Асри саодат ошхонаси

Ҳижоз иқлимида нима ейиларди, қандай ейиларди, бизга ўхшаш тарафлари, фарқлари...

Пайғамбаримиз уйларида шўрвалар доим сопол идишларда қайнарди. Ёру дўстга етсин деб суюқроқ қилинарди. Хасталарга сабзавотли шўрва пиширилар, ҳеч бўлмаса арпа билан лавлаги қайнатиларди.

Бойлар Ҳарамайн фақирларига эзиб майдаланган кўкатлар билан гўштдан тайёрланган “Дашишаи Расулуллоҳ” номли бир нав таом тарқатишарди. 

Ҳалимсимон "кешкак" номли таом пиширишни Пайғамбаримизга Жаброил алайҳиссалом ўргатади. Бу таом баданга қувват бўлади. Саҳобалардан Асад бин Зурора баъзи оқшомлари тугилган буғдой билан қиймаланган гўштдан кешкак пишириб, дўст-биродарларига тарқатарди.

"Ҳазира" эса гўшт, сув ва кепаксиз ундан тайёраланадиган таомдир. Асҳоби киромнинг овқатланиши оддийгина эди. Қозонга ҳам гўшт, ҳам ёғ солишмасди. Тухум ейишарди, лекин тез-тез товуқ сўйишмасди. Балиқ эса камдан кам тановвул қилинарди.

Яман, Уммон, Баҳрайн ва Қизилденгиз соҳилида яшайдиганлар балиқ борасида ўзларини чеклашмасди. Гуруч билан пишириб, қусан деган егулик тайёрлашарди. 

Барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) арпа нони еганлар. Бу нондан ҳеч бўлмаса ҳаётда бир марта еб кўрган маъқул. 

Гўштли таомлар

Араблар овчи миллат: зебра, жайрон, қуён овлашарди.

Мусулмонлар йиртқич ҳайвонларни, панжали қушларни ва хонаки эшакларни емайди. Ахлат титадиган товуқларни тоза егуликлар билан боқиб, покланмагунча сўйишмасди.

Араблар гўштни ё кабоб (машви, шиш, шива) ё димлайди (вашика) ёки тандирда қизартиради. Меҳмонга гўшт билан булғурни пишириб, дастурхонга тортишади. Гўштни баъзан сиркада тиндириб, пиширишади. Бунда гўшт тез бузилмайди, сафарда айни муддао.

Қурбон ҳайитларида гўштнинг кўпроғини қуритиб сақлашади, шўрваларга қўшишади.

Пайғамбаримиз эшикдан ҳадиксираб кираётган бир бадавийга “Тортинма, мен ҳукмдор эмасман, сенга ўхшаб қуритилган гўшт еган аёлнинг ўғлиман” деб марҳамат қиладилар.

Гўштни туз ва кўкатлар билан маринадлаб қўйишарди.

"Тирит" - гўшт суви шимдирилган нондир. Онадўлида рамазонда саҳарликда дастурхонга тортилади.

Ҳар куни узлуксиз гўшт ейиш қалбни қорайтиради. Ундай одамни фаришталар хушламайди. Гўштни жуда сийрак истемол қилиш ҳам яхши эмас. 

Сабзавот ва кўкатлар

Пайғамбаримиз сабзавот ва кўкатлардан севиб ердилар ва бошқаларга ҳам ейишни маслаҳат қилардилар. Қовоқ, лавлаги, қўзиқорин, шолғом, нўхат ва ловияни яхши кўрардилар. Пиёз, саримсоқ ва порей пиёзини хомлигича емасдилар. Бодринг, арман бодринги ва энди узилган хурмо бозорда доим топиларди.

Семизўт ҳам тавсия этилади. Кашнич паришонхотирликка даво эканлиги айтилади. Бақлажон ҳам мақталган ва зайтун ёғида пишириш тавсия қилинган.

Пайғамбаримиз маржимак шўрвасини, ов ва қўй гўштини ёқтирардилар. Қовоқ ширинлиги ва қовоқ ошини хуш кўрардилар. Анас бин Молик “Расулуллоҳ еганларини кўргач қовоққа ишқим тушди” деганди. "Бу ривоятда қовоқни яхши кўриш ва Расулуллоҳга ёққан нарсаларни яхши кўришнинг мустаҳаблигига далил бор" дейди Имоми Нававий... 

Кўкат қўйилмаган дастурхон алжиган қарияга ўхшайди. Имоми Жаъфар Содиқ: “Мол-мулк ва фарзанд хоҳлаган одам кўкатлардан кўп есин” деган. 

Паловлар

Араб таомларида қуруқ ловия, нўхат катта ўрин эгаллайди. Пайғамбаримиз гуруч паловни ёқтирардилар. Буни биладиган мусулмонлар дастурхонга ош келганида салавот айтишади.

Бир куни ҳазрати Ҳасан бин Али, Ибни Аббос ва Ибни Жаъфар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Салмо хонимга бориб “Бизга Расулуллоҳ ёқтирган овқатдан пишириб беринг” дейишди.

- Эҳ болажонларим, ҳозирги вақтда бу овқат сизларга ёқармикан?

- Ёқади.

Шунда Салмо хоним бироз арпа олиб тегирмонда угади. Кейин бир идишга солиб, зайтун ёғида пиширади. Устига озгина кўкатлардан сепиб, олдиларига қўяди. 

