Турмуш қуришнинг фойда ва зарарлари

Савол: Ҳозирги кунда оилали бўлиш зарарлими? Турмушда нималарга диққат қилиш керак?

Жавоб: Турмуш қуришнинг фойда ва зарарлари одамдан одамга қараб ўзгаради. Баъзилар учун турмуш қуриш дунё ва охират саодатига сабаб бўлади. Баъзилар учун эса зарарли бўлади. Турмуш қурмоқчи  бўлган киши бир неча марта истиҳора қилиши керак. Ҳақ таолога сиғиниб, нафснинг ва ёмон кимсаларнинг ўртага тушишидан сақланиш учун ёлвориш лозим.

Турмуш қуришнинг фойдаларидан баъзилари қуйида келтирилган:

1. Оилали бўлганда фарзанд кўриши мумкин. Фарзанди солиҳ бўлса, унга дуо қилади. Шу сабабли кўп неъматларга эришади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Ўлгандан кейин савоби узилмайдиган яхши ишлардан бири солиҳ фарзанд етиштиришдир. Ота-она ўлганидан кейин бундай авлоднинг қилган дуолари ота-онасига етиб боради.” (Муслим)

Фарзанд ота-онасидан аввал ўладиган бўлса ва ота-она бунга сабр қилса, фарзанд уларга шафоатчи бўлади. Ҳадиси шарифда “Фарзандга жаннатга кир, дейилади. У эса “Ота-онамсиз кирмайман” дейди. Сўнгра ота-онаси билан жаннатга киради” деб марҳамат қилинган. (Насоий)

“Болалар жаннат эшиги олдида тўпланиб, ҳаммаси бирваракайига шовқин кўтариб ота-онасини излашади. Бу бақиришлари ота-оналари шу ергача келиб, уларнинг ҳар бири уларнинг қўлларидан тутиб жаннатга киргунча давом этади.” (Имом Ғазолий)

2. Турмуш қурмаган киши кўзини ҳаромлардан сақлай олмайди. Уйланиш шайтоннинг ёмонлик қилишидан узоқлаштириб, динини ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Уйланган киши динининг ярмини ҳимоя қилган бўлади. Энди қолган ярмини ҳимоя қилиш учун Аллоҳга қарши чиқишдан сақлан!” (Табароний)

“Шукр қилувчи қалбга, зикр қилувчи тилга ва охират борасида сенга ёрдамчи бўладиган солиҳа аёлга эга бўлишга ҳаракат қил!” ҳадиси шарифида аёл кишининг зикр ва шукр билан бирга айтилиши солиҳа аёлнинг неъмат эканлигини кўрсатади. Динини ҳимоя қилишда ёрдамчи бўлади. (Термизий)

Ҳазрати Умар “Иймондан кейин яхши хотиндан каттароқ неъмат йўқ” деганлар.

Ҳозирги кунда бўйдоқ ҳолида динини ҳимоя қилиш жуда қийин. Уйланиш динини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ҳадиси шарифда “Бир йигит уйланганида шайтон “Эйвоҳ, динини мендан ҳимоя қилди” дейди” деб марҳамат қилинган. (Ибни Асокир)

Бошқа бир ҳадиси шарифда оилали кишининг 2 ракъат намозининг савоби бўйдоқ киши ўқиган 80 ракъатдан ҳам кўп эканлиги билдирилган. (Рамуз)

3. Хотинининг бадфеълига ва эҳтиёжларини таъминлаш учун сабр қилиш устун ибодатлардандир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Гуноҳлардан бир гуноҳ борки, оиласидан чеккан ғам-ташвишдан бошқа нарса унга каффорат бўла олмайди.” (Табароний)

Ёмон хотинлар орасига тушиб, нафсига алданиб ҳаром ишлашдан қўрққан йигитнинг номусли, пок мусулмон қиз топиб уйланиши фарз бўлади. Бундай таранг вазиятда бўлмаган йигит илм ва ахлоқ ўрганиб, хотинларга тегишли билимларни ўргангандан кейин уйланиши керак. Бола-чақасига ҳалолдан нафақа топиб бера олмайдиган йигитнинг уйланиши дуруст эмас.

