“Ризқ ейдиган ризқ бера олмайди”

Балхнинг машҳур валийси Хотам Асом ҳажга бормоқчи эди. Аёлидан сўради:

- Хотин, мен келгунимча сенга қанча нафақа қолдирайин?

Таваккул ва таслимият тимсоли бўлган аёли жуда ибратли шаклда жавоб берибди:

- Қанча умр кечирадиган бўлсам, шунча нафақа қолдиринг.

- Хотин сенинг қанча яшайдиганингни мен қаердан биламан?

- Ундай бўлса, менинг нафақамни қанча яшашимни биладиганга қолдиринг. У мени шу кунгача нафақасиз қолдирмади, бундан кейин ҳам қолдирмайди. Сиз бу пулларни ёнингизга олволинг, сафар вақтида керак бўлиши мумкин.

Хотам Асом йўлга чиққандан кейин маҳалла аёллари зиёратга келишди.

- Аллоҳ қовуштирсин, эрингиз ҳажга кетибди. Сизга қанча нафақа ташлаб кетди?

Аёли бундай жавоб берди:

- Менинг эрим ризқ берувчи эмас, ризқ егувчидир. Ризқ ейдиганлар ризқ бера олмайди. Мен шу кунгача ризқимни ризқ берувчидан кутганман. У мени ҳеч ризқсиз қолдирмади, бундан кейин ҳам қолдирмаслигига ишонаман.

Маҳалла хотинларига бу жавоб ёқмади, лабларини буриб қайтиб кетишди.

Орадан кўп ўтмай, Хотамнинг уйи олдида отлар кишнагани эшитилди. Аёли ташқарига чиқиб, бир гуруҳ отлиқни кўрди. Ҳожиларни кузатиб келаётган Бағдод халифаси чанқаб, сув сўраб келган эди. Аёл дарров бир кўза сув билан коса берди. Совуқ сувдан қониб ичган халифа ёнидаги вазирига “Ичган сувимизнинг бадалини бизга ярашадигандай қилиб тўла!” деб буюрди.

Вазир сопол косани олтинга тўлдириб, дарвоза олдига қўйиб “Аллоҳга омонат бўлинг, синглим. Совуқ сувингизни ичдик, рози бўлинг...” деди.

Карвон узоқлашгач, Хотамнинг аёли косада эри ҳаждан келгунча етиб-ортадиган миқдорда пул борлигини кўрди. Ҳар доимгидек яна жойнамозига чиқиб, шукр саждасини қилди:

- Раббим, болалигимда ризқимни ота-онам орқали юборардинг. Турмушга чиққач, Хотам орқали юборишни бошладинг. Энди эрим ҳажга кетди, бу сафар ризқимни халифа орқали юбординг. Мени умрим давомида ҳеч ризқсиз қолдирмадинг. Чунки мен Сени доим шундай деб билдим ва ишондим. Шу сабабли таваккул ва таслимиятим зиғирча камаймади, доимо ортди.