“Раббинг ким, дининг нима?”

Пайғамбаримиз бир куни Асҳобига “Мўмин қабрга кирганида иккита савол фариштаси келади. Лекин жуда ҳайбатли ва қўрқинчли кўринишда бўлади. Мўминни ҳисобга тортишади” деб марҳамат қилдилар.

Ҳазрати Умар сўради:

“Ё Расулаллоҳ! Қабрда ақлимиз жойида бўладими?”

Пайғамбаримиз “Ҳа, ё Умар, жойида бўлади” дедилар.

Шунда ҳазрати Умар “Ундай бўлса, қўрқадиган жойи йўқ” деди.

Ҳазрати Али бу сўзга ҳайрон бўлди. Вақти келиб Умар Форуқ вафот этди. Ҳазрати Алининг ёдига юқоридаги гаплар тушиб “Қани кўрайликчи, айтганидек қўрқмасмикан” деб ўйлади.

Дафндан кейин бир чеккага ўтириб, қабрга таважжуҳ қилди. Кўрдики, савол фаришталари “Раббинг ким, дининг нима?” деб сўрашди. Ҳазрати Умар улардан “Сизлар қаердан келдинглар?” деб сўради.

- Еттинчи қат кўкдан.

- Бу масофа сизларга қанча вақтлик йўл бўлади?

- Етти минг йиллик йўл.

- Хўш, сизлар шу узоқ йўлдан келгунча Раббингизни унутдингизми?

- Йўқ, унутмадик.

- Сизлар етти минг йиллик йўлдан келиб, Раббингизни унутмайсизу мен бироз аввал уйимдан чиқиб келдим, қанақасига унутаман?

Ҳазрати Али буни эшитиб ўз-ўзига “Эй Умар биродарим! Ҳақиқатан ўз сўзингда турдинг” деди. Бир фотиҳа ўқиб, руҳига бахшида қилди.