғитишни истайди. Энди бундан барчангиз воз кечинг!” (Моида, 90-91)

Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Ичкиликнинг ҳаром эканлигига доир қатъий ҳукм нозил бўлди.” (Муслим)

“Ихтимор [спирт ҳосил қилувчи] қилувчи ҳар қандай ичкилик ҳаромдир.” (Абу Довуд)

“Кўпи сархуш қилувчи ичимликнинг озини ичиш ҳам ҳаромдир.” (Насоий)

“Ичкиликда дори таъсири йўқ. Хасталикка сабаб бўлади.” (Муслим)

“Ичкилик бутун ёмонликларнинг бошидир.” (Табароний)

“Ичкилик ёмонликни туғдиради.” (Байҳақий, Рузайн)

“Ичкилик ҳар ёмонликнинг калитидир.” (Ибни Можа)

“Аллоҳга ва охиратга ишонадиган киши ичкилик ичмасин, ичкилик ичилаётган дастурхонга ҳам ўтирмасин!” (Табароний)

“Ичкиликдан сақланинг! Дарахт шох-бутоқ чиқарганидек ичкилик ҳам ёмонлик сочади.” (Ибни Можа)

“Ичкилик гуноҳларнинг энг каттасидир. Ҳар ёмонликнинг ва ҳар гуноҳнинг онасидир.” (Табароний)

 “Ичкилик ичувчининг ҳаё пардаси йиртилади, шайтон унга йўлдош бўлади, ҳар ёмонликка бошлайди ва ҳар яхшиликдан чеклаб қўяди.” (Табароний)

“Доим спиртли ичимлик ичувчи қабридан тураётганида икки кўзи орасида “Бу Аллоҳнинг раҳматидан маҳрумдир” деган ёзув бўлади.” (Дайламий)

“Раҳмат фаришталари маст кимсадан узоқ туради.” (Баззор)

“Ичкилик ичувчининг қиёматда юзи қора, тили осилиб қолган бўлади. Ҳамма унинг бадбўй ҳидидан қочади.” (Завожир)

“Бир замонлар келадики, ичкиликнинг номи ўзгартирилиб, ҳалол ҳисобланади.” (И.Аҳмад)

“Ичкилик зинодан ҳам бадтардир.” (Р.Носиҳин)

“Аллоҳу таоло ичкилик ичувчига, ичирганга, сотганга, ишлаганга, етказиб берганга, унинг олдига олиб борганга ва пулини еганга лаънат этди.” (Ибни Можа)

“Омонатга хиёнат қилинади, закот худди жазо тўлагандек хоҳламай берилади, пасткаш кишилар бошлиқ бўлади, золимларга ёмонлигидан қўрққани учун яхшилик қилинади, ичкиликлар ичилади, чолғулар чалинади ва кейин келганлар [зоти, насаби номаълум бўлганлар] аввал ўтганларни ёмонласа, турли фалокатларга дучор бўлишади.” (Термизий)

“Бир қирол бир одамни ушлаб олиб “Ичкилик, қотиллик, зино ва тўнғиз гўшти ейишдан бирини танла, акс ҳолда ўлдираман” дейди. Одам ичкиликни танлайди. Уни ичгандан кейин гуноҳларнинг ҳаммасини ишлайди.” (Табароний, Ҳаким)

“Ёмонликларнинг барчаси қулфланган жойдадир. Бу жойнинг калити ичкиликдир. Ичкилик ичувчи бу эшикни очиб, ичига киради.” (Абдурраззоқ)

“Бутун ёмонликлар бир жойга тўпланган. Бу жойнинг қулфи зино, калити ичкиликдир. Бутун яхшиликлар ҳам бир жойга тўпланган. Бу жойнинг қулфи намоз, калити таҳоратдир.” (Ислом ахлоқи)

“Қадим замонларда бир обид одамлардан чекка бир жойда ибодат қилаётганини кўрган бир аёлда унга мойиллик уйғониб, хизматчисини юборади. Хизматчи обидга келиб “Гувоҳлик учун сизни чақиришмоқда” дейди. Обид унга ишониб, гўзал аёлнинг олдига келади. Аёл “Ё бу гўдакни ўлдир, ё мен билан зино қил ёки шу шаробдан ич. Акс ҳолда бор овозим билан дод-вой кўтариб, сени шарманда қиламан” дейди. Обид булардан бирини бажаришга мажбур бўлгач, шаробга рози бўлади. Шаробни ичгач маст бўлади, сўнгра аёл билан зино қилади, гўдакни ҳам ўлдиради. Валлоҳи иймон билан шароб бир орада бўлмайди. Бири наригисини узоқлаштиради.” (Ибни Ҳиббон)

