Азон - хабар бериш, халққа билдириш деганидир. Беш вақт намоз учун, қазо намозлари учун ва Жума намозларида эркакларнинг азон айтишлари - суннати муаккададир. Аёл кишиларга, азон ёки иқомат айтиш макруҳдир. Азон - бошқаларга билдирмоқ мақсадида юксакроқ жойга чиқиб, бевосита ўз жонли овози билан айтиш орқали адо этиладиган ибодатдир. Азон айтаётганда муаззиннинг, икки қўлини қулоқларига кўтариб, бармоқларининг биттаси билан қулоқ тешикларини беркитиши мустаҳабдир. Иқомат айтиш, азон айтишдан афзалроқдир. Азон ҳам, иқомат ҳам Қиблага қараб айтилади. Азон ва иқомат айтаётганда гапирмаслик ва бири салом берса, муаззин алик олмаслиги керак.
Азон ва Иқомат қандай шароитда айтилади?
1. Қирда, далада ёлғиз ёки жамоат билан қазо ўқишда, эр кишиларнинг овоз чиқариб азон ва иқомат айтиши суннатдир. Ўша азонни эшитадиган инсонлар, жинлар ва тошлар қиёмат куни гувоҳлик қилишади. Бир нечта қазо намозини бир вақтда ўқимоқчи бўлган мўмин, энг аввало азон ва иқомат айтади. Кейинги қазо намозлари учун азон айтиб ўтирмасдан, ҳар бирига алоҳида иқомат келтириб ўқийверади.
2. Уйда ёлғиз ёки жамоат билан вақт намозини ўқиш учун азон ва иқомат айтиш шарт эмас. Чунки маҳалла масжиди ва жомеларида айтилган азон ва иқомат уйда ҳам айтилган бўлиб ҳисобланади. Уйда азон ва иқомат ўқимаслик учун масжидларда азон тўғри ўқилиши шарт. Масалан: Азоннинг микрофонсиз, инсоннинг ўз табиий овози билан айтилиши, ҳар қандай вазиятда ҳам масжиднинг ташқарисида ўқилиши мақсадга ва суннатга мувофиқдир. Акси ҳолда унга азон дейилмайди. Масжидларда азон тўғри ўқилган бўлса ҳам уйдаги намозхоннинг, ҳар намоз учун азон айтиш афзалдир.
Маҳалла масжидларида ва жамоати аҳолига маълум бўлган масжидларда азон ва иқомат айтилиб, вақт намозларидан бири жамоат билан ўқилгандан кейин, ўша маконда ёлғиз намоз ўқимоқчи бўлган одам, азон ва иқомат ўқимайди.
Йўл ёқасида жойлашган ёки имоми ва муаззини бўлмаган ёхуд жамоати маълум бўлмаган масжидларда, келган ҳарбир намозхон ёки жамоат алоҳида азон ва иқомат айтади. Улардан кейин ташриф этганлар ҳам алоҳида айтишади. Бу шартларга молик масжидларда ёлғиз намозхон ҳам азон ва иқоматни ўзи эшитадиган овозда айтади.
3. Мусофир инсонлар, ўзаро жамоат намозида ҳам ёлғиз намозда ҳам азон ва иқоматни тарк этишмайди. Ёлғиз ўқимоқчи бўлган намозхоннинг ёнида намоз ўқиётган ёки бошламоқчи бўлиб турган бири бўлса, азонни тарк этиши уйғун бўлади. Сафарий, намозини бир уйда ёлғиз ўқимоқчи бўлса ҳам, азон ва иқомат айтади. Чунки масжидда айтилган азон ва иқомат сафарийлар учун ўтмайди. Сафарийлардан баъзилари бир маконда азон айтгач, ёнидаги йўлдошлари намозларини кейинроқ ўқишса ҳам алоҳида азон айтишлари шарт бўлмайди.
Ақлли бола, кўр, валад-и зино (ҳароми) ва азон айтишни биладиган саводсизнинг, азон айтиши кароҳатсиз жоиздир. Жунубнинг азон, иқомат айтиши; таҳоратсиз азон айтиш; аёл киши, маст, фосиқ ва ақлсиз боланинг азон айтишлари - ҳаромдир. Ўтириб азон айтиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Агар охирги санаб ўтганларимиздан бирортаси азон айтиб қўйган бўлса, ўша азон такрор ўқилади. Азоннинг саҳиҳ, тўғри ва ҳаққоний бўлиш учун муаззин, мусулмон ва ақлли бўлиши шарт. Азонни микрофон ва карнай орқали ўқиш саҳиҳ бўлмайди. Ибодатларда ва гувоҳликларда фосиқ, яъни очиқ-ойдин гуноҳ ишлайдиган кимсаларнинг сўзи қабул қилинмайди. Шунинг учун бу тоифанинг айтган азони ҳам саҳиҳ бўлмайди. Фосиқ инсон тарафидан айтилган азонга қараб вақтнинг кирганига ишонмаслик ва унинг айтган азони, гапи ёки ишорати билан рамазонда оғиз очмаслик керак. Одил кишиларга ёки шахсий тажрибага асосланиб ҳаракат қилиш керак.
Азонга ҳурмат кўрсатадиганлар ва уни ардоқлаб ҳарфларини, сўзларини ўзгартирмасдан, бузмасдан, куйга солмасдан минорага ёки бир баландроқ жойга чиқиб ўз овози билан суннатга риоя қилган ҳолда айтадиганлар, албатта катта мартаба ва савобларга ноил бўлади.
Агар азон, суннатга хилоф равишда ўқилаётган бўлса, Масалан; баъзи ҳарф ёки сўзлари ўзгартирилиб, таржима қилиниб, бузиб ёхуд баъзи жойлари ашулага монанд қилиниб ўқилаётган бўлса, ёки микрофон ва овоз юксалтгич каби карнай-сурнайдан чиқарилмоқчи бўлиб уринилаётган бўлса, (Чунки микрофондан чиқадиган овоз, имом ёки муаззиннинг овози бўлмайди. Уларнинг овози электро-магнетик тўлқинларга айланади ва ўша электр ва магнитдан ҳосил бўлган тебранишлар эшитилади.) уни эшитган ҳеч қайси мўмин унинг битта ҳарфини ҳам ичида қайтармайди. Чунки Пайғамбаримизга амр қилинган ва мўминларга мерос қолган азон унақа эмас эди.