Таъдил-и арконга риоя қилиш

Савол: Таъдил-и аркон нима? Унга риоя қилмаса, нима бўлади?

Жавоб: Таъдил-и аркон намозда беш ерда, яъни руку, икки сажда, қавма ва жалсада ҳар бир аъзоси ҳаракатсиз ва сокин бўлиб, бир миқдор тинч туриш деганидир. Таъдил-и арконни қасддан тарк этса, имоми Абу Юсуфга кўра намози бузилган бўлади. Тарафайнга, яъни имоми Аъзам билан имоми Муҳаммадга кўра, бузилмаса ҳам, вожиб қасддан тарк этилгани учун намозни қайта ўқиш вожиб бўлади. Унутиб тарк этса, саждаи саҳв лозим бўлади.

“Ислом ахлоқи” китобида таъдили арконга риоя қилмасликнинг баъзи зарарлари қуйидагича билдирилган:

1. Фақирлик (камбағаллик)ка сабаб бўлади.

2. Адолатдан маҳрум бўлади, гувоҳлиги қозиликда қабул қилинмайди.

3. Намоз ўқиган макони, ундан шикоятчи бўлади.

4. Иймонсиз жон беришга олиб боради.

5. Намоздан ўғирлаб, унвони «намоз ўғриси» бўлади.

6. Ўқиган намози, қиёмат куни эски латтага айланиб юзига урилади.

7. Аллоҳу таолонинг марҳаматидан маҳрум бўлиб қолади.

8. Бошқа ибодатлари учун оладиган савобларидан ҳам айрилиб қолишига сабаб бўлади.

9. Жоҳиллар ундан ўрнак олиб, таъдили арконсиз намоз ўқишларига сабаб бўлади. Шунинг учун, дин одамининг, яъни имом ва дин аҳлининг гуноҳ иш қилиши, бошқаларга ўрнак бўлгани учун шиддатли азобга гирифтор қилинади.

10. Аллоҳу таолонинг ғазабига дучор бўлади.

11. Шайтонни мамнун қилган бўлади.

12. Жаннатдан узоқлашиб, жаҳаннамга яқинлашган бўлади.

13. Ўз нафсига зулм қилган бўлади.

14. Ўнг ва чап тарафидаги малакларга азият қилган бўлади.

15. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазратларини маҳзун (хафа) қилган бўлади.

16. Бутун махлуқотга зарари тегади. Зеро, ўша бадбахт кимсанинг гуноҳи, яъни таъдил-и арконни тарк этиши дастидан ёғингарчилик камайиб қурғоқчилик бўлади, ерда экин унмайди ва бевақт ёмғир ёғиб фойда ўрнига зарар келтиради.

Қавма: Рукудан кўтарилиб, тик туриш.

Жалса: Икки сажда орасида ўтириш.

Савол: Намозда таъдил-и арконга риоя қилиш қандай бўлади?

Жавоб: Руку, сажда, қавма ва жалсада ҳар бир аъзоси сокин ва ҳаракатсиз бўлиб, бир миқдор туришга таъдил-и аркон дейилади. Масалан, рукуга эгилар-эгилмас бироз тўхтаб турмасдан кўтарилиб кетмаслик лозим. Қавмада ҳам шундай. Яъни рукудан тургач, бироз белини тик тутиб кутиш керак. Cаждадан турганида ҳам шундай. Буларга таъдил-и аркон дейилади. Руку ва саждадаги тасбиҳларни ўқиш ҳаракатсиз туришга моне бўлмайди. Уч марта тасбиҳни айтганда автоматик равишда бироз кутган бўламиз. Бундан ташқари яна кутиш керак эмас. Қавмада ҳам “Роббана лакал ҳамд” дейиш билан таъдил-и арконга риоя қилинган бўлади.

