Савол: Кичик фарзандимиз оламдан ўтди. Ота-она бўлганимиз учун қаттиқ қайғурдик, йиғлаб-сиқтадик. Бу бизга гуноҳ бўлдими?
Жавоб: Йиғлаш раҳмдандир. Йиғлаш гуноҳ эмас. Бақириб-чақириб, исён қилиш гуноҳ. Фарзанд ўлими, молини қўлдан бой бериш, кўзи кўр, қулоғи кар, бир аъзоси зарар кўриши сингари одамнинг ихтиёрида бўлмаган мусибатларга сабр қилишдан ҳам ортиқроқ фазилатли сабр бўлмайди. Сабр қилганларга бериладиган савобнинг миқдорини Аллоҳу таолодан бошқаси билмайди.
Мусибатларга сабр сиддиқларнинг даражасидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз қуйидагича дуо қилардилар:
“Ё Рабби, менга шундай маърифат берки, мусибатлар менга қулай бўлсин!” (Термизий)
Ўғли Иброҳим оламдан ўтганида ҳам “Ё Иброҳим, ўлимингга жуда қайғурдик. Кўзларимиз йиғлаб, қалбимиз сизламоқда. Лекин Раббимизни ранжитадиган ҳеч нарса айтмаймиз” деб марҳамат қилгандилар.
“Бировнинг фарзанди ўлганда Аллоҳу таоло билиб турса ҳам фаришталаридан сўрайди:
- Бандамнинг боласини олдингиз, қалбининг бир парчасини юлиб олдингиз. Қулим бунга нима дейди?
- Ё Рабби, ҳамд этиб, таслимият кўрсатди.
- Бу қулимга жаннатда бир кўшк қуриб, номини “Ҳамд уйи” деб қўйинг!” (Термизий)
Қиёматда Аллоҳу таоло мўминларнинг фарзандлари учун “Буларни жаннатга киритинг” деб буюради. Фаришталар болаларга жаннатга киришларини айтади. Болалар “Ота-онамиз қани?” деб сўрашади. Фаришталар “Улар сизлардек гуноҳсиз эмас. Ҳисоб-китоблари кўрилади” дейишади. Болалар йиғлаб “Ота-онамизсиз жаннатга кирмаймиз” дейишади. Шунда жаноби Ҳақ болаларга “Эй норасидалар, майли ота-онангизни олиб жаннатга киринглар” деб буюради. (Насоий)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ёшлигида ўлган фарзандлар ота-оналари билан учрашганда уларнинг қўлларидан тутиб, жаннатга киргунича улардан ажралмайди.” (Муслим)
“Балоғатга етмаган фарзанди ўлиб, Аллоҳу таоло мўл раҳмати билан жаннатга киритмайдиган ҳеч бир мусулмон йўқ.” (Бухорий, Насоий)
“Уч фарзанди ўлган мусулмон дўзахга ташланмайди.” (Бухорий, Муслим)
“Кимнинг балоғатга етмаган уч фарзанди ўлган бўлса, бу болалар уни оловдан ҳимоялайдиган қалъа бўлади. Ўлган фарзанди иккита, ҳатто битта бўлса ҳам...” (Термизий)
Пайғамбаримиз “Уч фарзанди ўлган киши жаннатга киради” деб марҳамат қилдилар. У ердагилар “Икки фарзанди ўлган ҳамми?” деб сўраганларида “Икки фарзанди ўлган ҳам жаннатга киради” деб жавоб бердилар. “Бир фарзанди ўлганларчи?” дейишганида “Аллоҳга қасам ичаманки, бир фарзанд туғилиб, шу заҳоти ўлса, онаси сабр қилиб, савобини Аллоҳу таолодан кутса, онасини жаннатга киритади” деб марҳамат қилдилар. (Табароний)
Яна марҳамат қилдиларки:
“Берадиган ҳам, оладиган ҳам Аллоҳу таолодир. Фарзанди ўлган шу аёлга таъзия билдиринг. Сабр қилсин, ажрини кўради.” (Муслим)
Мусибатга учраган одамга тасалли бериш керак. Бир ҳадиси шарифда “Фарзанди ўлган одамга тасалли берган кишига жаннат ҳирқаси берилади. Мусибатга учраган кишига тасалли берган одам унинг савобичалик савоб қозонади” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Савол: Фарзандим йўқ ёки ўлди деб ортиқча қайғуриш дурустми?
