Уйдирма ҳадисни қаеридан билиш мумкин?

Аъмаш: “Эй фиқҳ олимлари! Сизлар табиб, биз ҳадис олимлари эса, дори тайёрловчиларга ўхшаймиз” дерди...

Ҳозир бирон ҳадиси шариф эшитганда дарров “Саҳиҳми ўзи?” деб лаб чўчайтадиганлар тобора тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Шундай пайтда улардан "қани бир кутуби ситтани санаб беринг-чи" деб сўрайман. Аксарияти “У нима?” дегандай кўзларини лўқ қилади. Ҳадис китоблари номини айтишга ожиз бечораларнинг, уялмай ҳадиси шарифнинг сиҳҳатини суриштиришига куласанми, куясанми, билмайсан киши.

Заҳматли иш 

Суннати набавийни англатувчи ҳадиси шарифлар санад (ҳужжат) ва матн деган икки қисмдан иборат бўлади. Санад (ҳужжат) - суннатни ривоят қилувчилар исмини иҳтиво қилади. Ҳукмни ташкил этувчи матнда эса, пайғамбаримизнинг қавл ёхуд феъллари баён қилинади. Ҳужжат (санад)да ҳижрий III- асргача бўлган ровийлар (ривоят қилувчи) исми зикр қилинади. Чунки ўша даврдан бошлаб ҳадислар зотан китобларга ёзиб борилган.

Мусулмонлар ҳадисларни кейинги авлодларга нақл қила олиш учун жуда кўп заҳматлар чекди; саёҳатларга чиқди; эшитганларини ёзди; ёд олди. Қуръони каримнинг ҳақлигига, сиҳҳатига ишонган одам ҳадиси шарифлардан ҳам шубҳа қила олмайди. Чунки иккаловини ҳам саҳобалар билан уларнинг шогирдлари бўлмиш олимлар нақл қилганлар.

Ҳадис олимларига муҳаддис дейилади. 300 мингдан ортиқ ҳадисни ёддан билган олимни ҳадис имоми деб аташ одатга айланган. Матни бир хил бўлса ҳам ҳужжати-санади турлича бўлган ҳадислар бўлак бир ҳадис саналади. Шу боис Расулуллоҳга нисбат қилинган ҳадисларнинг кўп бўлишига таажжубланмаслик керак. Китобларга ёзиб олинганларидан бошқа ҳадиси шариф қолмаган деб ҳам ўйламаслик лозим. Ким билади, яна қанчалари бизгача етиб келмади.

Қуллик нимада? 

Муҳаддис бўла олиш учун ҳадисларни эшитган ҳолича ёд олиш лозим бўлиб, унинг маъно, мақсад ва таъвилларини билмоқ ҳамда фиқҳий ҳукмларнинг далилларини тушунмоқ шарт эмас. Шу сабабли бир ҳадиснинг сиҳҳатида, яъни саҳиҳлигида муҳаддис билан фақиҳ ихтилоф қилса, шаксиз фақиҳнинг сўзи қабул қилинади.

Машҳур муҳаддис Аъмаш, имоми Аъзам Абу Ҳанифадан бир фиқҳ масаласи ҳақида сўрайди. Имоми Аъзам кенгроқ жавоб берганида Аъмаш далилини сўрайди. Имоми Аъзам бир ҳадиси шариф ўқиб, ҳукмнинг ушбу ҳадисга асосланишини ва ҳатто бу ҳадисни Аъмашнинг ўзидан эшитганини ҳам айтиб ўтади. Бунга ҳайрон қолган Аъмаш: “Эй фиқҳ олимлари! Сизлар худди мутаҳассис табиб, биз ҳадис олимлари эса, дори тайёрловчиларга ўхшаймиз. Ҳадислар ва ровийларини биз етказамиз. Лекин уларнинг маъноларини фақат сизлар тушунасиз” дейди.

