Савол: Фарзандга қандай исмларни қўйган маъқул?
Жавоб: Фарзандга қўйилган ёки қўядиган исмларнинг маъноларини динимизга, урф-одатимизга мос тушиш-тушмаслигига эътибор қаратиш керак. Мос бўлмаса, ўзгартириш керак. Ҳақли сабаблар билан исми ёки фамилиясини ўзгартиришни истовчилар топилиб туради. Айрим кимсалар дуч келган исмга "унақа сифат ва аниқловчилардан от бўлмайди" деб эътироз билдиради. Бу борада ёзилган китобларни дўконлардан топиш мумкин. Баъзилари арабча ва форсча қанча сўз билса, барчасини исм тариқасида тақдим қилган. Баъзилари жуда оддий ёзилиб, сўзнинг фақат битта маъносини келтириш билан чекланган. Лекин ҳаммасининг ўхшаш томони ноаниқ сўзларни ноаниқ таърифлашларида. Ноаниқ феъл ёки сифатни исм тариқасида қўйиш мумкин. Чунки улар исмга айланганидан кейин у ноаниқликдан чиқади.
Хоҳлаган сўз исмга айланганидан кейин "ислом", "рамазон" сўзлари каби дин номи ёхуд ой номини эмас, одам исмини англатади. Шу боис болага Ислом деган от қўйилса, унинг маъносини "мусулмонлик дини" деб эмас, балки "мусулмон киши" тариқасида таърифлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Одамга қўйилгандан кейин Рамазон, Рўзибой сўзларини ҳам ой номи деб эмас, рўза тутадиган одам деб бериш тўғрироқ бўлади. Худди шу маънода Рўза, РўзиМуҳаммад, Соим каби номлар ҳам бор.
Фарзандга чиройли исм қўйиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Фарзандига чиройли исм қўйиш, динини ўргатиш ва вақти келганида уйлантириш фарзанднинг отаси устидаги ҳақларидандир.” (Абу Нуайм)
“Қиёматда отангизнинг исми билан [масалан Али ўғли Амин ёки Али қизи Амина деб] чақириласиз. Шундай экан, исмингиз чиройли бўлсин.” (Абу Довуд)
Чиройли исмлар кўп. Масалан, болаларга пайғамбар исмлари, бизнинг пайғамбаримизнинг 400 га яқин муборак исмлари, Аллоҳу таолонинг асмои ҳуснасидан исм қилиб қўйиш жоиз бўлган Али, Азиз, Мажид, Мужиб, Рофий, Рашид исмлари, Асҳоби киром ва авлиёлар исмларини қўйиш мумкин.
Бир исмнинг чиройли бўлиши учун унинг албатта Қуръони каримда мавжуд бўлиши шарт эмас. Юз мингдан ортиқ саҳобалардан ҳазрати Зайддан бошқасининг исми Қуръони каримда аталмаган. Ўзгача исм бўлсин деб ёки энг чиройли исм бўлсин деб Қуръони каримдаги ҳар бир калимани, биргина Қуръони каримда ўтгани туфайли болага исми қилиб қўйиш нотўғри. Чунки Қуръони каримда чиройли исмлар билан бирга кофир исмлари ҳам бор. Масалан энг бошида шайтон бор, Иблис бор, Ханнос бор. Кофирлардан Корун, Ҳаман бор. Пайғамбаримизнинг душмани Абу Лаҳабнинг ҳам исми бор. Буларни қўйиш тўғри эмас.
Қуръони каримда бор экан деб "чақмоқ", "келди", "кетди" сингари сўзларнинг арабчасини исм сифатида қўйганлар ҳам учраб туради.
