Савол: Бир мулла “Қазоси бор киши вақтнинг суннатлари билан бирга ишроқ, духа, аввобин, таҳажжуд, субҳа, таҳиятул масжид каби нофила намозларни ҳам асло ташлаб қўймайди. Нариги уч мазҳабда қазоси бор кишининг суннат ва нофилаларни ўқиши ҳаром бўлса ҳам, Ҳанафий мазҳабида ушбу нофила намозларни албатта ўқиши лозим. Устозларимиз бу намозларни вақтида ўқимай одобсизлик қилган кимса буни тузатаман деб бу сафар суннатларни ва нофилаларни ўқимасдан бошқа бир хатога йўл қўйиши асло дуруст эмас дедилар” деяпти. Шунчалик ҳам жоҳиллик бўладими? Фарз билан суннат ёки нофилани тенглаштириб бўладими? Ҳатто нофила фарздан устун тутиладими? Бир инсон умрида ишроқ, духа каби нофила намозларни ўқимаса, охиратда сўроққа тортиладими? Лекин бир вақт фарз намозини ўқимаса, катта гуноҳга кирмайдими? Нофилалардан аввал фарз қазосини ўташга, яъни фарзни ўқишга одобсизлик дегани нимаси? Фарзни ўқимаслик ҳаромми ёки одобсизликми? Фарзга бундай енгил қараш куфр бўлмайдими?
Жавоб: Бу муаллиф ҳақиқатан қип-қизил жоҳил экан. Фарзни тарк этишга одобсизлик дейиш хоинлик бўлмаса, жоҳилликнинг, аҳмоқликнинг ўзгинаси. Одобсизлик гуноҳ эмас. “Жомиул фатаво” китобида «Душман қаршисида бир фарз намозни ўқиш имкони бўлиб туриб, уни тарк этишнинг жазоси 700 катта гуноҳга тенг» деб айтилган. Шунчалик катта гуноҳга қайси мусулмон одобсизлик деб айта олади?
Қазога қолган намозларни кечиктириб суннатларни ўқиш Аллоҳу таолонинг фарз бўлган амрини кечиктириш бўлади. Севгининг аломати амрига итоат қилиш, амрини кечиктирмасликдир. Аллоҳни севадиган киши Унинг фарз бўлган амрини кечиктирмайди.
Жаноби Расулуллоҳ фарз намозга енгил қараб, аҳамият бермай, фақатгина одобсизлик деб ҳисоблаб тарк этган кимсанинг кофир бўлишини билдирганлар. Бир нечта ҳадиси шарифнинг маъоли қуйидагича:
“Намозни қасддан тарк этган кофирдир.” (Табароний)
“Биз билан кофирлик орасидаги фарқ намоздир. Намозни тарк этган кофир бўлади.” (Насоий)
“Намоз ўқимаган кишининг мусулмонлиги йўқ.” (Баззор)
“Намоз диннинг устунидир. Тарк этган кимса динини йиқитган бўлади.” (Байҳақий)
“Намозни тарк этган кимсанинг бошқа ибодатлари қабул бўлмайди.” (Абу Нуайм, Исфаҳоний)
“Беш вақт намозни тарк этган кимса Аллоҳнинг ҳифз ва омонлигидан маҳрум бўлади.” (Ибн Можа)
Бу ҳадиси шарифлар туфайли уч ҳақ мазҳаб намоз ўқимаганларга ўлим жазоси берилишини билдирган, фақатгина Ҳанафий мазҳаби қамоққа олиниб, намоз ўқигунича дарра урилишини амр этган.
Жаноби Пайғамбаримиз намоз ўқимаган кимсага кофир деб турганларида бу муллачалишнинг ишга енгил қараб, одобсизлик дейиши авф этиладиган айб эмас. Дарҳол тавба қилиши, таждиди иймон ва таждиди никоҳ қилиши шарт.
Фарзнинг диндаги аҳамияти жуда катта. Бу ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Сочлари тўзғиган биттаси келиб жаноби Расулуллоҳга саволлар берди:
— Ислом нима?
