Исмоил Нажоти афанди Нақшбандий-Холидий шайхларидандир. 1255 (милодий 1840) йили Сафронболунинг Ўғулверен қишлоғида туғилди. Таҳсилини тамомлагач, Истанбулдаги мадрасада давом эттириб, ижозат олиб, мударрисликка тайинланди. Бу орада Нақшбанди-Холидий шайхларидан Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийга боғланган ва сайру сулукини тамомлаб, ижозат олган Исмоил Нажоти афанди Ҳасан Ҳилми афандининг вафотидан кейин Кумушхонавий даргоҳида иршодни бошлади. 1337 (милодий 1919) йили Истанбулда вафот этди. Бир суҳбатларида айтдики:
Муҳаммад Маъсум ҳазратлари “Мактубот”нинг учинчи жилд 16-мактубида: “Иймон комил бўлиши учун нафснинг хоҳишларини рад этиш лозим. “Ло илоҳа” дейиш орқали ушбу нафсоний хоҳиш-орзулар рад этилмоқда. “Жосия” сурасининг 23-оятида маолан: “Нафсининг орзуларини илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми?” дейилган. Аҳли суннат олимлари одамнинг мақсади, яъни доим орзу қиладиган нарсалари унинг маъбуди (Худоси) бўлади, дейишган. “Ло илоҳа” дейиш орқали мана шу орзу-истаклар рад этилмоқда. Одам ушбу калима-и тавҳидни кўп айтганида нафсининг орзуларидан ва шайтоннинг васвасаларидан қутулиб, ёлғиз Аллоҳу таолонинг қули-бандаси эканлигини таъкидлайди. Аллоҳу таолонинг исмини кўп айтиш, одамни Аллоҳу таолога яқинлаштиради. Яъни икки томонлама муҳаббатни орттиради. Инсон фоний бўлади. Яъни қалбида Аллоҳдан бошқа ҳеч бир нарсанинг севги-муҳаббати қолмайди. Калима-и тавҳидни кўп айтиш эса махлуқларга боғлиқликни бутунлай узади. Аллоҳу таоло билан қул орасида бўлган пардаларнинг барчаси олиб ташланади” деган.
Шоҳи Нақшбанд Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий: “Кўрганларинг, эшитганларинг ва билганларинг ҳеч бири У эмас. Ло деганда буларнинг барчасини рад этиш керак” деб айтган.
Абу Исҳоқ Қазруний пайғамбаримизни тушида кўриб “Тавҳид нима?” деб сўради. Жавобида “Аллоҳ деганда қалби, хаёли ва ёдига келган нарсаларнинг ҳеч бири Аллоҳ эмаслигини билишдир” деб марҳамат қилинди.
Ўзини шайх, муршид деб атаб, лекин шариатга мос келмайдиган сўзлар айтиб мусулмонларнинг иймонини бузадиганлар олим, мулла эмас. Балки дин ўғрилари, қароқчиларидир. Уларнинг ёнига яқинлашмаслик керак. Улар билан гаплашиш, китобларини ўқиш одамнинг иймонини бузиб, абадий фалокатга олиб боради. Улардан ва китобларини ўқишдан арслондан қочгандек қочиш керак. Уларга алданганлар дарров тавба килиши лозим. Тавба эшиги очиқ бўлиб, охирги нафасгача тавбалар қабул қилинади.