Савол: Жаноза намозини ўқиш фарзми?
Жавоб: Фарзи кифоядир. Бир неча киши ўқиса, бошқалардан бу фарз соқит бўлади. Яъни бир мўминнинг вафоти ҳақида эшитган эркакларга, эркаклар бўлмаса, аёлларга жаноза намозини ўқиш, ювиш, кафанлаш ва дафн қилиш фарзи кифоядир.
Савол: Жанозада намоз майит учун ўқиладими?
Жавоб: Йўқ. Жаноза намози - Аллоҳ учун намоз, майит учун дуо ҳисобланади.
Савол: Жаноза намозининг қабул бўлиши учун қандай шартлар бор?
Жавоб: Олти шарт бор:
1. Маййит мусулмон бўлиши керак.
2. Ювилган бўлиши лозим. Ювилмасдан кўмилган майит устига ҳали тупроқ ташланмаган бўлса, чиқарилиб ювилади, сўнгра намози ўқилади. Жаноза ва имом турган жой тоза бўлиши керак. Жамоатники шарт эмас. Чунки ёлғиз имом ўқиши билан фарз бажарилган бўлади.
3. Майитнинг ёки боши билан бирга жасадининг ярми бор ёки бошсиз жасаднинг ярмидан кўпи имомнинг олдида бўлиши керак.
4. Майит ерда ёки ерга яқин қўлда кўтариб турилган ёхуд тош устига қўйилган бўлиши лозим. Бошқа жойдаги ёки жонивор устида ёхуд қўл кўтарилиб елкага олинган жанозанинг намози қабул бўлмайди. Жанозанинг боши имомнинг ўнг тарафида, оёғи чап тарафида бўлади. Терс қўйиш гуноҳ.
5. Жаноза (майит) имомнинг олдида бўлиши керак.
6. Жаноза ва имомнинг аврати ёпиқ бўлиши керак.
Жаноза намозининг 2 та фарзи бор:
1. Тўрт марта такбир айтиш.
2. Тик туриб ўқиш. Узрсиз ўтириб ёки улов устида ўқиш жоиз эмас. Ёмғир, лой туфайли уловидан туша олмаса, жоиз бўлади.
Савол: Жаноза намози учун ният фарзми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Жаноза намозининг суннати нечта?
Жавоб: Жаноза намозининг суннати учтадир:
1. Субҳонака ўқимоқ.
2. Салавот ўқимоқ. Чунки дуодан аввал салавот ўқиш дуонинг суннатидир.
3. Ўзига, майитга ва бутун мусулмонларга авф ва мағфират учун дуо қилиш.
Савол: Жаноза намози қандай ўқилади?
Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:
1. Аввал “Аллоҳ учун намозга, маййит учун дуога” деб ният қилинади.
2. Илк такбир олинади, яъни “Аллоҳу акбар” деб, қулоқ қоқилиб икки қўл боғланади. Субҳонака ўқилади. Субҳонакани ўқиётганида “ва жалла саноука” ҳам илова этилади. Фотиҳа ўқилмайди.
3. Иккинчи такбирдан кейин ташаҳҳудда ўқиладиган солли-бориклар ўқилади.
4. Учинчи такбирдан кейин жаноза дуоси ўқилади. Жаноза дуосини билмаган киши “Раббана отина...” дуосини ўқийди ёки фақат “Аллоҳуммағфирлаҳ” ёхуд дуо нияти билан бисмиллоҳсиз Фотиҳа ўқийди.
5. Тўртинчи такбирдан кейин дарров ўнг ва чапга салом берилади. Салом бераётганида майитга ва жамоатга ният қилинади. Ўнгга салом бераётганида ўнг қўл туширилади, чапга салом бераётганида чап қўл туширилади. Ёки ўқиб бўлгандан кейин икки қўлни бирданига туширса ҳам бўлади.
6. Намозга кеч қолган имом қайси такбирга келган бўлса ҳам унга қўшилиб такбир келтиради. Бу такбирга ифтитоҳ такбиридек ният қилади. Имом салом берганидан кейин улгурмаган такбирларини бирин-кетин айтиб, ҳеч нарса ўқимасдан салом беради. Тўртинчи такбирга ҳам улгура олмаган киши намоздан қолиб кетган бўлади.
7. Жаноза намозининг тўрт такбиридан ҳар бири бир ракъатга ўхшайди. Тўрт такбирнинг фақат биринчисида қўллар қулоққа кўтарилади. Туширилгач, қўллар киндик остида боғланади. Кейинги уч такбирда қўллар кўтарилмайди.
Савол: Жанозада олдинги сафда намоз ўқишнинг савоби каттами?
Жавоб: Йўқ, аксинча жанозада охирги сафда ўқишнинг савоби каттароқ.
Савол: Кўпинча одамлар майитларини жамоат кўп бўлсин деб масжидга вақт намозларига, жумага олиб келишади. Шу пайтларда масжидда намозга салом берилгач жанозани баҳона қилиб, оятал курси ва тасбиҳларни ўқимасдан, суннатни тарк этиш дурустми?