Ҳар бир пайғамбар ўз исмдошларига, ҳар олим ва авлиё ҳам адашларига шафоат қилади. Чиройли исмнинг мана шу жиҳатдан ҳам аҳамияти бор. Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Аллоҳ наздида энг чиройли исмлар Абдуллоҳ, Абдурраҳмондир.” (Муслим)
“Уч ўғли бўлиб, бирига исмимни бермаган ота-она жоҳиллик қилган бўлади.” (Табароний)
“Аллоҳу таоло “Исми Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд каби ҳабибимнинг исмидан бўлган мўминга азоб беришга уяламан” деб буюрган.” (Р. Носиҳин)
“Бир уйда бир, икки ёки уч Муҳаммад бўлишининг зарари йўқ.” (Ибни Саид)
“Ўғлининг исмини Муҳаммад деб қўйган ота-она фарзанди билан жаннатлик бўлади.” (А.Руфаий)
“Муҳаммад исмли болага ҳар жойда ҳурмат-икром кўрсатинг, уни пастга урманг.” (Хатиб)
“Муҳаммад исмли одамни паст кўрманг, уни маҳрум этманг. У ичида бўлган уйда, жойда барака бўлади.” (Дайламий)
Ибни Аббос ҳазратлари “Қиёматда “Исми Муҳаммад бўлган мўминлар келсин” дейилади. Барчаси жаннатга киритилади” деб айтган.
Болага пайғамбаримизнинг муборак исмларидан бирини қўйиш ҳам жуда яхши. Асҳоби киромнинг исмлари ҳам жуда қийматли. Ота-боболаримиз қўйган исмларга эътибор берилса, тўғри исм топиш осонроқ бўлади.
Ҳазрати Талҳа ўн нафар фарзандининг ҳар бирига бир дона пайғамбар исмини қўйганди. Ҳазрати Зубайрнинг ҳам ўн фарзанди бўлиб, барчасига шаҳидлар исмини берганди. Ҳазрати Талҳа ҳазрати Зубайрдан “Нимага фарзандларингга пайғамбарлар исмини эмас, шаҳидлар исмини бердинг?” деб сўради. Ҳазрати Зубайр “Фарзандларим пайғамбар бўлмаслиги аниқ, шунинг учун шаҳид бўлишларини орзу қилганман” деб жавоб берди.
Исми ёмон бўлганлар ўзгартириш керак. Ҳадиси шарифда “Исми чиркин бўлганлар буни чиройли исмга ўзгартирсин” деб марҳамат қилинди. (Бариқа)
Масалан, масхара қилиш мақсадида Маҳмуд исмини “Мамо”, Иброҳимга “Ибо” дейиш жоиз эмас. Лекин ҳамма уни шу қисқартирилган лақаби билан таниган бўлса, ўша лақаби билан чақириш курф бўлмайди.
Фарзандига кофирларнинг исмини қўйишдан сақланиш керак. Имоми Раббоний ҳазратлари: “Бир мусулмон кофир исмини қўйишдан худди арслондан қўрққандек қўрқиши керак. Бу исмлар ва уларнинг эгалари Аллоҳу таолонинг душманларидир. Ҳадиси шарифда “Ёмон гумон остида қолдирадиган шубҳали жойлардан қочинглар” деб марҳамат қилинган. Динсизлик аломати бўлган ва бу гумонни уйғотадиган исмларни қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак.” - деганлар.
Ибни Обидин ҳазратлари айтганлар:
“Болага Али, Азиз каби исмларни қўйиш жоиз бўлса ҳам, бу исмларни айтаётганда ҳурмат кўрсатиш керак.” (Радд-ул мухтор)
“Рашид, Амин сингари мадҳ этувчи исмларни қўйиш жоиз бўлса ҳам қўймаслик афзалроқ. Чунки бундай исмларни айтганда эгасини ҳақорат қилиш, бу исмга ҳам ҳақорат бўлади.” (Ширъа)
“Қиёматда гуноҳлари савобларидан кўп бўлган бир киши жаҳаннамга олиб кетилаётганида Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга буюради:
- Эй Жаброил, ундан сўра, ҳаётда ҳеч бир олимнинг суҳбатига қатнашганми?