“Жаноби Ҳақ сурнай, най, уд, ноғора каби бутун чолғу асбобларини, жоҳилият даврида сиғинилган бутларни йўқ қилишимни амр қилиб, Аллоҳдан қўрқиб ичкиликни ташлаган мўминга Жаннат неъматларини эҳсон қилишини билдирди.” (И.Аҳмад)

“Шаробга турли номлар қўйиб ичилиб, чолғулар ва қўшиқчи аёллар кўпайса, Аллоҳу таоло уларни ерга ботиради.” (Ибни Можа, Ибни Ҳиббон)

“Чолғулар кўпайиб, ичикликлар ичиладиган бўлса, ер ютиш, бошқа қиёфага ўзгариш каби балолар келади.” (Термизий)

“Ичкилик ичилиб, ёмон хотинлар кўпайса, эркак эркак билан, аёллар аёллар билан кифояланган замон турли балолар келади.” (Байҳақий)

“Шароб ичувчининг намози қирқ кун қабул бўлмайди.” (Термизий, Ҳаким, Насоий)

 “Намози қабул бўлмайди” дегани намози бекор кетади дегани эмас. Намоз қарзидан қутулади, лекин намоз ўқишдан ҳосил бўладиган катта савоблардан маҳрум қолади деганидир. Намоз ўқиган кишининг гуноҳларни тарк этиши осонлашади. Ичкилик ичувчи кимса ҳам намозига давом этиши керак.

“Киши мўмин бўлгани ҳолда зино ва ўғирлик қила олмайди, ичкилик ича олмайди. Буларни ишлаган кимса ислом ҳалқасини бўйнидан чиқарган бўлади. Тавба қиладиган бўлса, Аллоҳу таоло тавбасини қабул қилади.” (Насоий)

“Зино қилган ва шароб ичган кимсанинг иймони, кўйлаги эгнидан ечилгандек кетади.” (Ҳаким)

“Ичкилик билан иймон бир орада бўлмайди. Бири наригисини узоқлаштиради.” (Байҳақий)

“Ичкилик ичувчининг қалбидан иймон нури чиқади.” (Табароний)

“Ичкилик ичишда давом этувчи кимса жаннатга кира олмайди.” (Ҳаким)

Ичкилик ичган одамга кофир дейилмайди. Чунки аҳли суннат эътиқодида катта гуноҳ ишлаганга кофир дейилмайди. [Ваҳҳобийлар катта гуноҳ ишлаган кишига, масалан ичкилик ичган, намоз ўқимаган, очиқ-сочиқ юрганларга кофир дейишади. Ваҳҳобийликнинг шу жиҳатдан исломият, яъни аҳли суннат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.] Ислом олимлари “Жаннатга кира олмайди” ҳадиси шарифини “Гуноҳининг жазосини тортмасдан жаннатга кира олмайди” шаклида изоҳлаганлар.

Ҳар қандай катта гуноҳ ишлаган кимса намоз ўқий олмайди, ҳаромларга аҳамият бера олмайди. Аллоҳ сақласин, иймонини йўқотиши мумкин. Шунинг учун ичкилик ичган ва бошқа катта гуноҳларни ишлаган кимсанинг бир куни келиб иймон нури сўниши мумкин. Ота-боболаримиз “Кўза кунда эмас, кунида синади” дейишган. Ҳар кўза синмаганидек, ҳар ичкилик ичган киши ҳам иймонсиз кетади дейилмайди. Лекин давомли ишланган гуноҳлар инсонни куфрга олиб боради. Ичкилик ичганлар намозга аҳамият бериб ўқишда давом этса, ичкиликни тарк этишлари осон бўлади. Қуръони каримда маолан “Намоз ҳар қандай ёмонликдан сақлайди” деб буюрилган. (Анкобут, 45)

Савол: Ичкилик ичувчи бири “Мен ўқиган Қуръон таржималарига кўра, Наҳл сурасида ичкилик тавсия қилинган. Бундан ташқари, Инсон сурасида жаннатда пок шароб ичилиши ёзилган. Бу оятда “Шаробан таҳура” дейилган. Шароб ҳаром бўладиган бўлса, тоза, пок дейилмайди, жаннатда бўлмайди. Мен ушбу оятларга суяниб ичяпман” дейди. Ичкилик ҳаром эмасми?