— Биринчиси, кунда беш вақт намоз ўқиш...
— Бешдан кўп эмасми?
— Йўқ, нофила ўқишни истаган ўқиши мумкин. Бундан ташқари йилда бир ой Рамазон рўзаси бор.
— Ундан бошқа рўза йўқми?
— Нофила сифатида рўза тутишни истаган тутиши мумкин. Яна бадавлатлар учун закот бор.
— Ундан ортиғи йўқми?
— Истаган нофила сифатида садақа бера олади.
Бу одам “Валлоҳи, бундан ортиқча ҳам, кам ҳам қилмайман” деб у ердан кетди. Расулуллоҳ марҳамат қилдиларки: “Бу сўзида турадиган бўлса, нажотга эришди.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий)
Ислом олимлари бу ҳадиси шарифларни далил келтириб, суннат ва нофила ўқимаганларнинг охиратда жазоланмаслигини, фақатгина савобидан маҳрум қолишини билдирганлар. Фарзнинг аҳамияти ҳақида баъзи ҳадиси шарифлар маоли:
“Фарз намоздан қазоси бўлган кимсанинг нофила намозлари қабул бўлмайди.” (Дуррат-ул фаҳира)
Фарзни ўқиш имкони бўлиб туриб, кечиктириб нофила билан машғул бўлганда фарзни кечиктириш гуноҳи катта бўлади. Бу гуноҳдан озгина нофила савоби чиқарилса, барибир ўртада катта гуноҳ қолади. Шунинг учун жаноби Пайғамбаримиз нофиласи қабул бўлмайди, деб марҳамат қилдилар.
“Қарзи бор кишининг берган садақаси қабул бўлмайди.” (Бухорий)
Қарзни тўлаш фарздир. Садақа бериш эса нофиладир. Фарз қазосини кечиктириш ҳам гуноҳ бўлади. Бу жиҳатдан берган садақанинг савоби кечиктириш гуноҳини авф эттира олмаслиги денгиздан томчи бўлгани учун қабул бўлмайди дейилди.
“Аллоҳу таоло “Бандам фарз билан менга яқинлашганидек ҳеч нарса билан яқинлаша олмайди” деб буюрди.” (Бухорий, Байҳақий, Уйун-ул басоир)
Яъни Аллоҳу таолонинг розилигига эришиш учун аввало фарзларни адо этиш шарт.
“Энг устун амал жиҳоддир. Энг устун жиҳод эса фарзларни адо этишдир.” (И.Аҳмад, Табароний)
“Аллоҳ наздида энг устун амал вақтида ўқилган намоздир.” (Муслим, Абу Довуд)
“Энг устун амал фарз намоздан кейин закотдир.” (Табароний)
“Ё Фотима, аввало Раббининг фарзини бажаргин.” (Абу Довуд)
Аввало фарзни адо этиш амр этилмоқда, аввал суннат ва нофила дейилмаяпти.
“Аллоҳу таолонинг сенга фарз қилган ишларини адо этгинки, инсонларнинг энг обиди бўласан.” (И.Адий)
Кўп нофила ибодат қилган эмас, фарзларни оқсатмаган киши инсонларнинг энг кўп ибодат қилгани бўлади.
“Ўрганган фарзлари билан амал қилганга ва бошқасига ўргатган кишига Аллоҳу таоло раҳмат этсин.” (Абу-ш-шайх)
“Фарз намоз учун чиройли таҳорат олса, шу куни оёқлари юрган, қўллари тутган, кўзлари қараган, қулоқлари эшитган, нафси орзу қилган ёмон нарсалар авф бўлмайдиган мусулмон йўқ.” (И.Асокир)
“Қиёматда адо этган фарзлар билан тўлиб келган кишига муждалар бўлсин!” (Дайламий)
“Жиҳод учун ташланган қадам билан бир фарзни адо этиш учун ташланган қадамдан устун нарса йўқ.” (Термизий)
“Аллоҳу таоло “Беш вақт фарз намозни шартларига амал қилган ҳолда вақтида ўқиган кишини жаннатга киритишга сўз бердим. Ўқимаганга берган сўзим йўқ” деб буюрди.” (И.Можа, Абу Довуд)
“Рамазонда бир кун рўза тутмаган кимса, бунинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам ўша бир кунги савобга эриша олмайди.” (Термизий)
Фарз рўзани қазо этганда рўза қарзидан қутулади. Лекин фарзни ўз вақтида бажариш савобига эриша олмайди. Ҳатто умр бўйи нофила рўза тутса ҳам, бир фарзни ўз вақтида бажариш савобига эриша олмайди. Фарзнинг қанчалик аҳамиятли эканлигини ушбу ҳадиси шариф очиқча билдирмоқда.
