Савол: Фарзандни қандай тарбия қилиш керак?
Жавоб: Фарзанд ота-онанинг қўлидаги омонатдир. Болаларнинг соф қалблари худди жавоҳирдек бебаҳо бўлиб, уни шамдай хоҳлаган шаклга солиш мумкин. Ёшлигида ҳали ҳеч қандай шаклга кирмаган бўлади. Ҳеч нарса экилмаган бокир тупроқ каби бўлиб, нима экилса, шунинг ҳосилини олинади. Шу боис “Дарахт ёшлигида эгилади” дейилган. Шунингдек, бола қайси томонга йўналтирилса, шу томонга кетади. Агар яхши томонга майл қилдирилиб, ўргатилса, яхшилик қилувчи инсон бўлиб вояга етади. Болага иймон-ислом, Аллоҳнинг амрлари ўргатилиб, уларга амал қилишга одатлантирилса, дин ва дунё саодатига эришади. Бу саодатдан ота-онаси ва устозлари ҳам баҳраманд бўлади. Агар булар ўргатилмаса, фарзанд бадбахт бўлиб, ундан содир бўладиган ҳар бир ёмонлик гуноҳи ота-онаси ва устозига ҳам ёзилади.
Ҳар мусулмон ўз қўли остидагилардан масъулдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Барчангиз бир сурувнинг чўпони кабисизлар. Чўпон ўз сурувини йиртиқчлардан ҳимоя қилганидек сиз ҳам уйингиз ва қўл остингизда бўлганларни жаҳаннам оташидан ҳимоя қилишингиз керак. Уларга мусулмонликни ўргатмасангиз, жавобгар бўласиз.” (Муслим)
“Фарзандларига Қуръони карим ўргатганларга ёки Қуръони карим устозига юборганларга Қуръоннинг ҳар бир ўргатилган ҳарфи учун ўн марта Каъба-и муаззамани зиёрат қилганни савоби берилади ва Қиёматда бошига давлат тожи кийдирилади. Барча одамзот уни кўриб, ҳавас қилади.” (Саодати абадия)
“Кўп мусулмон болалари ўз оталари дастидан Вайл номли дўзахга кетади. Чунки уларнинг оталари фақат пул топиш ва кайфу сафога берилиб, дунё ишлари орқасидан қувиб, фарзандларига мусулмонликни ва Қуръони каримни ўргатишмади. Мен ундай оталардан узоқман. Улар ҳам мендан йироқ. Фарзандига динини ўргатмаганлар жаҳаннамга тушади.” (Саодати абадия)
Ўзига ҳаром бўлган қилиқни фарзандига қилдирган одам ҳаром иш қилган бўлади. Фарзандига ичкилик ичказган, қимор ўргатган, одоб-ахлоққа зид китоблар ўқишига сабаб бўлган, ёлғончилик, ўғрилик каби ёмон одатларни ўргатган, қиблага оёқ чўзишига сабаб бўлган ота-оналар гуноҳкор бўлади. Динимизнинг асоси иймонни, фарзлар ва ҳаромларни ўрганиш ҳамда ўргатишдир. Аллоҳу таоло барча пайғамбарларни айнан шу вазифа билан юборган. Ёшларга булар ўргатилмаса, исломият емирилиб, йўқ бўлади. Аллоҳу таоло мусулмонларга амри маъруф қилишни буюрган. Яъни "менинг амрларимни халққа билдиринг, ўргатинг!"- деб буюрган. Наҳйи мункарни ҳам буюриб, тақиқлаган ҳаром ишларнинг олдини олишимиз, уларга йўл бермаслигимиз ва рози бўлмаслигимизни талаб қилган.
Қуръони каримда маолан буюрилганки: “Ўзингизни ва оила аъзоларингизни жаҳаннам оташидан муҳофаза қилинг!” (Таҳрим, 6)
Қуръони каримда нафсларимиз ва оила аъзоларимизни, ўтини одам ва тошдан иборат жаҳаннам оташидан муҳофаза қилишимиз амр қилинган. 50-100 йиллик қисқагина ҳаётларида болаларимизни дунё фалокатларидан ҳимоя қилишга уринганимиздек абадий фалокатга дучор бўлмасликлари учун охиратларини ҳам муҳофаза қилишимиз керак. Ҳар бир отанинг ўз боласини дўзах оловидан сақлаб қолиши дунё оловидан сақлаб қолишидан муҳимроқ дир. Дўзах ўтидан сақлаб қолиш - фарзандга иймонни, фарзларни, ҳаромларни ўргатиш ва ибодатга одатлантириш ҳамда ёмон дўстлардан ва зарарли китоблардан муҳофаза қилиш орқали амалга ошади.
