Савол: Истиҳора нима ва истиҳора намози қандай ўқилади?
Жавоб: Истиҳора деб бир иш ҳақида хайрли ёки хайрсизлигини билиш мақсадида таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқигандан сўнг тегишли дуони ўқиб, шу ишга алоқадор туш кўриш учун уйқуга ётишга айтилади.
Имом Ғазолий ҳазратлари айтадики:
Тўрт нарсани қилган киши тўрт нарсадан маҳрум қолмайди:
1. Шукр этган одам неъматнинг ортишидан;
2. Тавба этган одам қабул бўлишидан;
3. Истиҳора қилган одам хайрдан;
4. Истишора қилган (маслаҳатлашган) одам тўғрисини билишдан, ҳақиқатга етишдан маҳрум қолмайди.
Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал, масалан, уйланаётганда, уй олаётганда истиҳора қилиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Бахтга истиҳора қилиш орқали эришилади.” (Ҳаким)
Уйланишдан аввал бир неча марта истиҳора қилиш, Ҳақ таолога сиғиниш керак. Нафси ва ёмон кимсаларнинг орага тушмаслиги учун ялиниб-ёлвориш лозим. Солиҳ, ишончли кишилар билан маслаҳатлашгандан кейин истиҳора қилиш керак.
Бир ишни бошлаётганда ёки бир нарсадан қутулмоқчи бўлганда икки ракат намоз ўқиб (қуйида келтирилган арабча дуони ўқиб) “Агар шу ишим (масалан шу қиз билан уйланишим ёки шу уйни олишим) дунё ва охиратимга хайрли бўлса, буни менга муборак қилгин. Агар хайрли бўлмаса, уни мендан узоқлаштир ва хайрли бўлганини яқинлаштир. Мени тақдирингга рози бўлганлардан этгин, ё арҳамарРоҳимин” дейиш лозим.
Аввало гуноҳларга тавба қилинади. Қисқача: “Ё Рабби, балоғат ёшимдан шу кунгача қилган гуноҳларимга пушаймон бўлдим. Бундан буён иншаллоҳ гуноҳ қилмасликка сўз бераман” дейилади. Кейин ғусл қилинади. Ғуслдан кейин шу кеча “Истиҳорага ният қилдим” деб икки ракат нофила намоз ўқилади. Биринчи ракатда "субҳонака" ва "фотиҳа"дан кейин "Кофирун", иккинчи ракатда "Фотиҳа"дан кейин "Ихлос" ўқилади. Истиҳора намози тугагач ушбу дуо ўқилади:
“Аллоҳумма инни астахирука би илмика ва астақдирука би қудратика ва асъалука мин фадликал азим фа иннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта алломул ғуюб.”
Мана шу тартибда истиҳора ўқишда етти кеча давом этилади. (Кундуз ҳам истиҳора қилиб, ётиш мумкин.) Ғусл фақат биринчи куни олинади, бошқа кунлари ғусл олиш шарт эмас.
Истиҳора ўзгаларга қилдирилмайди. Ҳар ким ўзи ўқиши керак. Бадан билан бажариладиган ибодатларни бошқаларга қилдириш жоиз эмас.
Истиҳора намозини ўқигандан кейин гапирмасдан ётиб ухлаш керак. Эҳтиёж бўлса, гаплашиш мумкин. Аслида хуфтон намозини ўқигандан кейин эҳтиёж бўлмаса, гаплашмаган мустаҳаб, яхши бўлади.
Истиҳорадан кейин таҳоратли ҳолда қиблага қараб ётилади. Туш кўрса ҳам, кўрмаса ҳам истиҳорани 7 кун давом эттиради. Тушида оқ, яшил ранг кўриш хайрга, қора ёки қизил кўриш ёмонликка аломатдир. Агар тушида ҳеч нарса кўрмаса, қалбга қаралади. Шу ишни қилиш орзуси кучайган-сусайганига қараб қарор берилади. Бир тўхтамга келолмаса бир неча марта истиҳора қилиш керак.
Режалаштирган ҳар бир ишга киришиш олдидан истиҳора ўқиш суннатдир. Лекин истиҳора ўқигач шу ишни қилиш ёки қилмасликка ишорат қилувчи бирон белгини уйғоқ ёки тушда кўриш шарт эмас. Истиҳорадан кейин ўз қалбига қараш керак. Қалбда шу ишга бўлган иштиёқ, орзу аввалгидан кучайган бўлса, қилган маъқул. На кучайган, на сусайган бўлса ҳам у ишни қилиш мумкин. У ҳолда ишни қилиш орзуси кучайгунча такрор-такрор истиҳора ўқиш лозим. Истиҳоралар етти мартагача такрорланади. Истиҳорадан кейин орзуси камайганини сезса, у ишни қилмаслик керак. Натижадан амин бўлиш учун истиҳорани бир неча марта такрорлаган яхши. Ҳатто қандай ҳолатда бўлмасин истиҳораларни доимо такрорлаб, бирон ишни қилиш ёки қилмасликда эҳтиёткорлик қилинса, яхшироқ бўлади.
Бошқа бир истиҳора
Бирон мурод-мақсади бор одам таҳорат олиб, тоза жойга ўтиради. Уч марта саловоти шарифа ўқийди, кейин ҳар бирига алоҳида бисмиллоҳ айтиб ўн Фотиҳа, ўн бир Ихлос, кейин уч саловот айтади. Сўнгра ўнг ёни билан юзини қиблага қаратиб, ўнг қўлини ўнг ёноғи тагига қўйиб ётади. Ният қилган нарсасининг яхши ёки ёмон эканлигини би-изниллоҳ тушида кўради. (Фатавои Қори-ул-ҳидоя)
Савол: Истиҳора қилганимиздан кейин тушимизда кўрган нарсага амал қилишимиз керакми?
Жавоб: Истиҳора бир ишнинг биз учун хайрли ёки хайрли эмаслигини билиш учун қилинади. Шу сабабдан истиҳора шартларига мос қилинган бўлса, амал қилиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Истиҳора қилиш ва тақдирига рози бўлиш кишининг бахтли бўлишига, акси эса бахтсиз бўлишига аломатдир.” (Термизий)
“Истиҳора қилган одам маҳрум қолмайди, маслаҳатлашган эса, пушаймон бўлмайди. Тежамкор одам йўқчилик кўрмайди.” (Табароний)
Савол: Истиҳора қилганда эр-хотин алоҳида-алоҳида ётиши керакми?
Жавоб: Йўқ, керак эмас.