Жаноза дуоси

Савол: Жанозада қайси дуо ўқилади?

Жавоб: Жаноза учун қуйидаги дуо ўқилади. Буни билмаганлар Раббана отина ёки Раббанағфирли оятларини дуо сифатида ўқийди. Ёхуд дуо нияти билан бисмиллоҳ айтмасдан Фотиҳа ўқиса ҳам бўлади. Бошқа дуо ўқиш ҳам жоиз. Фақатгина “Аллоҳуммамағфир-лаҳ” деса ҳам бўлади.

Жаноза аёл киши бўлса, қавс ичидагилар ўқилади.

Аллоҳуммағфир ли-ҳаййина ва маййитина ва шоҳидина ва ғоибина ва закарино ва унсоно ва сағирина ва кабирина. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу (аҳйайтаҳо) минно фа аҳйиҳи (аҳйиҳо) алал-исломи ва ман таваффайтаҳу (таваффайтаҳо) минно фа таваффаҳу (таваффаҳ) алал-иймони ва хусса ҳазал-маййити (ҳазиҳил маййитата) бир-равҳи вар-роҳати вал-мағфирати вар-ридвони. Аллоҳумма ин кона (конат) муҳсинан (муҳсинатан) фазид фи иҳсониҳи (иҳсониҳо) ва ин кона (конат) мусиан (мусиатан) фа тажоваз анҳу (анҳо) ва лаккихил (лаккихол) амна вал-бушро вал-каромата ваз-зулфа. Аллоҳуммажал қабраҳу (қабраҳо) равдатан мин риёдил жинони ва ло тажъал қабраҳу (қабраҳо) ҳуфратан вин ҳуфарин-нийрони. Раббиғфирли ва ли-волидаййа ва лил-муъминина вал-мўминоти вал-муслимина вал-муслимоти ва ли жамиил муслимина вал-муслимоти ал-аҳё-и мин ҳум вал амвоти би-раҳматика ё арҳамар-роҳимийн.

Таржимаси:

Аллоҳим! Тирикларимизни, ўлганларимизни, ҳозир бўлганларимизни, бу ерда бўлмаганларимизни, эркакларимизни, аёлларимизни, кичикларимиз ва катталаримизни авфу мағфират қилгин! Ё Рабби, ичимиздаги кишиларни исломга амал қилган ҳолда яшат, ўлганларни иймон билан жонини олгин. Хусусан, шу ўликни роҳатга қовушдиргин! Уни мағфират эт ва ундан рози бўлгин! Аллоҳим! Агар бу ўлик яхшилардан бўлса, яхшилигини ортдир. Ёмонлардан бўлса, уни авф этгин! Унга тинчлик, мужда, эҳсон ва яқийнлик насиб этгин! Аллоҳим! Унинг қабрини жаннат боғларидан бир боғча қилгин! Унинг қабрини жаҳаннам чуқурларидан бир чуқур қилмагин! Ё Рабби! Мени, ота-онамни, ўлик-тирик бутун мўминларни ва мусулмонларни авф этгин, бираҳматика ё арҳамар-роҳимийн.

Савол: Жаноза намозида тўртинчи такбирдан кейин ҳеч нарса ўқимасдан салом бериладими? Салом бераётганда кимларга ният қилинади?

Жавоб: Тўртинчи такбирдан кейин дуо ўқимасдан ўликка ва жамоатга ният қилиниб, икки тарафга салом берилади. (Радд-ул-мухтор, Ҳалабийи сағир)

Савол: Жаноза намозида ҳар такбирда қўлларини кўтариши керакми?

Жавоб: Йўқ, фақат илк такбирда қўллар кўтарилади. Бошқа уч мазҳабда эса, ҳар такбирда қўллар кўтарилади. Балх олимлари ҳам қўлларни ҳар такбирда кўтариш керак дейишган. (Ҳалабий)

Савол: Таъзия учун ўлганнинг яқинларига “Бошингиз соғ бўлсин” дейишнинг қазо ва қадарга терс эканлиги айтилмоқда. Унинг нимаси зид?

Жавоб: Ҳозирда эски олимлар билдирган ҳамма нарсани ёмонлаш мода бўлган. Бу қиёмат аломатларидан. “Бошингиз соғ бўлсин” дейиш “Аллоҳу таоло сизга ва яқинларингизга сабр берсин” деганидир. Сабр тавсия этиш суннатдир.

Савол: Жаноза намозидан кейин нутқ сўзлагандек гапириш ёки ўлган кишининг қилган ишларини гапириб бериш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас, бидъат. Ўликни унда йўқ нарсалар билан мақташ жоиз эмас. Унда бор сифатлари билан мақташ ҳам фойдасиздир. Имоми Раббоний ҳазратлари вафот этганида бидъат ишланмасин деб жаноза намозидан сўнгра дарров қабрга қўйганлар ва қабрга қўйганларидан кейин дуо ўқиганлар.