Жавоб: Жанозани баҳона қилиб намоз суннатларини тарк этиш дуруст эмас. Жаноза намозини кутказмай борича тезроқ ўқиш мустаҳаб. Мустаҳаб амал учун суннат тарк этилмайди. Жамоат кўп бўлсин ёки қариндоши етиб келсин деб жанозани соатлаб куттириб, намозга келганда жаноза тезроқ ўқилиши керак деб жамоатни шошилтириш, оятал курси ва тасбиҳларни тарк этиш, узрсиз суннатни тарк этиш ва аҳамият бермаслик жуда катта хато бўлади.
Савол: Тонг пайтида вафот этган одамнинг жанозасини жамоат кўп бўлсин деб пешин намозидан кейинга қолдириш дурустми?
Жавоб: Жамоат кўп бўлсин деб жаноза намозини вақт намозларидан кейинга қолдириш макруҳ.
Савол: Жанозани кўрган кишининг ҳурмат юзасидан ўрнидан туриши жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Ҳовлида жаноза намози учун кутиб турганлар жаноза ерга қўйилишидан аввал ўрниларидан туришмайди. “Сурратул фатово” китобида “Масжид ҳовлисида ўтирганлар жаноза келганида ўрниларидан турмаслиги керак” дейилган.
“Мароқил-фалоҳ” ва “Дурр-ул-мухтор”да жанозани кўрган кишининг ҳурмат учун ўрнидан туриши жоиз эмаслиги ёзилган.
Жаноби Расулуллоҳнинг жанозани кўрганларида ўрниларидан турганлиги ва ўтиб кетганидан кейин ўтирганликлари ҳамда “Сизлар ҳам шундай қилинглар!” деб амр қилганлиги билдирилса ҳам, бу амр насҳ этилди, яъни бироз вақт ўтгач бу амрни ўзгартирганлар. (Ҳалабий, Саодати абадия)
Савол: Дафн қилишда тупроқ ташлаган кишиларнинг қўлидаги куракни бошқаларга бермасдан ерга ташлашлари тўғрими?
Жавоб: Нотўғри. Қўлдан қўлга берилса, фаришталар адашиб, савобни бу куракда сўнгги тупроқ ташлаган одамга ёзади, дейишади. Бу жуда нотўғри сўз. Афтағфируллоҳ, фаришталар адашмайди ва нотўғри иш қилмайди. Ҳеч кимнинг савобини бошқасига ёзмайди. Куракни ерга ташламасдан бошқасига бериш дурустроқ бўлади.
Савол: Қабр бошида тик туриш дурустми?
Жавоб: Тобутни қабр бошига қўйганда иш қилмаётганлар ерга ўтириши ёки чўнқайиши лозим. Ғайримуслимлардек тик турмаслик керак.
Савол: Жаноза дафн этилаётганда нималар ўқилади?
Жавоб: Жаноза дафн этилаётганида Қадр, Кофирун, Наср, Ихлос, Фалақ, Нос ва Фотиҳа сураларини ўқиш, майитга дуо ва истиғфор қилиш мустаҳабдир. Бақара сурасининг бошини ва охрини ўқиш ҳам мустаҳаб.
Савол: Қабристонда баланд овозда Қуръон ўқиш дурустми?
Жавоб: Баланд овозда ўқиш макруҳ. Афсуски, бугунги кунда қабристонда Қуръони каримлар баланд овозда ўқилмоқда. Хоҳ дафн вақтида, хоҳ бошқа вақтларда қабристонда Қуръони карим овозсиз, яъни ўзи эшитадиган даражада ўқилиши лозим.
Савол: Жанозани олиб кетаётганда баланд овозда такбир келтирса бўладими?
Жавоб: Жанозани кўтариб олиб кетаётганида баланд овозда такбир, таҳлил, илоҳийлар ўқиш бидъат ва гуноҳдир. (Ҳалабий, Мароқил-фалоҳ, Тахтовий ҳошияси, Неъмати ислом, Ширъа шарҳи)
Савол: Ўлганни ортидан мотам тутиш, қора либос кийиш, қора лента тақиш, мотам белгилари, расмларини тақиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. (Ҳазонат-ур-ривоят)
Савол: Жаноза дафн этилгандан кейин қабристондагиларнинг жаноза эгаларига таъзия билдиришлари бидъатми?
Жавоб: Бидъат эмас.
Савол: Жаноза яқинини учратганда таъзия билдириш мустаҳабми?
Жавоб: Ҳа, мустаҳабдир.
Савол: Таъзия сифатида нималар айтиш керак?
Жавоб: Таъзия тариқасида “Аллоҳу таоло яқинларига чиройли сабр берсин, раҳматликнинг гуноҳларини авф этсин” қабилида сўзлар айтилади.
Савол: Жаноза чиққан уй эгаларига неча кунгача таъзия билдириш мумкин?
