Назардан сақланиш учун қўрғошин қуйдириш, кўзмунчоқ тақиш, полизга мол калла суягини осиб қўйиш бидъат эмас. (Ҳиндия-Хония)
Назар тегиши ҳақ, яъни кўз тегиши бор нарса. Назарнинг ҳақиқат эканлиги ояти карима билан собитдир. Ҳадиси шарифда ҳам “Назар ҳақдир” деб таъкидланган. (Муслим)
Одамга, ҳайвонга ва ҳатто жонсиз нарсага ҳам кўз тегади. Назар инсонни касал қилади, ҳатто ўлдиради. Китобларда аёлларга ва болаларга тезроқ таъсир қилиши ёзилган...
Баъзи кишилар бир нарсага тикилиб, суқланиб қараса, кўзларидан чиққан нурлар зарарли бўлиб жонли-жонсиз ҳамма нарсанинг бузилишига сабаб бўлади. Бунга мисоллар жуда кўп. Илм-фан ҳам бир кун келиб, бу нурларни ва таъсирларни тушунтириб бера олади.
Кўзи тегадиган киши, ҳатто ҳар бир одам ёқтирадиган нарсани кўрганида “Мошаллоҳ” деганидан кейин ёқтирган нарсаси ҳақида гапириши керак. Аввал “Мошаллоҳ” деганида кўз тегмайди.
Назардан сақланиш учун қўрғошин қуйдириш, кўзмунчоқ тақиш, полизга мол калла суягини осиб қўйиш бидъат эмас. (Ҳиндия)
“Хония” фиқҳ китобида ҳам “Полизларга, ковун-тарвуз далаларининг ўртасига қўриқчи тикиб қўйишнинг зарари йўқ” дейилган.
Лекин шуни яхши билиш керакки, кўзмунчоқ ёки ҳайвон калласи кўз тегишдан бевосита ўзи сақламайди. Назардан сақлайдиган Аллоҳдир. Қараган одам буларни кўргач, кўзларидан чиққан дастлабки зарарли нурлар аввал мана шу "алдамчи" объектларга тушади.
Афсуски, ҳозирги кунда салафий, ваҳҳобий эътиқодли кимсалар ва уларнинг йўлига эргашган гумроҳлар ичига ояти карима ёзилган тумор ва кўзмунчоқ тақишни, авлиё-анбиёлар қабрига бориб, уларни васила этиб дуо қилишни ширк дейишади. Тирикка ёрдам қилдирган Аллоҳу таолонинг ўликка ёрдам қилдиришига ишонишмайди.
***
Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Назар - одамни мозорга, туяни қозонга туширади.” (Ибни Адий)
Пайғамбаримиз замонларида Бани Асад қабиласида "кўзи бор" деб таърифланадиган бир шахс бор эди. Уч кун чодирда ҳеч нарса емай ўтказарди, кейин чодирнинг бир чеккасини кўтариб, ўтиб кетаётган бирон туяга қараб “Бундай туяни умримда кўрмаганман” деб айтиши билан туя ётиб қоларди. Мушриклар ўша одамни топиб, Пайғамбаримизни назари (кўзи) билан ўлдиришини илтимос қилдилар. Жаноби Ҳақ Расулуллоҳни унинг назаридан сақлаган эди. Бу ҳақда "Қалам" сурасининг “Кофирлар сени кўзлари билан йиқитаёзди” маолидаги 51-ояти нозил бўлганди.
***
Хўш, кўз теккан киши нима қилиши керак? Назар теккан кишига Фотиҳа, Оятал курси ва тўрт қул (Кофирун, Ихлос, Фалақ, Нос суралари) етти мартадан ўқилиб, хастага уфланса, жоду, назар ва ҳар қандай дардга шифо бўлади. Бир ҳадиси шарифда “Фотиҳа билан Оятал курси ўқиган кишига ўша куни кўз тегмайди” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)
Яна бир ҳадиси шарифда “Эрталаб ва кечқурун (Бисмиллоҳ билан) уч марта “Бисмиллаҳиллази ла ядурру маасмиҳи шайун фил арди ва ло фиссамои ва ҳувассамиул алим” дуосини ўқиган одам сеҳр-жоду ва назар (кўз тегиши)дан ҳимояланган бўлади” деб марҳамат қилинган. (Ибн Можа)