Жавоб: У кимса балки ҳазил-мазах қилиш учун айтаётган бўлиши мумкин. Ҳазил бўлмаса, таржима ўқиб шундай тушунган бўлса, Қуръон таржимасини ўқишнинг зарарини шу ердан ҳам очиқча кўришимиз мумкин. Билдирилган оят ичкилик ҳаром қилинмасдан аввал Маккада нозил бўлган. Кейинроқ ичкилик ҳаром қилинган. Бу оятнинг маоли:

“Хурмо дарахтининг мевасидан ва узумлардан ҳам сакар [ичкилик, сирка, узум суви] ва чиройли ризқ қўлга киритасиз. Мана шунда ҳам ақлини ишлатадиган қавм учун бир оят [ибрат] бор”. (Наҳл, 67)

Тафсирларда билдирилганига кўра, бу оятда билдирилган “сакар”нинг вақти келиб тақиқланишига ишора бор. Ундан аввалги оятни маоли қуйидагича:

“Сут берувчи ҳайвонларда сизларга ибрат бор. Сизларга уларнинг қорнидаги ошқозон нопоклиги билан қон орасидан қондан пайдо бўлган ва осон ичиладиган [ичида шакар, ёғ ва минерал моддалар ҳамда бошқа нарсалар бўлган] пок бир сут ичирмоқдамиз.” (Наҳл, 66)

Бу оятдаги ошқозон нопоклиги ва қондан холис сут пайдо бўлиши диққатни тортувчидир. Бу жиҳатдан сакар чиройли неъмат эмас. Бундан ташқари сакар калимасига сирка, узум суви каби маънолар ҳам берилган. (Байдовий, Шаҳзода ҳошияси)

Агар сакар неъмат бўлса, узум суви, сирка ва шинни назарда тутилган. Ибни Аббос ҳазратларининг ривоятига кўра, сакар ҳабаш тилида сирка деганни англатади. (Итқон-Имом Суютий)

Наҳл сурасидаги чиройли ризқ ҳақида “Ёш ва қуруқ хурмо, ёш ва қуруқ узум, сирка, шинни ва турли ширинликлар” дейилган. (Жалолайн)

Хурмо, узум каби озиқлардан ҳай фойдали, ҳам зарарли ризқлар тайёрланиши мумкин. Ичкилик ҳаром қилинмасдан аввал нозил бўлган бир оят маоли қуйидагича:

“Сендан ичкилик ва қиморни сўраганларга “Уларда ҳам катта гуноҳ, ҳам инсонлар учун фойдалар бордир. Гуноҳлари эса фойдаларидан ортиқроқ” деб айтгин.” (Бақара, 219)

Жаннат аҳли ҳақида “У ерда покиза шароб ичишади” деб буюрилган. (Инсон, 21)

Жаннат аҳлига бериладиган “Шаробан таҳура” деб аталган пок шаробдан мақсад тоза ичимликдир. Ўзбекчада сироп, яхна ичимлик деганни билдиради. Ўзбек тилида шароб деб спиртли ичимликка айтилади. Қуръони каримда хамр деб аталадиган спиртли ичимликларнинг ҳаром эканлиги билдирилган. Бир ояти карима маоли:

“Эй инсонлар, хамр [спиртли ичимликлар], қимор, бутлар ва фол тошлари шубҳасиз шайтоннинг нопок ишларидир. Булардан узоқ турганлар саодатга эришади.” (Моида, 90)

Қуръон таржимаси, яъни маолларга қараб, оятга маъно бериш нотўғридир. Пайғамбаримиз қандай билдирган ва салоҳиятли ислом олимлари қандай изоҳлаган бўлса, фақатгина буни нақл қилиш лозим. Ўз тушунчасини ёзишдан сақланиш керак. Бу борадаги ҳадиси шарифлардан бир нечтаси қуйида келтирилган:

“Ичкиликнинг ҳаром эканлигига доир қатъий ҳукм нозил бўлди.” (Муслим)

“Ихтимор [спирт ҳосил] қилувчи ҳар қандай ичимлик ҳаромдир.” (Абу Довуд)

“Кўпи маст қилувчи ичкиликнинг озини ичиш ҳам ҳаромдир.” (Насоий)

“Раббим иззати ҳаққи қасам ичдики, бир қул дунёда хамр [спиртли ичимлик] ичадиган бўлса, унга қиёматда муҳаққақ жаннат шаробини ҳаром қилади. Бир қули хамр [ичкилик]ни тарк этса, Аллоҳ ҳам унга муҳаққақ жаннат шаробидан ичиради.” (Абу Нуайм)

Савол: Спиртли ичимликларнинг ҳаром қилинишининг ҳазрати Умар билан бир алоқаси борми?