Бутун фалокатларнинг боши ёмон дўст сабаблидир. Ёмон дўстлар боланинг одобсиз, ёлғончи, ўғри ва беҳурмат бўлишига олиб келади. Кейин йиллар давомида инсон шу ёмон хулқ-атвордан қутула олмайди.
Болада яхши ҳаракат кузатилганда уни мукофотлаш, тақдирлаш керак. Баъзан одамлар олдида уни мақтаб қўйиш керак. “Амакиси, эшитдингизми, менинг ўғлим шундай қилди” деб яхшиликка ташвиқ қилиш керак. Бирон ёмон иш қилса ёки ёмон гап гапирса, бир-икки сафар кўрмаганга олиш, дарров “ундай қилма!” деб, танбеҳ бермаслик лозим. Тез-тез дакки эшитаверган боланинг бунга танаси ўрганиб, жасорати ошиб, сурбетга айланади. Аввал яшириб қиладиган ишларини энди очиқча қила бошлайди. Қилган ёмон ишларининг зарари унга ширин сўзлик билан тушунтирилиши, огоҳлантирилиши керак. Қилган иши динга зид бўлса, бунинг зарари, ёмонлиги ва натижаси тушунтирилиб, бунга моне бўлиш лозим.
Ота ўзининг ота эканлигини, уйнинг каттаси эканлигини фарзандларига ҳис эттира олиши керак. Она болаларини отаси билан қўрқитиши керак!
Бола сиқилмаслиги учун ҳар куни бироз вақт ўйин ўйнашига рухсат бериш даркор. Доимий зерикиш, сиқилиш ва хафа бўлишдан ёмон феъл-атвор ҳосил бўлади ва бола қалбини кўр қилиб қўяди. Болани ўзгалардан пул сўрашига рухсат берманг! Кўп гапирмасликни, катталарга ҳурматни ўргатинг. Яхши одамларнинг чиройли ҳоллари ҳақида гапириб бериб, болани улардек бўлишга; ёмон кимсаларнинг ёмонликларини тушунтириб, уларга ўхшаб қолмасликка диққат қилиши кераклигини ўргатиш керак.
Болага ҳар кўнгли тусаганини олиб бериб, дабдабали ҳаёт кечришини таъминлаш ота-оналарнинг энг катта хатоларидан ҳисобланади. "Мен кўрмадим, болаларим кўрсин" деган баҳона ортига яширинманг. Чунки бу важ ҳамма вақт ҳам сизни ҳақли қилмайди. Ундай болалар вояга етганида ҳамиша кўнгли тусаган нарсасига эга бўлишга уринади. Лекин ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати унақа эмаслигини фаҳмламайдиган нодон бўлгани учун, орзуси ушалмай қолганида, исёнкор бўлади. "Нимага менда йўқ? Менинг нимам кам? Менга нима қилиб бердингиз ўзи? "- деб, ҳаётидан нолийдиган очкўз ношукрлар мана шундай нотўғри ўстирилган болалардан чиқишини унутманг.
Ўзимиз ҳалолдан еб-ичишга қаттиқ диққат қилиш билан бирга болаларимизга ҳам ҳалолдан егизиб-ичиришимиз керак. Ҳаром билан озиқланган фарзанднинг бадани нажосат билан қорилган хамирдек бўлади. Бундай бола нопокликка, ёмонликка, ҳиёнатга мойил бўлади.
Болага исроф қилмасликни, қаноаткор бўлишини ўргатиш лозим. Гоҳида фақат қуруқ нон едириб ҳам туриш керак. Ёмон, номуносиб жойларга боришига моне бўлиш лозим. Бола ёмонлар орасида бадхулқ, одобсиз, ёлғончи ва шарм-ҳаёсиз кимсага айланади.
Ота оилада доимо қовоғини уйиб, ўзича "жиддий" ҳам бўлмаслиги, ҳаддан зиёд "болажон" ҳам бўлиб кетмаслиги керак. Виқорини, салобатини, гапининг ҳайбатини муҳофаза қилиши керак. Фарзандга отанинг мол-мулки, мақом-мартабаси билан мақтанмаслиги яхшилаб уқдирилиши лозим. Унга тавозе соҳиби камтарин бўлишни, кибру ҳаводан йироқ бўлишни ўргатиш керак. Бошқалардан бирон нарса олишнинг хорлик, пасткашлик эканлигини, берадиган қўлнинг оладиган қўлдан доимо устун эканлигини англатиш керак. Хасислик, бахиллик, ичиқоралик каби тубан хулқларнинг ёмонлигини ўргатиш лозим.
Ўзгалар ёнида одоб сақлаш, оёқларини чалиштирмаслик, бетакаллуф қилиқлардан тийилиш кераклиги албатта уқдирилиши керак.