Жавоб: Йўқ. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таоло севган қулини ўзига боғлайди. Бола-чақаси билан машғул қилмайди.” (Дайламий)
Савол: Баъзи ҳадиси шарифларда пайғамбарни севган киши турли мусибатларга дучор бўлиши ва Унга душманлик қилганнинг эса мол ва фарзанди кўп бўлиши билдирилган. Буларнинг изоҳи қандай?
Жавоб: Одамларга дард, мусибат бир нечта сабаблар орқали келади:
1. Булардан бири ишлаган гуноҳларимиз сабабли. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: «Балоларнинг келишига сабаб гуноҳ ишлашдир». Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Сизга келган мусибат ишлаган [гуноҳлар] сабаблидир.” (Шўро, 30)
“Сенга келган ёмонлик ўзингдандир [гуноҳларинг сабабли].” (Нисо, 79)
“Бир халқ ўзини ўзгартирмагунича Аллоҳу таоло уларнинг аҳволларини ўзгартирмайди.” (Рад, 11)
2. Бало, хасталик ва мусибатлар гуноҳларнинг каффорати [авф этилиши] учун келади. Дунёда мусибатларга учраб, чиройли сабр қилган одам охиратга гуноҳсиз кетади.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ҳар мусибат авф этиладиган бир гуноҳ учун келади.” (Абу Нуайм)
“Мўминга келган ҳар қандай ташвиш гуноҳларига каффорат бўлади.” (Бухорий)
“Мўминнинг гуноҳлари авф бўлгунгача бало ва хасталик келади.” (Ҳаким)
Одам ўзига келган балога хурсанд бўлмайди. Ҳолбуки гуноҳлари авф этилади ва чиройли сабр қилса, охиратда катта неъматларга эришади. Қуръони каримда маолан буюрилдики:
“Сиз ёқтирмаган нарса яхшилигингизга, ёқтирганингиз эса ёмонлигингиз учун бўлиши мумкин. Сиз билмайсиз, Аллоҳ билади.” (Бақара, 216)
3. Жаннатда юксак даражаларга эришиши учун мўминга мусибат келади. Шунинг учун пайғамбарларга кўп бало келган. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Неъматга қовушиши учун одамга мусибат келади.” (Бухорий)
“Мусибат қовушиладиган бир даража учун келади.” (Абу Нуайм)
“Аллоҳу таоло хайрини тилаган киши дард-балога дучор бўлади.” (Табароний)
“Одам доим сиҳат ва саломатликда бўлганида эди, бу иккиси унинг ҳалокати учун кифоя бўларди.” (И.Асокир)
“Мўмин киши калтакесакнинг инига яширинса ҳам унга азият берадиган нарса топилади.” (Байҳақий)
“Дунё [жаннатдаги неъматларнинг ёнида] мўминга зиндондир.” (Муслим)
“Аллоҳ ва Расулини севган киши балоларга [тайёр бўлсин] зирҳ кийсин!” (Байҳақий)
“Энг шиддатли бало пайғамбарларга, авлиёларга ва шу кабиларга келади.” (Термизий)
Демак, балонинг энг шиддатлиси Аллоҳу таоло кўпроқ севган одамларга келади. Балоларга сабр қилиш сиддиқларнинг даражасидир. Жаноби пайғамбаримиз ўзига келадиган балоларга қарши сабр бериши учун Аллоҳу таолога дуо қиларди.
4. Бало имтиҳон учун келади. Қани банда Аллоҳу таоло юборган балога рози бўладими-йўқми? Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Олтинни текшириш учун оловга солиб кўрилгандек, одам ҳам бало билан имтиҳон этилади.” (Табароний)
“Ё Рабби, мени севганларга хайрли мол бер! Менга душманлик қилганларга эса кўп мол, кўп фарзанд бер!” (Ибни Асокир)
Мол ва фарзанд ёмонмики, бундай дейилмоқда. Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Мол ва фарзандларингиз сизлар учун албатта бир фитнадир.” (Тағобун, 15)
Фитна имтиҳон деганидир. Бундан ташқари анархия, бузғунчилик, гуноҳ, ширк, бало, душман ва яна бошқа маъноларни ҳам билдиради. Мол ва фарзанд хайрли бўлмаса, бало, фитна бўлади.