“Фарзлардан кейин энг фазилатли намоз кечаси ўқилган таҳажжуд намозидир.” (Муслим, Ибни Можа, Абу Довуд, Термизий, Насоий)
Жуда қийматли суннат бўлган таҳажжуд намозини умрида ҳеч ўқимаса, охиратда ҳеч қандай жазо берилмайди. Фақатгина савобидан маҳрум қолади. Лекин бир фарзнинг таркининг жазоси жуда катта.
Фиқҳ китобларида айтиладики:
«Душман қаршисида бир фарз намозни ўқиш имкони бўла туриб тарк этишнинг жазоси етти юз катта гуноҳга тенг.» (Жоми-ул фатаво, Умдат-ул ислом)
«Фарз намозларни қазога қолдириш катта гуноҳ. Имкони бўла туриб қазосини ўқимаса, яна алоҳида бир гуноҳ ишлаган бўлади.» (Кабоир ва сағоир)
Фарз қазоси бор кишининг нофила билан машғул бўлиши фарзни кечиктиргани учун гуноҳ бўлади. Ҳазрати Али ривоят қилган ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Фарз намоздан қазоси бўлган кишининг нофила намоз ўқиши туғиши яқинлашганда ҳомиласини тушириб олган хотинга ўхшайди. Энди бу хотинга ҳомиладор ҳам, она ҳам деб бўлмайди. Бу киши ҳам шундай бўлиб, фарз қазоларини ўтамагунича Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул этмайди.” (Зоҳира-и фиқҳ, Футуҳ-ул-ғайб)
Ҳанафий олимларидан Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари бу ҳадиси шарифни шундай изоҳлаган: «Бу ҳадиси шариф кўрсатиб турибдики, фарз қазоси бор кишининг суннатлари ҳам қабул бўлмайди. Чунки суннатлар ҳам нофиладир.» (Футуҳ-ул-ғайб шарҳи)
Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари айтдилар:
“Фарз намоз қарзи бор кишининг нофиласи қабул бўлмайди” ҳадиси шарифи кўрсатадики, фарз қазоси бўла туриб, нофила билан машғул бўлиш аҳмоқликдир. Қазоси бор кишининг нофила ўқиши қарзи бор кимсанинг қарзини тўлаш ўрнига совға беришига ўхшайди. Бу албатта қабул бўлмайди. Мўмин худди тижоратчига ўхшайди, фарзлар унинг сармояси, нофилалар эса даромадидир. Сармоя қутқарилмасдан даромад кўрилмайди. (Футуҳ-ул-ғайб, 48-мактуб)
Ҳазрати Абу Бакр ҳазрати Умарга қилган васиятида бундай деганлар:
“Аллоҳнинг кечаси қилишинг лозим бўлган ҳаққини кундуз ва кундуз қилишинг лозим бўлган ҳаққини кечаси қилсанг, қабул этмайди. Зиммангга фарз бўлган ибодатларни бажармасдан нофила ибодатларни қабул этмайди.” (Китоб-ул хараж)
Имоми Раббоний ҳазратлари айтдилар: «Фарз ёнида нофилалар қийматсиздир. Суннатларнинг фарзлар ёнидаги қиймати денгиз ёнидаги бир томчи сувчалик ҳам эмас. Малъун шайтон мўминларни алдаб, фарзларни аҳамиятсиз қилиб кўрсатиб, нофилага ташвиқ қилади. Ҳолбуки бир олтин закот бериш юз минг олтин садақа беришдан савоби кўпроқ.» (Мактуботи Раббоний, 1/29; 1/260; 3/17)
Бир неча йиллик фарз қазоси бор кишига суннатларни қолдирма дейиш, денгиздан айрилсанг айрил, лекин томчидан айрилма дегандек аҳмоқона сўздир. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтганларки: «Бир неча йиллик қазоси бор кишининг суннатларни ўқиётганида қазо намозга ҳам ният қилиши, тўрт мазҳабда ҳам лозим.» (Саодати абадия)
