Савол: Жаноза қандай ювилади?
Жавоб: Ўлик ювиладиган тахта атрофида аввало хушбўй ҳидли гиёҳлар ёки исириқ тутатилиб, уч ёки беш марта айлантирилади.
Маййит усти ёпиқ ҳолатда хушбўй гиёҳ тутатилган тахта устига чалқанча ёки қулай ҳолда ётқизилади. Киндик билан тизза ораси ёпилган ҳолда ювилади. Чунки хотин кишининг хотинлар учун аврат жойи билан, эр кишининг эркаклар учун аврат жойлари айни. Тахта устига қиблага қаратиб ётқизиш суннат.
Ўлик ювиладиган тахта киндик баландлигида бўлиб, бир томонидан сув оқиб кетиши учун эгик бўлиши керак. Сув ортиқча иссиқ бўлмаслиги ва шўрроқ бўлиши керак. Чунки салқин ва шўр сув чиришни кечиктиради. Ўлик ёш бола бўлса ҳам аввал таҳорат олдирилади. Фақат оғзига, бурнига сув киритилмасдан, ҳўл латта билан тозаланади. Аввал юзи ювилади. Сўнгра қўллари ювилиб, боши, қулоқлари ва энсаси масҳ қилинади. Оёқлари ювилади. Кофур (хушбўй антибактериал хоссали дарахт кукуни) қўшилган сув билан, бўлмаса оддий сув билан боши ва соқоли совунлаб ювилади. Сўнгра чап ёнига ётқизилиб, ўнг тарафига сув қуйилади. Сув баданнинг тахтага тегиб турган жойларигача оқиши лозим. Сўнгра ўнг тарафи билан ётқизилиб, чап томонига елкасидан оёғигача сув қуйилади. Сўнгра ўтқизилиб, қорни енгилгина босилади. Бирон нарса чиқадиган бўлса ювилади, яъни сув қуйиб тозаланади. Сўнгра такрор чап ёнбошига ётқизилиб, ўнг томони ювилади, яъни елкасидан оёғигача сув қуйилади. Шу билан суннатга мос, яъни уч марта ювилган бўлади. Икки ёнбоши ювилаётганда ҳам уч марта сув қуйилади.
Касал, жунуб ҳолича вафот этган бўлса ҳам бир марта ювилади. Ювилгандан кейин жасаддан таҳоратни бузадиган нарсалар чиқса, такрор ювилмайди ва таҳорат олдирилмайди. Фақат чиққан нарсалар сув қуйилиб, кетказилади. Ўликни юваётганда ният қилиш суннат. Ниятсиз ювилганда жасад тоза бўлса ҳам фарз соқит бўлмайди.
Ўлик ювиладиган хонага ғассоллардан бошқаси кира олмайди, фақат валийси кириши мумкин.
Зарурат бўлмаса, ҳидланмаслиги учун моргда сақлаш ўрнига тезроқ кўмиш керак. Узоқдан қариндошлар келади деб кутдирмаслик лозим. Тирик одамга азият берадиган нарса ўликка ҳам азият беради. Шунинг учун жуда совуқ ёки иссиқ сув билан ювилмайди. Замзам суви билан ювиш жоиз эмас. Сочлари тўкиладиган бўлса, кафаннинг ичига солиб қўйилади. Чунки инсоннинг ҳар парчаси муҳтарамдир, кўмилади. Ювиб бўлгандан кейин тахта устида латта билан қуритилади. Ўликнинг сочларини тараш, соч-соқол, мўйлов ва тирноқларини қирқиш Ҳанафийда жоиз эмас. Сув кириб кетмаслиги учун оғзига, бурнига ва қулоқларига пахта тиқиб қўйиш жоиз. (Халабий)
Сув топилмаган пайтларда таяммум қилдирилиб, намози ўқилади. Сўнгра сув топилса, ювилади. Лекин намози такрор ўқилмайди. Ғассолнинг (ўлик ювадиган киши) аввал ўзи ғусл олиши мустаҳаб. Маййитни жунуб киши ва узрли (ҳайзли) аёлнинг ювиши макруҳ бўлади. Жаноза ювилган сув мустамал сув бўлиб, нажсдир. Шунинг учун ғассоллар сувни устларига сачратмаслиги, пешбанд тақиб олишлари лозим. (Бошқа бир қавл бўйича, маййитнинг устида нажосат бўлмаса, сув нажс бўлмайди.)
Савол: Туғилган заҳоти жони узилган чақалоқнинг жанозаси ўқиладими?
Жавоб: Туғилган заҳоти ўлган чақалоқ ювилади ва намози ўқилади. Ворис бўлади, мероси қолади ва исм қўйилади. Жонсиз туғилган гўдак тўрт ойлик бўлса, ювилиб кафанланиб кўмилади. Намози ўқилмайди. Тўрт ойга етмаган бўлса, ювилмайди ва намози ҳам ўқилмайди. (Саодати абадия)
Ҳадиси шарифда: “Ўлик туғилган чақалоқдан туғилаётганда овоз чиқса, намози ўқилади. Овози чиқмаса (ҳаёт аломатлари кўринмаса) намози ўқилмайди” деб марҳамат қилинган. (Мавқуфот)
Савол: Оқил ва болиғ бўлмаган бола жаноза юва оладими ва жаноза намозини ўқита оладими?
Жавоб: Болага жаноза ювиш жоиз бўлса ҳам намоз ўқитиши жоиз эмас.
Савол: Жанозани юваётганида қиблага қаратиб ёнбошлатиб ювиш керакми?
Жавоб: Майит киндик билан тизза ораси бекилган ҳолатда чалқанча ёки қулай ҳолатда ётқизилади. Қиблага қаратиб ётқизиш суннат.
Савол: Ўликларни ювиш аввалги динларда ҳам бўлганми?
Жавоб: Ҳа, ўликларни ювиш барча динларда бор эди. Бир ҳадиси шарифда “Одам алайҳиссалом вафот этганида фаришталар жаннатдан хонут ва кафан келтириб, сув ва кедр дарахтининг барги билан ювдилар. Учинчисида кофур қўйдилар. Уч парча кафан билан кафанлаб, намозини ўқидилар. Лаҳад қазиб, дафн қилдилар. Сўнгра фарзандларига қараб "Эй Одамўғиллари, маййитларингизни шу тариқа кўминглар" дейишди.” (Фатавоий фиқҳия)