Маҳмадоналикдан болани қайтариш лозим. Кўп гапиришнинг уятсиз безбетликка злтишини, "чакаги тинмас" деган номнинг инсон учун энг ёмон сифатлардан эканлигини тушунтириш керак. Бола ҳар ҳолда гапиришни ўрганади. Мақсад унга ўз вақтида сукут сақлаш ва катталар сўзига қулоқ солишни ўргатишдир.
Тўғри бўлса ҳам, ҳа деб қасам ичишига рухсат бермаслик керак. Ҳар гапда қасам ичавериш ёмон одат. Катталарга ҳурмат, уларга ўрин бериш ва ҳамма билан яхши муомалада бўлишнинг аҳамиятини тушунтириш лозим.
Фарзандини кичиклигидан намозга ўргатиш керак. Чунки "катта бўлганида ўрганиб олади" деган болаларнинг аксарияти бенамоз, ҳатто беиймон динсиз бўлиши кузатилган. Бировнинг молига кўз олайтиришни, ҳаром-ҳариш ейишни, ёлғон гапиришни унга жирканч қилиб кўрсатиб, тушунтириш керак.
Ҳар бир ишни шунчаки одат бўлгани учун эмас, ният билан, идрок қилиб бажаришнинг муҳимлигини ҳам ўргатиш лозим. Масалан, овқатланишдан мақсад қорнни қаппайтиб, ҳузур қилиш эмас, балки банданинг Раббига ибодат қилиши, одамларга, ватанига, халқига фойдали хизматларда бўлиши, одамларнинг саодати учун ишлашга қувват йиғиш эканлигини уқдириш керак. Дунёдан мақсад охират учун озиқ тўплаш эканлигини, дунёнинг ҳеч кимга қолмаслигини, ажалнинг кутилмаганда ва тез келиши мумкинлигини тушунтириш лозим. Кичиклигидан бола шундай тарбияланса, худди тошга ўйилган нақшдек бўлиб, осонликча унутилмайди.
Муҳтарам пайғамбаримиз марҳамат қилиб айтганларки:
“Бутун болалар мусулмонликка уйғун равишда дунёга келади. Кейинчалик уларни ота-оналари христиан, яҳудий ва динсиз қилади.” (Табароний)
Ҳадиси шарифда мусулмонликнинг бир жамиятда ўрнатилиши ёки йўқотилишида энг муҳим омил инсонга болаликда, ёшликдан берилган тарбияда эканлиги билдирган. Шундай экан, ҳар бир мусулмоннинг биринчи вазифаси фарзандига исломиятни ва Қуръони каримни ўргатишдир. Агар ота-оналар фарзанд неъматининг қадрини билмаса, у қўлдан кетади. Шунинг учун ҳаётда ва динимизда “Педагогика”, яъни бола тарбияси жуда муҳим ўрин эгаллайди.
Ислом динига қарши бўлганлар, шу муҳим нуқтани билганлари учун “Биринчи мақсадимиз ёшларни қўлга олиш. Ёшларни оила тарбиясидан маҳрум қилиб, динсиз, Худосиз қилиб тарбиялашимиз керак” дейишади. Улар исломиятни йўқотиш, Аллоҳ амрларининг ўргатилиши ва бажарилишига тўсқинлик қилиш учун “Ёшларнинг калласини чалғитмаслик керак. Диний илмларини катта бўлгач ўзлари ўрганиб олишади” дейишади.
Бугун барча христиан ўлкаларда битта бола дунёга келиши билан гўдаклигидан унга ўз динларининг барча расм-русумларини татбиқ қилишади. Турли ёшдаги одамлар онгига христианликни тинмай сингдириш учун бола боғчадан қабргача ҳар хил мактаб, муассаса ва кинофильмлар ёрдамида тарғибот қилинади. Мусулмонларнинг иймон ва динларини ўғирлаб, динсиз ёхуд христиан қилиш учун ислом ўлкаларига минглаб китоб, рисола ва дисклар юборишади.
Шундай экан, мусулмонлар диний саводсиз кимсаларнинг ҳийлаларига, ёлғонларига алданмасдан ўз фарзандларига эга бўлишлари керак. Болаларига эгалик қилиш, уларни ўз миллий ва диний қадриятларига мослаб вояга етказиш орқали амалга ошади. Ахлоқ, мижоз ўзгарувчан бўлгани боис пайғамбаримиз “Ахлоқингизни гўзаллаштиринг” деб марҳамат қилганлар. Чунки дин - чиройли ахлоқ деганидир. Диннинг амрига бўйсуниб, тақиқларидан тийилган одам ўз хулқини ўзгартириб, чиройли ахлоқ эгасига айланади. Ахлоқи чиройли одамлар эса, икки дунёда ҳам роҳат бўлади.
