Савол: Таҳажжуд намози ўқиш учун бир ухлаб туриш шартми? Қазоси бор одам таҳажжуд ўқиса бўладими? Бу намознинг аҳамияти нималар?
Жавоб: Таҳажжуд - кечанинг учдан иккиси ўтгандан кейин имсок вақтигача ўқиладиган нофила намоздир. Таҳажжуд уйқуни тарк этиш деганидир. Таҳажжуд ўқиш учун бир ухлаб туриш шартлигини билдирганлар ҳам бўлган. (Ширъа шарҳи)
"Нофила намозларни айниқса кечаси ўқиш фазилатлироқ. Чунки кечаси уйғониш қийин. Ҳадиси шарифда“Энг қийматли ибодат заҳматли бўлганидир” деб марҳамат қилинган." ("Мароқил фалоҳ", Ибни Асир, "Ниҳоя")
"Таҳажжуд намози, кундуз ўқилган минг ракатдан ҳам фазилатлидир. Бир соат илм ўрганиш (масалан илмиҳол ўқиш) кечани ибодат билан ўтказишдан ҳам савоблироқдир." (Дурр-ул мухтор)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Кечанинг охири - саҳарда ўқилган икки ракат намоз дунёдан ва дунёдагилардан ҳам қийматлироқдир. Агар қийин бўлмаслигини билганимда кеча намозини умматимга фарз қилардим.”(Муслим)
“Фарзлардан кейин энг фазилатли намоз, кеча намозидир.” (Муслим)
“Кундуз қайлула қилиб таҳажжуд ўқишга, саҳар уйғониб рўза тутишга ёрдам қилинглар!” (Ибни Можа)
“Жаннатда шундай ҳашаматли кўшклар борки, улар ширинсўз, саломлашишни ёювчи, овқат едирувчи, кўп рўза тутган ва кеча намозини ўқиганларга берилади.” (Ибни Наср)
“Намозларини жамоат билан ўқиган киши, кеча намозини ўқигандек савоб олади.” (Термизий)
“Хуфтон ёки бомдод намозини жамоат билан ўқиган киши кеча намозини ўқигандек савобга эришади.” (Хатиб)
“Кеча намозини ўқишда давом этинг. Бу сиздан аввалги солиҳларнинг одатидир. Кеча намози Аллоҳга яқинлаштирувчи, гуноҳлардан узоқлаштирувчи ва уларга каффоратдир. Баданга эса сиҳҳатдир.”(Ҳаким)
“Жаброил алайҳиссалом кеча намозини шунчалик кўп тавсия қилдики, кам ухловчилар умматимнинг энг хайрлилари эканлигини шундан тушундим.” (Дайламий)
“Рамазонда ишониб ва савоб умид қилиб, кеча намозини ўқиган одамнинг гуноҳлари авф этилади.”(Бухорий) (Таровиҳ ўқиган одам ҳам кеча намозини ўқиган бўлиб ҳисобланади.)
“Таҳажжуд ўқиш одати бору лекин ухлаб қолган кишига Аллоҳу таоло намоз ўқигандек савоб беради, уйқуси ўзи учун садақа бўлади.” (Насоий)
“Мўминнинг шарафи кеча намози ўқишидадир.” (Хатиб)
“Таҳажжуд гуноҳларни авф эттиради ва хасталикларга шифо беради.” (Термизий)
“Кеча намози ўқиганларнинг юзи чиройли бўлади.” (Риёд-ун Носиҳий)
“Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқа - рўза тутади, кечалари узун - ибодат қилади.”(Байҳақий)
“Саҳар вақтида ва намозлардан кейин қилинган дуолар қабул бўлади.” (Термизий)
Аллоҳу таоло яхшиларни мадҳ этганида “Улар саҳар вақтида истиғфор қиладилар” деб мақтаган. (Зориёт, 18)
Ҳазрати Яқуб ўғилларига “Сизлар учун саҳар вақти Раббимга истиғфор қиламан” деди. (Юсуф, 98)
Аллоҳу таоло Мусо алайҳиссаломга “Мен учун ибодат қил!” деб буюрганида, ҳазрати Мусо “Ё Рабби, сенга қайси вақт ибодат қилайинки, мақбул бўлсин?” деб сўради. Жаноби Ҳақ “Кечаси намоз ўқи!” деб буюрди. (Эй ўғил илмиҳоли)
Таҳажжуд намози шунча фазилатли бўлишига қарамай нофила намоздир. Умрида ҳеч таҳажжуд намози ўқимаган кишига охиратда ҳеч қандай жазо берилмайди. Чунки у нофила. Лекин фарз қазосини адо этмаган одам улкан жазоларга дучор бўлади. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Фарз ёнида нофила ва суннат амалнинг ҳеч ҳам қиймати йўқ. Қадри денгиз олдида томчидек ҳам эмас.” (1/29)
Ҳанафий олимларидан Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари айтдики:
“Футуҳул-ғайб” китобидаги “Фарз намоздан қарзи бор одамнинг нофила намозларини Аллоҳу таоло қабул қилмайди” ҳадиси шарифи кўрсатиб турибдики, фарз қазоси бор кишининг суннатлари ҳам қабул бўлмайди. Чунки суннатлар ҳам нофиладир.
