Савол: Имомлик қиламан. Жамоатдан бири “Домла, Каъбадек муборак жойда баланд овозда “омин” деб айтишларини, ҳатто бу ҳақда ҳадис бўлишига қарамай нима учун бизда “омин”ни овоз чиқармасдан айтишади?” деб сўради. Мен “Ҳанафий мазҳабида баланд овозда “омин” деб айтиш макруҳ бўлади. Ваҳҳобийларнинг ҳаракатлари бизга ўрнак бўла олмайди” дедим. Оминни баланд овозда айтиш керак деган ҳадиси шариф борми?
Жавоб: Бошқа мавзуларда мужтаҳид бўлмаган мусулмонларнинг ҳадиси шарифдан ҳукм чиқара олмаслигини далиллари билан билдирган эдик. Мужтаҳид бўлмаганлар тафсирга ҳам, ҳадисга ҳам эмас, балки фақат фиқҳ китобларига амал қилиши шарт. “Кутуб-и ситта”нинг бешида ҳам бўлган “Оловда иситилган нарсани еб-ичиш таҳоратни бузади” ҳадисини нақл этиб, оловда иситилган нарсаларнинг таҳоратни бузмаслигини билдирган эдик.
Ундан ташқари жамоат билан намоз ўқиётганда имом орқасида жамоатнинг ҳам Фотиҳа сурасини ўқиши кераклиги ҳадиси шарифда билдирилган. Лекин Ҳанафий мазҳабида имом орқасида жамоатнинг Фотиҳа сурасини ўқиши ҳаромга яқин макруҳ.
Абу Довуд билдирган ҳадиси шарифда имом “валаддолин” деганидан кейин олдинги сафдаги кишиларнинг эшитадиган овоз билан “омин” дегани айтилган. Лекин Ҳанафий мазҳабида баланд овозда “омин” дейиш макруҳ.
“Дурр-ул мухтор”даги “Фотиҳадан кейин имом ва жамоат ўзи эшитадиган овоз билан “омин” дейди. Имом Фотиҳани тугатганида жамоат ва имомнинг баланд овозда “омин” дейиши макруҳ. Ўзи эшитадиган даражада паст овозда айтиши керак” ҳукми Ибни Обидин 1-жилд, 492-саҳифада, “Халаби-йи кабир” 309-саҳифа, “Халаби-йи сағир”, 233-саҳифа, “Ҳиндия” 258-саҳифа, “Мизон-и кубро” 249-саҳифа, “Мазоҳиби арбаъа” 250-саҳифа, “Ҳидоя” 107-саҳифа, “Дурар гурар” 127-саҳифа, “Неъмати ислом” 300-саҳифада [намознинг 80-макруҳи] бор.
“Мавқуфот”да ҳам «Имом “валаддолин” дегандан кейин имом ҳам, жамоат ҳам “омин”ни ўзи эшитадиган даражада паст овозда айтади. Ҳадиси шарифда “Имом қуйидаги уч нарсани яширинча айтади: Аъузуни, басмалани ва оминни” деб марҳамат қилинди» дейилган.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг «Жамоат намозида имомга иқтидо қилганлар Фотиҳа ва замми сура ўқишмайди» деганини эшитганлардан ўн киши ҳазрати имомнинг ҳузурига келиб бундай дедилар:
- Имомнинг ўқишини кифоя деб, жамоатга Қуръон ўқитмаётганингизни эшитдик. Ҳолбуки Фотиҳасиз намоз бўлмайди. Қўлимизда буни исбот қиладиган қувватли далиллар бор. Ҳақ бўлган нарсани ойдинлатиш учун тортишувга келдик.
Имоми Аъзам айтадилар:
- Мен битта ўзимман, сизлар ўн кишисиз. Ҳаммангиз билан бир вақтда қандай тортишаман?
- Қандай тортишишни истайсиз?
- Ораларингиздан энг билимли, олим бўлганини танланг. Ўша билан гаплашаман. У сизларнинг ҳаммангизнинг номидан гапирсин.
- Маъқул.
- У мени енгадиган бўлса, барчангиз мендан устун келган бўласизлар. Мен уни енгадиган бўлсам, барчангиз енгилган бўласизлар. Маъқулми?
- Яхши, қабул этдик.
- Унда тортишувни мен ютдим.
- Қанақасига, ҳали бошламадикку?!
- Ўзингиз танлаган бир одамнинг ҳаммангиз номидан гапиришини қабул этдингизларми?
- Ҳа...
- Мен ҳам сизлар қабул этган нарсани қабул этиб, худди шу нарсани айтмоқдаман. Ҳамма тобе бўлган ҳамда уни имом қилиб тайинлаган имом ўзи ва ўзига иқтидо қилган жамоат номидан Қуръони карим ўқиб, жамоат эса ўқимайди. Тушунарли бўлдими?
