Савол: Суннат билан фарз орасида ёки фарз билан суннат орасида гапириш, салом бериш, алик олиш, дуо қилиш, тасбеҳ тортиш, Қуръон ўқиш бидъатми? Бомдоднинг суннатини уйида ўқиб келган киши масжидда тасбеҳ тортиб, калима-и тавҳид ёки саловот айтса ёки гапирса нима бўлади?
Жавоб: “Мароқил фалоҳ”нинг Тахтавий ҳошияси таржимаси бўлмиш “Неъмати ислом” китобининг “Нофила намозлар” қисмида бундай дейилган: «Фарз билан суннат ёки суннат билан фарз орасида гапириш суннатни фосид қилмайди (бузмайди). Лекин суннатнинг савобини камайтиради. Саҳиҳ бўлган қавлда эса суннатни қайта ўқиш лозим. Ҳар турли дуо ўқиш ҳам гапириш билан бирдек.»
Худди шундай ҳукм “Дурр-ул-мухтор”да ҳам айтилган: «Саҳиҳ бўлган қавл суннат қабул бўлмайди, аввалги суннатни такрор ўқиш лозим.» Бу ифода “Дурр-ул мухтор”нинг арабча аслининг 457, баъзи босмаларида 711-саҳифасида ёзилган.
Ибни Обидин ҳазратлари “Дурр-ул мухтор”нинг ифодасини изоҳлаб, ҳар қандай китоб ўқишлар ҳам бу ҳукмга киришини билдирган.
Шундай экан, суннат билан фарз орасида дуо, сура ёки уч ихлос ўқимаслик керак. Айниқса буни одатга айлантириш бидъатдир. Ибодатларга қўшимчалар киритиш динни ўзгартириш бўлади. Ҳадиси шарифда “Ибодатларини бизлардек бажармаган, бизлардан эмас” деб марҳамат қилинган. Жаноби пайғамбаримиз қандай ибодат қилган бўлсалар, мазҳабимиз буни қандай билдирган бўлса, шу шаклда ибодат қилинади. “Буни ҳам қилайлик, уни ҳам қўшайлик” деб ҳар нарса илова қилиш динда реформа (ўзгартириш) бўлади. Асло жоиз эмас. Суннат билан фарз орасида бир нарса ўқишнинг суннатни бекор қилиши "Баҳр-ур-ройиқ"да ҳам ёзилган.
Бомдоднинг суннатини уйида ўқиб келган киши масжидга кирганидан кейин гапирмайди, овоз чиқариб ҳеч нарса ўқимайди. Лабини қимирлатмасдан ичидан калима-и тавҳид ўқиши мумкин ёки тафаккур қилади. Агар қазо намози бор бўлса, шуларни ўқийди. Қуръони карим ўқилаётган бўлса, тинглайди.
Масжидда суннатни ўқиб, фарзни кутаётганида ташқаридан келган саломга алик олиш ҳам суннат билан фарз орасида бир нарса ўқиш ва гапириш каби суннатнинг савобини йўқ қилади.
Хулоса:
Ибодатларни фиқҳ китобларида қандай билдирилган бўлса шундай адо этиш лозим. Савоб хазинаси, қандай буюрилган бўлса шундай бажаришда яширинган. Ундан кам ёки кўп бажариш хазинага қовуша олмаслик, маҳрум қолиш деганидир. Бундан ташқари амрни ўзгартиришимиз хазинадан маҳрум бўлишимизга сабаб бўлганидек, бидъат ишлашимизга ёки куфрга тушишимизга ҳам сабаб бўлади. Мақсад амрга итоат ва хазинага эришиш бўлганига кўра, ибодатларни фиқҳ китобларида айтилгандек бажариш лозим.
Савол: Суннат билан фарз орасида савол берган кишига қалам билан ёзиб жавоб берса, гапирган бўладими?
Жавоб: Ҳа, ҳеч нарса билан машғул бўлмаслик лозим.
Савол: Фарз билан суннат орасида ҳеч нарса ўқилмайди. Фақат шифо нияти билан “Саодати абадия” китобида билдирилган “40 кун бомдод намозининг суннати билан фарзи орасида 41 марта бисмиллоҳнинг охиридаги “мим” ҳарфини Фотиҳанинг “Лам” ҳарфи билан бирга, яъни “раҳиймилҳамду” деб ўқилса, қилинган дуо қабул бўлади” дейилган. Буни ўқиса бўладими?
Жавоб: Фарз билан суннат орасида гапириш ва ҳар қандай дуо ўқиш дуруст бўлмаса ҳам бундай шифо учун ўқиладиган дуо истисно, яъни жоиз. Бошқа мазҳабни тақлид қилишга эҳтиёж қолмайди.
Савол: Баъзан масжидда пешин фарзининг иккинчи ракъатига етиб келаман. Мен ҳали намозни тугатмасимдан имом дуони бошлайди. Сўнгги суннатни ўқимасдан имом билан бирга дуо қилишим тўғрими?
Жавоб: Фарз билан суннат, суннат билан фарз орасида гапириш ва дуо қилиш дуруст эмас. Шунинг учун намозларини тўлиқ тугатганидан кейин тасбиҳларни айтиб, сўнгра дуо қилиш лозим.
Савол: Суннат билан фарз орасида дуо ўқиш ҳам жоиз эмас. “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом табарокта ё зал-жалоли вал-икром” дейиш ҳам шунга кирадими?
Жавоб: Йўқ, унга кирмайди. Фарз бўлсин, нофила бўлсин, ҳар намоздан кейин салом бергач “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом табарокта ё зал-жалоли вал-икром” дейилади. (Радд-ул мухтор)
Савол: Ҳадиси шарифларда “Фарз намозларидан кейин қуйидаги дуони ўқиш савоб” дейилади. Бу дуолар фарз намозидан кейин ўқиладими ёки ўша фарзнинг охирги суннатини тугатиб, дуолардан кейин ўқиладими?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида бир вақтга махсус барча фарз ва суннат намозларни тугатиб, дуоларни қилганидан кейин ўқилади. Чунки фарз билан суннат, суннат билан фарз орасида дуо ўқиш Ҳанафий мазҳабида жоиз эмас. (Ибни Обидин)
Савол: Суннат билан фарз ва фарз билан суннат орасида гапириш, бошқа бир иш қилиш ва бирон нарса ўқиш макруҳ бўлганидек, ҳеч нарса ўқимасдан кутиш ҳам макруҳми?
Жавоб: Ҳа, макруҳ бўлади. Фиқҳ китобларида айтиладики: «Охирги суннати бор бўлган намозларда фарзни ўқигандан кейин “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом табарокта ё зал-жалоли вал-икром” деб айтиладиган вақтчалик ўтиради. Ундан ортиқ кутиш макруҳ бўлади. Дарров келаси суннатни ўқиши лозим.» (Ибни Обидин)
Фарздан кейин дарров охирги суннатни ўқишга туриш, орада ҳеч нарса ўқимаслик Ҳанафий мазҳабида суннат. «Расулуллоҳ фарзни ўқиганларидан кейин “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом табарокта ё зал-жалоли вал-икром” дейдиган вақт ўтириб, ортиқча ўтирмасдилар. Дарров сўнгги суннатни ўқирдилар.»(Мароқил фалоҳ)