Савик

Сафарга чиқадиганлар ёнларига қовурилган буғдой (савик, қовурмоч) олишарди. Савик жуда оммабоп озуқадир. Ундан шўрва ҳам, димлама ҳам пиширилади. Нон, талқон, ҳатто ҳолва ҳам қилса бўлади.

Саъд бин Аби Ваққос хасталанганида Пайғамбаримиз “сут, ёғ ва эзилган хурмо” тавсия қилдилар. Бу таом, янги кўзи ёриган аёлларга ҳам қувват учун берилади.

Ун, сут ва ёғдан тайёрланган овқатга "ҳарира" дейилади. Ёғ бўлмаса, унни сутга аралаштириб, суюқ ҳолда ёш болаларга қаҳатчилик вақтларда берилади. "Саҳина" эса, сувда пишган ҳоли бўлиб, унга фақир фуқаро (гадолар) оши дейилади.

Қовурмоч ёғ ёки қаймоқ билан аралаштирилса, "басиса" бўлади. Зайтун ёғи ҳам қўшиш мумкин.

Араблар лағмон пиширади, ёғда хамирни қизартади, сут билан унни аралаштириб, қизиб турган товага солиб, қуймоқ таёрлашади.

"Ақиса", "рағида", "раҳия" ҳам ун ва сутдан тайёрланадиган овқатлардир. Ёғ қўшилса "валика" дейилади, ич ёғ қўшилса "ҳазифа".

Сутдан пишлоқ, сарёғ, қурт ясашни билишарди. Уларни тери мешларга солиб қўйишарди. Маймуна волидамизнинг синглиси Ҳузайла бинти Хорис яйловда яшарди. Шаҳарга опасини ҳар кўргани келганда сарёғ ва қурт олиб келарди. 

Ширинликлар

Арабистонда ширинлик кўпроқ хурмо ва асалдан тайёрланади. Сарод атрофида шакар қамиш ҳам ўсади.

Улар ҳам бизга ўхшаб тўйларда сочқи тариқасида бодом ва қанд сочишади.

"Тарфа" деган қисқа бўйли дарахтларда ширин қумоқлар бўлади. Халқ орасида уни “қудрат ҳолваси” дейишади.

Тоифнинг оқ тоғ асали “Шабобий” ҳам у даврда машҳурдир. Келган меҳмонларга мумкатак асали "шуҳда" беришади. Меҳмонлар бу асалнинг ширинига тан беришади. Асалда шифо бор. Етмиш пайғамбар (алайҳимуссалом) асалга дуо қилган.

Карвони Мадинага соғ-саломат етиб келгани муносабати билан ҳазрати Усмон унни ёғда қовуртириб, асал билан  "фаллузаж" деган бир ширинлик навини тайёрлаб, шукрона тариқасида халққа тарқатади.

Ҳабибуллоҳнинг ҳолваси "мажий" эди, яъни сут билан тўйинтирилган хурмо. Саъд бин Муаз Пайғамбаримизга хурмо билан бирга кунжут олиб келарди.

Ҳолва кепакли ундан ясалса “наҳола”, тахини (майдаланган кунжут уруғи) ҳам қўшилса “саҳина” дейилади. Агар топилса, устига ёнғоқ ва бодом майдалаб сепилади.

Ҳазрати Оиша “Ейишга нимамиз бор?” деб сўраган Пайғамбаримизга бир товоқ қовурилган хурмо чиқаради. Ҳам овқат, ҳам ширинлик. 

Мевалар

Макканинг шундоқ яқинида Тоифга ўхшаган бир яйлов бор. Ён-атрофи кўкаламзор. Мадинанинг тупроғи серунум ва баракатлидир.

Ҳар бир қовун, тарвуз ва анор таркибида бир томчи жаннат суви борлиги айтилади. Анжирлар эса қалбга роҳат бағишлайди.

Яшил бодрингни туз билан, ёнғоқни хурмо ва асал билан ейиш суннатдир.

Энди узилган мева келтиришганида Пайғамбаримиз “Аллоҳим, аввалини кўрсатганингдек охирини ҳам кўрсатгин” деб дуо қиладилар ва бир боланинг қўлига тутқазадилар.

Ҳазрати Талҳога “беҳи ейишни тавсия қиламан, кўнгилни тинчлантиради” деб марҳамат қиладилар. Ҳомиладорларга ҳам беҳи едирардилар, фарзандлари гўзал бўлсин дея.

Узум (инаб) Қуръони каримда номи ўтган. Пайғамбаримиз жаннат ҳақида айтганларида пишиб турган узум бошларидан гап очадилар. Қуръони карим ўқиган мўминни хушбўй мевага, ўқимаган мунофиқни эса, Абу Жаҳл тарвузига ўхшатадилар. 

Қуруқ мевалар (қоқилар)

Ҳижозда ёввойи ҳолда ўсадиган қуруқ мевалар ҳам бўлади. Масалан Марруззаҳрон мавқесида мисвоқ дарахтининг меваси - "кабас"ни теришади.

Тоифда шафтоли ҳам етилади. Сақиф ҳайъати Мадинага келаётганида мозорбости деб, қуруқ узум (майиз) ва анор олишади. Ибни Асокирнинг айтишича, ҳазрати Диҳя Шомдан ерёнғоқ, бодом олиб келарди. Тут, анжир, занжабил кабилар асри саодатда ҳам маълум мевалардан эди.

"Ҳаббатуссавдо" (седана) дардларга даводир. Ёнғоқни ёлғиз ўзини эмас, пишлоқ билан ейиш тавсия қилинади.