Жавоб: Бу хусус “Маноқиби чиҳор ёри гузин” китобида шундай баён қилинган:

“Ичкиликнинг ҳаром эканлигини билдирган ояти карималар нозил бўлмасдан аввал Аббод бин Сомит бир зиёфат беради. Мусулмонлардан бир неча кишини таклиф қилади. Таомлардан ейишади, ичкилик ичишади. Сўнгра ўз насл-насабларини мадҳ этувчи шеърларни ўқий бошлашади ва ораларида тортишув келиб чиқади. Бу ҳолатни Пайғамбаримизга билдиришади. Ўша вақт Пайғамбаримизнинг ёнларида бўлган ҳазрати Умар “Ё Рабби, бизга ичкилик ҳақидаги қатъий амрингни билдир” деб дуо қилади. Шунда Моида сурасининг 90 ва 91-ояти карималари нозил бўлади. Бу ояти карималарда маолан “Эй иймон келтирганлар! Ичкилик, қимор, бутлар, фол тошлари шайтон ишидир. Булардан сақлансангиз ҳузурга эришасиз. Шайтон ичкилик ва қимор билан орангизда душманлик, адоват ҳосил қилмоқчи бўлади. Шу тариқа Аллоҳга ибодатдан ва айниқса намоздан чалғитади. У ҳолда уларни энди тарк этмайсизми!” деб буюрилган. Бу ояти карималарни тинглаган ҳазрати Умар “Биз уни тарк этдик, ё Рабби...” дейди.”

Абдулазиз Раввод ҳазратлари бошидан ўтган ибратли бир ҳодисани шундай баён қилган:

“Мадина-и мунавварада эдим. Бир кечаси масжиди Набийга кетаётгандим. Бир аёл саросимада менга яқинлашиб “Эй жаноб, фалон жойда бир хаста жон талашмоқда. Ёнида унга калима-и шаҳодат айттирадиган биронта эркак ҳам йўқ” деди.

Мен дарров ўша жойга бордим. Жони узилаётган одамга калима-и шаҳодатни айттириш учун қанча уринсам ҳам у нимагадир айта олмади. Бироз вақтдан кейин кўзини очиб “Боядан бери буни айт деяпсан. Лекин мен айта олмайман. Мен ислом динидан юз ўгирганман” деди ва ўлди. Кейинроқ бу одамнинг ким эканлигини сўраб-суриштирдим. Менга “Бу одам давомли ичкилик ичарди” деб жавоб беришди. Ўз-ўзимга пайғамбаримизнинг “Шароб ичишни одат қилган кимса санам, бутга сиғинувчи кабидир” деб айтганлари албатта тўғридир, дедим...”

Аллоҳу таоло ейдиган ва ичадиганлардан баъзиларини ҳалол этганидек, баъзиларини ҳаром қилган. Ҳаром қилинган нарсалар еб-ичиладиган жойларга фиқҳ китобларида "фисқ мажлиси" (гуноҳ қилинадиган йиғин) дейилади. Динимиз ҳаром ишлашдан ва ҳаром, гуноҳ ишланадиган жойлардан узоқ туришни амр қилмоқда.

Савол: Баъзи кимсалар спиртли ичимликларнинг оз ичилишининг ҳаром эмаслигини айтишмоқда. Булар тўғрими?

Жавоб: Бу борада “Риёд-ун-носиҳин” китобида айтиладики:

Ҳадиси шарифда “Кўп ичилганда маст қиладиган нарсанинг оз ичилиши ҳам ҳаромдир” дейилган. Бу ҳадиси шарифни “Завожир” ва “Кунузуддақоиқ” китоблари ҳам ёзмоқда. Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Шароб ичмоқ катта гуноҳларнинг энг каттасидир. Бутун ёмонликларнинг онасидир, бошидир. Шароб ичган кимса намоз ўқимайди. Онаси билан, аммаси билан, холаси билан зино қилади.” Яна бир ҳадиси шарифда “Шароб ичган кимса билан дўстлик қилманг. Жанозасига борманг. Унга қиз берманг ва унинг қизига уйланманг. Муҳаққақ билингки, шароб ичувчи қиёмат куни қабрдан юзи қора, кўзлари мовий бўлиб тирилади. Тили осилган, бадбўй ҳидли бўлади. Ҳамма унинг бадбўй исидан қочади” деб марҳамат қилинган. Бир ҳадиси шарифда “Шароб ичган кимса жаннатга кирмайди” деб айтилган. Аҳли суннат мазҳабига кўра, катта гуноҳ ишлаган кофир бўлмайди, иймони кетмайди. Бу ҳадиси шарифнинг маъноси: ҳалол деган ёки қалби буни ёмон деб билмаган кимса деганидир. Ёхуд шароб ичишни одат қилган кимса тавба қилмасдан ўлса, сўнгги нафасда иймонини йўқотади, деганидир. Иймон билан кетишни истаган киши шароб ичмаслиги керак. Шаробни ичганга, келтирганга, етказганга, тайёрлаганга, сотганга ва ишлаб чиқарганга Аллоҳу таоло ва Расули лаънат қилади. Шароб сотувчининг олган пули ҳаром бўлади. Дунёда балолардан қутулмайди. Мастлигида ўқиган намозлари саҳиҳ бўлса ҳам қабул бўлмайди, яъни савоби бўлмайди. Бир ҳадиси шарифда “Шароб ичишни одат қилган кимса худди бутга сиғинган одам кабидир” деб буюрилган.”