Жавоб: Уч кундан кейин таъзия билдириш макруҳ. Лекин узоқда бўлганлар ва яқинда бўлса ҳам хабарни кеч эшитганлар учун макруҳ бўлмайди.
Савол: Майит учун фотиҳага келган ҳар бир киши ўзи овозсиз ҳолда Қуръони карим тиловат ё хатм қилиб, савобини майит руҳига юбориши ёки тиловатдан кейин ҳамманинг ўрнига бир кишининг ҳадя қилиши, хатм дуоси қилиши, ўқиганлар фақат омин дейиши жоизми?
Жавоб: Жоиз ва жуда фойдали бўлади.
Савол: Муҳтарам пайғамбаримиз қарздор кишининг жаноза намозини ўқишни истамаган эканлар. Бошқаси унинг қарзини ўз бўйнига олгандан кейин ўқиган эканлар. Қарздор бўлган кишининг жаноза намози ўқилмайдими?
Жавоб: Ўқилади. Муҳтарам пайғамбаримиз халққа қул ҳақи билан ўлмасликнинг аҳамиятини кўрсатиш учун шундай қилганлар.
Савол: Қандай мусулмоннинг жаноза намози ўқилмайди?
Жавоб: Қуйидаги тўрт кишининг жаноза намози ўқилмайди: 1. Боғийнинг, яъни халифага ноҳақ исён кўтарганлар тартибсизликлар вақтида ўлдирилса; 2. Мусулмоннинг йўлини тўсган қароқчилар ур-йиқит пайтида ўлдирилса; 3. Зулми билан донг таратган қабилалар зулм қилаётган пайтда ўлдирилса; 4. Қурол билан уйга бостириб кирган кимса босқинчилик пайтида ўлдирилса, жаноза намозлари ўқилмайди.
Савол: Шофеъий мазҳабида шаҳиднинг жанозаси ўқилмайди. Шаҳид Ҳанафий мазҳабида бўлса ҳам Шофеъийлар унинг жанозасини ўқишмайдими?
Жавоб: Жанозада маййитнинг мазҳабига эмас, тирикларнинг мазҳабига кўра ҳаракат қилинади. Шаҳид Шофеъий бўлса ҳам Ҳанафийлар шаҳиднинг жанозасини ўқишади. (Хулосат-ут-таҳқиқ)
Савол: Хотинларнинг жаноза намози ўқишлари жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас, макруҳ. Умму Атия (родиаллоҳу анҳа)нинг ривояти қуйидагича:
“Биз хотинлар Расулуллоҳ тарафидан жанозага боришдан ман этилдик. Жаноза бизга фарз қилинмади.” Бу ҳадисни Бухорий ҳайз баҳсида ёзганлар.
Табаронийнинг ривоятига кўра Умму Атия баён қилади:
Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларида Мадина хотинларини бир уйга тўпладилар. Кейин ҳазрати Умарни бизга юбордилар. Ҳазрати Умар “Мен Расулуллоҳнинг сизларга юборган элчисиман. Хотинларнинг жанозага чиқишини тақиқладилар” деди.
Ибни Мунзир ҳам Ибни Масъуд, Ибни Умар, ҳазрати Оиша ва Абу Умомалардан хотинларнинг жанозага иштирокини кариҳ кўрганликлари ривоят қилинган.
Иброҳим Наҳоий, Ҳасан Басрий, Масруқ, Ибни Сирин, Авзоий, Аҳмад, Исҳоқлардан ҳам “хотинларга жаноза кароҳат” деб ҳукм берганликлари билдирилган.
Суфёни Саврий аёлларнинг жанозада иштирок этишини бидъат деб айтганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа: “Хотинларга жаноза ортидан келиш этиш дуруст эмас” деганлар. Лекин Ибни Аббос, Қосим, Салим, Зуҳрий, Робиа, Абуз-Зиноддан жоиз деган ривоятлар қилинган. Имоми Молик бу хусусда фақат қари хотинларга (кампирларга) рухсат бериб, ёш жувонларга тақиқлаганлар. Имоми Шофеъий ҳам макруҳ, лекин ҳаром эмас, деганлар. Имоми Моликдан хотинларнинг жанозага иштироклари кароҳатли деган ривоят ҳам бор.
Абу Яъло билдирган ҳадиси шарифда ҳазрати Анас айтганларки:
Расулуллоҳ билан бир жанозага боргандик. Расулуллоҳ у ерда кўрган хотинлардан сўрадилар:
- Жанозани елкангизга олиб кўтарасизларми?
- Йўқ, кўтармаймиз.
- Ё ўликни дафн этасизларми?
- Йўқ.
- Ундай бўлса, ҳеч қандай савоб ололмай уйларингга қайтинглар, дедилар.
Хуллас, хотинларнинг жанозада иштироклари жоиз кўрилмаган. Агар бирон жойда жанозани кўтарадиган эркак қолмаса, бундай истисноий вазиятда хотинларга жоиз бўлади.