Ҳатто энг ваҳший ҳайвон ҳам тарбия орқали қўлга ўргатилади. Ҳеч қачон олма уруғидан ўрик униб чиқмайди. Лекин олма кўчатига язши қараб, керакли парвариш ишлари олиб борилса, ундан сифатли, лаззатли олма берувчи мевали дарахт етиштириш мумкин. Шунингдек инсон табиатидаги баъзи орзуларни йўқотиб бўлмайди, лекин тарбиялаб бўлади.
Савол: Фарзанд тарбиясида қандай йўл тутган яхшироқ? Нималарга диққат қаратиш лозим?
Жавоб: Тарбияда "буни қил, уни қилма" дейиш ўрнига ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Чунки одамнинг ҳол-ҳаракати доимо гап-сўзидан таъсирлироқдир.
Мисол: Бир замонлар бир тижорат карвони Мадина шаҳри ташқарисига келиб дам олгани тўхтади. Карвондагилар чарчоқдан ухлаб қолишди. Ўша давр халифаси ҳазрати Умар уларни кўриб, Абдурраҳмон бин Авфга “Қош қорайганда шу яқинларга бир карвон келди. Барчаси кофир. Лекин юртимиздан паноҳ топиб дам олгани тўхташди. Мол-мулклари жуда қимматбаҳо. Бегоналар, ўткинчилар уларга зарар етказиши мумкин. Кел, уларни бирга қўриқлаймиз” деди. Эрталабгача қўриқлаб, тонг отгач бомдод намозини ўқиш учун масжидга кетдилар. Карвондаги бир йигит ухламаган эди. Уларнинг изидан бориб, суриштириб, бирининг халифа эканлигини билгач, келиб карвондагиларга айтди. Халифанинг бундай ғамхўрлигидан исломиятнинг ҳақ дин эканлигини англаб, барчаси мусулмон бўлди.
Ота ўзи чекса ё қимор ўйнаса, фарзандига буларни қилма дейиши таъсирли бўлмайди. Бола “Агар булар ёмон бўлганда отам қилмасди” деб ўйлайди. Оилада ота-она яхши ишлар, фидокорлик қилса, фарзанд учун булар катта сабоқ ва ўрнак бўлади. Болага яшилик қилишнинг фойдаларини ётиғи билан тушунтириш лозим. Шунда бола фақат ўзини ўйлайдиган худбинлардан бўлмайди. Худбин бўлиб ўсганлар жамиятга мослаша олмайди. Ҳатто урф-одат ва қонун тан олмайдиган аблахга айланади.
Тарбияда асосий омиллар:
Заковат: Бола илк бор кўрган нарсасига қизиқиб, тадқиқ қилиш, ушлаб-ковлаб кўриш ва сўраб ўрганишга ҳавасли бўлади. Шунинг учун болаларга доим яхши ва фойдали нарсалар кўрсатилиши ҳамда саволларига тўғри жавоб берилиши керак. Бундай боланинг фикрлаш қобилияти ривожланади. [3-6 ёш орасида бунга диққат қилиш керак. Бу болада мия ва заковат ривожи жиҳатидан жуда муҳим давр ҳисобланади.]
Руҳ (кўнгил): Таъсирчан ва берилувчан болаларга аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатларни кўришни ва унга бардош бера олишни ўргатиш керак. Кўнгли қаттиқ болаларга кўнгил бўшатувчи ҳиссиётга тўла мисоллар келтирилиб, нисбатан ҳассос ва таъсирчанроқ бўлишини таъминлаш керак.
Ирода (хоҳиш): Боланинг кучли иродага (хоҳишига баралла интилиш кучи) эга бўлишига аҳамият бериш керак. Заиф иродали болаларни бироз эркин қўйиб, ўзига бўлган ишончини орттириш лозим. Иродаси кучли болалар тарбиясида нисбатан маҳкамроқ туриш керак. Лекин барибир меҳр ва тушунишга ҳаракат қилишни канда қилмаслик даркор.
Дин: Аллоҳу таолонинг яхшилик қилувчи, меҳнаткаш ва тўғрисўзли инсонларни севишини, уларни жаннатга киритишини; ёмонларни севмаслигини ва уларни жаҳаннамда жазолашини ўргатиш лозим.
Меҳр (севги): Тарбияда меҳр жуда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга жиддиятдан ҳам батамом маҳрум қолмаслик керак. Ота-она ораисдаги уруш-жанжал, айниқса ажрашишлар бола руҳида ўрнини тўлдириб бўлмас теран ва салбий асорталар қолдиради.
Жазо ва мукофот: Тарбияда "Уни қилсанг, буни бермаймиз, кўчага чиқармаймиз" каби баъзи жазолар ўринли бўлса ҳам, қатъиян болани калтакламаслик лозим. Жазо боланинг юрагига ботадиган даражада оғир бўлмаслиги, айниқса ўзгалар олдида берилмаслиги керак. Боланинг ютуғи ва ёшига яраша ўйинчоқ ёки велосипед олиб беришдек мукофотлар билан тақдирлаш керак. Яъни бола “Бу велосипедни Қуръони каримни хатм қилганим учун отам олиб берди” деб айта олиши керак.
