Қазо намозни ўқиш керак эмасми?

Савол: Ибни Таймия ва унинг издоши салафийлар: “Вақтида ўқилмаган намозларнинг қазосини ўқиш керак эмас, тавба қилиш кифоя” дейди. Намозларнинг қазосини ўқиш керак эмасми?

Жавоб: Ҳа, Ибни Таймия “Узрли ёки узрсиз тарк этилган намозларнинг қазосини ўқиш керак эмас” деган. (Мажму-ул фатаво, 12/106)

Ибни Таймиянинг сўзи динда далил эмас. Шундоқ ҳам кўплаб нотўғри ақидаси учун ислом маҳкамалари уни ҳибсга маҳкум этганди. “Вақтида ўқилмаган намозларни қазо этиш керак эмас” дегани динни бузиш бўлади. Ундай бўладиган бўлса, инсон биронта намоз ўқимайди, закот бермайди, ҳажга бормайди, рўза тутмайди, охирида эса “Тавба қилсам бўлди экан” дейди.

Намозларни ўз вақтида ўқиш фарз бўлганидек, вақтида ўқилмаганларнинг қазосини ўқиш ҳам фарз эканлиги бутун фиқҳ китобларида билдирилган. Қуйида бир нечта мисол келтирамиз:

1. Фарз намозни узрсиз вақтидан кейинга қолдириш катта гуноҳ. Бу гуноҳ фақат қазосини ўқиш билан авф этилмайди. Қазосини ўқигандан кейин алоҳида тавба ёки ҳажга бориш лозим. Қазоси ўталганда фақат намозни ўқимаслик гуноҳи авф этилади. Қазосини ўқимасдан тавба қилса, тарк этиш гуноҳи авф этилмаганидек кечиктириш гуноҳи ҳам авф этилмайди. Чунки тавба қабул бўлиши учун гуноҳни тарк этиш шарт. (Дурр ул мухтор)

2. Фарзларга аҳамият бериб, лекин дангасалик билан адо этмаган киши муртад бўлмайди. Иймони кетмайди, лекин бир фарзни бажармаган мусулмон икки катта гуноҳга ботади: 1. Бу фарзнинг вақтини ибодатсиз ўтказиш, яъни фарзни кечиктириш гуноҳи. Бунинг авф этилиши учун тавба қилиш лозим. 2. Бу фарзни бажармаслик гуноҳи. Бу катта гуноҳнинг авф этилиши учун уни дарров қазо этиш лозим. Қазони кечиктириш ҳам алоҳида катта гуноҳ бўлади. (Бариқа)

3. Узрли ёки узрсиз ҳолда намозни тарк этган киши фарзнинг қазосини ўташи шарт. (Ҳалабий)

4. Унутиб ёки қасддан қазога қолдирилган намознинг қазосини ўқиш фарз. (Ҳиндия)

5. Узрли ёки узрсиз қазога қолган фарз намозларни дарров қазо этиш фарз. (Мазоҳиби арбаъа)

Ҳадиси шарифларда бундай деб марҳамат қилинган:

“Бир намозни вақтида ўқишни унутган киши ёдига тушиши билан ўқисин. Унутилган намознинг бундан бошқа каффорати йўқ.” (Термизий, Абу Довуд, Насоий)

“Ухлаб қолиб ёки унутиб бир намозни ўқимаган киши ёдига тушиши билан ўқисин!” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд)

“Бир фарзни унутган киши имом билан кейинги намозни ўқиётганида хотирласа, бу намозини имом билан ўқисин, намоздан кейин унутганини қазо қилсин! Сўнгра имом билан ўқиганини қайта ўқисин!” (Табароний, Хатиб)

“Фарз намоздан қазоси бор кишининг нофила намоз ўқиши туғиш вақти яқинлашганда ҳомиласини тушириб қўйган хотинга ўхшайди. Энди бу хотинга ҳомиладор ҳам, она ҳам деб бўлмайди. Бу киши ҳам шундай бўлиб, фарз қазоларини ўтамагунича Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул этмайди.” (Зоҳира-и фиқҳ, Футуҳ-ул-ғайб)

Расулуллоҳ бир кеча охирида уйқуга кетиб, қуёш чиққунча уйғона олмадилар. Уйғондилар ва қуёш кўтарилганидан кейин қазосини ўқидилар. (Насоий)

Унутиб ўқилмай қолган намознинг қазоси ўқиладию қасддан ўқилмаган намознинг нима учун қазоси ўқилмасин? Унутганимизда намоз зиммамиздан авф этилмайди-ю, қасддан тарк этганимизда қанақасига қазосини ўтамасдан авф этилиши мумкин?

