Ҳаёт хаёлдан иборат

Жаноза 

“Қандай ҳолатда яшасангиз, шу ҳолатда жон берасиз. Қандай ҳолда ўлсангиз, шу ҳолда ҳашр бўласиз (тириласиз).” (Ҳадиси шариф)

Аллоҳу таоло барчамизга ҳусни хотима (хайрли оқибат) берсин, калимаи шаҳодат келтирган ҳолда кўз юмишни насиб этсин.

Малак-ул мавт тўсатдан келади. Яқин одами тўсатдан вафот этганлар талмовсираб қолади. Оёқ-қўли бўшашиб, баъзи бир ишларга кучи етмай қолса, баъзиларини нотўғри қилади. Оғир изтиробга, ғам-ғуссага ботади. Шу сабабли баъзи нарсаларни билиб олишнинг фойдаси бор.

Жон таслим қилаётган одамнинг бошида кўп одам йиғилмасдан, охирги нафасини бемалол қийналмай беришини таъминлаш керак. Радио, телевизор сингари экранли, овоз чиқарувчи жиҳозлар ўчирилиб, хонада жонзот расми (газета, журнал) ва номаҳрамлар бўлмаслиги керак. Паст овозда Қуръони карим ўқилиши ҳамда охирги сўзи такбир, таҳлил, саловат бўлиши учун беморга талқин қилиниши керак.

Ўлим ҳоллари кўрина бошлаганда беморнинг юзи қиблага қаратилади, ўнг ёнбоши билан ётқизилади.

Вафот этадиган бўлса, дод-вой кўтармаслик, сочини юлиб, ёқасини йиртиб, исёнкор бўлмаслик керак.

"Ўлганларингизга фарёд қилиб йиғламанг. Чунки ўлик бундан азоб чекади." (Шеърозий)

Ўликнинг кўзлари бекитилиб, ияги боғланади. Жасад қотиб қолмасидан олдин чалқанча ётқизилади. Тиззалари, тирсаклари очилиб, қўллари икки ёнига қўйилади. Бу ўликни ювишда ва кафанлашда сизга ёрдам беради.

Устини енгил бир нарса билан ёпиш керак. Қорнига бир метал (пичоқ, қайчи) қўйилса, шишиб кетишининг олди олинади.

Ўлим хабарини эшитган одам “Инна лиллоҳ ва инна илайҳи рожиун” деб дуо қилиши лозим.

“Ё Рабби, уни солиҳлар сафига қўшгин, раҳматингга эриштир. Бола-чақасига яхшиликлар эҳсон қилгин, бизни ҳам уни ҳам мағфират қилгин” деб дуо қилиш керак.

Ворислар маййитнинг кимдан қарзи борлигини топиб, тез узиши керак. Бир дақиқа бўлсаям тезроқ қул ҳақидан қутқариши лозим. Маййитнинг давр ва исқоти қилиниши керак.

Туғилиб ўлган чақалоқ ювилади, намози ўқилади, исм қўйилади, ворис бўлади, унда мерос ҳам қолади.

Жонсиз туғилган чақалоқ тўрт ойлик бўлса, ювилиб кафанга ўралади ва кўмилади. Намози ўқилмайди. Тўрт ойга етмаган бўлса, ювилмайди, намози ҳам ўқилмайди.

Аввало исириқ тутатилиб уч ёки беш марта ўлик ювиладиган тахта атрофидан айлантирилади. Кейин маййит тахтага қиблага қаратилиб ётқизилади. Киндик билан тизза ораси ёпилган ҳолда ювилади. Аёлнинг аёллар учун аврат жойи билан эркакнинг эркаклар учун аврат жойи бир хил.

Сув унчалик иссиқ бўлмаслиги керак. Шўр сув чиришни секинлаштиради. Маййит ёш бола бўлса, аввало таҳорат олдирилади. Лекин оғзи билан бурнига сув берилмасдан, мато билан тозаланади. Аввал юзи ювилади. Кейин қўллари ювилиб, боши, қулоқлари ва бўйни масҳ этилади. Сўнгра оёқлари ювилади. Камфорали сув билан, топилмаса оддий сув қуйиб, бош ва соқол совун билан ишқаланади. Сўнгра чап ёнига ўгириб, ўнг ёнбошига сув қуйилади. Маййит уч марта ювилади. Ҳар бир ёни ювилганда, уч мартадан сув қуйилади. (Замзам суви билан ювилмайди.)

Маййитнинг юзи нурланиши, ундан хушбўй ифор таралиши яхшилик аломатидир. Буни ташқаридагиларга айтиш мустаҳабдир. Лекин юзи қорайса, ёмон ҳид анқиса, аъзолари, кўриниши бузилса, ҳеч кимга айтмаган маъқул.

