Ҳар бир одам васиятини тайёрлаб қўйиши керак

Савол: Васият қандай ёзилади, унинг динимизда ҳукми қандай?

Жавоб: Ҳар бир мусулмон ўлимидан аввал васиятини ёзиб қўйиши керак. Васиятни ўлим хасталигида ёзиш вожиб, соғ вақтида ёзиб, ёнида олиб юриш мустаҳабдир.

Васиятда авлодига, қариндошларига сўнгги насиҳатини қилиш лозим. Ўзида ҳаққи бўлганлар билан ҳалоллашишни, оладиган-берадиганларини, қарзларининг тўланишини, исқот қилинишини, ҳаж қарзи бўлса вакил юборилишини сўраши, жаноза хизматидаги ва дафндан кейинги истакларини билдириши керак. Аёлига бўлган маҳри муажжал қарзини тўлаши учун васият қилиши лозим. Бу истакларининг бажарилиши учун одил икки гувоҳ ёнида бир васий танланади.

Вафот этган мўминларнинг руҳлари бир-бирини зиёрат қилади. Айниқса жума кечалари суҳбатлашадилар. Вафот этган кишининг руҳи осмонга кўтарилгач, мўминларнинг руҳлари келиб, дунёдаги танишларини сўрашади. Васият қилмасдан ўлганларнинг руҳларига гапириш учун рухсат берилмайди. (Фароид-ул-фавоид)

Исқот учун фидя

Намозларини қазо этиб улгурмасдан вафот этган кишига бу намозларининг исқоти учун қолдирган мол-мулкидан фидя берилишини васият қилиш вожиб бўлади. Васият қилмаса, вакили, ҳатто бегона киши ўз молидан исқот бериши жоиз бўлади.

Ҳажга бора олмаган бойнинг ҳаж харажатини қолдириб, бировни юбориш учун васият қилиши ҳам вожиб. Мол-мулки бўлмаган маййит ўлишдан аввал давр қилинишини васият этса, вакилининг давр қилиши керак эмас. Маййитнинг кафоратларини исқот қиладиган даражадаги молининг барчасини, меросининг учдан бирини ошмаслик шарти билан васият қилиши вожиб. Шунда даврга ҳожат қолмасдан исқот қилинади. Молининг учдан бири исқотга етган ҳолда учдан биридан кам молининг давр қилинишини васият этиш гуноҳдир. Васият қилмасдан вориси ўз маблағи билан ҳажга бориши ёки бировни юбориши мумкин.

Васият қилинмаган закот исқотини бажариш керак эмас. Лекин ворис закот исқоти учун ҳам ўзи давр қила олади. Гуноҳ бўлган иш учун васият қилинмайди ва бундай васиятлар бажарилмайди.

Васият ҳақида бир нечта ҳадиси шарифлар:

“Тушимда жаннат аҳлидан икки аёлни кўрдим. Бири гапира олмасди. Нариги аёл “Мен васият қилдим. Бу васиятсиз ўлди, энди қиёматгача гапира олмайди” деди.” (Дайламий)

“Васиятсиз вафот этиш катта камчилик, охиратда эса оловга кириш ва шарманда бўлишдир.”(Табароний)

“Васият қилиши керак бўлган ҳолда васиятсиз икки кеча ўтказишга бир мусулмоннинг ҳақи йўқдир.” (Бухорий)

“Васиятда ворислардан бирини зарарга тушириш катта гуноҳдир.” (И.Жарир, Байҳақий)

“Энг кўпи молингнинг учдан бирини васият қил! Ворисларни бой ҳолда қолдириш, фақир ва муҳтож қолдиришдан хайрлидир.” (Муслим)

Кўп хизмат қилган ёки муҳтож бўлган фарзандига бир нарса ҳадя қилиш жоиздир. Бир киши бутун молини фарзандининг бирига бериб, бошқаларига бермаса, берилган мол бу фарзанднинг мулки бўлади. Лекин отаси солиҳ фарзандлари орасида айримчилик қилгани учун гуноҳга киради. Солиҳ бўлган фарзандига кўпроқ мол бериш жоиз. Фарзандлари фосиқ бўлган кишининг мерос қолдирмасдан, солиҳларга, хайр-ҳасанотга бериши афзалдир. (Баззозия)

Савол: Вафот этган аёл молининг қанчасини васият қила олади?

Жавоб: Эр ёки аёлидан бошқа вориси бўлмаса, молининг барчасини васият қилиши мумкин. Бор бўлса, учдан биридан ортиғини бера олмайди.