Ўйинлар: Ёшига муносиб ҳар хил жисмоний ўйинлар, спорт, гимнастика каби енгил машғулотлар боланинг баданан ва ақлан ривожланишини таъминлайди.
Атроф-муҳит: Ҳадиси шарифда “Одамнинг дини дўстининг динидек бўлади” деб марҳамат қилинган. Боланинг атрофи ва дўстлари албатта яхши бўлиши лозим.
Энг фойдали сарф-харажат
Савол: Уйда болалар журнал олиб беринг деб ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Биз бир суриштириб кўрайлик, дедик. Чунки фарзандларимизга нотўғри нарсалар ўқитишни хоҳламаймиз. Улар бизнинг боу йўғимиз. Бизга қандай газета-журналлар тавсия қила оласиз?
Жавоб: Ғайратингиз учун сизни табриклаймиз. Чунки бугун одамларнинг асосий мавзуси иқтисодиёт бўлиб қолди. Ҳозир оилаларда кўпинча бозор, пул, уй-жой, нарх-наво каби мавзулар гапириладиган бўлиб қолган. Энг фойдали, энг корли иш қайси бўлса, одамлар ҳақли равишда бор-будини шунга сарфлашга уринишади. Бу оддий ҳол бўлиб, айбланадиган томони йўқ.
Лекин бир нарсани унутмаслик керакки, булардан ҳам муҳимроқ мавзу ва соҳаларга қилинадиган жуда корли сарф-харажатлар бор. У ҳам бўлса, фарзандга қилинадиган харажатдир. Жаҳоннинг энг қийин иши одам етиштириш бўлиб ҳисобланади. Бир одамнинг ҳақиқий инсон бўлиб вояга етишида бир нечта унсур катта роль ўйнайди. Буларнинг энг муҳимлари оила, атроф-муҳит, мактаб ва нашрлар.
Ер юзидаги барча давлатлар ўз халқи фарзандларининг, ёшларининг тарбияли, меҳнаткаш, одоб-ахлоқли, ижобий хулқлар эгаси, маданиятли, жамиятга фойдаси тегадиган, ватанпарвар, ўқимишли ва ўз миллий-диний қадриятларига ҳурматкор инсон бўлиб етишишини хоҳлайди. Бу учун катта маблағлар ва катта куч-ғайрат сарфлайди. Бунга муваффақ бўлган давлатларнинг бошқа ташвишу муаммолари осонлик билан ечилади. Чунки ҳамма нарсанинг ечими инсонда! Инсоннинг яхши етилиши учун ҳар қандай сарф-харажатдан ва қийинчиликдан қочмаганлар муваффақият ва маданиятнинг чўққисига чиқади. Тарихдаги йирик давлатлар, Темурийлар, Бобурийлар, айниқса Усмонийлар давлати ана шу хислатларга эга эди. Ҳозир эса, АҚШ ва Европа давлатлари Усмонийларни тақлид қилиш орқали, буни амалга оширмоқда.
Давлатимизнинг бола тарбиясида муҳим роль ўйнайдиган унсурлар борасида етарли даражада эмаслиги барчамизга аён. Фарзандларимиз ҳамон парта, дарслик, лаборатория, компьютер ҳатто синф етишмайдиган шароитларда ўқияпти. Демак мактаблар тарбия масаласида ортда қолган.
У ҳам етмагандек айниқса катта шаҳарларда атрофимиз хавф-хатарга, бошбодоқ, бадфеъл, текинхўр кимсаларга тўлиб ётибди.
Тасвирли ва ёзувли нашрларнинг катта қисми ур-йиқит, жиноят, олди-сотди ва жинсий мавзуларга бағишланган. Одамнинг одоб туйғуларини жароҳатловчи, оила ришталарига зарар етказувчи, турли ҳиёнат ва суюқоёқликни жозибали қилиб кўрсатувчи роман, кинофильм ва бир қатор нашрлар бор.
Боланинг мурғак қалбини шу касофатлардан сақлаб қолувчи нима қолди? Биттаю битта оила қолди холос.