Тафсир ила ҳадис - асрлар аввал такаммул жараёнини тугатган, ақл унчалик катта рол ўйнай олмайдиган энг юксак ва қийматли илмлардандир. Калом, фиқҳ ва тасаввуф илмлари эса, ундай эмас. Ҳозирги даврда мусулмонларгаэнг фойдали илмлар мана шулар бўлиб, тафсир билан ҳадис эса, фиқҳга ёрдами теккан жойлардагина керакли.

Лекин фиқҳ, жуда катта куч, матонат ва меҳнатни талаб қилади. Катталарнинг таъбири билан айтганда “баҳр-и би ло-соҳил” (қирғоғи йўқ денгиз) мисолидир. Шу боис манаман деган кўзларни ҳам қўрқитиб, аксариятнинг таҳсили ва нақли анча осонроқ бўлган тафсир билан ҳадис соҳасини танлашига сабаб бўлмоқда. Масжид-мадрасада курси эгаллаган гапдонлар ҳам “оят-ҳадис”дан лоф уриб, фиқҳни четлаб ўтишга уринмоқда ёхуд ёлғон-яшиқ нарсаларни ўзларича "ваъз" қилмоқда. Ҳолбуки Қуръони каримда “Аллоҳ жин ва инсонларни унга қуллик қилишлари учун яратди” деб буюрилган. Қуллик эса, фақатгина амр ва тақиқларни билиш орқали, яъни фиқҳ орқалигина мумкин. 

Саҳиҳ ҳадис

Ўзи одил, ҳадис илмини биладиган, эшитганларини нуқсонсиз ёд олган одил ровийлардан узилмаган санад орқали етган ҳадисларга “саҳиҳ ҳадис” дейилади. Ҳар бир олимнинг бунга қўшимча мезонлари бўлиши мумкин. Масалан, имоми Бухорий наздида, ҳар ровийнинг ушбу ҳадисни ўз устозидан эшитганлиги мутлақо маълум бўлмоғи лозим.

Ровийлари тўғри ва ишончли бўлиб, лекин хотираси, тушуниш қобилияти бошқалардек қувватли бўлмаганлар орқали етган ҳадисларга “ҳасан ҳадислар” дейилади. Ровийларидан биронтасининг хотираси, адолати суст бўлса ёки эътиқодидан шубҳа қилинган ҳадисларга “заиф ҳадис” дейилади. Заиф ҳадисга асосланиб фарз ва ҳаромни аниқлаб, собитлашга бўлмайди, лекин нофила ибодатларга асос ва далил бўла олади.

Олимлар ҳадис ровийларининг шахсий ва илмий хусусиятлари ҳақида жилд-жилд китоб ёзганлар. Баъзи "зиёли"лар ҳадис илмидан шунчалик бехабарки, “бу ривоятнинг асли йўқ” дейилган ҳадисларни “мавзу” деб ўйлайди. Ҳолбуки "бу ривоятнинг асли йўқ" дегани дастлабки ровийнинг исми номаълум мурсал ҳадисларни билдиради. 

Уйдирма ҳадис

Ҳадисларнинг сиҳҳатини аниқлашда бирон олим қўйган мезон ва шартларга жавоб бера олмаган, ёхуд бирон ҳадисни ривоят қилишда қасдан ёлғон гапиргани маълум бўлган кимса томонидан етказилган ҳадисларнинг барчасига“мавзу (уйдирма) ҳадис” дейилади. Ҳадис уйдириш, яъни тўқиб чиқариш агар яхши ният билан қилинса ҳаром, мусулмонларни алдаш учун бўлса, куфрдир. Расулуллоҳ “Ўзи уйдирган гапини ҳадис деб тақдим қилган одам жаҳаннамдаги жойига тайёрлансин”- деганлар.