Кечаси қазо ўқиган киши қазосини ўташ билан бирга таҳажжуд савобига ҳам эришади. (Наводир-и фиқҳия)
Қазоси бор киши кечаси қазо намоз ўқиса таҳажжуд ҳам ўқиган бўлади. Агар таҳажжудга ҳам ният қилса, ният савобини ҳам олади. Қазоси бўлмаган одамнинг қазо намози ўқишининг ҳеч қандай зарари йўқ.
Савол: “Саодати абадия” китобида таҳажжуд ва чошгоҳ намозларининг энг кўпи 12 ракат, аввобин намози эса 6 ракат эканлиги ёзилган. Бошқа намозларда ҳам мана шундай чегаралар борми?
Жавоб: Ракат сони аниқ айтилганлар суннат намозлардир. Пағамбаримиз қанча ракат деган бўлсалар, шунчаси суннатдир. Суннатларга ҳам нофила дейилади. "Ҳар бир суннат нофиладир. Лекин ҳамма нофила ҳам суннат эмас. Нофилалар равотиб ва рағойиб деб иккига ажралади. Равотиб - фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган муаккад ва ғайри муаккад суннатлардир. Рағойиб эса, чошгоҳ, таҳажжуд ва аввобин каби бошқа суннатлардир." (Неъмат-и ислом)
Таровиҳ намози ҳам суннат бўлиб, суннат бўлган миқдори 20 ракатдир. Ундан кўп ўқилса, нофила бўлади. Чошгоҳ, аввобин ва таҳажжуд намозларининг ҳам суннат бўлган миқдори – китобларда қайд этилган миқдордир. Бир киши чошгоҳ вақтида 40 ракат намоз ўқиса, бунинг 12 ракати суннат қолгани нофила бўлади. Шом намозидан кейин 20 ракат намоз ўқиса, бунинг 6 ракати суннат, қолгани нофила бўлади. Бир киши кечаси минг ракат намоз ўқиса, бунинг 12 ракати суннат бўлган таҳажжуд намози, қолгани нофила бўлади.
Савол: Қайси нофила намоз бошқаларидан устун?
Жавоб: Таҳажжуд намози бошқа нофилалардан устундир. Бир ҳадиси шариф маоли қуйидагича:
“Фарзлардан кейин энг фазилатли намоз кечаси ўқилган таҳажжуд намозидир.” (Муслим)
Қазога ҳам ният қилинса, ҳам қазо қарзидан қутулади, ҳам таҳажжуд савобига эришади.
Савол: Саҳар вақтида уйғониб, қазо намози ўқиган ёки витр намозини ўқиган одам таҳажжуд намозини ҳам ўқиган бўлиб ҳисобланадими?
Жавоб: Ҳа, ўқиган бўлиб ҳисобланади. Кечаси қайси намоз ўқилса ҳам, таҳажжуд намози бирга ўқилган ҳисобланади. Ҳадиси шарифда “Хуфтон намозидан кейин (саҳар вақтида) ўқилган намоз кеча намозидир”деб марҳамат қилинган. (Ибни Обидин)
Демакки, кечаси қазо намози ўқиган киши таҳажжуд намозини ҳам ўқиган бўлади. Лекин ният савобига ҳам эришиш учун ҳам қазо намозига, ҳам-да таҳажжуд намозига ният қилиш керак. Янги таҳорат олган бўлса, субҳа намозини ҳам ўқиган бўлади. Ният савобига эришиш учун субҳа намозига ҳам ният қилинади.