Ҳар бир ота-онанинг ёлғиз дарди фарзандларини авайлаб, парваришлаб вояга етказишдир. Лекин бу борада фақат ота-онанинг ғайрати етарли бўлмайди. Болаларни ёмон дўстлардан, тасвирли ва ёзувли нашрларнинг зарарларидан ҳам ҳимоялаш керак. Кўп ота-оналар ТВдан доя сифатида фойдаланишга кўчгани сир эмас. Болаларга бағишланган чет эл каналлари, барча чет эл телевидениелари фарзандингизга одамгарчиликни, ўзликни, меҳр-оқибатни ўргатади деб ўйлайсизми? Улар томошабинга ўз "қадриятларини" сингдириш билан оввора. Ҳозир ғовлаб кетган ўз тили, ўз дини, ўз тарихидан бехабар манқуртларни ўша ТВлар тарбиялаганини унутманг! Устига устак интернет ва смартфонлар оламдаги барча мағзавани уйингизга олиб киришда тинмай давом этмоқда. Болаларнинг ушбу ускуналардан китоб, дарс ўқишларига ишонасизми? Хуллас, юртимизда иймонли, инсофли, зиёли нсонлар томонидан чоп этилаётган ҳар бир нашрни кўздан кечиринг. Ватанига, миллатига, байроғига, дину иймонига содиқ авлодлар тарбиялашга қаратилган нашрларни топмагунча дуч келган газета-журнални уйга судраб келишдан эҳтиёт бўлинг.
Ота-онанинг ёлғиз ўз ғайратлари билан болани тарбиялашлари мумкин эмас. Чунки фарзанд тарбияни фақат ота-онасидан олмайди. Шу боис, унинг табиясида билиб-билмай иштирок этадиган яхши муҳитга болани олиб кириш, яхши одамлар билан қўшни бўлиш ҳам жуда зарур.
Қиёмат куни ота-она фарзандига ўргатиши керак бўлган илмлардан масъул бўлади. Вазифасини бажармаган ёки камчиликка йўл қўйган бўлса, жазоланади. Фарзандларини ислом тарбияси билан етиштирмаганлар дунё ва охират фалокатларига дучор бўлишади.
Ёш бир тадқиқотчининг шахсан ўзи татбиқ қилган бола тарбиясига тегишли хусусларни қуйида келтирамиз:
* Болага дард, ғам-ташвишларни айтманг, қувонч ва хурсандчилигимизни айтишингиз мумкин.
* Ота-онадан бири болани койиса, иккинчиси боланинг ёнини олмасин.
* Унинг ёнида доимо очиқ чеҳрали бўлишга ҳаракат қилинг. Кайфиятсиз бўлсак, бола бундан дарров таъсирланади.
* Уни бошқалар олдида уришманг, койиманг.
* Хато ва камчиликларини тан олишни ўргатинг. Камчилигини билиб, қайталамасликка уриниши боланинг ҳаётда муваффақиятли бўлишига олиб келади.
* Болани асло ёлғончиликда айбламанг.
* Болалар орасида ажрим қилиб, бирни бошқасидан кўпроқ яхши кўрманг, эркалатманг ёки кўпроқ койиманг.
* Кибр, ўзига бино қўйиш каби иллатларнинг ёмонлигини тушунтириб, ҳеч кимдан ортиқ эмаслигини, ҳамма қатори эканлигини уқдиринг.
* Боланинг албатта хатолари бўлади. Ҳар бирида дарҳол жазолашга шошилманг. Хатосини тушунтириб, зарарлари ҳақида гапиринг.
* “Сен одам бўлмайсан” каби айбловлардан тийилинг. Булар боланинг ўзига ишончини йўқотиб, шахс сифатида камол топишига тўғаноқ бўлади.
* Бола доимо катталарни тақлид қилади. Шунинг учун уларга яхши ўрнак бўлинг.
* Бола севилишга, бирга ўйнашга, суҳбатлашишга эҳтиёж сезади. Бола у билан совуқ, қўпол ва камситиб муомала қилувчи катталар ҳақида “мени ёмон кўради” деб ўйлаб, депрессияга тушиши мумкин. Шу сабабли болага доимо меҳр, илиқ истара билан муомала қилинг.
* Болага насиҳат бериш ўрнига бевосита ўзингиз кўрсатиб, бирга иш қилишингиз кўпроқ таъсир қилади. Масалан, овқатдан аввал қўлларингни юв деб юз марта айтгандан кўра, қани қўлларимизни ювиб оламиз деб, бирга ювиб келишингизга етадиган тарбия йўқ.
* Унга топширган ишни назорат қилинг. Бола назорат қилинаётганини сезиши керак.
* Боланинг ишламаслиги ёки қўлидан келмаслиги аниқ ишларни унга буюрманг. Акс ҳолда, бола уддалай оладиган топшириғингизни ҳам бажармайдиган бўлади.
* Авлиё манқибалари ҳақида ҳикоялаб бериш бола ақлининг ривожида ва улардан оладиган тарбиясида катта роль ўйнайди. Буларни таъсирли қилиб гапириб бериш керак.
* Устидан чиқмайдиган нарсаларни асло ваъда берманг. "Ота-онам ваъдабоз" демасин.