Ҳазрати Жаброил ундан сўрайди. У киши “Афсуски, ҳеч бир олимнинг суҳбатида бўлмадим” дейди. Аллоҳу таоло такрор буюради:
- Эй Жаброил, ундан сўра, ҳеч бир олимга илми учун ҳурмат кўрсатдими?
Жаброил алайҳиссалом сўрайди. У эса “Йўқ” дейди. Ҳақ таоло буюради:
- Эй Жаброил, тасодифан бўлса ҳам бир олим билан бирга овқатландими?
Жаброил алайҳиссалом сўрайди. У киши “Йўқ, ҳеч бир олим билан бир дастурхонда ўтирмадим” дейди. Ҳақ таоло буюради:
- Эй Жаброил, бу банданинг исми бир олимнинг исмига ўхшашми, уни ҳам сўра!
Жаброил алайҳиссалом ундан сўрайди. Ҳалиги киши “Исмим ҳеч бир олимнинг исмига ўхшамайди” дейди. Ҳақ таоло буюрадики:
- Уни жаннатга киритинг. Чунки у олимни ҳурмат қиладиган бир одамни яхши кўрарди.” (Ал-Анвор)
Кўриб турганимиздек, кишига биронта олимнинг исми қўйилган бўлиши, ҳатто олимни севадиган бировни ҳурмат қилиш ҳам одамнинг нажотига сабаб бўлмоқда. Албатта, иймонли бўлиш шарти билан. Киши мўмин бўлмаса, қанчалик чиройли исм ва ибодати бўлса ҳам қадри бўлмайди.
Болага туғилиши билан ёки етти кунлигида исм қўйилади. Туғилиб кейин ўлган болага ҳам исм қўйилади. Ювилиб, жаноза намози ўқилади. Ўлик туғилган болага исм қўйилмайди. Лекин исм қўйиб, дафн этган яхшироқ.
Боланинг исмини илм аҳли, солиҳ зотга қўйдириш керак. Асҳоби киром фарзандларига исмни пайғамбаримизга қўйдиришга ҳаракат қилишарди. Болага исм қўйганда боланинг отаси, бобоси ёки энг кекса, илми энг кўп бўлган киши болани қучоғига олиб, таҳоратли ҳолда қиблага қараб, тик туриб ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтади. Исмини уч марта такрорлаш яхшироқ. Шу вақтда гўдакнинг оғзига ширинлик суриш яхши бўлади.
Пайғамбаримиз ҳазрати Ҳасан туғилганида қулоғига азон айтгандилар. Азон айтадиган киши гўдакни ёстиққа ўхшаган юмшоқ бир нарса устига ётқизиб, қучоғига олади. Гўдак бошқанинг қўлида туриб, азонни иккинчи одам айтса ҳам бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Янги туғилган гўдакнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат ўқилса, “Умму сибён” хасталигидан сақланган бўлади.” (Байҳақий)
Болага исм қўйгандан кейин солиҳ фарзанд бўлиши ва динга хизмат этиши учун дуо қилиш керак. Пайғамбаримиз “Ё Рабби, бу болани хайрли ва солиҳлардан айлагин ҳамда унинг гўзал шаклда улғайишини таъминлагин” деб дуо қилганлар.
Абу Мусал Ашъорий ҳазратлари “Фарзандим туғилган куни Расулуллоҳга элтдим, исмини Иброҳим деб қўйдилар” деди. Амр бин Шуайбнинг бобоси эса “Расулуллоҳ энди туғилган гўдакка еттинчи кун исм қўйилишини ва ақиқа сўйилишини амр этдилар” деди. (Термизий)
Бухорийда ҳам “Агар ақиқа сўйилмайдиган бўлса, бола туғилган пайтда исм қўйилади ва оғзига ширинлик сурилади” дейилган.
Савол: Самад исми жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Азроил деб исм қўйса бўладими?
Жавоб: Макруҳ бўлади.
