Яхши одам билан турмуш қуриш керак

Савол: Динимизда ирқчилик борми? Қоратанли билан, немис билан, япон билан, лўли билан, сунний билан, шиа билан, христиан билан, буддист билан турмуш қуришнинг зарари борми?

Жавоб: Бу нарса эркак ёки аёл бўлишига боғлиқ. Чунки иккаласи учун жавоб икки хил бўлади. Динимизда мусулмон эркакларнинг аҳли китоб [христиан ёки яҳудий] аёл билан уйланиши таҳриман макруҳ бўлса ҳам жоиз. Лекин мусулмон хотин-қизнинг аҳли китоб бўлган эркак билан турмуш қуриши жоиз эмас. Турмуш қуришга ният қилган заҳоти мусулмонликдан чиқади. Мусулмон эркак ҳам, аёл ҳам буддист ёки атеист билан турмуш қура олмайди. Турмуш қурса, мусулмонликдан чиқади.

Динимизда ирқчилик деган нарса умуман йўқ. Ирққа эмас, динга қаралади. Лўли бўлиш, қоратанли бўлиш ирқ масаласидир. Солиҳ мусулмон бўлса, у билан турмуш қуришнинг ҳеч қандай зарари йўқ.

Бир аёл мусулмон бўлган немис ёки япон эркак билан турмуш қура олади. Лекин ўша кишининг солиҳ бўлиши муҳим. Намоз ўқиши ва ҳаромлардан сақланиши лозим.

Эр кишининг ҳам уйланадиган аёлида излаган хусусиятлар орасида намоз ўқиши ва ҳижобга амал қилиши рўйхатнинг энг бошида келиши лозим. “Мен мусулмонман” деган аёл агар намоз ўқимайдиган бўлса ва ҳижоб ёпинмаган бўлса, у билан турмуш қуриш гуноҳ бўлади. “Мен мусулмонман” деган эркак ҳам намоз ўқимаса, спиртли ичимлик, зино, ўғрилик каби ҳаромлардан сақланмаса, у билан турмуш қуриш гуноҳ бўлади. Чунки “Ширъат-ул ислом” китобидаги ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қизини фосиққа турмушга берганнинг дуоси ва ибодатлари қабул бўлмайди.”

“Фосиқ эркак билан турмуш қуришга рози бўлган кимса қабрдан тураётганида пешонасида “Аллоҳнинг раҳматидан умидини узган” деган ёзув бўлади.”

“Шафоатимга қовушишни истаган киши қизини фосиққа турмушга бермасин!”

[Фосиқ деб ошкора гуноҳ ишлайдиган кимсага айтилади. Масалан намоз ўқимайдиган, ҳижоб ўрашга амал қилмайдиганлар фосиқдир. Фосиқ билан турмуш қуриш тўғри эмас. Айниқса бузуқ эътиқодли бири билан турмуш қуриш ҳечам тўғри эмас.]

Мусулмон эркак ҳам ҳаёси, ахлоқи чиройли, динини, иймонини, исломнинг шартларини ўрганган, исломиятга амал қиладиган, кўчага чиққанида динимиз амр этганидек кийинадиган номусли қизга уйланиши керак. Иффат соҳиби бўлган, динини маҳкам тутадиган солиҳа қиз излаши керак. Асло “Бой ва чиройли қиз бўлсин” демаслик лозим. Бойлиги, чиройи, ирқи, баданининг ранги деб иффат ва солиҳалигини [динга бўлган боғлиқлигини] қўлдан бой бермаслик керак. Бир ҳадиси шарифда “Чиройи ва бойлиги учун бир аёлга уйланган киши иккисидан ҳам маҳрум қолади. Дини учун, солиҳа бўлгани учун уйланган кишига бойлик ва чирой ҳам насиб бўлади” деб марҳамат қилинган. (Табароний)

Хулоса:

Эркак бўлсин, аёл бўлсин уйланадиган кишиси ҳаромлардан сақланадиган, намозини ўқийдиган ва бошқа ибодатларини бажарадиган, гўзал ахлоқли бўлиши лозим. Фақатгина бўй-бастига, кўз-қошига қараган киши дунёда ва охиратда турли ғам-ташвишлар мубтало бўлади.

Турмуш қурадиган кишисининг ранги ва ирқи муҳим эмас. Муҳими яхши одам, яъни солиҳ мусулмон бўлиши, фосиқ бўлмаслиги ва тўғри эътиқодда бўлишидир.

Савол: Намоз ўқимайдиган бири билан, келажакда ўқийди деган умидда, ҳижобсиз қиз билан келажакда ҳижобга киради деган умидда турмуш қуриш мумкинми?

Жавоб: Намоз ўқишни бошламагунча, ҳижобга кирмагунча турмуш қуриш дуруст эмас.

Савол: Ҳеч қайси гуруҳга кирмайдиган, лекин шу билан бир қаторда тўғри китобларни ҳам ўқимаган қизга уйланиш тўғрими?

Жавоб: Тўғри китобларни ўқимаганининг зарари унчалик эмас. Зарарли бўлгани бошқа китобларни ўқиб, тўғри китобларга душманлик қилишидир. Оила қуриши учун бошқа шартлар бўлса, масалан эътиқоди тўғри бўлса, намозини ўқиса, ҳижобли бўлса, аҳли суннат китобларига душманлиги бўлмаса, уйланишнинг зарари йўқ.

Савол: Уйланиш учун номзод қизларнинг ҳеч бирини ёқтира олмайман. Бирининг бўйи узун, бири қисқа, бири семиз, бири озғин, бири мендан катта, бири мендан кичик. Қисқаси турли баҳоналар топиб, ҳеч кимни ёқтира олмаяпман. Бу борада бир меъёр борми?

Жавоб: Меъёрни динимиз билдирган. Ёш ва бўй фарқи динимизда муҳим эмас. Хунук ва фақир ҳам бўлиши мумкин. Бўлмаслиги керак бўлган ягона нарса диндаги заифликдир. Дини нуқсони бўлса-ю, бошқа нарсалари мукаммал бўлса ҳам муҳим эмас. Чунки Пайғамбаримиз “Аёл ё бойлиги, ё чиройи ёхуд дини учун олинади. Сиз диндор бўлганини олинг! Фақат бойлиги учун олган бойлигига қовуша олмайди. Фақат чиройи учун олган чиройидан маҳрум қолади” деб марҳамат қилганлар. (Муслим)

Пайғамбаримизга ишонмасак кимга ишонамиз? Ўз нафсимизга ишонамизми? Диндор бўлса, чирой ҳам унга берилади, дейилмоқда. Аллоҳу таоло ҳамма нарсага қодир, хунук бўлса ҳам бизга жуда гўзал қилиб кўрсата олади. Демак, бизнинг танловимиз диндорлиги бўлиши лозим. Диндор бўлса, бахтсиз бўлишга ҳеч бир сабаб қолмайди.

Қизлар ҳам, аёллар ҳам фақат диндор бўлганини, яъни беш вақт намоз ўқийдиган, аҳли суннат эътиқодида бўлган ва яхши ахлоқли бўлиб гуноҳлардан сақланадиганларни танлаш керак. Диндорлик асос қилиб олинмаса, у оилада ҳузур бўлмайди.