Савол: Намозни жуда тез ўқийдиганар бор. Бундай намозлар саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Намозни тез ўқийдиган киши агар қироати тўғри бўлса ва таъдил-и арконга риоя қилаётган бўлса, намозлари саҳиҳ бўлади. Лекин одатда тез ўқийдиган киши таъдил-и арконга риоя қилмайди. Қавма ва жалсада белини тўла тўғриламайди. Таъдил-и арконга риоя қилиш вожибдир. Намознинг вожибларидан бирини билиб туриб тарк этса, бу намозни такрор ўқиш вожиб бўлади.

Шу сабабли намозни шошилмасдан, фарзига, вожибига, суннат ва одобларига риоя қилиб ўқиш керак. “Василат-ун-нажот”даги бир нечта ҳадиси шарифлар қуйидагича:

“Ўғриларнинг энг каттаси намоздан ўғирлагандир. Яъни намознинг арконига риоя қилмайди. Руку ва саждаларини ҳақини бериб бажармайди.”

“Олтмиш йил намоз ўқиб, лекин намози қабул бўлмайдиган кимсалар, руку ва саждаларини тўла бажармайдиганлар.”

“Намоз ўқийдиган кўп кишилар борки, намозларидан ўндан бири ёзилади, холос. Ҳар одамнинг намозда қалби қаерда ҳушёр бўлса шу қисмларигина ёзилади.”

“Қалби ҳушёр бўлмаган намозга Аллоҳу таоло назар этмайди.”

“Намоз иймоннинг боши, диннинг устуни, мўминнинг меърожи, кўкнинг нури ва жаҳаннамдан қутқарувчидир.”

Шунинг учун динимизнинг устуни бўлган намозни ўқиётганда шошилмаслик лозим, ғафлатдан узоқ ҳолда ўқишга ҳаракат қилиш керак. (Саодат йўли)

Савол: Таъдил-и арконнинг меъёри Ҳанафий, Моликий ва Шофиъийда қандай?

Жавоб: Уч мазҳабда ҳам бир хил.

Савол: Намозда таъдил-и аркон тўрт жойдами ёки беш жойда? Қиёмда ҳам ҳаракатсиз ва сокин туриш таъдил-и аркондан эмасми?

Жавоб: Таъдил-и аркон руку, икки сажда, қавма ва жалсада ҳар бир аъзоси ҳаракатсиз ва сокин бўлиб, бир миқдор туриш деганидир. Икки саждани бир деб санаса тўрт жойда, алоҳида саналса беш жойда деб айтилади. Унинг сонини эмас, қайси жойларда ҳаракатсиз туриш кераклигини билиш муҳим.

Қиёмда ҳам ҳаракатсиз туриш ўнгга-чапга чайқалмаслик лозим. Бу ҳаммага маълум бўлгани учун таъдил-и аркон ичида билдирилмаган. Охирги ташаҳҳудга ўтириш ҳам фарз. Лекин ҳамма ҳаракатсиз ўтиргани учун таъдил-и аркон ичида билдирилмаган.

Савол: Намозда таъдил-и арконга риоя қилиш учун “Роббана лакал ҳамд” дегандан кейин “Субҳоналлоҳ” деб айтадиган вақт қимирламай туриш шартми?

Жавоб: Йўқ, шарт эмас. Рукуда ва икки саждада таъдил-и аркон, яъни “Субҳоналлоҳ” деб айтадиган вақт туриш вожиб, ундан кўп туриш суннат.

Таъдил-и арконга риоя қилиш учун жалсада, яъни икки сажда орасида ва қавмада, яъни рукудан турганидан кейин “Субҳоналлоҳ” деб айтадиган вақт қимирламай туриш вожиб. Рукудан тураётганида “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб, қавмада “Роббана лакал ҳамд” деганида вожиб ҳам, суннат ҳам бажарилган бўлади. Яъни таъдил-и арконга риоя қилган бўлади.

Таъдил-и арконга риоя қилишни унутса, сажда-и саҳв керак бўлади.