Мусулмон йигитнинг аввало динини яхшилаб ўрганиши лозим. Ана шундан кейин суннатни бажариш нияти билан уйланиши мумкин. Одоби, ҳаёси, ахлоқи чиройли бўлган, динини, иймонини, исломнинг шартларини ўрганган, исломиятга амал қиладиган, кўча-кўйда динимиз амр этганидек кийинадиган бир қиз билан никоҳланиш керак. Иффат соҳиби бўлган, динга амал қиладиган қиз излаш лозим. Асло “Бой ва чиройли қиз бўлсин” демаслик лозим. Бойлиги ва чиройи туфайли иффат ва салоҳни қўлдан чиқариб юбормаслик керак. Ҳадиси шарифда “Хотин ё бойлиги, ё чиройи ёхуд дини учун олинади. Сиз дини бўлганини олинг. Бойлиги учун уйланган бойлигига қовуша олмайди. Фақат чиройи учун уйланган ҳам гўзаллигидан маҳрум қолади” деб марҳамат қилинган. (Муслим)

Дини билан гўзаллиги бирга бўлгани яхши. Яна ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Чиройи ва бойлиги учун бир хотинга уйланган киши иккисидан ҳам маҳрум қолади. Дини учун уйланганга эса, бойлик ҳам, чирой ҳам берилади.” (Табароний)

Никоҳдан аввал қизни кўриш суннат. “Кўрмасдан турмуш қуришнинг оқибати ғам ва пушаймонликдир” ҳадиси шарифи никоҳдан аввал қиз билан йигитнинг кўришиши муҳимлигини билдирмоқда.

Оилали бўлишнинг зарарли томонлари ҳам бор. Хотин ва фарзандларининг масъулияти бор. Ҳеч бир йигит бу масъулиятдан озод бўла олмайди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Иккинчи асрдан кейин одамларнинг энг хайрлиси машғул бўладиган нарсаси оз ва бола-чақаси бўлмаган кишидир.” (Абу Яъло)

“Шундай кунлар келадики, одамнинг ҳалокати хотинининг, ота-онасининг ва фарзандларининг қўли орқали бўлади. Қарамоғидагилар уни фақирликда айблашади. Кучи етмайдиган нарсаларни талаб қилишади. Киши шу сабабли таҳликали ишларга қўл уради ва динидан ажралиб, ҳалокатга учрайди.” (Байҳақий)

“Банданинг тоғларча яхшилиги, савоби бўлгани ҳолда қиёматда оила ҳақидан, уларнинг нафақасидан, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилганлигидан ҳисоб китоб қилинади. Шу тариқа бутун яхшилиги қарзларига тўланади. Ҳеч нарсаси қолмайди. Сўнгра бир фаришта “Мана шу бола-чақаси дунёда бутун савобларини еб битирган ва бугун чорасиз қолган кимсадир” дейди.” (Имом Ғазолий)

Турмуш қуришнинг баъзи зарарлари қуйида келтирилган:

1. Ҳалол нафақа топишда қийналган киши ҳаромларга аралашиб қолади ва ўзини ҳалокатга етаклайди. Бўйдоқ ҳолида эса кун кўриши анча осон бўлади.

Қиёматда одамнинг илк душмани оила аъзоларидир. Улар “Ё Рабби, ундан ҳаққимизни олгин! Биз билмагандик. У бизга ҳаром едирди” дейишади. Бола-чақасининг ҳақи олинади. Фақатгина мол-мулк жиҳатидан эмас, илм жиҳатидан ҳам оила аъзоларини жоҳил қилиб қолдирмаслик керак. Ҳадиси шарифда “Кишининг ҳузури илоҳийда оила аъзоларини жоҳил қилиб қолдиришдан ҳам катта гуноҳ бўлмайди” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)

2. Оиласи билан хушмуомалада бўлмаслик, ёмон феълига сабр қила олмаслик фалокатдир. Чунки эркак чўпон, амир каби бўлади. Қўли остидагилардан масъулдир. Ҳадиси шарифда “Одамга қўли остидагиларга масъулиятсиз қараши гуноҳ сифатида етарли” деб марҳамат қилинган. (Насоий)

Аллоҳу таоло ўзимизни ва оила аъзоларимизни жаҳаннамдан ҳимоя қилишни амр этган. Ҳолбуки инсон ўзини ўзи ҳимоя қилишдан ҳам ожиз экан, масъул бўлганларни қандай ҳимоя қила олади? Феъли оғир, асабий кишилар хотинларининг феъл-атворига сабр қила олмаганликлари учун уйланмаганлари яхшироқ.

