Фосиқ билан турмуш қуриш

Савол: Намоз ўқимайдиган ва ҳижобли бўлмаган христан аёл билан уйланиш жоиз бўлганига кўра намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган, очиқ-сочиқ кийинадиган мусулмон қизга уйланиш яхшироқми деб ўйлайман. Бу ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Бу фикрингиз нотўғри. Христиан қизга уйланиш таҳриман макруҳ, яъни ҳаромга яқин. Яъни христиан қизга уйланиш заруратсиз жоиз бўлмайди. Бугунги кунда китоб аҳли бўлган христиан қизни топиш жуда қийин. Кўпчилиги мушрик. Мушрик билан турмуш қуриш эса қатъиян жоиз эмас. Қитоб аҳли қизни топган тақдирда ҳам христиан, яъни кофир қиз билан мусулмон қизни қиёслаб бўлмайди. Христиан қизнинг ҳижоб кийиши ва ҳеч қайси ибодатни бажариши керак эмас, чунки ғайримуслимлар аввало иймон келтириши керак. Иймон келтирмасдан қилинган ибодатларнинг фойдаси йўқ. Охиратда христиан аёлдан нега намоз ўқимадинг, рўза тутмадинг, ичкилик ичдинг деб сўралмайди. Ундан фақатгина нима учун мусулмон бўлмадинг деб сўралади. Лекин мусулмон аёлнинг намоз ўқиш мажбурияти бор. Ичкилик ича олмайди, бошини очиб юра олмайди. Агар буларни ишласа фосиқ бўлади. Фосиқ тортинмасдан, очиқча гуноҳ ишлайдиган, масалан беш вақт намозини ўқимайдиган, ҳижобсиз юрадиган кимса деганидир. Фосиққа уйланмаслик керак, чунки “Ширъат-ул ислом” китобидаги ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қизини фосиққа турмушга берган кишининг дуоси ва ибодатлари қабул бўлмайди.”

“Шафоатимга қовушишни истаган киши қизини фосиққа бермасин.”

“Саодати абадия” китобидаги икки ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:

“Бир киши қизини фосиққа [ёмон одамга] берса, Аллоҳу таолонинг омонатига хиёнат қилган бўлади. Омонатга хиёнат қилганларнинг борадиган жойи жаҳаннамдир.”

“Қизини фосиққа берган кимса малъундир.”

Кўриниб турибдики, христиан қизга ҳам, фосиққа ҳам уйланиш дуруст эмас. Солиҳа қизга уйланиш эса неъматдир.

Савол: Ота-онаси фосиқ бўлган солиҳ йигит солиҳа қизга уйланишни истайди. Бир дўсти унга “Солиҳа қизга уйлансанг, қизга увол бўлади. Уйланадиган бўлсанг, фосиқ қизга уйланишинг керак” деди. Бу тўғрими?

Жавоб: Йўқ, асло тўғри эмас. Ҳадиси шарифда “Фосиқ билан турмуш қуришга рози бўлган киши қабрдан тураётганида пешонасида “Аллоҳнинг раҳматидан умидини узган” деган ёзув бўлади” деб огоҳлантирилган. (Ширъат-ул ислом)

Солиҳ киши аёлини қўлидан келгунча ҳаромлардан муҳофаза қилади. Оиласи фосиқ экан деб, фосиқ қизга уйланишни ёки бутунлай уйланмасликни тавсия қилиш умуман нотўғри. Фосиқ кимса ҳам ўзини тузатишга ҳаракат қилиб, солиҳа қизни танлаши керак. Турмуш ўртоғининг орқасида ўзини тузатиши мумкин. Лекин солиҳа қиз фосиқ эркакни танламаслиги лозим.