Суннат намоз дегани нима?

Савол: Жамоатга етиб олиш учун баъзан асрнинг илк суннатини 2 ракъат қилиб ўқиш жоиз дейилди. Ундан ташқари, шомнинг 2 ракъат суннати ўрнига 3 ракъат қазо ўқиш, хуфтоннинг сўнгги 2 ракъат суннати ўрнига 3 ракъат витр қазосини ўқиш жоизми? 3 ракъатлик нофила намоз бўлмагани учун суннатни тарк этган бўлмаймизми? “Саодати абадия” китобида бу ҳақида маълумот борми?

Жавоб: Фарзнинг ёнида хоҳлаган бир намоз ўқилганда суннат ҳам ўқилган бўлади. Ракъат сони муҳим эмас. Яъни асрнинг илк тўрт ракъат суннати ўрнига шомнинг уч ракъатлик қазоси ёки бомдоднинг икки ракъатлик қазосини ҳам ўқиш мумкин. Қазоси йўқ киши ҳам шундай ўқиса, суннатни тарк этган бўлмайди.

Бу мавзуда “Саодати абадия” китобининг қазо намози бобида ўтган қисмлардан баъзилари қуйида келтирилган:

1. Улуғ олим Ибни Нужаймдан бир киши “қазога қолган намозларини бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон намозларининг суннатлари ўрнига қўйиб ўқиса, бу киши суннатларни тарк этган бўладими?”, деб сўради. Бунга жавобан “Суннатларни тарк этган бўлмайди, чунки ўша вақт ичида фарздан бошқа [хоҳ нофила, хоҳ қазо] ҳар қандай намоз ўқилганида суннат бажарилган бўлади” дедилар. “Наводир” китобида бундай дейилган: «Суннат ўрнига қазо ўқиш билан суннат ҳам бажо келтирилган бўлади. Қазоси бор бўлганлар ҳар намоз вақтида ўша вақтнинг фарзидан ташқари (қазо) намоз ўқиганлари учун, суннатни бажарган бўлади.» 

2. “Ашбоҳ” китобида бундай дейилган: «Беш вақт намознинг одинги ва кейинги суннатларини, яъни муаккад суннатларни ўқиётганда албатта "суннатга" деб ният қилиш шарт эмас. Равотиб суннатлар нофила нияти билан ёки ёлғиз намозга ният қилиш билан ҳам саҳиҳ бўлади. Яъни ўша вақтнинг суннати бўлади. Алоҳида суннат деб ният қилишга ҳожат йўқ. Масалан, имсок (фажр) кирмасдан таҳажжуд нияти билан икки ракъат намоз ўқиса, кейин имсок кириб қўйгани маълум бўлса, бу намоз бомдоднинг одинги суннати ўрнига ўтади. Таровиҳда ҳам таровиҳ эканлигига ният қилиш шарт эмаслиги маълум. Шунингдек, пешиндан қазоси бўлмаган киши жума намозидан кейин ўқийдиган тўрт ракъат намозига “Вақтига улгуриб, ўқий олмаган охирги пешинни ўқишга” деб ният қилса, охирги жума намозининг саҳиҳ эканлиги аниқ бўлса, соғлом ва саҳиҳ хабарга кўра, ушбу тўрт ракъат, жуманинг суннатига айланади.

Нофилалар билан ротиба суннатлар, фақат намоз ўқишга ёки суннатдан бошқа хоҳлаган бир намоз ўқишга ният қилиш билан саҳиҳ бўлади.» Кўриниб турибдики, намоз вақти ичида ўша вақтнинг фарзидан бўлак ўқилган ҳар қандай намоз [масалан қазо намози] ўша вақтнинг суннати ҳам бўлади.

Ибни Обидин намозда ниятни тушунтириб бундай дейди: «Улуғ олимларга кўра, фақат "намоз ўқишга" деб ният қилиниб ўқилган суннат саҳиҳ бўлади. Чунки беш вақт намознинг суннати дегани - жаноби Пайғамбаримиз ўқиган намоз деганидир. Бу намозларга суннат номи кейинроқ берилган. Расулуллоҳ беш вақт намознинг суннатларини ўқиётганларида фақат “Аллоҳ розилиги учун намоз ўқишга” дердилар. “Суннат ўқишга” деб ният қилмасдилар. Ҳар вақтнинг ичида мана шу тарзда ўқилган ҳар бир намоз суннат номи берилган намоз бўлади.»

«Беш вақт намознинг суннатлари ва таровиҳ намози аслида нофила намоздир. Буларни ўқиётганда фақат "намозга" деб ният қилиш кифоя.»

«Масжидга кирганда икки ракъат намоз ўқиш суннатдир. Бунга “Таҳиятул масжид”  намози дейилади. Масжидга кирган киши фарз, суннат ва ҳар қандай намоз ўқиса, таҳиятул масжидни ҳам ўқиган бўлади. Ўқилган намозларда таҳиятул масжид деб алоҳида ният қилишга ҳожат йўқ.»

3. Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтганлар: «Суннат намози дегани фарздан бўлак ўқиладиган намоз деганидир. Фарздан аввал ёки кейин суннат ўрнига қазо ўқиган киши ушбу қазо намози билан суннат таърифига мос келгани учун суннатни ҳам ўқиган бўлади.» (Ислом ахлоқи)

Хулоса: Пешиннинг илк суннати ўрнига, аср, шом, хуфтон ёки бомдоднинг қазосини ўқиган киши суннатни ҳам ўқиган бўлади. Нима учун пешин намозининг илк суннати ўрнига пешин фарзининг қазосини ўқиш керак деб айтяпмиз. Чунки шундай қилганда ҳисоблаш қулай бўлади. Мана шу тарзда бир киши бир йилда ортиқча вақт сарфламасдан бир йиллик қазосидан ҳам қутулади. Аралаштириб ўқийдиган бўлса, яъни пешиннинг суннати ўрнига шом қазосини ўқиса, аср суннати ўрнига бомдод қазосини ўқиса қазоларини ҳисоблаш қийин бўлади.

Қомат айтилганда ёки имом намозни бошлаганда ҳеч қандай суннат ўқилмайди. Жамоатга улгуриш имкони бўлса, бомдоднинг суннати алоҳида бир жойда ўқилади. Алоҳида жой бўлмаса, у ҳам ўқилмайди. Яна “Саодати абадия” китобида айтиладики: «Жамоат билан намоз ўқилаётганда нофила намозни бошлаш макруҳдир.»

Фарз бошлаш арафасида жамоат орасида асрнинг суннатини ўқиш макруҳ бўлади. Агар икки ракъат ўқигач, улгуриш имкони бўлса, икки ракъат бомдод намозининг қазосини ўқиши лозим.