Ислом тарихида айниқса бидъат фирқаларига мансуб кимсалар ўз бузуқ йўлларини дастаклаш, зиндиқлар эса, одамларни диндан айириш учун ҳадис тўқиб чиқаришган. Уларга эргашган баъзи ғофиллар халқни ибодатга ташвиқот учун ҳадис уйдирдилар. Ирқ ва ҳудуд таассуби, қиссахонликка қизиқиш ҳам бунга туртки бўлди. Расулуллоҳ ҳаётликларида ҳадис тўқиш билан мунофиқлар шуғулланарди. Тўрт халифа даврининг охирги йилларида шиа ва хорижийлар уни авж олдирди. “Муовияни минбаримда кўрган заҳот ўлдиринглар” сўзи ўша давр маҳсулотларидандир.

"Усул-и ҳадис" илмида бир мужтаҳид бирон ҳадиснинг мавзу эканлигини исбот қилгач, бошқа олимлар ҳам унга "мавзу" дейиши шарт эмас. Чунки "мавзу" деган мужтаҳид бирон ҳадиснинг сиҳҳатини аниқлашда лозим топган шартларга жавоб бера олмаган ҳадис ҳақида “Менинг мазҳабимнинг усул қоидалари бўйича мавзу” дейди. Қаътиян "Бу сарвари оламнинг сўзлари эмас", демоқчи эмас! Аксинча, "ушбу сўзнинг ҳадис эканлиги менимча қоронғу" деган. Бирон гапнинг муайян бир олим наздида "ҳадис" мартабасини қозона олмагани унинг ҳақиқатда ҳам ҳадис эмаслигини кўрсатмайди! Бошқа ҳадис мужтаҳиди худди шу гапда ўзи излаган ҳадис шартларини топгудек бўлса, уни баралла "ҳадис" деб аташи мумкин.

Чунки, бирон ҳадиснинг саҳиҳ эканлиги фақатгина занни ғолиб (қувватли гумон) орқали маълум бўлади, уни қатъий равишда билиш мумкин эмас. Масалан, Ибнул-Жавзий "мавзу" деб атаган ҳадислардан кўпининг ундай эмаслигини Заҳабий исботлаган.   

Ғазолийда уйдирма ҳадис борми?

Имоми Ғазолий ва Байзовий ҳазратларидек олимларга мансуб китобларда мавзу ҳадис борлигини даво қилиш катта густоҳликдир. Бу дини Исломда катта жароҳат очиш демакдир. 

Ажабо, ушбу улуғ олимлар мавзу ҳадисларни саҳиҳларидан ажрата олмаган эдими? Ёки ҳадис тўқиб чиқарадиган даражада дин ғайрати-ю Аллоҳ қўрқувидан бенасиб кимсалар эдими? Нари борса, китобларида заиф ҳадислар учраб қолиши мумкинки, у ҳам нофила ибодатлар учун далилдир.

Шиалар Аҳли байт орқали келганига ишонмаган ҳадиси шарифларни қабул қилишмайди. Шунга қарамай 12 имомдан хоҳлаган бирининг сўзи ёки ишини Пайғамбаримизга иснод қилишни жоиз кўришади. Аҳли суннатга кўра, саҳобаларнинг барчаси одилдир. Гуноҳ қилсалар ҳам адолат сифатини йўқотмайдилар. Саҳоба эканлиги аниқ бўлган зотнинг ривоятлари шахси суриштирилмай (жарҳ ва таъдилсиз) қабул қилинади.

Бирон ҳадиснинг мавзу эканлигини қатъий равишда билиш учун ё хабар берувчилардан бири буни уйдирганини тан олиши, "фалончидан эшитдим" деган одами у туғилмасдан вафот этган бўлиши ёхуд ҳадис деб тақдим қилинган сўзнинг исломиятга, ақлга, ҳисобу тажрибага мос келмаслиги ва таъвил қабул қилмаслиги лозим.

Ҳадис деб даво қилинган бундай уйдирма сўзлар илк даврларда кўпроқ бўлишига қарамай, жиддий назорат усули(жарҳ ва таъдил) билан қуролланган ҳадис олимлари ҳижрий III- асрдан бошлаб "курмагини тозалаб" чиққанлиги туфайли ҳозир мўътабар китобларда мавзу ҳадис борлигини айтиш аҳмоқликдир.