Жанозани моргда қолдиргандан кўра тезроқ кўмиш афзал. Тирик одамга озор берадиган нарсалар маййитга ҳам озор беради. Шунинг учун ўлик музлатилмайди, жуда совуқ ва жуда иссиқ сув билан ювилмайди.

Ўлик ювадиган кишининг аввало ғусл олиши мустаҳабдир. Жаноза суви мои мустамал, яъни ишлатилган кир сув саналганидан ювувчилар олдиларига фартук тақиб ювишлари яхшироқ бўлади.

Мўмин одам ўз ҳалол молидан кафанликка пул ажратиб қўйиши керак. Аёли бой бўлса ҳам унинг кафанини эри олади.

Эркак кишининг кафани уч бўлак, аёл кишининг кафани эса беш бўлак бўлади. Эркак учун 7, аёл учун 8 метр бўз етади. Ипак мато эркакнинг тиригига ҳам, ўлигига ҳам жоиз эмас, ундан кафан бўлмайди.

Жаноза намози фарзи кифоядир. Бир неча киши ўқиса, бошқалардан соқит бўлади. Эркаклар бўлмаса, маййитни аёллар ювиб, намозини ўқиши керак.

Маййит жаноза намози ўқиладиган жойда боши имомнинг ўнг тарафига оёғи эса чап тарафига келадиган қилиб қўйилади.

Ҳар намоздек жаноза намози ҳам Аллоҳ учун ўқилади. “Аллоҳ учун намозга, Расулуллоҳ учун саловатга, маййит учун дуога” деб ният қилинади.

Жаноза намозининг фарзи иккита:

1. Тўрт такбир келтириш.

2. Тик туриб ўқиш.

Албатта таҳоратли ҳолда, пойафзал тагини нажосатдан тозалаган бўлиш лозим. Аврат жойларини ёпади, қиблага юзланиб, ният қилинади.

Суннати учта:

1. Субҳонака ўқиш. 2. Саловат ўқиш. 3. Ўзига, ўликка ва барча мусулмонларга авфу мағфират учун дуо қилиш.

Биринчи такбир “Аллоҳу акбар” айтилиб қўллар боғланади. Субҳонака дуосига “ва жалла саноука” қўшиб ўқилади. Иккинчи такбирдан кейин "солли, борик"лар ўқилади. Учинчи такбирдан кейин биладиган одам жаноза дуосини ўқийди, билмайдиганлар “Раббана отина” ёки дуо нияти билан бисмиллоҳсиз “Фотиҳа” ўқийди. Фақат “Аллоҳуммағфирлаҳ” деса ҳам бўлади. Тўртинчи ракъатдан, яъни такбирдан кейин ўнг ва чапга салом берилиб, намоздан чиқилади. Жаноза намозининг такбирларидан ҳар бири бир ракъат кабидир. Тўрт такбирнинг фақат биринчисида қўллар қулоққа кўтарилади. Кейинги такбирларда қўллар кўтарилмайди, киндик тагида боғланган ҳолда туради.

Намозга кеч қолган киши улгурган такбирига ифтитоҳ такбири сифатида ният қилади. Имом салом берганидан кейин улгурмаган такбирларини бирин-кетин айтади ва бошқа нарса ўқимасдан салом беради. Тўртинчи такбирга ҳам улгурмаган одам намозга улгурмаган бўлиб ҳисобланади.

Жамоат намозида биринчи сафда турган афзал, жанозада эса, охирги сафда. Жаноза намозини тезроқ ўқиш мустаҳабдир. Вақт намозларидан аввал ҳам ўқилиши мумкин, керак бўлганда кечаси ҳам ўқилади. Баъзан яқинлари келиб бўлсин деб, маййитни бир неча кун кутказишади. Лекин намоздан кейинги оятал курси билан тасбиҳларни ўқишга негадир сабрлари чидамай кўчага чопишади.

Маййитга ғойибдан (узоқдан) жаноза намозини ўқиш шофиъий ва ҳанбалий мазҳабида жоиз бўлса ҳам, ҳанафий ва моликийда жоиз эмас. Расулуллоҳ Нажоший Асҳома учун жаноза намозини ғойибона ўқиган бўлсалар ҳам бу Унга махсус эди.

Масжидга келдингиз, кўрдингизки, ҳовлида жаноза бор. Мўмин ёки мўмина эканлигига ишониб, жаноза намозида иштирок этиш керак. Бир неча маййит бўлса, барчасига бир намоз ўқиш мумкин бўлса ҳам, ҳар бирига алоҳида жаноза намози ўқиган афзалдир.

Тобутни олиб юрганда аввал маййитнинг ўнг бош томони ўнг елкага олиниб ўн қадам ташланади. Кейин ўнг оёқ томони ўнг елкада яна ўн қадам ташланади. Сўнгра нариги томонига ўтиб, чап елкага олган ҳолатда бош томонида ўн қадам, оёқ томонида ўн қадам юрилади.