Демак, хотин кишига жаноза намози фарз эмас. Ҳеч бир эркак қолмаса, у ҳолда хотин киши жаноза намозини ўзи ўқитиши жоиз бўлади. Бундай мажбурият бўлмаса, жаноза намозига қатнашиши макруҳдир.
Савол: Ўлганлар ортидан садақа, мавлуд каби хайрли ишлар маълум кунларда қилинадими?
Жавоб: 1, 3, 7, 40, 52 ёки 53 кунлари ош ва шунга ўхшаш егуликлар тарқатиш тўғри эмас. Еттиси ва қирқида қилиш одат бўлган хатм ва садақа каби ҳадяларни ўлган куни дарров юбориш керак. Биринчи куниёқ буларни бажариб, бироз бўлса ҳам аввалроқ майитга ёрдамлашиш керак. Еттинчи ёки 40-кунга қолдириш чўкаётган кишига “Бироз кут, бир-икки кундан кейин ёрдам бераман” дейишга ўхшайди. Бу нарсаларнинг маълум бир кун ёки кечада қилинишининг асли йўқ. Ўлганлар учун садақа, мавлуд каби хайрли ишларнинг маълум кунларда қилиниши бизга христианлардан кириб келган. Халқ орасида юрган “Қирқинчи куни бурни тушади, 53-куни чиришни бошлайди” деган гаплар тўғри эмас.
Савол: Жаноза учун бериладиган йил оши жоизми?
Жавоб: Бидъат.
Савол: Танимайдиган бир жанозани кўрганда орқасидан “Аллоҳ раҳмат қилсин” деса бўладими?
Жавоб: Албатта бирон нарса айтиш керак эмас. Лекин марҳумни танийдиган бўлса, бўлади.
Савол: Майитни масжид ичига олиб кириб, жаноза намозини ўқиш жоизми?
Жавоб: Майитни масжидга олиб кириб, жаноза намозини ўқиш ҳаромдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Бир ўликнинг намозини масжид ичида ўқиганга савоб йўқ.” (Ибни Можа)
Савол: Масжиднинг ташқарисида ўқилаётган жаноза намозига масжид ичидагилар ҳам иқтидо қилиши мумкинми?
Жавоб: Майит ташқарида, жамоатнинг бир қисми масжидда бўлса, жоиз деганлар бўлса ҳам бундай қилиш ҳам ҳаром бўлади. Жамоат ҳам ташқарида бўлиши лозим. Чунки масжидлар беш вақт намозга ва шунга боғлиқ бўлган суннат ва нофила намозларни ўқиш, Қуръони карим ўқиш, ваъз ва дарс учундир. Ёмғир, бўрон ва хасталик каби узрли пайтларда масжидда ўқиш мумкин, лекин барибир майит масжидга киритилмайди. (Ҳидоя)
Савол: Майитга жанозасини ўлган шаҳрида ўқигандан кейин кўмиладиган шаҳрида ҳам қайта ўқиш жоизми?
Жавоб: Биринчи намоз фарз. Яна қайта ўқилса, нофила бўлади. Ҳанафий мазҳабида жаноза намозини нофила сифатида ўқиш макруҳдир.
Савол: Ўлик ювилишидан аввал ёнида Қуъони карим ўқиш макруҳми?
Жавоб: Ўлик ювилишидан аввал ёнида Қуръони карим ўқиш макруҳ деган олимлар бўлса ҳам ўликнинг усти ёпилган ҳолатда ва ётоғидан нарида овоз чиқармай ўқиш жоиздир. (Радд-ул-мухтор)
Савол: Мусулмон маййитнинг терлаши ва кўзидан ёш оқиши нимага аломат?
Жавоб: Хайрга аломатдир.
Савол: Мусулмон ўлик учун “Тупроғи юмшоқ бўлсин” дейиш жоизми?
Жавоб: Йўқ, унақа сўзлар кофирларга айтилади.
Савол: Тобут устига ёпиладиган ёпинчиқда арабча ёзувлар учратамиз, унга нималар ёзилган?
Жавоб: Одатда: “Ҳар нафс [киши] ўлимни татиб кўради” деган оят ёзилади.
Савол: Жанозасиз дафн этилган майитга намоз ўқиладими?
Жавоб: Дафн этилган майитнинг намози ўқилмаган бўлса, ҳидланиб қолмагани гумон қилингунча қабри устида жанозаси ўқилади. Ҳидланиб қолган деб гумон қилинса, ўқилмайди. Ҳидланишнинг бошланиш вақти тупроқнинг жинсига, мавсумга, иссиқ-совуқликка, маййитнинг ориқ ёки семизлигига қараб ўзгаради. Ҳидланиш уч кун билан бир ой орасида бўлади.
Савол: Жаноза намозини ўқиётганимизда пойафзалларимизни ечишимиз керакми?
Жавоб: Таги нажс бўлган пойафзал билан ёки нажс ерни босиб туриб жаноза намози ўқилмайди. Бу пойафзални ечиб, тоза бўлган устки тарафини босиб ўқиса, саҳиҳ бўлади. (Саодати абадия) Бундай очиқча нажосат кўринмаса, пойафзални ечиш керак эмас.
