Намозда хато ўқиш

Савол: Намозда хато ўқиш қандай бўлади?

Жавоб: Намозда хато ўқиш тўрт хилда бўлиши мумкин:

1. Ироб хатоси, калималарнинг ҳаракаси ва сукунда бўлиши мумкин. Масалан шадда енгил ўқилади. Мадлар қисқа ўқилади ёки акси бўлади. Масалан Кофирун сурасини ўқиётганда “лакум динукум” ўрнига “лакум диникум” десак намоз бузилмайди. Бунга ироб хатоси дейилади. “А” ҳаракасини “и” ўқиш, “и”ни “а” қилиб ёки “у” қилиб ўқиш намозни бузмайди. Яъни “динукум” ўрнига янглишиб, “диникум” ёки “динакум” деса, намози бузилмайди.

[Кейин келган олимлар араб бўлмаган мусулмонларнинг янглиш ўқишлари мумкинлигини, уларнинг намозлари бузилмаслиги учун рухсатлар излади. Ироб хатосининг намозни бузмаслигига доир фатво бердилар. Аллоҳу таоло ҳеч кимга бажара олмайдиган ишини таклиф қилмайди. Дудуқ ёки “син” ҳарфини палтак “са” қилиб ўқийдиганларга ҳам қулайлик кўрсатган.]

2. Ҳарфларда янглишиши мумкин. Ҳарфнинг ўрни алмаштирилади ёки ҳарф илова этилади ёхуд камайтирилади. [Бундай хатоларда маъно бузилса, намоз ҳам бузилади.]

3. Калима ва жумлалар янглиш ўқилади. [Бунда ҳам маъно бузилса, намоз ҳам бузилади.]

4. Тўхтайдиган жойда тўхтамайди. Тўхтамаслик керак бўлган жойда тўхтайди. Бу хатолар намозни бузмайди. Ушбу тўртинчи хил хатода маъно бузилса ҳам намози бузилмайди.

Янглиш ўқиганда бузиладиган ва бузилмайдиганларга мисол келтирайлик:

1. “Инналлоҳа бариун миналмушрикина ва Расулуҳу”даги “расулуҳу”ни “расулиҳи” деб ўқиш намозни бузмайди. “Аллоҳ ва расули мушриклардан узоқдир” дейиш ўрнига “расулиҳи” дейилганда “Аллоҳ мушриклардан ва Расулидан узоқ” маъносига келади.

2. “Ва анта хайрул мунзилина”даги сўнгги калимани “мунзалина” деб ўқиш ҳам намозни бузмайди. Маъноси: “Сен туширувчиларнинг энг хайрлисисан” ўрнига “Сен туширилганларнинг энг хайрлисисан” бўлади.

3. “Наҳну ҳалакна”даги “ҳалакна” калимасини “ҳалакана” деб ўқиш ҳам бузмайди.

4. “Ва изибтало Иброҳима Раббуҳу”даги сўнгги калимани “Раббаҳу” деб ўқиш намозни бузмайди.

5. “Ҳатта” калимасини “атта” шаклида ўқиш ҳам намозни бузмайди. “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” ўрнига “саммиаллоҳу лимал ҳамидаҳ” дейиш ҳам бузмайди.

6“Иййока набуду”ни “ийака набуду” шаклида ўқиш маъноси ўзгарса ҳам намозни бузмайди. (Халабий)

7. “Иҳдинас-сирота” лафзини “иҳдинал-сирота” деб ўқиш намозни бузмайди.

8. “Раббилоламин” ўрнига “Рабилоламин” дейиш намозни бузмайди. “ё молик” ўрнига “ё моли” дейилса ҳам бузилмайди.

9. “Ат-таҳиёту” ўрнига “То” ҳарфи билан “Ат-тоҳиёту” ёки “дол” билан “Ад-доҳиёту” деса, маъноси ўзгаргани ҳолда намози бузилмайди. “Ад-доҳиёту” қурбонлар деган маънога келади.