Савол: Биз томонда таги тупроқ тўрт томони бетон қуйилган тайёр қабр сотишади. Унинг ичига лаҳад қазиб, маййит дафн этиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз.

Савол: Ўлими яқинлашган хаста кишига калимаи тавҳид қандай талқин этилади?

Жавоб: Хастанинг аҳволига қараб, Ло илоҳа иллаллоҳ дейиш мумкин, лекин Муҳаммадун Расулуллоҳ деб ҳам айтиш яхши бўлади.

Савол: Ажали келмасдан аввал ўзига қабр сотиб олиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз. Лекин бу пулни динга хизмат учун сарфлаш ундан ҳам яхшироқ бўлади. Чунки ҳеч кимни кўммасдан ташлаб қўйишмайди, барибир бирон жой топиб дафн қиладилар.

Савол: Бир ўлик учун икки марта жаноза намози ўқиладими?

Жавоб: Жаноза намози бир марта ўқилади. Бир мартадан кўп ўқилиши макруҳ бўлади. (Мавқуфот)

Савол: Китобларда “Жаноза намозининг фарзи иккита: Бири тўрт такбир, иккинчиси тик туриб ўқиш” дейилган. Ундай бўлса, таҳоратсиз ва ниятсиз ҳам жаноза намози ўқиш мумкинми?

Жавоб: Тўрт такбир билан тик туриб ўқиш жаноза намозининг ичидаги фарзлардир. Таҳорат олиш ва ният намознинг сиртидаги фарзлар.

Савол: Жаноза намозига кеч қолган киши нима қилади?

Жавоб: 1. Жаноза намозида имом биринчи такбирни олгандан кейин келган киши имом иккинчи такбирни олгунча кутади ва у билан бирга такбир олади. Имом жаноза намозини битиргач, етиша олмаган такбирини тобут кўтарилмасдан олдин айтиб салом беради.

2. Имом икки ёки уч такбирни олгандан кейин етишган киши ҳам шундай қилади. Яъни етиша олмаган такбирларини кетма-кет айтади.

3. Жаноза намозига имом тўртинчи такбирни олаётганида етиб келган киши агар имом ҳали салом бермаган бўлса, бу такбир билан намозга киради. Сўнгра тобут кўтаришидан аввал кетма-кет уч марта такбир олади, дуо ўқимайди. (Ҳиндия)

Савол: Жаноза шомга қолиб кетса, жаноза намозини шом намозидан аввал ўқийдими ёки кейинми?

Жавоб: Жаноза шом намози вақтига тайёр бўлса, аввал шом намозининг фарзи, сўнгра жаноза намози ўқилади. Яъни жаноза намози шом намозининг суннатидан аввал ўқилади. (Ҳиндия)

Савол: Танийдиган кишилардан бири, масалан, қўшнимиз Соли амаки, вафот этса, жаноза намозига ният қилаётганида исмини айтишнинг зарари борми?

Жавоб: Зарари бўлмаса ҳам, исмини айтмаган яхшироқ бўлади. (Ҳиндия)

Савол: Жанозани кечиктирмаслик учун кечаси намозини ўқиб, кечаси дафн этиш жоизми?

Жавоб: Тўрт мазҳабда ҳам жоиз. (Мизон-ул-кубро)

Савол: Ўз онаси ёки отасини ўлдирган кишининг жаноза намози ўқиладими?

Жавоб: Ота-онани ўлдириш куфр эмас, лекин унга жазо сифатида жаноза намози ўқилмайди. (Дурар)

Қадимдан ота-онасининг қотили маҳкама қарори билан ўлдирилгандан кейин унинг жаноза намози ўқилмасди. Ҳозир эса жаноза намози ўқилади.

Савол: Жаноза қабрга қўйилгандан кейин лаҳадини ёпишда кесак ўрнига тўрт бармоқ қалинлигида бетон лавҳалар қўйилмоқда. Цемент ўтда куйдирилгани учун макруҳ бўладими?

Жавоб: Макруҳ бўлмайди, чунки у вужудга тегмайди ва қабрнинг ичи ҳисобланмайди.

Савол: Жанозани юваётганда кўрган яхши-ёмон ҳолларни ғассолнинг бошқаларга айтиши дурустми?

Жавоб: Маййит юзининг нурланиши, гўзал ифорлар таралиши ва шунга ўхшаш кўрган чиройли ҳолларини бошқаларга айтиш мустаҳаб, яъни яхши бўлади. Лекин юзининг қорайиб кетиши, ёмон ҳид чиқиши, шаклининг ва органларининг бузилиши каби ёмон ҳолларни айтиш жоиз эмас. (Жавҳарат-ун-наййира, Фатаво-и ҳиндия)

Савол: Бобом хаста бўлиб, ётиб қолгани учун мўйловлари оғзига кирадиган даражада ўсиб кетганди. Қўлтиқ ости ва белдан пасти қиртишланмасдан ўлди. Шу ҳолича кўмдик. Буларни қирқиш керакмиди?