3. Бола-чақа қалбини машғул қилиши мумкин. Уни ибодатларидан чалғитиши мумкин. Абу Сулаймон Дороний ҳазратлари “Бўйдоқликка тоқат қилиш оиланинг ташвишига сабр қилишдан хайрлироқ, уларнинг азиятига чидаш жаҳаннам оташига тоқат қилишдан хайрлидир” деганлар.

Ахлоқи чиройли бўлган, ҳалолдан нафақа топа олган, хотинини ранжитмайдиган, уйланиши ибодатига моне бўлмайдиган кишининг оилали бўлишида ҳеч қандай зарар йўқ. Ҳалолдан нафақа топиши қийин бўлса, феъли оғир бўлса, уйланиши хайрли ишларига моне бўлса, турмуш қуриши зарарли бўлади.

Савол: Бир йигит уйланаётганда нималарга диққат қилиши лозим?

Жавоб: “Саодати абадия” китобида бундай дейилган:

Хотинига зулм қилиш хавфи бор кишининг уйланиши таҳриман макруҳ бўлади. Кўча-кўйдаги ёмон хотинларни кўриб, ҳаром ишлашдан қўрққан кишининг пок, тоза мусулмон қиз топиб, уйланиши фарз бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳаромлардан сақланиш мақсадида уйланганга Аллоҳнинг ёрдами ҳақ бўлади” деб марҳамат қилинган. (Ибни Маниғ)

Бундай таранг вазиятда бўлмаган йигит илм ва ахлоқ ўрганиб, хотинларга тегишли билимларни ўргангандан кейин уйланиши керак. Уйланишдан аввал нафсини исломиятга амал қиладиган ҳолга келтириш, ёши ва ақли комиллашиши керак. Ундан кейин суннатни бажариш, ҳаромлардан сақланиш, ўзини ва мусулмон қизни қутқариш, уни ҳақ йўлда муҳофаза қилиш нияти билан уйланади. Одоби, ҳаёси ва ахлоқи чиройли бўлган, динини, иймонини, исломнинг шартларини ўрганган, исломиятга амал қиладиган, исломият амр этгандек кийинган, иффатли, динида собит бўлган бир қиз излаш лозим. Фақат бойлиги ва чиройига қараб югуравермаслик керак. Бойлик ва гўзалликка етамана деб иффатли ва солиҳа қизни қўлдан бой бермаслик керак. Динимизнинг амрига амал қиладиган киши уйланаётганида фақирликдан қўрқмаслик керак. Чунки жаноби Ҳақ “Агар фақир бўлишса, Аллоҳ уларни [уйланиши сабабли] фазли билан бой қилади” деб буюрган. (Нур, 32)

Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Бир хотиннга ё бойлиги, ё гўзаллиги ёки дини учун уйланилади. Бойлиги учун уйланган бойликнинг хайрини кўрмайди. Фақат чиройи учун уйланган ҳам гўзаллигидан маҳрум қолади. Сиз дини учун уйланинг!” (Муслим)

“Чиройи ва бойлиги учун уйланган кимса иккисидан ҳам маҳрум қолади. Дини учун уйланганга эса бойлик ҳам, гўзаллик ҳам берилади.” (Табароний)

Севган кишига севадиган одами чиройли кўринади. Шунинг учун “Гўзал чиройли эмас, севикли чиройлидир” дейилган. Демак, динимизнинг амрига риоя қиладиган бўлса, ҳам гўзаллик, ҳам бойлик соҳиби бўлади.

Пайғамбаримизнинг муборак сўзларига мос ҳолда ҳаракат қилиб, ҳаромлардан сақланиш мақсадида дини учун уйланиш керак. Пайғамбаримизнинг сўзларига амал қилиб яшашнинг натижаси дунё ва охират саодатидир. Нафсининг истакларига бўйсуниб яшашнинг натижаси эса дунё ва охират фалокатидир. Шунга қараб ўз танловини қилиш лозим.