* “Кишининг дину иймони дўстининг динидек бўлади” деган ҳадиси шарифни асос қилиб олинг. Фарзандингиз яхши, одобли дўсту дугоналар орасида бўлишини таъминланг.
* “Бола бор уйда сир турмайди” деган мақолни эсдан чиқарманг. Болалар олдида зинҳор сирлашманг.
* Болага нисбатан қанчалик сабрли ва уни тушунишга интилсак, шунчалик муваффақ бўламиз.
* Сўзларига эътибор берилмаган ёки давомли танқид, дашном эшитган бола писмиқ, одамови, ўзига ишончи йўқ, инжиқ ва агрессив бўлади.
* Боланинг олдида ҳеч кимни ёмонламанг ва камситманг. У камситишни сиздан ўрганади.
* Доим калтак ёхуд пўписа билан бола тарбиялашга уринган ота-она фарзандининг қўрқоқ, асабий ва агрессив бўлишига, ўз муаммоларини доимо уруш-жанжал билан ҳал қилишга уринадиган ғаламис бўлиб вояга етишига сабаб бўлади.
* Боланинг юзига ва бошига қатъиян урманг.
* Болага айтиладиган сўздан ҳам уни қачон ва қандай айтишимиз муҳимроқ.
* Яхши ҳатти-ҳаракатларини тақдирланг. Ёмон қилиқларини ширин сўз билан ўзига тушунтиринг.
* Ҳаддан ташқари меҳр ва мақтовлар болани эркатой қилиб қўяди.
* Болани айблаш, камситиш, қўрқитиш, лақаб тақиш тўғри эмас. "Кет, кел" сингари буйруқлар ўрнига "келасанми, кетасанми" қабилида юмшоқроқ ифодалар ишлатган маъқул.
* Болага ўзингиз одоб билан гапиринг. Унга “Лаббай, Кечирасиз, Хўп бўлади” каби сўзларни ўргатинг.
* Хатога йўл қўйганингизда уни тан олиб, узр сўрашингиз боланинг ҳам хатосини тан олиб узр сўрашига сабаб бўлади.
Диний қадриятларимизни қандай севдирамиз
Савол: Болаларимизга динимизни қандай севдира оламиз?
Жавоб: “Уни қил, буни қилма” дейиш ўрнига уларга ўрнак бўлишимиз керак. Кишининг ҳол ва ҳаракатлари маслаҳатидан таъсирлироқ эканлигини унутманг. Ўзимиз ҳатти-ҳаракатларимиз, турмуш тарзимиз билан чиройли ўрнак бўла олсак, ишнинг ярми бажарилди ҳисоб. Ундан кейин пайғамбаримиз, саҳобалар, дин улуғлари ва авлиёлар муҳаббатини сингдириш лозим. Агар ушбу муҳаббат болага берила олса, Аллоҳу таолони тушунтириш, динимизнинг амр ва тақиқларига одатлантириш осон кечади. Ҳар бир одам яхши кўрган инсонига ўхшашга интилади, унинг сўзларига қулоқ солади. Улуғлар шогирдларига энг аввал намоз, рўза, ҳалол-ҳаромдан гап очишмаган. Аввал бу йўлдаги улуғларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотилади. Масалан, имоми Раббоний ҳазратлари, устозлари, олимлар ҳақида гапириб берилиб, фарзанднинг уларга нисбатан ҳурматини уйғотиш зарур. Ўша ҳурмат бора-бора муҳаббатга, ихлосга айланади. Ундан кейин фарзандга қаерда бўлса ҳам намозни, диннинг буйруқ ва тақиқларини эсдан чиқармаслиги тайинланади. Дин улуғларининг муҳаббати ҳар дардга даводир. Уларнинг севги ва барокати туфайли динимизга амал қилиш жуда осон кечади.
Савол: Бола тарбиясида ёдида қолсин деб, “Ким ўғрилик қилса Аллоҳ уни тошга айлантириб қўяди, ёлғон гапирганни дўзахга ташлайди” деб, қўрқитиш тўғрими? Ёки "ўғрилик қилмаганни, ёлғон гапирмаганни Аллоҳ севади" қабилида аксини айтиш керакми?
Жавоб: Ўғрилик қилган кимсани Аллоҳ тошга айлантириб қўяди, десак бола ўғриларни кўрганида булар нега тошга айланмади деб ўйлаб, ота-онасига ишончи йўқолиши мумкин. Аслида Аллоҳу таоло ёмонлик қилганларни тошга айлантирмайди. "Доим шундай қилсанг, Аллоҳ сени севмайди" деб айтадиган бўлсак, "бир марта севмаса севмабдида, ҳеч нарса қилмайди" дейиши мумкин. Яхшилик қилганларнинг жаннатга, ёмонлик қилганларни жаҳаннамга боришини боланинг ёшига мос тилда тушунтириш керак. Боланинг ҳар нотўғри ишида "Аллоҳ сени ундай қилади, бундай қилади" деб қўрқитиш ҳам дуруст эмас. Яхшилик қилганида тақдирлаш лозим. Ёмонликларини эса, баъзан кўрмаганга олиш фойдалироқ бўлади. Гоҳида қилмишига яраша жазо бериш ҳам тарбияда муҳим омил саналади.