10. “Аллоҳумма солли...” деганда “сод” ўрнига “син” ҳарфи билан ўқиш “Аллоҳумма салли” дейиш баъзи маъноларига кўра бузади, баъзиларига кўра эса бузмайди. Бундай ифодаларда эҳтиёткор бўлиш лозим.

11. “Қоф” ҳарфини “каф” ҳарфига ўхшатиб ўқиш ёки “каф”ни “қоф”га ўхшатиб ўқиш намозни бузмайди. “Син” ҳарфини “сод” ҳарфига ўхшатиш ёки “сод” ҳарфини “син”га ўхшатиб ўқиш ҳам намозни бузмайди. “сод” билан “син” айни махраждан чиқади. Масалан “изо жаъа носруллоҳи” лафзини “син” билан “изо жаъа насруллоҳи” шаклида ўқиш ва “Аллоҳус-сомад” калимасини “син” билан “Аллоҳу-самад” шаклида ўқиш ҳам намозни бузмайди.

12. Ҳарф хатоларидан қуйидагилар намозни бузади: “Зал” ўрнига “Зо”, “дод” ўрнига “Зо” ўқилса, намоз бузилади. “Зо” ҳарфини “зал” каби ўқиш ҳам жоиз эмас. “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни “Қул ҳуваллоҳу аҳат” шаклида "дол" ҳарфини “та” қилиб ўқиш намозни бузади. (Халабий)

13. Намозда Фотиҳани ўқиётганда “иййока набуду” ўрнига “иййо канубуду” деса намоз бузилмайди. Бузади деган олимлар ҳам бўлгани учун диққатли бўлиш лозим.

14. Бир кишининг намозда ўқиганлари тўққиз олимга кўра хато бўлса, бир олимга кўра тўғри бўлса, унинг намози бузилди дейилмайди. (Тарғиб-ус-салот)

15. Арабча ёки тажвид билмайдиган мусулмонларнинг ҳарфларнинг махражига тўла риоя қила олмаганлигидан янглиш ўқишлари авф этилиши, яъни бундай ўқилган намозларнинг саҳиҳ бўлишини билдирган олимлар ҳам бор. Уларга кўра, ҳарфларни уринса ҳам тўғри талаффуз қила олмаганларнинг намозлари саҳиҳ бўлади. Намоз сураларини тажвид билан ўқиш шарт эмас. Ҳарфлар ўз махражидан чиқарилса, тўғри ўқилган бўлади.

16. “Расулуллоҳ” калимасининг бошида “Ё” келса “Расулаллоҳ” бўлади. “Абдуллоҳ” калимасининг ҳам бошида “ё” келса, “Абдаллоҳ” бўлади. “Муҳаммадун Расулуллоҳ” эса тажвид қоидасига кўра “Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб ўқилади. “Муҳаммадун Расулуллоҳ” ёки “Муҳаммадар Расулуллоҳ” деса ҳам намози бузилмайди.

17. Намоз ўқиётганида ғайрат қилса ҳам тўғри ўқий олмаган кишининг ўқиган ифодаси куфрга туширувчи бўлса, бу киши кофир бўлмайди. Янглишлик туфайли қилинган иш сабабли намоз ўқиган мусулмонга куфрга тушдинг дейилмайди. Уларнинг намозлари саҳиҳ бўлишини билдирган олимлар бор. Унутиб таҳоратсиз ҳолда намоз ўқиган киши буни эсламаса, бу намози саҳиҳ бўлади. Куфрга тушган ҳам бўлмайди. Қасддан билиб туриб, мазах қилиш учун таҳоратсиз намоз ўқиш куфр бўлади. Ҳеч бир мусулмон буни қилмайди.

Савол: “Саодати абадия” китобида “Руку тасбиҳидаги “азым” калимасини “Зо” билан ўқиганда “Раббим буюк” деган маънони билдиради. Агар ингичка “за” билан "азим" деб ўқилса, “Раббим менинг душманим” деганини билдиради” дейилган. Буни билмасдан намозда янглиш ўқиган киши куфрга тушган, кофир бўлган бўладими?