Улуғ олим Ибни Нужаймдан, қазо намози бор бўлган кимса суннатларни ўқиётганида қазога ният қилиб ўқиса, суннатларни тарк этган бўладими?- деб сўрашди. Унга “Суннатларни тарк этган бўлмайди. Чунки ўша вақт ичида фарздан бўлак [хоҳ нофила, хоҳ қазо] хоҳлаган бир намоз ўқилганида суннат ҳам бажарилган бўлади” деб жавоб берди. (Наводир-и фиқҳия фи мазҳаб-ил Ҳанафия, 36-саҳифа)

Суннатни ўқиётганда қазога ҳам ният қилса қазо ҳам, суннат ҳам ўқилган бўлади. (Нажот-ул мўминун, 90-саҳифа)

Исмоил Ҳаққий Бурсавий ҳазратлари айтди: «Олимлар иттифоқ билан билдирганларки, ҳеч бир нофила бир фарз қазоси ўрнига ўтмайди. Баъзи авомнинг (жоҳиллар) иддао этганидек фарзни ташлаб қўйиб, нофила билан шуғулланиш, масалан, аввобин намози фарз қазолари ўрнига ўтади деб даъво қилишнинг динда ўрни йўқ.» (Руҳ-ул баён, 3/127)

Имоми Раббоний ҳазратлари айтганлар: «Фарзнинг ёнида суннатларнинг, суннатларнинг ёнида эса нофила ибодатларнинг ҳеч қиймати йўқ. Денгиз ёнидаги бир томчидай ҳам эмас.» (1/29)

Ҳазрати Абу Бакр ҳазрати Умарга “Фарз ибодатлар адо этилмасдан кишининг нофила ибодатлари қабул бўлмайди” дедилар. (Китоб-ул ҳараж)

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари: «Бир неча йиллик қазоси бор кишининг суннатларни ўқиётганида қазо намозга ҳам ният қилиши, тўрт мазҳабда ҳам лозим. Бомдод намозидан бўлак тўрт вақт намознинг суннатлари ва жума намозининг илк ва охирги суннатларини ўқиётганда ўқилмаган фарз намозини ҳам ҳамда шом билан хуфтоннинг сўнгги суннатини ўқиётганда уч ракъат шом ва витр намозининг қазосини ўқишга ният қилиш керак. Шундай эканлигини исбот қилувчи далиллар Ҳанафий олимларининг китобларида жуда кўп» деб айтганлар. (Саодати абадия)

Аллоҳу таоло “Менга фарз билан яқинлашилади”, Расули ҳам “Қазоси бор кишининг нофиласи қабул бўлмайди” деб марҳамат қилиб, олимлар ҳам “Қазоси бўлган кишининг суннат ва нофила ўқиши аҳмоқлик”, “Суннатлар фарз ёнида денгиз олдидаги томчидек ҳам эмас” деб айтиб турганида бир узр билан ўқий олмаган намоз билан қасддан тарк этилган намозни бир деб ўйлаган жоҳиллар Аллоҳу таолонинг амри бўлган фарзни тарк эттириб, духо, таҳиятул масжид, тасбиҳ, таҳажжуд, субҳа намози каби нофилаларни ўқитишга уринмоқда. Бир киши умрида ушбу нофилаларни ўқимаса, охиратда жазога дучор бўлмайди. Лекин бир фарзни тарк этишнинг жазоси жуда оғир.

Дуҳо, таҳажжуд, аввобин каби нофила намоз ўқимоқчи бўлганлар шу вақтларда қазо намоз ўқиса, ушбу нофилаларни ҳам ўқиган бўлади. Агар уларга ҳам ният қилса, ният савобига ҳам эришади.