- Ҳа, энди тушундик.
Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: «Намозда қироат фарз ва ҳадиси шарифда “Фотиҳасиз намоз бўлмайди” деб марҳамат қилинган. Нима учун ҳанафийларнинг ҳақиқий қироатни [жамоатнинг барчаси ўқишни] ташлаб, қироати ҳукмия [имомнинг ўқиб, жамоатнинг сукут сақлашига] қарор берганларининг сабабини тўла тушуна олмадим.
Имом ортидаги жамоатнинг сукут сақлашига доир очиқ бир далил топа олмадим. Шунга қарамай, мазҳаб ҳукмига амал қилиб, имом орқасида Фотиҳа ўқимадим. Чунки далилни заиф деб, мазҳаб ҳукмига амал қилмасликнинг илҳод [диндан чиқиш] эканлигини билардим.
Ниҳоят Аллоҳу таоло мазҳабга амал қилишнинг баракати туфайли Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган жамоатнинг қироатни тарк этишидаги ҳақиқатни изҳор қилди. Имом худди жамоатнинг тилидан ўқийди. Бу шунга ўхшайди:
Бир қишлоқ аҳли, халқни қийнаётган бир муаммо юзасидан ҳокимиятга ҳаммаси бормайди. Орларидан бир неча кишилик ҳайъат танлашади. Бу ҳайъат аъзолари ҳаммаси бир оғиздан масалани тушунтириши ҳам тўғри бўлмайди. Улар ҳам ораларидан бирини вакил қилиб танлашади. Бу вакил ҳамманинг истаги бир хил бўлгани учун барчасининг номидан эҳтиёжларини юқорига арз қилади.
Танланган ушбу вакил барчанинг номидан эҳтиёжларини арз этганидек жамоатнинг ҳукмий гапириши уларнинг ҳақиқий гапиришидан яхши. Имом билан жамоатнинг ҳоли ҳам шундай.»(Мабда ва маод, 30)
Савол: Намозда имом орқасида жамоат Фотиҳа ўқийдими?
Жавоб: Бу борадаги учта ҳадиси шариф қуйидагича:
“Фотиҳасиз намоз нуқсонлидир.” (Термизий)
“Намозда имом ўқиётганида сиз ўқиманг, Фотиҳани паст овозда ўқинг.” (Байҳақий)
“Фотиҳасиз намоз бўлмайди.” (Бухорий, Муслим)
Бу ҳадислар ва бошқа далилларга асосланиб, Шофиъий олимлари имом орқасидаги жамоатга Фотиҳа ўқиши фарз эканлигини билдирганлар.
Моликий мазҳабида эса имом овозсиз ўқиётганда жамоатнинг Фотиҳа ўқиши мустаҳаб. Имом жаҳран, яъни овоз чиқариб ўқиётганида жамоат Фотиҳа ўқимайди. Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш Моликий мазҳабида фарз, Ҳанафий мазҳабида эса вожибдир.
Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Имом билан намоз ўқиётганда сукут қилинг. Имомнинг қироати, жамоатнинг қироатидир.” (Хатиб)
“Имомнинг орқасида бўлган вақтдан ташқари, Фотиҳа ўқимасдан бир ракъат намоз ўқиган киши асло намоз ўқимаган бўлади.” (Термизий)
“Нима бу Қуръонда рақобатлашяптими, биров намозда мен билан бирга ўқимоқда.” (Термизий)
Ҳанафий олимлари бу ҳадисларга ва бошқа далилларга асосланиб “Имом орқасида Фотиҳа ўқиш макруҳдир” деганлар.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтдики: «Ҳадиси шарифлар билан амал қилиш бизга жоиз эмас. Мазҳабимизнинг ҳукмига зид каби кўринган ҳадиси шарифлар олимларнинг сўзларини рад этиш учун далил ва ҳужжат бўла олмайди. Ҳанафий мазҳабидаги бир кишининг имом орқасида Фотиҳа ўқиши мазҳабдан чиқиш, илҳод бўлади.» (Муждали мактублар, 312; Мабда ва маод, 31)
Муҳаммад Ходимий ҳазратлари айтдики:
«Диндаги тўрт далил мужтаҳидларга тааллуқли, бошқаларга эмас. Биз учун далил мазҳабимиз билдирган ҳукмлардир. Чунки бизлар оят ва ҳадисдан ҳукм чиқара олмаймиз. Мазҳабнинг бир ҳукми оят ва ҳадисга зиддек кўринса ҳам янглиш эмас. Чунки оят ва ҳадис ижтиҳод талаб қилиши мумкин, бошқа оят ёки ҳадис билан ҳукми ўзгартирилган бўлиши мумкин ёки биз билмайдиган бошқа тавили бўлиши мумкин.» (Бариқа, 94-саҳифа)