Ўзига фойдаси йўқнинг ўзгага ҳам фойдаси йўқ

Инсон ижтимоий борлиқдир. Яъни ёлғиз ўзи, дўстларсиз яшай олмайди. Шу сабабли одам яхши дўстларга эга бўлиш лозим. Яхши одамлар билан учрашган киши ҳеч қачон пушаймон бўлмайди. Одамнинг бошига келадиган ҳар фалокат, ёмон дўстлар сабаблидир.

Сирни ҳечкимга айтмаслик керак. Ҳар кимнинг сўзига алданиб қолмаслик лозим. Одамларнинг сўзига эмас, ишига қараб баҳо бериш керак. Ўзига ҳам фойдаси бўлмаган кимсадан эҳтиёт бўлиш керак. Ўзига фойдаси тегмаган одамнинг ўзгага ҳам фойдаси тегмайди.

Ёмон киши билан кўришиб, уни тўғри йўлга солиш жуда фойдали бўлса ҳам таҳликалидир. Чунки бошқасини қутқариш учун ҳаракат қилаётганида ўзи ҳам ёмонликка беланиб қолиши мумкин. Авлиёлар, ислом улуғлари кўплаб ёмон одамларни тўғри йўлга солган бўлса ҳам, буни ҳамма уддалай олмайди. Бошқаларга таъсир қила олиш хусусиятига эга бўлмаган кишилар ўзларини тўлиқ тузатмасдан бошқаларни тўғри йўлга солишга уринса, фойда ўрнига зарар келтиради.

Солиҳ, зоҳид одамлар билан кўришиш, улар билан дўст тутиниш жуда фойдалидир.

Аллоҳу таоло Мусо алайҳиссаломга буюрди:

- Ё Мусо! Қулларимдан энг севганларим зоҳидлардир. Менга энг кўп яқинлашган киши ҳаромлардан қочган кишидир. Менга энг севимли бўлган киши ибодат қилаётганида менинг қўрқувимдан йиғлаган кишидир.

Мусо алайҳиссалом сўради:

- Ё Рабби, сен яхши ахлоқли солиҳ қулларинг учун нима тайёрладинг? Мукофот учун уларга нима берасан?

Аллоҳу таоло буюрди:

Уларга жаннатни мубоҳ қилдик. Жаннатда истаганларидек сайр қиладилар. Нимани орзу қилсалар, берилади. Ҳаромлардан сақланган варо соҳибларини ҳисобга тортишдан ҳаё қиламан. Ибодатларида менинг қўрқувим сабабли йиғлаган кишиларга ҳеч ким эга бўлмаган устун даражалар бераман.

Одам танишган, кўришган, бирга бўлган кишининг яхши-ёмонлигини қуйидагича англайди:

Яхши дўст ҳар доим Аллоҳу таолони ёдга солади. Аллоҳу таолони кўнгил билан, тил билан, ишлари билан ёдимизга солиб туради. Бир одам билан бирга бўлганда Аллоҳу таолони ёдга солса, қалбини ҳушёр тутиб турса, билгинки, у яхши дўст. Лекин бирга бўлганда Аллоҳ қўрқувини ва Аллоҳу таолони унуттирса, у ёмон дўстдир. Ундан узоқ туриш, сақланиш керак. Бундай кимсадан арслондан қочгандай қочиш керак. Ҳатто арслондан қочгандан ҳам ортиқроқ қочиш керак. Чунки арслон фақатгина одамнинг жонини олади. Инсон иймонли бўлса, жаннатга киради. Лекин ёмон дўст одамнинг жонини ҳамда иймонининг кетишини ва шу тариқа абадий фалокатга тушишига сабабчи бўлади.