Савол: Жаноза намозида жамоатнинг кўп бўлгани яхшими?
Жавоб: Жанозада жамоатнинг кўп бўлиши албатта яхши. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Қирқ мусулмон бир мусулмоннинг намозини ўқиса, Аллоҳу таоло маййит учун қилинган дуони қабул этади.” (Муслим)
“Бир мусулмон вафот этиб, уч сафлик мусулмон жамоат жаноза намозини ўқиса, у киши жаннатга киришга ҳақ қозонади.” (Термизий)
“Жаноза намозида юз мусулмон иштирок этган маййитни Аллоҳу таоло мутлақо авф этади.” (Табароний)
“Бир мусулмоннинг яхши эканлигига тўрт қўшниси гувоҳлик берса, Аллоҳу таоло “Мен сизнинг гувоҳлигингизни қабул қилдим. Унинг сиз билмаган томонларини эса авф этдим” деб буюради.” (Абу Яъла)
“Бир мусулмоннинг яхшилигига тўрт мусулмон гувоҳ бўлса, Аллоҳу таоло уни жаннатга киритади.” (Бухорий)
“Бир мўминнинг жанозасида қирқ мусулмон қатнашса, Аллоҳу таоло бу қирқ кишини ўша мусулмонга шафоатчи қилади.” (Муслим)
Савол: Жанозада ўқиладиган дуони билмаган киши нима қилади?
Жавоб: Жаноза дуоси ўрнига “Раббана отина...”ни ўқийди. Ёки бисмиллоҳ айтмасдан дуо нияти билан Фотиҳа ўқиса ҳам бўлади. Дуо маййитнинг авфига сабаб бўлади.
Савол: Жаноза намозида қўллар қачон ёнга туширилади?
Жавоб: Ўнгга салом берганда ўнг қўл, чапга салом берганда чап қўл туширилади. Саломдан кейин икки қўлни бирга тушириш ҳам жоиз.
Савол: Китобларда “Жаноза намозида салом бераётганда маййитга ва жамоатга ният қилинади” дейилади. Ният намозга киришда қилинмайдими?
Жавоб: Намозга киришда қилинадиган ният бошқа, намоз охиридаги саломда қилинадиган ният бошқа. Бири намозни бошлаш учун ният, иккинчиси эса охирида саломга шерик қилиш учун қилинадиган ниятдир.
Беш вақт намозни ўқиб салом бераётганимизда ўнг елкамиздаги фариштага, жамоатга ва имом ўнг тарафда бўлса унга ҳам ният қилинади. Жаноби пайғамбаримизга ҳам ният қилиш яхши бўлади. Чапга салом бераётганда чап елкамиздаги фариштага ва чапдаги жамоатга ният қилинади. Имом чап тарафда бўлса, имомга ҳам ният қилинади.
Жаноза намозида ҳам салом бераётганда ўнг ва чап тарафимиздаги жамоатга ният қилинади.
Савол: Кемада ўлган ёки шаҳид бўлган киши қандай дафн қилинади?
Жавоб: Кемада ўлган киши қуруқликка етиб боргунча ҳидланиб қоладиган бўлса, ювилиб кафанланади, ва намози ўқилиб денгизга ташланади. Кофирлар тарафидан шаҳид қилинган бўлса, ювилмайди ва кафанланмайди. Кафан миқдоридан ортиқ кийими ечилиб, либоси билан дафн этилади. Ҳанафий мазҳабида жанозаси ўқилади, Шофеъийда ўқилмайди. (Радд-ул-мухтор)
Савол: Ўз жонига қасд қилган кишининг жанозаси ўқиладими?
Жавоб: Ўз жонига қасд қилиш (интиҳор) катта гуноҳ бўлса ҳам кофир бўлмагани учун жаноза намози ўқилади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Мусулмон бўлган ҳар бир одамнинг жанозасини, ўз-ўзини ўлдирган бўлса ҳам ўқинг.” (Дайламий)
Савол: Ғойибга, яъни узоқ ўлкада ўлган кишининг ортидан жаноза намозини ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳанафий ва Моликийда ғойибан жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Жаноби пайғамбаримиз Нажоший учун ўқиган бўлсалар ҳам бу ул зотга махсус эди. Шофеъий ва Ханбалийда ғойибан жаноза намози ўқиш жоиз. Ханбалий мазҳабида намоз ўқиш учун орадан бир ой вақт ўтмаган бўлиши лозим. (Халабий, М.Арбаъа)
Савол: Жаноза намозида имом “Бу киши қандай одам эди?” деб сўрайди. Бу жоизми? Маййит ҳақида “яхши одам эди” дейишнинг ўликка қандай фойдаси бор?