Савол: Бир киши бутун молини бегонага  васият қилса, барчаси бериладими?

Жавоб: Вориси бўлмаса ҳаммаси, бўлса фақат учдан бири берилади.

Савол: Отам мол-мулкини фарзандларидан бирига кўп, бирига кам берди. Вафот этганидан кейин кам мол олган фарзанд кўп мол олганидан мол талаб қилишга ҳаққи борми?

Жавоб: Ҳаққи йўқ.

Савол: Отам ўлимидан аввал сўз билан боғимизни масжидга бағишлаб “Мен ўлгандан кейин берасизлар” деганди. Энди бермасак гуноҳ бўладими?

Жавоб: Ҳа. Чунки васиятнинг учдан бирини бажариш вожибдир.

Савол: “Органларимни вақф қилдим ёки ўлганимдан кейин органларимни олишини васият қилдим” дейиш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Инсоннинг ҳеч бир аъзоси мол ҳисобланмайди. Лекин “Мен ўлганимдан кейин қоним, органларим бир мусулмонга берилишига зарурат бўлса, берилишига рухсат бераман” дейиш жоиз бўлади. Ёки ҳеч нарса айтилмаган бўлса ҳам янги ўлган бирининг органини олиб, хаста одамга кўчириб ўтқазиш жоиз. (Саодати абадия)

Савол: Танишларимдан бири “Мен ўлганимдан кейин ўлигимни ёқинг” деб васият қилди. Бу жоизми?

Жавоб: Албатта жоиз эмас. Тўрт ҳақ мазҳабдан ҳеч бирида ўлик ёқилмайди. Ўликнинг ёқилиши ҳиндларда ва бошқа кофирларда бор.

Савол: Ўзимиз учун ўқиган хатм ва хатми таҳлилни ўлганимиздан кейин руҳимизга юборилиши учун васият қилишимиз керакми?

Жавоб: Буларни васият қилиш деган нарса йўқ. Ўқиган хатм ва хатми таҳлилнинг ҳурматига мағфиратимиз учун дуо қилинади. Савоби эса Пайғамбаримиздан бошлаб, бутун анбиё ва ўлик-тирик барча мўминларга бағишланади. Бажарган барча ибодатларимиз қабр учун, охират учун тайёргарликдир. Хайр-ҳасанотни соғлигида бермасдан “Мен ўлганимдан кейин шу-шу жойларга беринг” дейиш соғлигида бергандек бўлмайди.

Савол: Қурбон сўя олмаган мусулмон ўлаётганида қолдирган молидан ўзи учун қурбонлик сўйилишини ворисига васият қилса, бу қачон сўйилади?

Жавоб: Қурбон ҳайитида сўйилади. Бунинг гўштидан сўйган киши фақир бўлса ҳам ея олмайди. Гўштнинг барчаси фақирларга тарқатилади. Васият қилмаган ўлик учун вориси ёки бошқалар исталган вақт ўз пулидан мол сўйиб, савобини унга ҳадя қила олади. Савоби сўйган кишиники бўлади. Ўликка ҳам ҳадя этилади. Буларнинг гўшидан сўйган киши ҳам ея олади. (И.Обидин)

Савол: Хасталик, қарилик каби узрлар туфайли рамазон рўзасини тута олмаган бойнинг бу ҳолати умрининг охиригача давом этса, нима қилиши керак?

Жавоб: Фақирларга овқат берилишини васият қилади. Вакили унинг тута олмаган ҳар рўзаси учун фақирга бир фитр ёки унинг қийматини беради. (Бадойи)

 

Васият намунаси

Бисмиллоҳирраҳмониррахийм. Алҳамдулиллоҳи раббил оламин. Ассалоту вассалому ало расулина Муҳаммадин ва олиҳи ва саҳбиҳи ажмоин.

Мен ўлгандан кейин қолдирган мол-мулк билан динга мос ҳолда тажҳиз ва такфиним адо этилсин. Қарзим бўлса, барчасини тўлаб, қолганининг учдан бири ажратилсин. Бу пул билан намоз исқоти, рўза, қасам ва назрларим учун каффорат қилинсин. Динга мос ҳолда исқот қилинсин.

Буларни ақлим ва эс-ҳушим жойида ҳолимда ёздим. Бу васиятни бажаришга ............................ ни васий этиб тайинладим. Барчага ҳақимни ҳалол қилдим. Улар ҳам ҳақларини ҳалол этсин.

(Васий бу васиятни қабул қилиб, барчасини энг яхши шаклда бажаришни ўз зиммасига олади. Икки гувоҳ билан бирга тўртови имзолайди.)