Фарз ва нофила

Савол: “Қарздор бўлган киши қарзини тўласа кўпроқ хурсанд бўламизми ёки совға берсами? Албатта совға берса кўпроқ қувонамиз. Чунки қарзини тўлашга шундоқ ҳам мажбур. Шунингдек Аллоҳ ҳам фарзни бажарганларни эмас, нофила ибодатларни бажарганларни кўпроқ севади. Фарзлар қарздир, лекин нофила ортиқча ибодат бўлгани учун булар муҳимроқ” деб айтувчилар учраб қолади. Бу сўзлари тўғрими?

Жавоб: Келтирган қиёси нотўғри. Бизнинг қувониб-қайғуришимиз динда далил бўлмайди. Одам порага ҳам, қиморда ютганига ҳам қувониши мумкин. Қарз берган киши қарздоридан оладиган совғасига қувониши мумкин. Лекин жаноби Пайғамбаримиз “Манфаат келтирган қарз, фоиздир” деб марҳамат қилганлар. Охирзамонда фоизга ҳам қувонадиганлар бўлади. Имоми Раббоний ҳазратлари бундай деганлар:

«Малъун шайтон мўминларни алдаб, фарзларни кичик қилиб кўрсатади. Нофилаларни муҳимроқ қилиб кўрсатади. Закот ўрнига нофила садақаларни гўзал қилиб кўрсатади. Ҳолбуки закот нияти билан фақирга бир олтин бериш юз минг олтин садақа беришдан савоброқ. Чунки закот бериш фарзни бажаришдир. Закот нияти бўлмасдан берилганлар эса нофила ибодат бўлади. Фарз ибодат ёнида нофила ибодатларнинг умуман қиймати йўқ. Денгиз ёнида бир томчидай ҳам эмас.» (1/29)

Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари айтганларки: “Фарз намоздан қарзи бор кишининг нофила ибодати қабул бўлмайди” ҳадиси шарифидан кўриниб турибдики, фарздан қарзи бўлганларнинг нофила билан машғул бўлиши аҳмоқликдир. Қазоси борларнинг нофила ўқиши, қарздорнинг қарзини узиш ўрнига совға кўтариб боришига ўхшайди. Бу албатта қабул бўлмайди. Мўмин худди тужжорга (тижоратчи-савдогар) ўхшайди, фарзлар сармояси, нофилалар эса даромадидир. Сармояни тикламасдан аввал даромад кўрилмайди. (Футуҳ-ул-ғайб, 48-мактуб)

Исмоил Ҳаққий Бурсавий ҳазратлари айтганлар:

«Баъзи авомнинг (жоҳилларнинг) иддао этганидек фарзни ташлаб қўйиб, нофила билан шуғулланиш, масалан, аввобин намози фарз қазолари ўрнига ўтишини даво қилишнинг динда ўрни йўқ.» (Руҳ-ул баён, 3/127)

Аллоҳу таоло бир ҳадиси қудсийда бундай деган: “Қулимни менга яқинлаштирадиган энг қийматли амал фарзлардир.” (Бухорий)

Савол: “Фарзлар бир бинонинг деворларига ўхшайди. Суннатлар девордаги сувоқ каби. Девор бўлмаса сувоқ ва безаклар бўлмайди. Минг дона безакдан бир девор ҳам ҳосил бўлмайди” дейилади. Бундай ўхшатиш дурустми?

Жавоб: Ҳа, дуруст. Чунки имоми Раббоний ҳазратлари айтганлар: "Нофиланинг қиймати фарз қиймати ёнида уммон олдидаги бир томчидай ҳам эмас. Нофиланинг қиймати суннатнинг ёнида ҳам шундай. Суннат ҳам фарз ёнида океан олдидаги бир томчи сувга ўхшайди." (1/260)

"Фарзларни суннатлари билан бирга бажариш лозим. Фарзларнинг ёрдамчиси ва тамомловчиси суннатлардир. Фарзлар бажарилмагунича [қазо этилмагунча] суннатлар ва нофилалар фойдасиздир." (1/157)

Бу ерда фарз билан қиёслаганда нофиланинг умуман қиймати йўқлиги билдирилган. Шу жиҳатдан нофила ва суннатни деворга ишланган безакка ўхшатиш етарли эмас. Лекин мисол келтириш, ўхшатиш жиҳатидан зарари йўқ. Девор бўлмасдан безак қилина олмаганидек фарз қарзи бор кишининг суннат ва нофилалари қабул бўлмайди. Чунки ҳазрати Али нақл этган бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган:

“Фарз намоздан қазоси бор кишининг нофила намоз ўқиши - ой-куни яқинлашганда ҳомиласини тушириб қўйган хотинга ўхшайди. Энди бу хотинга ҳомиладор ҳам, она ҳам деб бўлмайди. Бу киши ҳам шундай бўлиб, фарз қазоларини ўтамагунича Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул этмайди.” (Зоҳира-и фиқҳ, Футуҳ-ул-ғайб)