Жавоб: Жанозада “Қандай одам эди?” деб сўраш жоиз. “Яхши одам эди” дейиш фойдали. Анас бин Молик ҳазратлари баён қиладилар: Бир жанозада маййит ёмонланганда Расули акрам “У жазони ҳақ этди” деб марҳамат қилдилар. Бошқа жанозада одамлар маййитни мақтади. Марҳамат қилдиларки: “Унга эса яхшилик вожиб бўлди. Буни мақтадингиз жаннатни, унисини ёмонладингиз жаҳаннамни ҳақ этди. Сизлар ер юзидаги Аллоҳнинг гувоҳларисиз.” (Бухорий)
Бу ерда “сизлар” калимаси солиҳлар деганини билдиради. Фосиқлар, динсизлар Аллоҳнинг гувоҳи эмас. Уларнинг сўзлари билан бир киши жаннат ёки жаҳаннамга лойиқ бўлмайди. Солиҳлар мусулмонга ҳусни зан (у ҳақда яхши гумон) қилишади. Солиҳ киши гумон билан ҳеч бир мусулмонни ёмон демайди. Бунай мусулмонларнинг гуноҳкор мусулмонлар ҳақидаги гувоҳлигини Ҳақ таоло қабул қилади. Ўлганларни хайр (яхшилик) билан ёдга олишимиз керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ўлганларни яхшилик билан эсланг. Агар жаннати бўлса, ёмон гап айтиш билан гуноҳкор бўлиб қоласиз. Жаҳаннамлик бўлса, шундоқ ҳам унга ўзи тушган ҳолати кифоя.” (Насоий)
“Мусулмон жамоат ўликнинг яхшилигига шоҳидлик қилса, Ҳақ таоло фаришталарга “Шоҳид бўлинг! Бу гувоҳликни қабул қилдим. Ўликнинг ёмонликларини кечдим” деб буюради.” (И.Аҳмад)
Савол: Жанозани кўтараётганда аввало қайси тарафидан тутиш керак?
Жавоб: Жанозани кўтаришда аввал олдинги ўнг тарафи ўнг елкага олиниб, ўн қадам юрилади. Сўнгра орқа томондаги ўнг тарафи ўнг елкада ўн қадам олиб юрилади. Кейин тобутнинг чап тарафига ўтиб, аввал олдинги, сўнгра орқа томондан чап елкада ўн қадамдан олиб юрилади. Жами қирқ қадам бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Жанозани қирқ қадам олиб юрган кишининг қирқта катта гуноҳи авф этилади.” (И.Асокир)
Тобутни елкасида кўтариб бошқаларга бергач тобутнинг ортидан юрилади, Шофеъийда олдига тушиб юрилади.
Савол: Бир нечта маййитнинг намозини бирга ўқиш жоизми?
Жавоб: Бир нечта жаноза бўлса, ҳар бирининг намозини алоҳида ўқиган афзал. Ҳаммасига бир намоз ўқиш ҳам жоиз. Бунинг учун бирининг боши наригисининг оёғига тўғри келадиган шаклда бир қаторга қўйилади. Имом даражаси баландроқ маййитнинг олдида туриб, намоз ўқийди. Жанозаларнинг бир қисми имомнинг ўнг тарафида, бир қисми эса чап тарафида туради. Ёки барчаси имомнинг олдига қаторлаштириб ёнма-ён қўйилиб, имом уларнинг кўкси тўғрисида туради. Аввал эркакларнинг, сўнг аёлларнинг жанозаси ўқилади.
Уларга ният қилаётганда эркак ёки аёл эканлигини айтиш шарт эмас. Айтишнинг зарари йўқ.
Савол: Бир жаноза бир қабрдан бошқа қабрга кўчирилаётганда такрор жаноза намози ўқиладими?
Жавоб: Ўқилмайди. Ўқилса, бидъат бўлади.
Савол: Динимизда жаноза марши деган нарса борми?
Жавоб: Динимизда бундай нарса йўқ. Ғарбдан кириб келган ботил иш. Жаноза ортидан марш, оркестр чалдирадиганлар диннинг амри бўлгани учун эмас, ғарбга эргашиш учун қилишади.
Савол: Ўн йил аввал вафот этганини эшитган маййитга жаноза ўқиш бидъатми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Баъзи жойларда жаноза чиққан уйга кирган ҳар бир одам Фотиҳа дейди. Ҳар бир одам ўзи Фотиҳа ўқиб, ўлганга бағишлайди, бу бидъатми?
Жавоб: Динда эмас, одатда бидъат бўлгани учун жоиз.
Савол: Баъзан масжидга намоз ўқигани борганимизда жамоатнинг жаноза ўқиётгани устидан чиқамиз. Маййит ким деб сўрамасдан жаноза намозига қўшилишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ. У ердаги мусулмонларга ҳусни зан қилинган бўлади.
Савол: Жанозага гул олиб бориладими?
Жавоб: Гулнинг заррача фойдаси йўқ. Лекин қабрга гул экишнинг фойдаси бор.
Савол: Жаноза ишларини ҳақ эвазига ишлаш жоизми?