Савол: Болаларимизга аввало нималарни тавсия қилишимиз керак?
Жавоб: Ёшларга, фарзандларга аввало аҳли суннат олимлари, авлиёлар, силсилаи олия уламосининг таржимаи ҳолларини ўқиб бериш ёки ўқитиш керак. Бола шу муборак зотларни таниб, севиши лозим.
Тарбияда асосий нарса буйруқ эмас, меҳр ва севгидир. Яъни меҳри, ҳурмати, севгиси бўлмаган одамга “уни қил, буни қилма” дейиш наф бермайди. Киши улуғ зотларга нисбатан қалбида ҳурмат, севги ҳис қила бошлаганида ўзлигидан динимизга амал қила бошлайди, амр ва тақиқларга риоя қилишга кўчади. Улуғларга нисбатан ҳурмат орқали ҳосил бўлган севги ўткинчи севги эмас, балки қалбга нақш қилингандек мустаҳкам бўлади.
Савол: Ота-она зарарли иш қилган боласини ура оладими?
Жавоб: Ота лозим бўлганда фарзандига аччиқланиб, бақириши мумкин. Керакли илмларни ўргатиш ва тарбиялаш боорасида енгил уриши ҳам мумкин. Ўқитувчи эса, болани отанинг рухсатисиз ура олмайди. Етти ёшли болага намоз ўқиши буюрилади. Ўн ёшида ўқимаса, мушт билан эмас, шапалоқ билан уриш мумкин. Ўқитувчи ҳам сабоқ ўргатиш, ишлатиш учун шогирдни юзидан бошқа жойига очиқ кафти билан уч марта уриши мумкин. Ундан ортиқ ура олмайди. Ҳеч бир жонзотнинг юзига уриш жоиз эмас. (Саодати абадия)
Тарбияда калтаклаш ишга ярамайди. Калтакнинг зарарлари кўп:
1. Болани калтаклаш хулқ-атворининг бузилишига, қайсар бўлишига олиб келади.
2. Калтак билан улғайган бола кенгроқ ўйлашга қодир бўлмайди.
3. Калтак болада ота-онасига қарши ғазаб уйғотади. Ғазаб туфайли бола ўз ишининг ёмонлигини ўйламайди, ўзини айбдор деб билмайди. Урган одамни айблайди.
4. Калтак еган бола аламидан агрессивлашади. Аламини бошқалардан олишга ҳаракат қилади.
5. Гапга тушунадиган ёшдаги бола калтакланмайди. Гапга тушунмайдиган болани енгил уриш мумкин. Бошига, юзига уриш, калтак билан уриш ҳам гуноҳ, ҳам зарарлидир. Бу уларни золим бўлиб ўсишига сабаб бўлади.
Фарзандни тарбиялаш учун калтаклаш тўғри эмас. Лекин бола доимо нотўғри, зарарли иш қилганида жазоланиши мумкинлигини ҳис этиши лозим. Пайғамбаримиз уй аҳлини урмасликни буюрган бўлсалар ҳам тарбияланиш учун лозим бўлганда жазо олишларини, калтакланиши мумкинлигини ҳис қилиб туришлари кераклигини билдирганлар. Бу хусусдаги ҳадиси шарифнинг маоли қуйидагича:
“Уй халқини тартибга чақириш мақсадида ҳассангизни улар кўрадиган жойга илиб қўйинг!” (Табароний)
Демак, бола-чақа “Жазоланадиган иш қилсак, калтак ейишимиз мумкин” деган ҳис билан юриши керак. Яъни “Нима қилсак ҳам ҳеч ким бизга ғинг демайди” деган ўйдан йироқ бўлиши лозим. Агар бола шу ўйда бўлса, хоҳлаганини қилиши мумкин.
Савол: Болани овутиш учун аёл кишининг чолғу чалиши жоизми?
Жавоб: Йўқ, чолғу чалиши жоиз эмас. Лекин ноғора, доира каби зарб билан чалинадиган асбобларни чалишига изн берилган. (Ҳиндия)
Савол: Қиз ва ўғил боланинг тўшагини ёки ётоқ хоналарини неча ёшларида ажратиш керак?
Жавоб: Ибни Обидинда "Узоғи билан ўн ёшга етган ўғил-қизнинг ётоқхоналарини бир-биридан ва ота-онадан ажратиш керак" деб ёзилган.