Жавоб: Йўқ. Бу қасддан қилингани йўқ. Аллоҳ розилиги учун намоз ўқиган одамга кофир дейиладими?

Устига сув ва озиқ-овқат юкланган туясини чўлда йўқотиб қўйган бир одам очликдан ва сувсизликдан ўлишини англаб, бир дарахтнинг тагида ухлаб қолади. Уйғонганида туясининг келганини кўради. Қувонганидан чалкаштириб “Ё Рабби, сен менинг қулимсан. Мен эса сенинг Раббингман. Сенга ҳамд бўлсинки, туям келди” дейди. Жаноби Пайғамбаримиз буни кулимсираб айтиб берганлар. Бундай хатолар куфр бўлмайди. Бир олим қуйидагича баён қилади:

 

“Менга сув олиб келаётган талабамнинг оёғи сирпаниб қулаб тушса ва пиёлани синдирса, мен унга жаҳлим чиқадими ёки ачинаманми? Хизмат қилаётганда йўл қўйилган хатолар хуш қабул этилади. Шу каби Аллоҳу таолога ибодат қилаётганда йўл қўйилган хатолар ҳам авф этилади.”

Демак, ибодатда билмасдан йўл қўйилган янглишлар куфр бўлмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Қуръон учун вакил қилиб қўйилган бир фаришта араб бўлмагани учун тўғри ўқий олмаган кишининг хатосини тузатади ва тўғри қилиб юксалтади.” (Шерозий)

Савол: Намозда бир сўзни такрорлаб ўқиса, намози бузилган бўладими?

Жавоб: Янглиш ўқилганда тузатиш учун такрор ўқиш керак. Такрор ўқиш намозни бузмайди.

Савол: “Суннат бўлган нарсани янглиш ўқиганнинг намози бузилмайди” дейишади, бу тўғрими? Масалан “Субҳона Роббиал азым” деганда маъно бузиладиган шаклда ўқисак, намоз бузиладими?

Жавоб: Суннат бўлган нарсада янглиш ўқиш билан намоз бузилади. Масалан араб тилида учта “з” ҳарфи бор. Биринчиси қалин “Зо”, иккинчиси ингичка “за”, учинчиси “Зал”дир. Буларнинг учтаси бошқа-бошқа айтилади. Руку тасбиҳида “Зо” билан “азым” дейилади. Бу “Раббим буюк” деганини билдиради. Агар ингичка “за” билан “азим” дейилса, “Раббим менинг душманим” деганни билдириб, намози бузилади. (Радд-ул мухтор)

Савол: “Кофирун сурасини ўқиётганида янглишган киши куфрга тушади” дейилади. Билмасдан ёки тили келишмай айтса ҳам куфр бўладими?

Жавоб: Тили келишмай ёки билмасдан намозда куфрга туширувчи бир оят ўқиса, кофир бўлмайди. Янглишиш узр бўлади.

Савол: Бир калимани бўлиб, ундан кейин келган калиманинг бошига қўшиб ўқиш намозни бузадими?

Жавоб: Калиманинг бўлиниш ҳолатига боғлиқ. Бир калимани бўлиб, кейинги калимага бирлаштириш масалан “иййока набуду” ўрнига “иййо канабуду” дейиш бир қавлга кўра намозни бузади. (Саодати абадия)

Савол: Фотиҳа сурасидаги “мағдуби” калимасини “моғдуби” деб ўқиш, “мустақийм” калимасини “мустоқийм” деб ўқиш намозни бузадими?

Жавоб: Кўп калималар кирилл алифбосида нотўғри ёзилади. Буларни овозли ҳолда биладиган одамдан ўрганиш керак. Таърифлаш билан тушунтириб бўлмайди. “Мағдуби” калимасини “моғдуби” деб ўқиса, маъно ўзгармайди. “Мустақийм” калимаси ҳам шундай. Иккинчи ҳарфлар қалин бўлгани учун қалин қилиб ўқиш мумкин. Масалан, “мустақил” калимаси “мустоқил”, “вақор” калимаси “воқор” ёки “бақара” каримаси “боқара” деб ўқилса, маъно ўзгармайди.