Одамлар одатда мол-мулкини яхши йўлда ишлатмайди. Бу жиҳатдан бойлик ўзига душман бўлади. Аслида мол-мулк қиличга ўхшаган неъматдир. Яхши ишлата олмаса, эгасини кесади. Фарзанд ҳам неъмат бўлгани ҳолда яхши тарбияланмаса, ота-оналари билан бирга жаҳаннамга тушади. Неъмат душманга айланади. Кўпчилик бу имтиҳондан ўта олмагани учун мол-мулк ва фарзандга фитна дейилган. Масалан, шотландияликлар одатда хасис бўлгани учун барча шотландияликларга хасис деб қаралади. Балки ораларида жуда сахий бўлганлари ҳам бордир. Ҳукм кўпчиликка кўра берилади. Пайғамбаримиз “Бойлар билан хотинларнинг кўпини жаҳаннамда кўрдим” деб марҳамат қилганлар. Ҳолбуки жаннатга кирадиган бойлар ва аёллар ҳам кўп. (Рамуз)
“Сизларнинг кўплигингиздан бошқа умматлар олдида фахрланаман” ва “Валуд [туғадиган] аёлга уйланинг” ҳадиси шарифлари уйланишни ташвиқ қилмоқда. Керакли тарбия берилмагани учун ёшлар намоз ўқимаяпти, диндан узоқлашяпти, ҳатто баъзилари динсиз бўлмоқда. Пайғамбаримиз, албатта, бундай ёшлар билан мақтанмайди. Ибни Асокир билдирган “Икки юз йилдан кейин энг яхшиларингиз хотини ва фарзанди бўлмаганингиздир” ҳадиси шарифи муҳит бемалол бўлмаган пайтларда бола-чақали бўлмаган яхшироқ эканлигини кўрсатмоқда.
Савол: Кичик болалар ўлаётганда азоб чекадими?
Жавоб: Бир мусулмон боласи ўлим тўшагида ётганда, 360 фаришта келиб, бу маъсумнинг олдида туриб “Эй маъсум, сенга муждалар бўлсин. Бутун вафот этган аждодларингни ва бутун қўшниларингни Ҳақ таолодан тила” дейишади. Фаришталар унинг бошига шафоат тожи билан ғайрат ва қувват кўйлагини кийдириб, кўзидаги пардани олишади. Пардалар олингач то ҳазрати Одам алайҳиссаломдан бери ўтган аждодларини кўради. Улардан баъзилари учун тайёрланган азобни кўрганида ҳайқириб титрайди. Буни билмаганлар уни жони қийналяпти деб ўйлайди.
Жон олувчи фаришталар келиб “Эй маъсум, оламларнинг яратувчиси сенга салом айтиб “Мен уни яратдим, яна менга келсин. Бу руҳ омонатини мен бердим, яна менга қайтариб берсин. Мен бунинг эвазига унга жаннатда дийдор бераман” деб буюрди. Қани юзингни ўгир, қара” деганларида бола қараб, фаришталарни кўради. Севинчидан титраб, жон беришга шошилади.
Яна азобдаги аждодлари кўз олдига келиб, яна жон беришни истамай “Эй фаришталар, Аллоҳу таоло қариндош ва аждодларимни менга бағишласин” дейди. Аллоҳу таоло ҳам “Иззим ҳаққи учун бағишладим” деб буюради.
Фаришталар “Эй маъсум, сенга муждалар бўлсин. Ҳақ таоло иймони бўлганларнинг гуноҳларини кечирди ва бутун тилакларини қабул қилди” деганида маъсум қувонади. Сўнгра унинг ота-онаси суратида иккита ҳурий келиб “Эй болам, кетдик биз билан, биз жаннатда сенсиз бўла олмаймиз” дейишади. Маъсумнинг қўлига бир жаннат меваси беришади. У мевани ҳидлаб турганида Азроил алайҳиссалом болага ўхшаган чиройли маъсум кўринишида келиб, унга билдирмай жонини олади ва жаннатга олиб боради. У ерда яшил водий бордир. Маъсум “Мени бу ерга нимага олиб келдингиз” деб сўрайди. Фаришталар “Қиёмат жойи бор. Жуда иссиқ бўлади. Бу водийда 70 минг раҳмат булоғи бор. Расули акрам ҳовузининг бошида туриб, нурдан ясалган қадаҳларни кўрасан. Ота-онанг қиёмат жойига келганида бу қадаҳларни сувга тўлдириб, уларга берасан. Улардан ҳечам ажралмагинки, токи улар жаҳаннам йўлига кетмасинлар. Чунки сенинг дуонг Ҳақ наздида мақбулдир. Жума кечалари ер юзига тушасан. Шунда Аллоҳу таолонинг саломини мусулмонларга етказасан” деб жавоб беришади.