Жавоб: Ўликни ювиш, кафанлаш, жаноза намозини ўқиш ва кўмиш фарзи кифоядир. Бу фарзларни бепул Аллоҳ розилиги учун қилиш лозим. Жанозани текинга ювиш катта савоб. Ҳақ сўраш ҳам жоиз. Лекин текинга ювадиган киши топилмаса, пул сўраш жоиз эмас. Тобутни кўтариш, қабр қазиш ҳақи ҳам шундай.
Савол: Қабр тоши қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Бири бош томонга, иккинчиси оёқ томонга иккита қабр тоши қўйиш шарт” дейишяпти. Бир дона қабр тоши қўйсак бўлмайдими?
Жавоб: Қабр тоши қўйиш шарт эмас, фақатгина жоиз. Яъни қўйилса ҳам, қўйилмаса ҳам бўлади. Қабр тоши бир дона ҳам бўлади, икки дона ҳам бўлади. Ҳатто қабрни ҳимоялаш учун атрофини тош, бетон, темир панжара билан ўраш ҳам жоиз. Ҳаммаси ҳожатга қараб қилинади.
Савол: Қабр тошига ояти карима, муборак исмлар, шеър, мадҳия каби нарсалар ёзиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Энг ёмон бидъатлардан. Баъзи олимлар қабр тошига фақатгина исм ва вафот санасини ёзиш жоиз эканлигини билдирганлар. Буларни ислом ҳарфлари билан ёзиш лозим.
Савол: “Марҳумни абадий истироҳатгоҳига кузатдик” дейишади. Қабрни абадий жой деб ҳисоблаш жаннатни, жаҳаннамни инкор қилиш эмасми? Қабр истироҳат жойими?
Жавоб: Охиратни инкор қилиш мақсадида айтилса, албатта куфр бўлади. Чунки қабр абадий эмас, вақтинчалик жой бўлиб, ё жаннат боғчаси, ё жаҳаннам чуқуридир. Абадий калимасини чексиз деган маънода эмас, узоқ вақт маъносида ишлатиб, (яхши одм ээди деб) дафн этилган мусулмонлар учун абадий истироҳатгоҳ дейиш жоиз. Агар қабри жаннат боғчаларидан бўлса, маййит истироҳат қилади.
Савол: Хотинларнинг мақбара ва қабр зиёратига боришлари жоизми?
Жавоб: Хотин-қизларнинг қабр зиёрат қилишлари жоиз бўлса ҳам, тез-тез боришлари дуруст эмас. Ҳайзли пайтда ҳам бориш жоиз. Ҳайзли бўлганда ёддан бўлса ҳам Қуръони карим ўқилмайди. Фақатгина дуо оятлари дуо нияти билан ўқилади. Дуо нияти билан Фотиҳани ўқиш мумкин. Тасбиҳ ва зикр айтилади.
Савол: Қабр устига сув сепиш яхши бўлади, дейишади. Сепмаса нима бўлади?
Жавоб: Қабр устига сув сепиш суннат. Сепилмаса, суннатга амал қилинмаган бўлиб, савоби кам бўлади. Бошқа зарари йўқ.
Савол: Қабристондаги ўтларни юлиш дурустми?
Жавоб: Қабристондаги яшил ўтларни, шохларни юлиш макруҳ. Қуриб қолган ўтларни юлиб ташлаш жоиз. Қабр устига хоҳлаган гул экиш ўликка фойдалидир.
Савол: Ўлик чириб, тупроққа айлангандан кейин у ер полизга айлантирилса ёки бино қурса бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қабрлар сел, ариқ сувлари остида қолса, маййитларни чиқариб бошқа жойга кўмиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас.
Савол: Эски кофир қабристонларида кофирларнинг белгилари қолмагач, у ерга мусулмонларни кўмса ва масжид қурса бўладими?
Жавоб: Ҳа. Мадинадаги Масжиди набавийнинг ўрни аввал кофирлар қабристони эди. Қазилиб, суяклари бошқа жойга кўмилиб, у ерга масжид қурилди.
Савол: Европада вафот этган бир яқинимизни кофирлар қабристонига кўмсак бўладими?
Жавоб: Мусулмон қабри жаннат боғчаси, кофирнинг мозори жаҳаннам чуқури бўлади. Кофир қабристонига зулмат ёғади. Мусулмон у қабрда азоб кўрмаса ҳам кофирларга тушган зулматдан безовта бўлади. Шунинг учун мусулмон қабристонига кўмиш имкони бўлса, шуни танлаш керак. Бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган: “Маййитларингизни солиҳ қавм орасига дафн қилинг. Чунки тириклар ёмон қўшнидан безовта бўлганидек ўлганлар ҳам ёмон қўшнидан безовта бўлади.” (Абу Нуайм)
Савол: Маййитни тобут билан бирга кўмиш яхшироқми?
