...

Рўза тутганларга Пайғамбаримиздан хушхабар

Бу муборак ойни охиратни қозониш учун имкон деб билиб, қўлдан келганча ибодат қилиш керак. Аллоҳу таоло рози бўлган ишлар билан шуғулланиш лозим. Дин улуғлари айтганларки: “Жума куни билан кечасида ҳамда рамазони шарифнинг ўттиз кун ва кечаларида ҳеч кимга азоб берилмайди. Рамазони шариф кир кийимнинг ювиш машинасига кириб, тоза бўлиб чиқишига ўхшайди. Биринчи куни покланиш бошланади, ўттизинчи куни одам топ-тоза бўлиб нариги томондан чиқади...”

Рамазони шариф қишга тўғри келадиган қисқа кунларда рўза тутиш осонроқ. Ёзнинг узун ва жазирама кунларида рўза тутишда, албатта, қийинчиликлар бўлади. Лекин қийин шароитда адо этилган ибодатнинг савоби ҳам кўпроқ бўлади. Бу ойда узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳдир. Ҳадиси шарифда “Узрсиз, рамазонда бир кун рўза тутмаган одам бунинг ўрнига бутун йил бўйи рўза тутса ҳам, рамазондаги ўша бир кунлик савобга эриша олмайди” деб марҳамат қилинган.

Аҳли суннат олимлари рамазонда қуйидагича дуо қилишарди:

“Ё Рабби! Тутган рўзаларимизни қабул қилгин! Бизни рамазони шарифнинг шафоатига ноил қилгин! Рамазони шарифда авф этган, мағфират қилган бандаларинг қаторига бизни ҳам қўшгин! Омин...”

    ***

Бир куни Пайғамбаримиз Асҳобига қуйидагича марҳамат қилдилар:

“Тушимда ажойиб нарсалар кўрдим. Умматимдан бирини азоб фаришталари тутиб олишганди. Олган таҳоратлари келиб, уни қийин аҳволдан қутқарди... Бирини кўрдим, қабри унга азоб берарди. Ўқиган намозлари келиб, уни қабр азобидан қутқарди... Бирига шайтонлар ёпишганди. Ўқиган зикрлари келиб, уни шайтонлардан қутқарди... Яна бирининг чанқоқдан тили осилиб қолганди. Тутган рамазон рўзаси келиб, чанқоғини кетказди...

Бирини зулмат қоплаб олганди. Бажарган ҳаж амали келиб, қоронғуликдан чиқарди... Бирига ўлим фариштаси келганди. Ота-онасига қилган яхшиликлар келиб, ўлимига тўсиқ бўлди, кечиктирди. Бирини мусулмонлар билан гаплаштирмаётган эди. Сила-и раҳм келиб, унга шафоат қилди, улар билан гаплашди. Яна биттасига Пайғамбарининг олдига боришига йўл қўйилмаётган эди. Олган ғусли уни олиб ёнимга келтирди... Ўт-олов куйдираётган бирига берган садақаси келиб парда бўлди... Бирини забонийлар жаҳаннамга олиб кетаётганида қилган амри маъруф ва наҳйи мункари келиб қутқарди. Бири жаҳаннамга ташлашди. Аллоҳ қўрқуви билан тўккан кўзёшлари келиб уни қутқарди...

Бирига амал дафтари чап томонидан берилаётган эди, Аллоҳ қўрқуви келиб дафтарини ўнгга олди... Савоблари тарозида енгил келган бирига ўзидан аввал ўлган фарзандлари келиб савобини оғирлаштирди... Жаҳаннамнинг четида даҳшатдан дағ-дағ титраётган бирига Аллоҳу таоло ҳақидаги яхши гумони келгач, титраши тўхтади... Бири сиротдан зўрға ўтиб жаннатга келди. Лекин дарвозалар унга ёпиқ эди. Айтган калимаи шаҳодатлари келиб, уни жаннатга киритди...”