Савол: Закотдан қарзи туриб садақа бериш, Рамазон рўзасидан қарзи бўлиб нофила рўза тутиш ва фарздан қазоси бўлиб нофила ўқиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Чунки фарзнинг аҳамияти катта. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Энг фазилатли жиҳод фарзларни адо этишдир.” (И.Аҳмад)
“Ҳамма нофила билан машғул бўлганида сиз фарзларни бажаришга ҳаракат қилинг!” (Мифтоҳ-ун-нажот)
“Банда фарзни бажариш билан Аллоҳга яқинлашганидек бошқа ҳеч нарса билан яқинлаша олмайди.” (Байҳақий)
“Фарз намоздан қазоси бор кишининг нофила намози қабул бўлмайди.” (Дуррат-ул фаҳира)
“Қиёматда аввал намоздан сўралади. Намозлари тўғри ўқилган бўлса, қутулади. Тўғри бўлмаса, паришон қолади.” (Ҳақим)
Ҳазрати Абу Бакр ҳазрати Умарга қилган васиятида бундай деганлар: “Аллоҳнинг кечаси қилишинг лозим бўлган ҳаққини кундуз ва кундуз қилишинг лозим бўлган ҳаққини кечаси қилсанг, қабул этмайди. Зиммангга фарз бўлган ибодатларни бажармасдан нофила ибодатларни қабул этмайди.” (Китоб-ул хараж)
Имоми Раббоний ҳазратлари бундай деганлар: «Нофилаларнинг фарзлар ёнидаги қиймати уммон олдидаги бир томчидай ҳам эмас.» (260-мактуб)
«Нофила ибодат бир фарзни тарк этишга сабаб бўлса, ибодат бўлмайди, зарарли бўлади.» (123-мактуб)
Шундай экан, бир инсоннинг закотдан бир сўм қарзи бўлса, бу қарзни ўтамасдан миллионта масжид қурдирса, одамларга миллиардлаб пул садақа берса ҳам қабул бўлмайди.
Ҳеч бир узрсиз Рамазон ойида бир кун рўза тутмаган киши умр бўйи нофила рўза тутса ҳам қабул бўлмайди. Ҳатто Рамазондаги фарз рўзасини қазо этганидан сўнг, яна ҳар куни рўза тутса ҳам Рамазон ойида тутишнинг савобига эриша олмайди. Қазосини ўтаса, фақат қарзидан қутулади. Барибир Рамазонда тутганидек савобга эриша олмайди. Чунки жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар:
“Рамазонда бир кун рўза тутмаган одам унинг ўрнига бутун йил бўйи рўза тутса ҳам, ўша бир кунлик савобга эриша олмайди.” (Термизий)
Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари айтганлар: «Фарз намоздан қазоси бор кишининг нофила намоз ўқиши туғиш вақти яқинлашганда ҳомиласини тушириб олган хотинга ўхшайди. Энди у хотинга ҳомиладор ҳам, она ҳам деб бўлмайди. Бу киши ҳам шундай бўлиб, фарз қазоларини ўтамагунича Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул этмайди. Бу ҳадиси шариф кўрсатиб турибдики, фарз қазоси бор кишининг нофила билан машғул бўлиши аҳмоқликдир. Қазоси бор кишининг нофила ўқиши худди қарз олган кимсанинг қарзи ўрнига совға жўнатишига ўхшайди. Бу эса асло қабул бўлмайди. Мўмин тужжорга ўхшайди. Фарзлар сармояси, суннатлар эса даромади. Сармояни қутқармасдан фойда кўрмайди.» (Футуҳ-ул-ғайб)
«Сафарга чиқаётганда икки ракъат намоз ўқиш лозим. Қазога қолган намози бор бўлса, қазо ўқиши керак. Чунки қазоси турганда нофила ўқиш аҳмоқликдир.» (Бай ва Ширъа рисоласи)
Тўрт мазҳабнинг фиқҳ илмида мутахассис бўлган саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари "Бир неча йиллик қазоси бор бўлган киши суннатларни ўқиётганида қазога ният қилиб ўқиши лозим. Бундай ният қилиш тўрт мазҳабда ҳам лозим" деганлар.
Суннатларни ўқиётганда қазо намозга ҳам ният қилиш кераклиги Траблус фатво амини Рамиз-ул-мулкнинг "Аш-шиҳоб"даги фатвосида мазкур. “Татархония” китобида «Суннат ўқиётганида қазо намозига ҳам ният қилиш афзалдир» дейилган. (Уйун-ул-басоир, 103-саҳифа)
«Суннатларни ўқиётганда қазога ният қилинса, суннатлар ҳам қабул бўлади.»(Фатавои кубро)