Савол: “Қассобга қарзи бор кишига гўшт ейиш зарар бермаганидек, қазоси борларнинг нофила ўқишининг ҳам зарари йўқ” дейилади. Бу нотўғри эмасми?

Жавоб: Қул ҳақи жуда муҳим. Ҳадиси шарифларда бундай марҳамат қилинган:

“Қарзини ўтамай, кечиктириш зулмдир.” (Бухорий)

“Қарзини тўламаган жаннатга кира олмайди.” (Насоий)

Дарров тўлаши керак бўлган қарзи бор бўла туриб, қарзини тўламай гўшт ёки қимматбаҳо нарсалар еган киши биринчи ҳадиси шарифга кўра зулм қилган бўлади. Зулм эса ҳаромдир. Аввал қарзини тўлаши лозим. Қул ҳақини менсинмаслик жуда хавфли. Қул ҳақи ўталмагунча жаннатга кирилмайди. Қарзини тўлагунгача қиммат егуликлар емаслик ва қимматбаҳо ашёлардан фойдаланмаслик лозим. Фиқҳ олими Абуллайс Самарқандий ҳазратлари: "Қарздор одам қарзини тўламагунча ёғлиқ ва сиркали овқат ея олмайди" деб айтганлар. (Танбиҳ-ул-ғофилин)

Қассобдан, баққолдан қарзи бор киши торт ёки кабоб ея олмаганидек, ёғли ёки сиркали таом ҳам ея олмайди. Ейдиган бўлса, қарзини тўлашни кечиктирган бўлади. Шунингдек, қазоси бўла туриб нофила ўқиган кимсанинг ҳам қазолари ўталган бўлмайди. Фарз қазоси бор кишининг нофиласи, суннати қабул бўлмайди. Зиммасида қул ҳақи бор кишининг ҳам берган садақалари қабул бўлмайди. Бухорийдаги ҳадиси шарифда “Қарзи бўла туриб, берилган садақа қабул бўлмайди” деб марҳамат қилинган. Чунки қарзни ўташ фарз, садақа бериш эса нофила. Қазоси бор кишининг нофила ўқиши ҳам шундай. Закот қарзи бўлган бўлган кишининг ҳам садақаси қабул бўлмайди. Имоми Раббоний ҳазратлари айтганларки: «Закот нияти билан фақирга бир олтин бериш юз минг олтин садақа беришдан кўра савоблироқ. Чунки закот бериш фарзни бажаришдир. Садақа эса нофила. Фарз ибодат ёнида нофила ибодатларнинг умуман қиймати йўқ. Денгиз ёнида томчидай ҳам эмас. Шайтон одамларни алдаб, қазони ўқитмай, нофилаларни чиройли қилиб кўрсатмоқда.» (3/17)

Шайтонга ва шайтонга бўйсунган домлаларга эътибор бермаслик лозим. Фарзни кечиктириш фақатгина закот ва фарз намознинг қазосига эмас, балки барча фарзларга тегишли. Фарз бўлган рамазон рўзаси ҳам шундай. Бир ҳадиси шарифда “Рамазонда бир кун рўза тутмаган одам унинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам ўша бир кунлик савобга эриша олмайди” деб марҳамат қилинган. Бу ҳадиси шариф фарзни ўз вақтида бажармасликнинг зарарини билдирмоқда. Айниқса фарзни қўйиб, нофилалар билан овора бўлишдай аҳмоқлик бўлмайди. Аҳмоқликни тавсия қилаётган чаламуллаларга эътибор бермаслик лозим.

Савол: Бир домла “Бир киши “Қазо ўқишга ният қиляпман” ёки “Қазоларимни ўқишга ҳаракат қиламан” деса, қазо намозни ўқишининг ҳожати йўқ, барчаси авф этилади. Агар "Қазоларимни ўтамоқчиман" деса, у ҳолда барчасини ўташга мажбур бўлади” дейди. Бу сўзларни айтса ҳам, айтмаса ҳам қазоси бор кишининг қазоларини ўташи фарз эмасми?

Жавоб: Албатта фарз. Дин номидан ундай хурофотлар тўқиб чиқарадиганларнинг сўзларига эътибор бермаслик лозим.