Табассум қўрида эримайдиган маъдан йўқ

Ҳозир ҳаттоки ёш болалар ҳам стрессли ва асабий. Эридан шикоят қилган аёлларни, аёлидан шикоят қилган эркакларни кўпчилигимиз учратганмиз.

Ота-боболаримизнинг “Қарс икки қўлдан чиқади” деган гапи бор. Бири жим бўлиб, узр сўраса, тортишув чўзилмайди, жанжал каттаймайди. Ҳар икки тараф ҳам “Мен ҳақлиман” деган сайин жанжал тинмайди, тортишув ҳам чўзилаверади. Бундай ҳолатларда одатда айб эркакларда бўлади. Аёлини бошқара олмаган эркак ожиз демакдир.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Бир мўмин аёлига аччиқланмасин! Хотиннинг ёмон феъли бўлса, яхши феъли ҳам бўлади.” (Муслим)

Улуғ ислом олими Ҳусайн Ҳилми Ишқ (қуддиса сирруҳ) айтди:

“Ғазабланган вақтда куч-қуввати етгани ҳолда ҳеч ёмонлик қилмаган, ўч олмаган киши қиёматда хоҳлаган жаннат кўшкига киради. Осон эмас, лекин ғазаби қўзиганда ҳеч кимнинг қалбини синдирмайдиган киши аҳли жаннатдир... Ўз аҳли-аёли билан яхши муомалада қила олган одам ҳамма билан яхши муносабат қура олади. Расулуллоҳ “Оилангизни ҳақорат қилманг. Улар билан яхши муомалада бўлинг” деб буюрганлар. Шунинг учун бу масалага жуда эътиборли бўлинглар.”

            ***

Ҳазрати Умарнинг халифалиги даврида бир киши аёлининг кўп гапириши ва тинимсиз зорланишидан безиб, шикоят қилгани халифанинг уйига келади. Эшик олдига келганида ичкаридан қаттиқ, асабий ҳолда гапираётган аёл товушини эшитади. Бир муддат эшикни қоқа олмайди ва тараддудланиб кутади. Бироз вақт ўтса ҳам аёлнинг жазава билан гапираётгани ва халифанинг сукут сақлаётганини англаган киши эшикни қоқишдан воз кечиб, изига қайтмоқчи бўлади. Энди кетмоқчи бўлганида эшик очилади. Эшикни очган ҳазрати Умар “Нимага келгандинг, ҳеч нарса демасдан яна қайтиб кетяпсан?” деб сўради. Ҳалиги киши “Ё Умар! Мен аёлимдан шикоят қилгани келгандим. Қарасам халифа ҳам аёлига қарши “миқ” этмади. Мен нимага шикоят қиламан деб ўйладим, қайтиб кетишга қарор қилдим” деди.

Шунда ҳазрати Умар шундай жавоб беради: “У менинг уйимнинг бекаси. Фарзандларимнинг онаси, овқатимизни пиширади, кийимларимизни ювади, уйимизни тозалайди. У буларни бизга эҳсон сифатида ишламоқда. Шундай одамга гап қайтариш ярашадими?”

            ***

Ҳузур-ҳаловат миллионлаб пул топишдан ҳам муҳимроқ. Қаноатли, нозик, бағрикенг ва очиқ чеҳрали бўлган одамнинг уйида асло жанжал бўлмайди. Ҳа, табассум ўтида эримайдиган маъдан бўлмайди. Қалбларни фатҳ қилиш, дилларни ром қилиш табассум орқали амалга ошади. Табассум қилиш текин. Уни олганни бахтли қилади, берганни ҳам ранжитмайди.