Нима ичарди, қандай ичарди?

“Расулуллоҳ сувни уч нафасда ичардилар. Идишни муборак оғизларига яқинлаштирганда “Бисмиллоҳ”, оғиздан узганида “Алҳамдулиллоҳ” дердилар.” Абу Ҳурайра (родиаллоҳу анҳ) 

Сув ҳақида гап очилганда замзам билан бошлаган аъло бўлса керак.

Маълумки, Ҳожар волидамиз Аллоҳу таолонинг амри билан Маккада қолдирилади. Ўғли ҳазрати Исмоил ҳали жуда кичик. Сафо билан Марва тепаси орасида бир неча марта бориб келади, лекин сувдан ном-нишон йўқ. Умидини узмайди, ризқидан андиша қилмайди. Яна Марва тепаси атрофга қараётганида Жаброил алайҳиссаломга кўзи тушади. Чақалоғининг оёқлари остидан сув отилиб чиқаётганини кўради. Чопиб бориб, “Зам зам” (тўхта, тўхта) дея атрофини ўрашни бошлайди.

Замзам номининг Жаброил алайҳиссаломнинг овозидан, сув шарқираб оқишидан, чақмоқ чақишидан келиб чиққани ҳам айтилади.

“Аллоҳ Исмоилнинг онасига раҳмат айласин. Агар сувнинг олдини бекитмаганида эди, шарқираб оқадиган ирмоққа айланарди.” Ҳадиси шариф

Исмоил алайҳиссалом шу ерда улғайиб, вояга етади. Ушбу қудуққа “Биъру Исмоил” дейилади.

Замзамга "Шаббоа", "Мурвия", "Нофия", "Офия", "Маймуна", "Барра", "Мазнуна", "Кофия", "Музиба", "Шифоу Суқм", "Таому Туъм", "Хазмату Жибрил" номлари ҳам берилган. 

Замзамдан кейин 

Замзам булоғи Масжиди Ҳарам ҳовлисида ҳожаруласвад қаршисидадир. У “ўт битмаган водийни” яшнатади.

Ҳазрати Иброҳим келиб, шу ягона кўзли булоқни қудуқ ҳолига келтиргач атроф ям-яшил бўлади. Яман-Сурия йўналишида кетаётган бир Журҳумий карвони осмонда айланаётган қушларни кўриб, шу томон борганда ушбу муҳташам қудуққа дуч келишади. Маккага жойлашиш учун рухсат сўрайдилар. Ҳазрати Ҳожар “сувга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ даъво қилмаслик шарти билан” рухсат беради.

Кейинроқ ҳазрати Иброҳим Каъба пойдеворларини топади ва ўғли Исмоил билан бирга нурли масжидни такрор қуради. Лекин Журҳумийлар вақт ўтиши билан йўлдан озади, Байтуллоҳга ҳурматсизлик қилади, келган мусофирларга ёмон муносабатда бўлишади. Шу сабабли замзам бироз вақт тортилиб қолади. Сайлул-арим (сув омбори фалокати) туфайли Ямандан шу атрофга бошпана излаб келган Ҳузоа ва Кинонаўғиллари журҳумийларни енгиб, шаҳардан қувиб чиқаришади. Шаҳарни шошилинч тарк этаётган журҳумийлар ҳожаруласвадни яшириб, қимматбаҳо нарсаларни Замзам қудуғига ташлаб оғзини кўмиб кетишади. Сел сувлари, қум бўронлари таъсирида вақт ўтиши билан муборак қудуқдан на из, на асар қолади. 

Раҳмоний туш

Асрлар ўтиб Расулуллоҳнинг бобоси Абдулмутталиб кўрган тушида буюрилган жойни қазишни бошлайди.

Қурайшликлар қарши чиқишади, чунки атрофида бутлари бор. Лекин Абдулмутталибнинг қарорли ҳаракатидан кейин ўз ҳолига қўйиб, кузата бошлайди (Ибн Исҳоқ). Абдулмутталиб ҳаётдаги ягона ўғли Хорис билан Замзам булоғини қазиб чиқаради. Қурайшликлар унинг шанига теккач, Аллоҳу таолодан ўн ўғил сўрайди, ҳатто биттасини қурбонлик учун назр қилади.

Орзуси ушалиб, назр учун ташланган қуръа энг севимли ўғли (Пайғамбаримизнинг отаси Абдуллоҳ)га чиқади. Унинг ўрнига 100 туя қурбон қилиб, (бадал) назрини бажаради.

Шундан кейин Абдулмутталиб зиммасидаги "сиқоя" ва "рифода" вазифаларига энди Замзам қудуғининг соқчилиги ҳам қўшилади. Қудуқ оғзи топилганда ичидан ҳайкаллар, қуроллар, зирҳ совутлар ва тақинчоқлар чиқади. Бир қисмини қурайшликларга беради, ўз ҳиссасига тушганларни Каъбага сарфлайди. Замзам қудуғи олдида бири бошидан сув қуйишга, иккинчиси эса ичишга яроқли бўлган икки ҳовуз қурдиради. 

