Савол: Намознинг шартларидан бўлган истиқболи қибла нима дегани?
Жавоб: Намозни Каъбага қараб ўқиш деганидир. Макка шаҳридаги Каъба йўналишига қибла истиқомати дейилади.
Савол: Қибла Каъбанинг биносими?
Жавоб: Йўқ, қибла фақат Каъбанинг ўзидан иборат эмас, балки у турган майдондир. Яъни ўша майдоннинг ердан Аршгача бўлган таги ва усти қибла ҳисобланади. Шунинг учун денгиз тагида, қудуқда, баланд тоғларда ва самолётларда ўша томонга қараб намоз ўқилади.
Савол: Баъзи тақвимларда қибла соати деган вақт бор. Бу нимани билдиради?
Жавоб: Ҳар шаҳар учун кўрсатилган қибла соати вақтида қуёшга қараб турган киши Каъбага юзланган бўлади ва ўз турган жойининг қибла истиқоматини топган бўлади.
Савол: “Саодати абадия” китобида таҳоратнинг суннатлари ҳақида айтилиб “Таҳорат олган идишини қайта тўлдириб қўйишдир. Обдастанинг оғзини қиблага қаратиб қўйиш лозим. Йўловчилар қибла томонни обдастанинг оғзига қараб, қулай топишади” дейилган. Ҳозирда обдаста билан таҳорат олинмайди. Олинган тақдирда ҳам ёш болалар бошқа тарафга қаратиб қўйиши мумкин эмасми?
Жавоб: Ҳа ҳозир шундай. Лекин яқин йилларгача барча ислом ўлкаларида таҳорат қумғон ё обдастадан олингани учун асрлар давомида идишнинг оғзини қибла томонга қаратиб қўйиш одат бўлган.
Савол: Масжид бўлмаган ва қибла йўналишини ҳеч ким билмайдиган жойда қибла қандай топилади?
Жавоб: 1- Баъзи намоз тақвимларида "Қибла соати" деган устун берилади. Ўша устунда берилган вақтда қуёшга қараган киши қибла томонни ҳам тўғри топади.
2- Ўрта Осиёда қиш фаслида қуёш ботадиган томон белгилаб олинади. Қибла истиқомати тақрибан ана шу йўналишда бўлади. Бошқа минтақалар учун бу усул ўтмайди.
3- Компас ёрдамида шимол аниқлаб оинади. Масалан Тошкент шаҳрининг қибла бурчаги ўша шимол нуқтасидан соат стрелкаси бўйича 240 даражада жойлашган. Ургенчники 227 даража. Бошқа шаҳарларнинг қибла бурчакларини namazvakti.com сайтидан кўра оласиз.
Савол: "Бақара" сурасининг 115-оятида “Шарқ ҳам, ғарб ҳам Аллоҳники” дейилган. Намозда қайси тарафга юзланса ҳам, саҳиҳ бўлиши билдирилган. Ҳолбуки қибладан бошқа тарафга юзланган кишининг намози саҳиҳ эмас. Бу оятнинг изоҳи қандай?
Жавоб: Бизлар фиқҳ китоблари бўйича амал қилишимиз керак. Оятларга бизнинг ўзбошимча маъно беришимиз хавфли бўлади. Тафсир китобларида айтиладики: Намоз ўқиш учун қиблани суриштирганидан кейин қибла мана шу ёқда деб ўйлаган томонимизга юзлансак, қибла қабул қилинади ва намозимиз ҳам саҳиҳ бўлади. Мусулмонлар ер юзининг хоҳлаган жойида намоз ўқий олади Ғайримуслимларга ўхшаб албатта черков ёки синагогда ибодат қилиш мажбурияти йўқ. Шарқ, ғарб, бутун ер юзи Аллоҳники. Қаерда намоз ўқилса ҳам, саҳиҳ бўлади.
Баъзи муфассир олимлар "Бақара" сурасининг 144, 149 ва 150-оятлари ўша суранинг 115-оятини бекор қилганини билдирганлар. Охирги нозил бўлган уч оятда “Юзингни масжиди Ҳарамга қарат” деб буюрилган. Яъни намоз учун қибламиз Каъба. Бошқа тарафга юзланганда саҳиҳ бўлмайди.