«Суннат ўрнига қазо ўқиган киши суннатни тарк этган бўлмайди.» (Ашбоҳ)
«Ҳеч қазоси бўлмаган кишининг ҳам қазо ўқиши жоиздир.» (Радд-ул мухтор, Ҳиндия)
“Руҳ-ул баён”да Анъом сурасининг 165-оятининг тафсиридаги ҳадиси шарифда билдирилдики:
Қиёматда нафақасини ҳалол йўлдан топган кишига бундай дейилади:
- Бу молларни топаётганда ва сарфлаётганда фарз намозларни вақтида ўқидингми? Намознинг рукуъини, саждасини ва таҳоратдаги фарзларини тўлиқ бажардингми?
- Ё Рабби, ҳалолдан топиб, ҳалол жойларга сарфладим. Ҳеч бир фарзни тарк этмадим.
- Ҳалолдан пул топаётганингда ҳеч қандай хатоларинг бўлмадими?
- Ё Рабби, ҳалолдан топдим ва ҳалол йўлларга сарфладим, ҳеч бир фарзни тарк этмадим. Фарзларни бажараётганда ихлосимга зарар етказмадим. (Руҳ-ул баён, 3/132)
Олимлар иттифоқ билан билдирганлар:
«Рағоиб ва равотиб амаллар билан вожиблар савобда, ҳукмда ва устунликда фарзга тенглаша олмайди. Суннатлар ўқилган фарзларнинг камчиликларини тамомлайди. Ҳеч бир нофила билан фарз қазоси ўталмайди. Баъзи авомнинг (жоҳилларнинг) иддао этганидек фарздан воз кечиб нофила билан шуғулланганларнинг масалан, аввобин намози фарз қазолари ўрнига ўтишини даво қилишларининг динда асоси йўқ.» (Руҳ-ул баён, 3/127)
Фарзларга аҳамият бериб, дангасалик қилиб бажармаган кимсанинг иймони кетмайди. Лекин бир фарзни бажармаган мусулмон иккита катта гуноҳга ботади:
Биринчиси, бир фарзнинг вақтини ибодатсиз ўтказиш, яъни фарзни кечиктириш гуноҳи. Бунинг авф бўлиши учун тавба қилиш, яъни гуноҳига пушаймон бўлиши лозим.
Иккинчиси бир фарзни тарк этиш гуноҳидир. Бу катта гуноҳнинг авф этилиши учун бу фарзни дарров қазосини ўташ керак. Қазони кечиктириш ҳам алоҳида катта гуноҳ бўлади. Қазо кечиккан сайин гуноҳлар қат-қат ортиб, ҳисобига етиб бўлмайдиган даражага кўпайиб кетади. Ҳадиси шарифда “Бир намозни билиб-туриб, узрсиз ўқимаган кимса саксон ҳуқба [1 ҳуқба=80 йил] жаҳаннамда қолади” деб марҳамат қилинган. Бу мудҳиш гуноҳлардан қутулиш учун фарз намозлар қазосини бир он бўлса ҳам эртароқ ўташ лозим. (Тарғиб-ус салот)
Ибни Нужайм ҳазратлари айтганларки: «Фарз намозларини вақтидан кейинга қолдириш катта гуноҳ бўлиб, фақат тавба қилиш билан авф этилади. Тавба қилаётганда ўқимаган намозларни қазо этиш лозим. Қазосини ўқишга имкони бўла туриб, ўқимаса, яна алоҳида катта гуноҳ бўлади.» (Кабоир ва сағоир)
Барча фиқҳ китобларида қазо намози деганда, фоита, яъни ўқий олмаган намозлар назарда тутилган. Чунки бир мусулмон намозларини атайлаб тарк этмайди. Лекин ухлаб қолиш, унутиш каби узрли сабаблар билан ўқий олмаслиги мумкин. Шу жиҳатдан ўқий олмаган намозлари сони ҳар доим кам бўлади. Бугунги кунда эса, атайлаб тарк этилган намозлар сони жуда кўп. Бир узр билан ўқилмай қолган намоз билан қасддан, узрсиз тарк этилган намозларнинг ҳукми бирдек эмас. Намозларини юқорида билдирилган бир узр билан қазога қолдириш гуноҳ бўлмагани учун буларнинг қазоларини, суннатларни ва бошқа нофилаларни ўқийдиган даражада кечиктириш гуноҳ бўлмайди. Ухлаб қолиш, унутиш каби бир узр билан ўқилмай қолган, яъни фавт этилган (қўлдан чиқарилган) намозларнинг ҳукми қуйидагича:
«Фавт бўлган намозларни қазо этиш нофила ўқишдан яхши бўлса ҳам беш вақт намознинг суннатларини ва ҳадиси шариф билан мадҳ этилган дуҳо, тасбиҳ, таҳиятул масжид каби маълум намозларни ўқиш бундай эмас. Вақтнинг сннатлари билан ушбу нофилаларни ўқиш қазо ўқишдан афзалдир.» (Радд-ул мухтор, Халабий, Ҳиндия)
Тарк этилган намознинг ҳукми эса қуйидагича:
«Улуғ олим Ибни Нужаймдан қазо намози бор кимса суннатларни ўқиётганида қазога ният қилиб ўқиса, суннатларни тарк этган бўладими? деб сўрашди. Бунга “Суннатларни тарк этган бўлмайди. Чунки ўша вақт ичида фарздан бўлак [хоҳ нофила, хоҳ қазо] хоҳлаган намоз ўқилганида суннат ҳам бажарилган бўлади” деб жавоб берди. (Наводир-и фиқҳия фи мазҳаб-ил Ҳанафия, 36-саҳифа)
Ҳамза афанди ҳазратларининг “Бай ва ширъа” рисоласининг шарҳида «Сафарга чиқишдан олдин икки ракъат намоз ўқиш лозим. Қазога қолган намози бор бўлса, икки ёки уч вақт намозининг қазосини ўқиш керак. Чунки қазоси бўла туриб нофила ўқиш аҳмоқликдир» деб айтилган.
«Суннатни ўқиётганда қазога ҳам ният қилса қазо билан бирга суннат ҳам ўқилган бўлади.» (Нажот-ул мўминун, 90-саҳифа)
Беш вақт намознинг суннати дегани Расулуллоҳ ўқиган намоз деганидир. Бу намозларга суннат деган ном кейинроқ берилган. Расулуллоҳ беш вақт намознинг суннатларини ўқиётганда фақат “Аллоҳ розилиги учун намоз ўқишга” деб ният қилардилар. “Суннат ўқишга” деб ният қилмасдилар. Ҳар бир вақт ичида мана шу шаклда ўқилган намоз суннат номи берилган намоз бўлади. (Радд-ул мухтор, Уйун-ул басоир, Халабий)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Энг устун жиҳод фарзларни адо этишдир.” (Табароний)
“Қазо намози бор бўлган кишининг ўқиган нофила намози қабул бўлмайди.” (Дуррат-ул-фоҳира)
“Ҳамма нофила билан машғул бўлганида сен фарзларни бажар!” (Мифтоҳ-ун-нажот)
“Ҳақ таоло қулим фарз ибодат билан менга яқинлашганидек бошқа ҳеч нарса билан яқинлаша олмайди, деб буюрди.” (Бухорий)
Аллоҳу таоло “Менга фарз билан яқинлашилади”, Расули ҳам “Қазоси бор кишининг нофиласи қабул бўлмайди” деб марҳамат қилиб, олимлар ҳам “Қазоси бўлган кишининг суннат ва нофила ўқиши аҳмоқлик”, “Суннатлар фарз ёнида денгиз олдидаги томчидек ҳам эмас” деб айтиб турганида бир узр билан ўқий олмаган намоз билан қасддан тарк этилган намозни бир деб ўйлаган жоҳиллар Аллоҳу таолонинг амри бўлган фарзни тарк эттириб, духо, таҳиятул масжид, тасбиҳ, таҳажжуд, субҳа намози каби нофилаларни ўқитишга уринмоқда. Нофилалар билан одамларни машғул қилиб, фарзларни кечиктирганлар ёки фарзларни ўқитдирмаганлар улкан масъулият остидадир.
