Савол: Наша, кўкнори, кокаин каби гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш гуноҳ эмасми? Гиёҳвандликка берилишнинг сабаби нима?
Жавоб: Ҳар қандай гиёҳвандлик гуноҳдир. “Ислом ахлоқи” китобида катта гуноҳлар орасида билдирилган. Ибни Ҳожар Маккий ҳазратлари «Афюн ва бошқа заҳарли ўтлар ҳаромдир. Лекин дорилар ичига қўшилган оз миқдори ҳаром эмас» деганлар. (Завожир)
Наша ва кўкнори каби моддаларнинг ақлга зарар берадиган миқдори ҳаромдир. Дорилар ичига қўшилган оз миқдори ҳаром эмас. Кўп истеъмол қилинганда ақл ва асабларни бузадиган бундай ўтлардаги зарарли моддаларни ажратиб, булар ва ўхшашларини таблетка ёки укол ёрдамида кайф-завқ дориси номи билан талабаларга, ишчиларга ва футболчиларга сотишмоқда. Ахлоқ, номус, дин, иймон ва ватан севгиси каби муқаддас боғларимизни узаётган бу моддаларни сотиб олиш ва истеъмол қилиш ҳаромдир. Катта гуноҳ бўлади. (Саодати абадия)
Иймонли ёшлар бошбодоқликка берилмаганидек гиёҳвандликка ҳам берилмайди. Чунки Аллоҳ қўрқуви ҳар турли ёмонлик ишлашга тўсиқ бўлади.
Динимиз баданга ва инсонийликка зарарли бўлган нарсаларни тақиқлаган. Мусулмон ёшлар устига пул қўшиб берса ҳам гиёҳванд моддаларга қўлини текказмайди. Иймонсиз кимса ҳузурсиз кимса деганидир. Бундай одамлар ҳузур топиш умидида дуч келган ҳамма нарсани қилишга уринади. Ҳар ботқоқликка қадам босишга тайёр бўлади. Ҳар қадам ташлаганида эса ботқоққа янада чуқурроқ ботади. Америкалик бир криминалист шундай дейди:
“Ёшлар ҳозир қўлларига пул тушгач ҳар қандай нарсани тотиб кўришга уринишмоқда. Тотиб кўрадиган бошқа нарса қолмаганидан кейин ҳаётдан зерика бошлайди. Гиёҳванд моддалар сотувчиси эса бундай бой ёшларни тезда топади. Ёшлар бу нарсани ҳам тотиб кўришни хоҳлайди. Истеъмол қилиб кўриб ўзини бахтли ҳис қиляпман деб ўйлайди. Бахти давомли бўлиши учун бундан ҳам кучли заҳар олишни истайди. Бу эса янада кўпроқ пул талаб қилгани учун ўғриликлар, босқинчиликлар бошланади. Героинга ўрганиб қолган кимсада ақлдан озиш ҳолатлари кузатила бошлайди. Яшашнинг қизиғи қолмайди. Сўнгра ўлимни танлайди.”
Криминалистга кўра, гиёҳвандликка кўпроқ бойларнинг фарзандлари мубтало бўлишади. Ҳолбуки, кўплаб мусулмон бойларнинг фарзандлари гиёҳванд моддаларнинг номларини ҳам билишмайди. Бунга қарамликнинг олдини олиш эса бутун бошқа ёмонликларда бўлганидек динимизнинг амрларига риоя қилиш билан мумкиндир. Намозларини тўғри ўқийдиган бир мусулмон гиёҳвандликка берилиб кетиши имконсиз. Агар аввалдан бунга қарам бўлиб қолган бўлса, намозларини тўғри ўқишда давом этса, бундан ва бутун ёмониклардан қутулади. Бир ояти каримада маолан “Намоз, мункар ва фаҳшдан [одобсизликдан, ақл ва динга тўғри келмайдиган гиёҳвандлик, ичкилик, зино, ливота каби бутун ёмонликлардан, ҳар турли гуноҳдан] сақлайди.” (Анкобут, 45)