Савол: Фарзандим туғилганидан уч кун ўтиб ўлди. Дафн қилинганига бир неча ой бўлди. Исм қўймагандик. Энди исм қўйишимиз жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Муҳаммад исмини қўйиш макруҳми?
Жавоб: Макруҳ эмас. Лекин бу исмни қўйгандан кейин унга ҳурмат кўрсатиш лозим.
Савол: Али Усмон исмини қўйиш жоизми?
Жавоб: Али Усмон исмини қўйиш жуда яхши.
Савол: Беш ойлик ҳолида туғилиб кейин ўлган гўдакка исм қўйиладими?
Жавоб: Тирик туғилган бўлса, нафас олган бўлса, исм қўйилади.
Савол: Чет элда яшайдиган баъзи мусулмон ёшлар ғайримуслимларнинг исмларидан фойдаланишади. Масалан, Ҳасан деган бир танишимиз, исминг нима деса, “Исмим Ҳанс” дейди. Ҳанс деб чақиришларини хоҳлайди. Бир мусулмоннинг ўзини кофир исми билан чақиришларини хоҳлаши жоизми?
Жавоб: Жоиз эмаслигини ислом олимлари айтганлар. Аҳли суннат олимларининг энг улуғларидан бўлган имоми Раббоний ҳазратлари Хони Хононга ёзган мактубида шундай деган:
Қийматли таважжуҳингизга қовушиш билан шарафланган шоирлардан бири кофир исмини тахаллус қилиб олганини эшитиб, ҳайратландим. Нимага шу паст исмни олди? Бундай исмларни олишдан арслондан қочгандан ҳам кўпроқ қочиш керак. Чунки бу исмлар ва уларнинг эгалари Аллоҳу таолонинг ва пайғамбарининг душманларидир. Муслмонларнинг [хоҳ христиан бўлсин, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ китобсиз бўлсин, барча] иймонсизларни душман деб билиши амр этилган.
Бундан ифлос исмларни фарзандига қўймаслик ҳар бир мусулмонга вожибдир. Унга айтинг! Исмни ўзгартирсин! Ўрнига мусулмонга ярашадиган исм қўйсин. Мусулмонга мусулмон исмини қўйиш ярашади. Аллоҳу таолонинг севган ва пайғамбари олиб келган Ислом динида бўлиш шарафига эга одамнинг ҳолига мос бўлгани ҳам фақат шу. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Қиёматда исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласиз. Шунинг учун чиройли исмлар олинг!” (Абу Довуд)
Динсизлик белгиси бўлган исмларни қўйишдан сақланиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. (1/23)
Савол: Интернетда логин, ник сифатида “prince” (принц), “king” (король) номларини қўйиш жоизми?
Жавоб: Вақтинча бўлса ҳам кофир исмини қўйиш дуруст эмас. Булар ўрнига "шаҳзода", "султон", "ҳоқон", "бек" каби исмлар қўйиш керак.
Савол: Исмининг маъноси жуда ёмон бўлса, паспортдаги исмини ҳам ўзгартириш керакми?
Жавоб: Паспортдан ўзгартириш шарт эмас. Оиласи ва атрофдагилар янги исми билан чақирса, муаммо қолмайди. Вақт ўтиши билан ҳамма ўрганади ва кейинчалик паспортидан ҳам осонлик билан ўзгартириши мумкин. Ҳазрати Оиша волидамиз “Расулуллоҳ ёмон исмларни ўзгартирардилар” деганлар. (Термизий)
Савол: Осия исмининг маъноси қандай? Буни ўзгартириш керакми?
Жавоб: Кирил ҳарфлари билан бир хилда ёзилишига қарамай, ушбу икки исм икки хил ўзак ва маънодан ташкил топган.
1. Осия – "алиф", "син", "йа" ва "ҳа" ҳарфлари билан ёзилади. Маъноси уйғун, муносиб ва устун, ҳузнли хотин демакдир. Фиравннинг хоними ҳазрати Осиянинг исмидир.