“Радд-ул мухтор”, “Халабий”, “Тахтавий” ва “Ҳиндия” каби қийматли асарларда бундай дейилган:
«Фоита [фавт этилган, яъни бир узр билан ўқий олмаган] намозларнинг қазоларини тезда ўқиб олиш керак. Фавт этилган [бирон узр билан қазога қолган] намозларнинг қазоларини ўқиш нофила намоз ўқишдан аъло бўлса ҳам ҳадиси шарифда мадҳ этилган беш вақтнинг суннатларини, духо, тасбиҳ, таҳиятул масжид, аввобин каби нофила намозларни ўқиш қазо ўқишдан афзалроқ. Яъни қазо ўқиладиган даражада кечиктириш гуноҳ бўлмайди.»
Аъло бўлишининг сабаби унутиш, ухлаб қолиш каби бир узр билан намозни қазога қолдириш гуноҳ бўлмагани учундир. Бундай кишиларнинг юқорида айтилган нофилаларни ўқиб олгунича қазоларини кечиктиришлари гуноҳ бўлмайди. Унутиб, ухлаб қолиб қазога қолдирилган намоз сони бир ёки бир неча вақт бўлиши мумкин. Масалан, бомдод намози вақтида ухлаб қолган одам қуёш чиққанидан кейин 50 дақиқа ўтгач бу намозини қазо қилади. Қазосини ўқишдан аввал духо [чошгоҳ] намозини ўқиши жоиз. Чунки бомдод намозини уйғона олмай қазога қолдириши гуноҳ бўлмаган эди. Духо намозини ўқиб олгунча кечиктириши ҳам гуноҳ бўлмайди. Шунга қарамай қазосини пешингача кечиктириши катта гуноҳ бўлади.
Намознинг қазога қолиш сабаби муҳим. Агар намоз шаръий бир узр билан қазога қолган бўлса, масалан сафарда, сел, йиртқич ҳайвон, қароқчи каби таҳлика бўлса, намозини ўтириб ёки ҳайвон устида имо билан ҳам ўқиш иложи бўлмаса, она ёки гўдак зарар кўрадиган вақтда доя ва шошилинч амалиётларда доктор намозини ўқий олмаса ва уйқу, унутиш каби бир узр билан намоз қазога қолса, юқорида айтиб ўтилган нофила намозларни ўқишнинг зарари йўқ. Чунки намознинг бир узр билан қазога қолиши гуноҳ эмас.
Суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қилганда суннат ҳам ўқилган бўлиб, тарк этилган бўлмайди. Тарк этилса ҳам суннатларни тарк этиш гуноҳ эмас. Бу хусусда дин китобларимизда билдирилганларни нақл қиламиз:
1. Ибни Ҳумом айтади: «Суннатларни ўқимаслик, савобларига ва юксак даражаларга қовуша олмасликка сабаб бўлади.»(Жавҳара, Дурр-ул мунтақо, Радд-ул мухтор, Тахтавий)
2. «Муаккад ва ғайри муаккад суннатларни тарк этиш гуноҳ эмас. Буларни тарк этган киши фақат савобларига ва юксак даражаларга эриша олмайди ҳамда таъзирланади.» (Халабий-и сағир)
3. «Бомдоднинг суннати жуда фазилатли бўлишига қарамай, ўқимаган одамга ҳеч қандай жазо билдирилмади.» (Таҳовий)
4. «Суннатларни узрсиз тарк этган кимса гуноҳга ботмаса ҳам ҳисобга тортилади, таъзирланади.» (Саодати абадия)
Узрсиз тарк этилиши ҳам гуноҳ бўлмаган суннат ва нофилаларни фарз қазосини ўташ учун тарк этиш гуноҳ бўладими? Ҳолбуки суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қилса суннатлар тарк этилмаган бўлиши юқоридаги ҳужжатлар билан очиқча билдирилган.