Жавоб: Тупроқ қаттиқ зах бўлса, эркак кишини қабрга тобут билан қўйиш жоиз. Тупроқ қуруқ ва маҳкам бўлса, эркакни тобут билан кўмиш макруҳ бўлади. Ўликнинг остига шолча, намат каби нарсалар тўшаш ҳам макруҳ. Тобут билан кўмилганда тобут ичига озгина тупроқ солинади. Хотинларни ҳар доим тобут билан кўмиш яхшироқ. (Саодати абадия)
Савол: Ўликни олтин, кумуш тишлари билан кўмиш жоизми?
Жавоб: Қимматбаҳо мол ва зийнатлари билан кўмиш жоиз эмас.
Савол: Беш ойлик гўдакнинг қабри катта одамнинг қабридек бўлиши керакми?
Жавоб: Катта одамникидек бўлади. Чунки у мўминдир, қабри чуқурроқ бўлгани маъқул.
Савол: Қабр қазилаётганда сув чиқиб кетди. Сувсиз жой йўқ. Бундай жойларга дафн қилиш жоизми?
Жавоб: Зарурат пайтида жоиз.
Савол: Ер торлиги сабабли қабрни қават-қават қилиб қазиш жоизми?
Жавоб: Зарурат бўлса, жоиз. Заруратсиз жоиз эмас.
Савол: Вафот этди деганни ўрнига “иртиҳол қилди” деса бўладими?
Жавоб: Ҳа, Чунки иртиҳол – дунёдан охиратга кўчди деганни билдиради.
Савол: Хотин кишини кафанлаётганда аврат жойига мато қўйиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Таборака сурасини ўқиганга қабр саволи бўлмайдими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Уй эгасининг таъзия қабул қилиш учун уйида уч кун бўлиши керакми?
Жавоб: Бўлиши жоиз. Лекин бўлмагани яхши. Ибни Обидин ҳазратлари “Жаноза эгасининг таъзия қабул қилиш учун уйида ўтириши макрух, қабристондан чиқаётганда таъзия билдириш макруҳ эмас” деб билдирганлар.
Савол: Таъзияга келганлар учун дастурхон безаш керакми?
Жавоб: Уйга келган одамни меҳмон қилиш одат бўлагани учун жоиз.
Савол: Жаноза чиққан уйга қўшнилар овқат қилиб чиқаришади. Ачиб қолмаслиги учун таъзияга келганларга берса бўладими?
Жавоб: Фақирларга бериш савоброқ бўлади. Маййитнинг руҳига бағишланади.
Савол: Ҳокимлик ўликларни бетон қабрга кўмдиряпти. Нима қилсак бўлади?
Жавоб: Зарурат бўлганда жоиз.
Савол: 40 йил аввал ўлган кишининг қабри олдида баланд овозда Қуръон ўқиса бўладими?
Жавоб: Қабристонда баланд овозда Қуръон ўқиш макруҳ бўлади.
Савол: Тошларга ўқиб, қабр устига қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қабрдаги суяклар чиригач бошқасини дафн қиламиз. Суякларнинг маълум бир чириш муддати борми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Боғни қазиётганда чиққан суякларни нима қилиш керак?
Жавоб: Суякларни тўплаб бир чуқурга кўмиш керак. Суяксиз жойларга экин экилади.
Савол: Отамни Болгариядаги ғайримуслим қабристонига кўмгандилар. Тушимда отамни кўрдим. Мени қутқаргин деди. Отамнинг қабрини мусулмон қабристонига кўчиришим жоизми?
Жавоб: Зулматдан қутулиши учун кўчириш жуда яхши бўлади.
Савол: Шом пайтида қабристондан ўтаётганда қабрда ётганларга Фотиҳа ўқиладими?
Жавоб: Ҳа, ҳар доим ўқиса бўлади. Зарари йўқ.
Савол: Дафн этаётганда кесак ўрнига бетон, мармар қўйиш жоизми?
Жавоб: Вужудга тегиб турмагани учун жоиз. Қабрнинг ичидан ҳисобланмайди.
Савол: Тўсатдан вафот этиш ёмонми? Калимаи шаҳодат келтиролмасдан ўлган одам кофир бўлиб ўладими?
Жавоб: Мўминлар учун тўсатдан вафот этиш неъмат, гуноҳкорлар билан кофирлар учун эса азобдир. Ҳадиси шарифда бундай деб марҳамат қилинган: “Ўлим мўмин учун ҳадядир.” (Табароний)
Гуноҳкорлар тўсатдан ўлмай, хасталаниб ётиб кейин ўлса, гуноҳларига тавба қилишга имкон топади. Кофирларнинг ҳам иймонга келиш эҳтимоли бор. Шунинг учун кофирлар билан гуноҳкорларга тўсатдан ўлиш яхши эмас. Лекин солиҳлар ҳар доим тавба қилганликлари учун тўсатдан келган ўлим уларга неъматдир.
Инфаркт, автоҳалокат, портлаш каби сабаблар билан калимаи шаҳодат келтира олмасдан вафот этган, ухлаётганида жон берган мусулмонлар иймонсиз кетган бўлмайди. Тўсатдан ўлиб, охирги сўзининг калимаи шаҳодат бўлмаслиги унга зарар бермайди.