2. Осия – "айн", "сод", "йа" ва "ҳа" ҳарфлари билан ёзилади. Осий, исёнкор, шаккок, гуноҳкор деган маъноларни билдиради.
Бизда қиз исми сифатида биринчиси фойдаланилади. Шунинг учун ундай исмлар ҳамма вақт биринчи маъносида қабул қилинади ва ўзгартиришни талаб қилмайди.
Савол: “Уч ўғли бўлиб, бирига менинг исмимни қўймаган одам жоҳиллик қилган бўлади” ҳадисига кўра, фарзандига Муҳаммад исмини қўйиш дурустми?
Жавоб: Бу замонда керакли ҳурмат кўрсатила олмаслиги учун узрлидир. Пайғамбаримизнинг исмларидан бўлган Аҳмад ёки Маҳмуд деб қўйиш керак. Муҳаммад исми қўйилса, ҳурматда қусур этилгани учун дуруст эмас. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Муҳаммад исмини қўйган фарзандингизни урманг ва яхшилик қилинг!” (Баззор)
“Муҳаммад исмини берган фарзандингизга ҳурмат кўрсатинг, ўтирганингизда унга ўрин ажратинг ва унга қовоғингизни солманг!” (Ҳатиб)
"Фарзандига пайғамбарлар ва фаришталар номини қўйгач, исмини айтиб болани ёмонлаш, уни пастга урувчи нарса сўзлаш, уни хорлаш жоиз эмас." (Ширъа шарҳи)
Қиёмат куни бир кишини жаҳаннамга олиб кетишаётганида Аллоҳу таоло “Эй фаришталар, бу бандамни ранжитманглар. Унинг бир яхшилиги бор” деб буюради. Фаришталар ҳайрон бўлиб, бу яхшиликнинг нима эканлигини сўрайдилар. Аллоҳу таоло “Унинг исми ҳабибимнинг исмидандир. Исми Аҳмад, Муҳаммад ёки Маҳмуд бўлган қулимга азоб қилишдан ҳаё этаман” деб буюради. (Риёд-ун носиҳин)
Савол: Муҳаммад исмли болага Муҳаммад деб хитоб қилиш одобга зидми?
Жавоб: Йўқ, зид эмас. Лекин койиганда "дангаса", "тарбиясиз" сингари ёмон сўзлар билан Муҳаммад исмини бирга ишлатиш жоиз эмас. Буларни исмини атамасдан ишлатишнинг зарари йўқ. Исм айтилганидан кейин ҳурмат қилиш керак.
Савол: “Ҳақ сўзнинг васиқалари” китобида “Аллоҳу таолонинг ёлғиз ўзига махсус бўлган уч сифати "кибриё", "ғани" ва "яратиш"дир” дейилган. Энди вафот этган марҳумга “Аллоҳ ғани-ғани раҳмат қилсин” деса ёки бирон одамни таърифлаганда “Ғани кўнгил эгаси” деса ёхуд болаларга Ғани деб исм қўйса жоизми?
Жавоб: Ғани [ал-Ғаниййу] Аллоҳу таолонинг 99 исмидан биридир. Ҳеч кимга муҳтож бўлмаган, ҳамма унга муҳтож бўлган зот деганидир. Бу маънода албатта исм қўйиб бўлмайди. Бой деган маъносини назарда тутиб, болаларга Ғани исмини қўйиш жоиз. Лекин Ғани бўлган Аллоҳнинг қули деган маънода Абдулғани деб қўйиш афзалроқ.
Ғани - "бой", "мўл-кўл" деган маъноларга келади. "Ғани кўнгил эгаси" дегани "сахий", "қўли очиқ", "жўмард" деганидир.
Савол: Одамга Асад, Арслон сингари жонивор номларини исм қилиб қўйиш жоизми?
