Савол: Суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қилса, суннат ҳам ўқилган бўлади, суннатлар тарк этилган бўлмайди. Суннатни умуман ўқимаса гуноҳ бўлмайдими?
Жавоб: Бу борада дин китобларимизда нақл этилганларни билдирамиз:
1. Ибни Ҳумом айтади: «Суннатларни ўқимаслик савобларга ва юксак даражаларга эриша олмасликка сабаб бўлади.» (Жавҳара, Дурр-ул мунтақо, Радд-ул мухтор, Тахтавий)
2. «Муаккад ва ғайри муаккад суннатларни тарк этиш гуноҳ эмас. Буларни тарк этган киши савобларга ва юксак даражаларга қовуша олмайди ҳамда озорланади.» (Халабий-и сағир)
3. «Бомдод намозининг суннати жуда фазилатли бўлишига қарамай, ўқимаган учун бир жазо билдирилмаган.» (Таҳовий)
4. «Суннатларни узрсиз тарк этган киши гуноҳкор бўлмаса ҳам, ҳисобга тортилиб, озорланади.» (Саодати абадия)
Бир ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинди:
“Сочлари тўзғиб кетган бир киши келиб, Расулуллоҳдан сўради:
— Ё Расулаллоҳ, ислом нима?
— Кунда беш вақт намоз ўқишдир.
— Бешдан кўп эмасми?
— Йўқ, нофила ўқишни истаган ўқиши мумкин. Бундан ташқари йилда бир ой Рамазон рўзаси бор.
— Бундан бошқа рўза йўқми?
— Нофила сифатида рўза тутишни истаган тутиши мумкин. Яна бадавлатлар учун закот бор.
— Бундан ортиғи йўқми?
— Истаган нофила сифатида садақа бера олади.
— Валлоҳи, бундан ортиқча ҳам, кам ҳам қилмайман.
— Буларни ишлаган мўмин қутулади.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий)
Бу ҳадиси шарифни асос қилиб олган баъзи олимлар нофила ибодатлар бажарилмаса ҳам, суннатлар адо этилмаса ҳам, фарзларни нуқсонсиз бажариш лозимлигини билдирганлар. Бу билан бирга беш вақт намознинг суннатларини узрсиз тарк этмаслик лозим, чунки бажарилган фарздаги нуқсонлар ушбу суннатлар билан тамомланади. Қазоси бор бўлган киши суннат ва нофила ўқиётганида қазога ҳам ният қилиши лозим. Фарзнинг аҳамиятини билдирадиган бир нечта ҳадиси шариф:
“Энг фазилатли жиҳод фарзларни бажаришдир.” (И.Аҳмад)
“Ҳамма нофилалар билан машғул бўлганида сиз фарзларни бажаришга ҳаракат қилинг!” (Мифтоҳ-ун-нажот)
“Банда фарзни бажариш билан Аллоҳга яқинлашганидек бошқа ҳеч нарса билан яқинлаша олмайди.” (Байҳақий)
“Фарз ибодатларни бажарган киши инсонларнинг энг обиди бўлади.” (Ибни Адий)
“Қазога қолган намозлари бор бўлган кимсанинг нофила намозлари қабул бўлмайди.” (Дуррат-ул фоҳира)
Ҳазрати Абу Бакр айтганлар: «Аллоҳу таоло фарздан қарзи бор бўлган кишининг нофила ибодатини буларни ўтамагунича қабул қилмайди.» (Китоб-ул ҳараж)
Имоми Раббоний ҳазратлари айтганлар: «Нофилаларнинг фарз ёнидаги қиймати уммон ёнида бир томчидай ҳам эмас.» (Мактубот 1/260)
«Нофила ибодат бир фарзни тарк этишга сабаб бўлса, ибодат эмас, зарар бўлади.» (Мактубот 1/123)
Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари айтганлар:
«“Қазога қолган фарз намозлари бор бўлган кимсанинг нофила намозлари қабул бўлмайди” ҳадиси шарифи кўрсатиб турибдики, фарздан қазоси бўлганларнинг нофилалар билан машғул бўлиши аҳмоқликдир. Фарз қазоси бор бўлганнинг нофила ўқиши қарздор кишининг қарз берган одамга совға юборишига ўхшайди. Бу эса албатта қабул бўлмайди. Мўмин худди тужжорга ўхшайди. Фарзлар сармояси, суннатлар эса даромади. Сармояни тикламагуча даромад келмайди.» (Футуҳ-ул-ғайб)
«Фарзни тарк этиш каби қазо ўқишни кечиктириш ҳам катта гуноҳ бўлади. Суннатлар ўқилаётганда қазога ҳам ният қилинмаса, фарз бўлган қазо намозлари кечиктирилган бўлиб, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қилиш лозим. Шунда суннатлар ўқилганидек қазоси ҳам ўталган бўлади.» (Наводир-и фиқҳия)
Савол: Суннатларни тарк этиш кичик гуноҳ, бу ишда ўжарлик қилиб туриб олса, катта гуноҳ бўлади, дегани нима?
Жавоб: Одатда кичик гуноҳлардан воз кечмай туриб олиш катта гуноҳ бўлади. Суннатни тарк этиш гуноҳ эмас. Суннатларни узрсиз бажармасликда оёқ тираб туриб олиш кичик гуноҳ бўлади. Суннатга аҳамият бермаган эса кофир бўлади.
Савол: “Намоз китоби”да “Суннатни умуман ўқимаслик гуноҳ” дейилган. Суннат намозлари фарз ёки вожиб бўлмагани ҳолда нима учун гуноҳ бўлади?
Жавоб: Суннатларни ўқимаслик билан уларни бутунлай тарк этиш бир хил иш эмас. Аҳамият бермагани учун ўқимаслик эса бошқа. Китобларда айтиладики:
«Суннатларни билиб туриб тарк этиш гуноҳ бўлмайди. Азоб берилмайди, лекин озорланади. Суннатларни тарк этган киши буларнинг савобидан маҳрум қолади.» (Ислом ахлоқи)
«Суннатларни тарк этиш гуноҳ эмас. Узрсиз давомли равишда тарк этиш, ўқимасликда ўжарлик қилиш кичик гуноҳ бўлади. Суннатни ёқтирмаслик, аҳамият бермаслик эса куфрдир.» (Зиё-ул-қулуб)
“Халабий-и сағир” китобида: «Бомдод намозининг суннатини ва бошқа муаккад суннатларни тарк этиш гуноҳ бўлмайди. Фақат савобларига қовуша олмайди ва озорланади» дейилган. (Саодати абадия)