Жавоб: Йўқ. Ўликнинг сочи, соқоли таралмайди, тирноқлари олинмайди, белдан пасти ва қўлтиқ остлари қиртишланмайди. Мўйлови қирқилмайди. Шу ҳолича кўмилади. (Ҳиндия)

Савол: Ўликнинг қўлига, сочига хина суриш жоизми?

Жавоб: Эркакларга макруҳ, аёлларга жоиз.

Савол: Беш ойлик гўдакнинг қабри ҳам катта одамларнинг қабридек чуқур бўлиши керакми?

Жавоб: Ҳа, катта одамнинг қабридек чуқур бўлгани яхши.

Савол: Дафн қилиш учун қабристонга борганимизда жамоатнинг бир қисми “Ота-онамизнинг қабрларини ҳам зиёрат қилиб, Фотиҳа ўқийлик” деди. Имом “Жоиз эмас, ўқиган Фотиҳангиз қабул бўлмайди. Сизлар шу жаноза учун келдинглар, бошқа қабрни зиёрат қила олмайсиз” деди. Бу тўғрими?

Жавоб: Ундай нарса йўқ. Қабристонга боргач, бошқа қабрларни ҳам зиёрат қилиш, Фотиҳа ва Қуръон ўқиш мумкин.

Савол: Қабрнинг устига гул экишнинг фойдаси борми?

Жавоб: Албатта бор. Жаноби Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) икки қабрнинг ёнига келдилар. Ҳар икки қабрдаги ўликнинг азобда эканлигини англадилар. Бир хурмо шохини иккига бўлиб, ярмини бир қабрнинг, қолган ярмини иккинчи қабрнинг устига тикдилар. “Буларнинг яшиллиги йўқолгунча, азоблари енгил бўлади” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим)

Аллоҳу таоло яшил ўтларнинг баракати билан қабрдаги азобни енгиллатмоқда. Ислом қабристонларига сарв дарахтларининг экилиши шундан келиб чиққан. (Қиёмат ва охират)

Савол: Қабристонда таҳорат синдириш жоизми?

Жавоб: Таҳриман макруҳ. Қабристонда таҳорат синдиришнинг макруҳ бўлиши ўликларга азият бергани учундир. Тирикларга азият берадиган нарса, ўликларга ҳам азият беради. (Радд-ул-мухтор)

Савол: Ўзимизга оила қабристони қилдирдик. Унинг деворига ўзбекча ҳарфлар билан “Фалончанинг оила қабристони” деб ёзиб қўйиш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Ислом ҳарфлари билан ёзиш лозим.

Савол: Эски ёки янги қабрнинг устига ўтириш ёки зарурат бўлганида бавл этиш (сийиш) гуноҳми?

Жавоб: Қабр устига ўтириш, бавл этиш макруҳ. (Ҳиндия)

Савол: Қабристонда Қуръон паст овозда ўқиладими?

Жавоб: Ҳа, паст овозда ўқилади. “Фатовои ҳиндия” китобида айтиладики: “Қабристонда Қуръони каримни баланд овозда ўқиш макруҳ. Фақат "Мулк" сурасини баланд овозда ўқиш мумкин.” 

“Маййитнинг Қуръони карим овозини эшитиб, роҳатланишига ният қилган киши хоҳлаган сурасини баланд овозда ўқий олади. Бундай ният қилмаган киши паст овозда ўқийди.” (Саодати абадия)

Савол: Қабр зиёратида қайси суралар ўқилади?

Жавоб: Қабр зиёратида 11 Ихлос, бир Фотиҳа ўқилиб, савоби ўлганларга бағишланса, ўқиган ва ўлганларнинг гуноҳлари авф этилади. Бошқа сураларни ўқиш ҳам мумкин. Масалан, "Мулк" сурасини ўқиш ҳам жуда яхши. Имоми Аҳмад бин Ханбал ҳазратлари “Қабристонга кирганда Фотиҳа, Фалақ, Нос ва Ихлос сураларини ўқиб, савоби ўликларга бағишланса, барчасига етиб боради” деганлар.

Савол: Ўлик қабрга қўйилаётганда қайси дуо ўқилади?

Жавоб: Ўлик қабрга қўйилаётганда “Бисмиллоҳи ва биллоҳи ва ала миллати Расулиллоҳ” дуоси ўқилса, Аллоҳу таоло бу қабрдагининг қирқ йиллик азобини олиб ташлайди. (Ширъа)