Жавоб: Жоиз. Чунки ҳақорат нияти билан қўйилмаяпти. Бировга "ҳўкиз" деса ҳақорат бўлади. Лекин "буқадек бақувват" деса, ҳақорат бўлмайди.
Савол: “Ислом ахлоқи” китобида “Рашид, Амин исмини қўймаслик керак. Муҳйиддин, Нуриддин каби исмлар ҳам ёлғон ва бидъат бўлади. Фосиқларни, жоҳилларни, муртадларни бундай исмлар билан чақириш макруҳдир. Чунки булар мадҳ этувчи исмлардир. Маъжозан ҳам айтилмайди. Ўз фарзандига бу исмларни омадли бўлиши учун қўйиш жоиз дейилган. Солиҳ эканликлари машҳур бўлган олимларни бу исмлар билан ёдга олиш жоиз ва фойдали” дейилган. Шунда охири "–дин" билан тугайдиган исмларни қўймаслик керакми? Жамолиддин, Фахриддин, Хайриддин, Сайфиддин, Сирожиддин, Шамсиддин, Шаҳобиддин, Тожиддин деган исмларни қўймаслик керакми?
Жавоб: “Мусулмон одам фарзандларига бу исмларни қўйиши мумкин” ва “Солиҳ зотларни бу исмлар билан ёдга олиш фойдалидир” дейилган. Бидъат аҳли ва муртадларнинг исмлари чиройли бўлса, уларни бу исмлар билан тилга олмаслик керак. Масалан, залолат фирқасидаги масонлардан Муҳаммад Абдуҳ деган машҳур кимсани ўз ҳурматли исми билан тилга олмай, қисқагина Абдуҳ дейиш ёки М.Абдуҳ деб ёзиш керак. “М ҳарфи нима дегани?” деб сўралса, “Масон калимасининг қисқартмаси” деб жавоб бериш мумкин.
Мазҳабсизлар масон Абдуҳни мадҳ этганларидек ваҳҳобийликка замин ҳозирлаган Ибни Таймияни ҳам "Тақийюддин" ва "шайхулислом" деб еру кўкка сиғдиршимайди. Аҳли суннат эъттиқодидаги мусулмонлар бундай баландпарвоз гапларга эътибор бермасликлари керак.
Савол: Ўғлимизга пайғамбаримизнинг Муҳаммад исмини, Жаброил, Микоил, Ридвон каби фаришталар исмларини қўйиш макруҳми?
Жавоб: Йўқ, макруҳ эмас. Бир ҳадиси шарифга асосланиб, баъзи олимларнинг макруҳ дейиши бу исмни айтиб, ҳақорат қилмасликлари учундир. Чунки диний китобларда айтилишича: Болага пайғамбар ва фаришталар исми қўйилгач, бу боланинг исмини айтиб айтиб уни ҳақоратлаш, сўкиш жоиз бўлмайди. Чунки бундан шу исмни пастга уриш маъноси чиқиши мумкин. Лекин исмини айтмасдан “Сен ундайсан, бундайсан” деб койиш мумкин. (Ширъа шарҳи)
Имоми Молик ҳазратлари шу сабабли Ёсин, Жаброил, Азроил каби исмларни қўйиш макруҳ бўлади деганлар. Агар ҳақорат қилинмайдиган бўлса, бу исмларни қўйишнинг зарари йўқ.
Келажакда керакли ҳурмат кўрсатилмайди деган андиша билан бу исмларни қўймаган яхши. Масалан, болага Азроил деб исм қўйса, “Қочинглар Азроил келяпти” ёки Жаброил қўйса, “Менга Жаброил келди, ваҳий келтирди” деб мазах қилиниши мумкин. Бундай муборак исм қўйилган болаларга ранжитувчи гап айтадиган бўлганда ҳақорат бўлмасин деб исмини айтмасдан “Сен дангасасан, у ярамас, бу ўғри” деб имо-ишора билан сўзлаш керак.