Қандай хотиралар

Расулуллоҳ болалик ва ўсмирлик чоғларида амакиси Абу Толиб билан бирга қудуқ соқчилиигига борардилар. Абу Толибдан кейин сиқоя (замзам тарқатиш) вазифаси амакиси Аббосга ўтади.

Макканинг фатҳидан кейин Расулуллоҳ сиқоя вазифасини такрор Аббос ўғилларига берадилар.

Каъба олингач, бутлардан тозаланади. Замзам қудуғидан челак-челак сув тортилади. Байтуллоҳнинг ичи-ташқариси тозалаб ювилади. Шундан кейин йилда бир марта Каъбани ювиш одатга айланади.

Пайғамбаримиз видо ҳажида ва умра вақтларида Каъбани тавоф қилганларидан кейин доим мақоми Иброҳимнинг орқасида икки ракъат тавоф намози ўқиб, ортидан тўйгунча замзам ичардилар. Ҳожилар ҳам шундай қилишади, иложи бўлса устларидан тўкиб, бошларига сепишади. 

Таом эмас, тўйдиради!

Замзам фақатгина ташналарнинг чанқоғини босибгина қолмай, очларни ҳам тўйдиради. Умму Айман (родиаллоҳу анҳо) эрталаб кунни замзам ичиб бошлашини, баъзан кечгача овқат емаслигини айтган. Умми Хонийнинг (родиаллоҳу анҳо) замзам челаги “очларни тўйдирувчи” деган ном билан машҳур эди.

Абдулмутталиб баъзан замзамни хурмо ёки майиз билан тотли қилиб, туяларини соғиб, сутини асал билан аралаштириб ҳожиларга тарқатарди.

Авлиё Чалабий замзамнинг кун давомида ҳам ўзгаришини, эрталабдан навбат билан аввал атиргул, бинафша, ясмин ҳиди таратишини айтганди. Айюб Сабри пошо замзам биносининг очилишидан кейин олинган илк замзамга “сувнинг қаймоғи” деган. (Миръотул Ҳарамайн)

Асҳоби киромдан Абу Рофий ҳазратлари қудуқ ёнига ёғочдан йўниб ясалган косалар қўяди. Маккада замзам қуйишга махсус қадаҳлар ҳам бор.

Асрлар давомида  замзам қуйиш ва икром қилиш учун не-не анвои идишлар ясалган бўлиб, ҳозир улар Истанбул Тўпқопи саройида кўргазмага қўйилган. 

Ман ходима... (Ким хизмат қилса...)  

Абу Жаъфар ал Мансур, Маҳди, Муътасим Биллоҳ каби халифалар замзам қудуғига анча хизмат қилишади. Ерга мармар тўшатиб, атрофига панжара ўрнатишади. Устига қуббалар ясатиб, қандиллар осишади.

Усмонийлар ҳам ҳожиларнинг замзамдан бемалол фойдалана олиши учун анчагина сарф-харажат қилишади. Ҳижрий 933 йили (милодий 1527) бошланган қурилиш ишлари 948 йили (1541) Амир Хушкелди тарафидан ниҳоясига етказилади. 1021 йили (м.1612) султон Аҳмад-I, қудуқнинг кириш қисмига темир қафассимон панжара қўйдириб, хавфсизлик таъминланади. Султон Абдулҳамид-I замонида замзам биноси янгиланади, замзам ҳақида айтилган ҳадислар деворларга тилло сувлари билан ёзилади. 

Ича олгунингизча...

Пайғамбаримиз “Биз билан мунофиқлар орасидаги фарқ шуки, биз замзамни (қонгандан кейин ҳам) мўл-мўл ичамиз. Улар эса замзамни асло ортиқ ича олмайди” деб марҳамат қилганлар.

Замзам қиблага юзланган ҳолда тик туриб, "бисмиллоҳ" айтиб ўнг қўл билан уч бўлиб, кўзни сувдан узмасдан ичилади. Мўминлар “Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мўл ризқ ва ҳар турли хасталиклардан шифо сўрайман” деган дуо билан бошлаб, тугаганида ҳамд қилишади.

Ҳазрати Ҳасан билан Ҳусайннинг дунёга келганларида томоқларига замзам томғизилади. Рўзалар замзам билан очилиб, ўлим тўшагидаги хастанинг оғзига замзам томғизилади.

Усмоний даврида туя махмили (туя устига боғланган сандиқ) ёки "Сурра-и ҳумоюн" (Усмоний даврида Истанбулдан Макка ва Мадинага ёрдам, совға-салом ва ҳадяларни етказиб берувчи ташкилот) воситасида Ҳижозга юборилган хуржину халталарга қайтишда замзам ортиларди. Макка шарифининг подишоҳга йўллаган ҳадяларининг энг бошида замзам қуйилган жавоҳирлар билан безатилган кўза ва жом турарди.