«Қазо намози бор киши ушбу намозни ўқиётганида қазо намозига ва суннат ҳамда нофила намозларга ҳам ният қилса, қазосини ўташ билан бирга нофила намозининг савобига ҳам эришади.» (Ислом ахлоқи)
Савол: Қазо намози бўлмаган киши чошгоҳ ва таҳажжуд намозларини қандай ўқийди?
Жавоб: Чошгоҳ вақтида ва кечаси 2, 4, 8 ёки 12 ракъат нофила намоз ўқийди. Лекин қазоси бўлмаса ҳам ҳар эҳтимолга қарши қазога ният қилиши лозим. Қазомиз бўлмаса, ўқиганларимиз зотан нофила бўлади. Яъни қазога ният қилиш билан чошгоҳ ва таҳажжуд намозлари ҳам ўқилган бўлади, ҳеч нарса йўқотмаймиз. Билдирилган вақтларда қазо намози ўқиётганда чошгоҳ ёки таҳажжуд намози деб ният қилиш шарт бўлмаса ҳам чошгоҳ ёки таҳажжуд деб ният қилинса, ният савоби ҳам қозонилади. Таҳорат олиб ўқиладиган бўлгани учун субҳа намозига, яъни таҳоратга шукр намозига ҳам ният қилинса, ният савобига қовушилади. Ният қилмаса ҳам субҳа намозини ўқиган бўлади.
Савол: Бухорийдаги бир ҳадисга кўра, суннат ва нофила намозни ўқишга мажбур эмас эканмиз. “Хоҳлаганлар ўқиши мумкин” дейилибди. У ҳолда фарз қазоси бор кишининг суннат ва нофила ўқий олмаслиги маълум бўлмоқда. Мен тўғри тушундимми?
Жавоб: Бу даврдаги биронта мусулмон ҳадиси шарифга қараб диний ҳукм чиқара олмайди. Биз мазҳабимизнинг ҳукмига амал қилишимиз лозим. Сиз айтган маънога келадиган мана бундай ҳадиси шариф бор: “Ўқишни хоҳлаганлар учун ҳар азон билан қомат орасида бир нофила намоз бор.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий)
Бу борадаги ҳадиси шарифлардан бири қуйидагича:
Биттаси келиб, жаноби Расулуллоҳдан сўради:
- Ё Расулаллоҳ, жаннатга олиб борадиган амал нима?
- Аллоҳга шерик қўшмайсан, фарзларни бажарасан, фарз бўлган намозларни ўқийсан, фарз бўлган закотни берасан, рамазон рўзасини тутасан.
- Ё Расулаллоҳ, бу айтганларингиздан бошқа қиладиган ишлар борми?
- Фарз бўлганлари шу, лекин нофила сифатида бажаришни хоҳласанг бор.
- Аллоҳга қасам ичаманки, фарзларни бажараман, ортиқчасини қилмайман.
У киши қайтиб кетаётганида жаноби Пайғамбаримиз “Жаннати бўлган кишини кўргиси келганлар шу одамга боқсин” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий)
Ислом олимлари бундай ҳадиси шарифларни ҳам далил келтириб, суннат ва нофила ўқимаганларнинг охиратда жазо кўрмаслигини, фақатгина савобидан маҳрум қолишини, лекин фарзларни қазо қилмай суннат ва нофилалар билан машғул бўлганларнинг шиддатли азобга дучор бўлишларини билдирганлар.
Узрсиз суннатларни тарк этмаслик лозим. Чунки имоми Раббоний ҳазратлари “Суннатлар фарзларнинг ёрдамчиси ва тамомловчисидир” деб айтганлар. (157-мактуб)