Савол: Ҳурмати мусоҳара дегани нима ва бунинг натижаси қандай бўлади?
Жавоб: Ҳар қандай бир аёл билан зино қилиш ёки у аёлнинг баданидан хоҳлаган бир жойига шаҳват билан тегиниш, унутиб ёки янглишиб ушласа ҳам Ҳанафий ва Ханбалий мазҳабларида "ҳурмати мусоҳара"га сабаб бўлади. Энди шу аёлнинг насаб ва сут орқали бўлган онаси ва қизлари билан у эркакнинг уйланиши, аёлнинг ҳам эркакнинг ўғли ва отаси билан турмуш қуриши абадий ҳаром бўлади.
Савол: Ҳурмати мусоҳара фақат шаҳват билан тегинганда ҳосил бўладими?
Жавоб: Ҳа, эркак ёки аёл бирбирига шаҳват билан тегсалар, ҳурмати мусоҳара ҳосил бўлади. Шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли ёш қизлар ва аёлларнинг, ўзларидан амин бўлсалар ҳам, бегона эркакларга тегишлари жоиз эмас. Чунки шаҳват билан теккан бўлсалар ҳурмати мусоҳара ҳосил бўлади. Қизлар ва қариларнинг шаҳвати кўнглининг мойил бўлиши деганидир. Шаҳватга сабаб бўлмайдиган даражада кекса аёл (кампир) билан қўл олишиб кўришиш ва қўлини ўпиш, ўзидан амин бўлган мўминга жоиз бўлса ҳам, қилмаган афзалроқ.
Бегона эркак ёхуд аёл билан хилватда қолиш орқали ёки олд аъзосидан бошқа жойига шаҳват билан қараш орқали ҳурмати мусоҳара ҳосил бўлмайди.
Ҳурмати мусоҳаранинг юзага келиши учун ҳар икки тарафнинг балоғатга етган бўлиши шарт эмас. Ўзи ҳануз балоғатга етмаган лекин баданан кўриниши катталардек бўлиши болиғдек қабул қилинади.
Савол: Либос устидан текканда ҳам ҳурмати мусоҳара ҳосил бўладими?
Жавоб: Терининг ранги ва бадан иссиқлиги ҳис этиладиган даражада юпқа бўлмаган либос устидан текканда, ҳурмати мусоҳара ҳосил бўлмайди.
Савол: Ҳурмати мусоҳара туфайли никоҳини бошқатдан Шофеъий мазҳаби бўйича ўқитишга мажбур бўлган одам бутунлай ўша мазҳабга ўтадими ёки уни фақат никоҳ ва талоқда тақлид қиладими?
Жавоб: Фақат никоҳ ва талоқда тақлид қилади.